Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг 2022 йил биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаларини тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг 2022 йил биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режалари (бундан буён матнда Иш режалари деб юритилади) 1 — 12-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 12 иловалар берилмайди
2. Иш режаларида назарда тутилган вазифа ва тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, қўмиталари раислари, Девони раҳбарининг ўринбосари масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девони Қўмиталар ҳузуридаги котибиятлар Иш режалари ижроси юзасидан ҳар ойнинг 25 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Назорат ва мониторинг бўлимига ахборот тақдим этилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Назорат ва мониторинг бўлими (А. Абдукодиров) Иш режаларининг ижроси юзасидан доимий мониторинг ўрнатиб, ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашига умумлаштирилган маълумот киритиб борсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталарига Иш режаларида назарда тутилган тадбирлар хусусида тегишли вазирлик ва идораларни хабардор қилиш тавсия этилсин.
6. Иш режаларида назарда тутилган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 11 февраль,
1821-IV-сон