Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ёрдамчилари фаолиятини ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-722-сонли Қонуни ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ўз сайлов округларидаги сайловчилар билан мулоқотини янада самарали ташкил этиш, жойларда мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда тезкорлик билан ҳал этиш борасидаги фаолиятини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчисининг хизмат гувоҳномаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ёрдамчилари фаолиятини ташкил этишга доир чора-тадбирлар бўйича «йўл харитаси» 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2-илова берилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари раҳбарларига сиёсий партиялар билан биргаликда:
депутат ёрдамчиларининг ишини ташкил этиш учун тегишли сайлов округидаги сиёсий партиянинг ҳудудий бўлимида хона ажратиш ва уни жиҳозлаш, шунингдек компьютер техникаси, телефон алоқаси ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг тақдимномаларига асосан депутат ёрдамчиси лавозимига ходимларни «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган талаблар асосида ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ишга қабул қилишни ташкил этиш ва улар фаолиятини йўлга қўйиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони (М. Миралимов) депутат ёрдамчиларига белгиланган тартибда хизмат гувоҳномалари берилишини ҳамда ҳисобга олинишини ташкил этиш чораларини кўрсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг раҳбарлари зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 17 январь,
1747-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2022 йил 17январда қабул қилинган 1747-IV-сонли Қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчисининг хизмат гувоҳномаси тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчисининг хизмат гувоҳномаси тўғрисидаги низом (бундан буён матнда Низом деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчисининг хизмат гувоҳномасини (бундан буён матнда хизмат гувоҳномаси деб юритилади) тайёрлаш, бериш, алмаштириш, ҳисобга олиш ва сақлашга доир талабларни, ундан фойдаланиш тартибини, шунингдек унинг йўқотилганлиги, шикастланганлиги ва эҳтиёт қилиб сақланмаганлиги учун жавобгарликни белгилайди.
2. Хизмат гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчисига (бундан буён матнда депутат ёрдамчиси деб юритилади) берилади ҳамда унинг лавозимини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
Хизмат гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти (бундан буён матнда паспорт деб юритилади)ёки идентификацияловчи ID-картаси ўрнини босмайди.
3. Хизмат гувоҳномаси муайян муддатга, бироқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ваколат муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.
4. Хизмат гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда алмаштирилади:
ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганда;
хизмат гувоҳномаси яроқсиз ҳолга келганда;
хизмат гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганда.
Хизмат гувоҳномаси йўқотиб қўйилганда сиёсий партия томонидан хизмат текшируви ўтказилади ва ходимга мазкур Низомда белгиланган тартибда янги гувоҳнома берилади.
Хизмат гувоҳномасини алмаштириш ҳамда йўқотиб қўйилган хизмат гувоҳномаси ўрнига янги хизмат гувоҳномасини бериш сиёсий партиянинг ёзма мурожаатига мувофиқ амалга оширилади.
5. Берилган хизмат гувоҳномасининг сақланиши учун жавобгарлик унинг эгаси зиммасида бўлади. Хизмат гувоҳномаси йўқотиб қўйилганлиги, яроқсиз ҳолга келганлиги ва эҳтиёт қилиб сақланмаганлиги учун айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
2-боб. Хизмат гувоҳномасини тайёрлаш ва ҳисобга олиш
6. Хизмат гувоҳномасини тайёрлаш ва ҳисобга олиш билан боғлиқ ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг (бундан буён матнда Девон деб юритилади) Ташкилий ишлар ва кадрлар бўлими томонидан амалга оширилади.
7. Сиёсий партияларнинг кадрлар билан ишлаш учун масъул бўлган бўлими ходимни депутат ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилинганлиги тўғрисида тегишли буйруқ чиқарилган кундан эътиборан ўн кун ичида қуйидагиларни илова қилган ҳолда Девонни ёзма равишда хабардор қилади:
ходимнинг депутат ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги тегишли буйруқнинг кўчирма нусхаси;
ходимнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта) нусхаси;
ходимнинг 3 х 4 см ўлчамли 4 дона фотосурати.
8. Ходимнинг хизмат гувоҳномасини алмаштириш ёки йўқотилган хизмат гувоҳномаси ўрнига янги хизмат гувоҳномаси бериш зарур бўлганда сиёсий партия ходимнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта) нусхаси ва 3 х 4 см ўлчамли 4 дона фотосуратини илова қилган ҳолда Девонни ёзма равишда хабардор қилади. Йўқотилган хизмат гувоҳномаси ўрнига янги хизмат гувоҳномасини бериш ҳақидаги хатга ўтказилган хизмат текшируви хулосаси ҳам илова қилиниши шарт.
9. Хизмат гувоҳномаси ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар Девонга келиб тушган кундан эътиборан мазкур Низомнинг 1-иловасида* кўрсатилган талаблар ва намуна асосида етти иш кунида тайёрланади.
