Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан ҳисоботи тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг (бундан буён матнда Давлат дастури деб юритилади) 2021 йилда бажарилиши юзасидан ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) таъкидлайдики, ҳисобот йилида Давлат дастури асосида мамлакатимизда демократик, социал-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, барқарорликни таъминлаш, халқимизнинг фаровонлигини янада юксалтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилган.
Янги Ўзбекистонда ўтган даврда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш орқали иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, ҳудудларнинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, барча куч ва имкониятлар ишга солинган.
Давлат дастури доирасида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани равнақ топтириш, хавфсизликни, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш борасида қилинган ишлар мамлакат тараққиётини ҳамда барқарор ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Қайд этиш жоизки, давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг самарали бажарилишида парламент назорати муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси асосида парламентда давлат дастурининг ижроси юзасидан ҳукуматнинг ҳар чораклик ҳисоботини кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.
Шунга мувофиқ, Қонунчилик палатасида ҳамда унинг қўмиталари ва сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида ҳукуматнинг тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури ижроси юзасидан ҳисоботи ҳар чоракда кўриб борилаётганлиги белгиланган вазифаларнинг изчил бажарилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўтган давр мобайнида давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқаролик жамияти институтлари томонидан комплекс ва тизимли ишлар амалга оширилганлиги натижасида барча соҳалар ва тармоқларни ривожлантиришга эришилган.
Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2021 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилга нисбатан 7,4 фоиз ўсишига эришилган. Чакана савдо айланмаси ҳажми 12,0 фоизга ўсган.
Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини ва шаффофлигини таъминлаш соҳасида изчил ишлар олиб борилган.
Жумладан, давлат органлари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланган.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатга киришишида бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш чоралари кўрилган. Хусусан, 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан 15 турдаги ҳужжатни талаб қилиш бекор қилинган.
Ҳисобот даврида қонун устуворлигини таъминлашга ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга устувор аҳамият қаратилган.
Иқтисодиётни ривожлантириш, барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш борасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Жумладан 2021 йилда «S&P» халқаро рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтинги кутилмасини «салбий»дан «барқарор»га, «Moodyʼs» халқаро рейтинг агентлиги томонидан мамлакатимиз рейтинги кутилмасини «барқарор»дан «ижобий»га оширилишига эришилган.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида ҳам бир қатор ишлар бажарилган. Жумладан, «Ёшлар дафтари»га киритилган 524 минг 416 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган. «Аёллар дафтари»га киритилган 96,8 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 трлн. 197 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилган.
Боғча ёшидаги ҳар бир болани мактабгача таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратишга мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсад сифатида устувор аҳамият қаратилган.
Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, аҳолининг тиббий хизматлардан фойдаланишга доир имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида 124 та оилавий поликлиника ташкил этилган, 32,5 млн. нафар аҳоли тиббий хатловдан ўтказилган. Барча республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, уларнинг 211 та ҳудудий филиали, бўлимлари ва диспансерларда телетиббиёт йўлга қўйилган.
COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тадбирлари изчил давом эттирилган. Ҳисобот йилида мамлакатимизга етти турдаги 49 млн. доза вакцина олиб келинган ва ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 40,6 млн. дозаси қўлланилган.
Давлат дастури доирасида мамлакатимизда хавфсизликни, миллатлараро тотувликни ва диний бағрикенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартлар ва инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш, шунингдек, хорижий давлатлар билан барча соҳаларда ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни олиб боришнинг устувор йўналишлари бўйича ҳам изчил ишлар амалга оширилган.
Умуман, давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида жами 187 та ҳужжат, жумладан Ўзбекистон Республикасининг 9 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 6 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19 та фармони, 46 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 68 та қарори (фармойиши), шунингдек, 31 та бошқа ҳужжат қабул қилинган.
Шу билан бирга, ҳукумат ҳисоботи юзасидан ўтган муҳокамалар чоғида депутатлар давлат дастурида белгиланган 273 та банддан 243 таси (89 фоиз) тўлиқ бажарилгани ҳолда, 5 та банднинг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилганлиги ҳамда 25 та банднинг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари тайёрланиб, қабул қилиш ишлари давом этаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Жумладан, «Бепул юридик ёрдам тўғрисида»ги қонун лойиҳаси (11-банд), маҳалла институти фаолиятини такомиллаштириш (12-банд), Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш (84-банд), ҳудудларда 130 минг километр узунликдаги паст ва ўрта кучланишли электр тармоқлари ва 40 мингдан ортиқ трансформаторни босқичма-босқич янгилаш дастурини тасдиқлашга (95-банд) қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, бугунги кунда ушбу ҳужжатлар янада халқчил бўлиши учун такомиллаштирилмоқда.
Шунингдек сўз эркинлигини таъминлаш ва оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни янада кучайтириш (17-банд), суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш (20-банд), темир йўл транспорти соҳасини трансформация қилиш, бошқарув тизимини такомиллаштириш, тармоқнинг рақобатбардошлигини ошириш (91-банд) билан боғлиқ вазифаларнинг ижросини якунига етказиш ишларини жадаллаштириш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, депутатлар томонидан аҳолини қийнаб келаётган, жамиятдаги долзарб масалаларга ҳукумат аъзоларининг эътибори қаратилди. Жумладан, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилган аҳоли тоифаларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бандлигини таъминлаш, ҳудудлардаги электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик сувга бўлган эҳтиёжни қаноатлантириш, инфратузилмаларни янада яхшилаш борасида белгиланган вазифаларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
Давлат дастуридаги ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилган 5 та бандда ҳамда бажарилиши юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳаларини қабул қилиш ишлари якунига етказилмаган 25 та бандда назарда тутилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш ҳамда бу бўйича ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш юзасидан қатъий чоралар кўриш;
электр энергияси таъминоти аҳолини энг кўп безовта қилаётган масалалардан бири эканлигини инобатга олиб, Давлат дастурининг 95-бандида кўзда тутилган ҳудудларда 130 минг километр узунликдаги паст ва ўрта кучланишли электр тармоқлари ва 40 мингдан ортиқ трансформаторни босқичма-босқич янгилаш дастурини қисқа муддатларда тасдиқлаш, шунингдек 2022 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган паст ва ўрта кучланишли электр тармоқларини босқичма-босқич модернизация қилиш дастурини ишлаб чиқиш;
коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тадбирларининг самарадорлигини янада ошириш, шу жумладан вакциналарга оид клиник тадқиқот ва лаборатория синовларини якунига етказиш чораларини кўриш;
Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан ҳисоботни муҳокама қилиш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этиш чораларини кўриш тавсия қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
Давлат дастури доирасида амалга оширилган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш;
аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирларининг самарали ташкил этилиши, ушбу тадбирлар учун ажратилаётган бюджет маблағларининг мақсадли ўзлаштирилиши устидан таъсирчан парламент ва депутат назоратини ўрнатиш;
Давлат дастурида белгиланган, бироқ ижро муддати кечикаётган ёки ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилган вазифаларнинг бажарилиши устидан ўз партиявий мақсадлари ва вазифаларидан келиб чиқиб, жамоатчилик назоратини амалга ошириш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
Давлат дастурининг ижро этилиши муддати узайтирилган 5 та бандида (68, 154, 161, 248, 256-бандларида) белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан парламент назоратини ўрнатсин;
Давлат дастурида ижроси тўлиқ таъминланмаган қуйидаги бандларнинг бажарилиши юзасидан самарали мониторинг олиб борсин ва ушбу бандлар юзасидан амалга оширилган ишларнинг натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашига маълумот тақдим этсин:
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси — 26, 84, 105-бандлар;
Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси —1, 11, 20, 30, 34-бандлар;
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси — 258-банд;
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси — 91, 95-бандлар;
Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси — 5, 6, 12, 257-бандлар;
Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси — 17, 36-бандлар;
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси — 252, 253-бандлар.
5. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси бўйича навбатдаги ҳисобот даврига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
7. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 26 январь,
1780-IV-сон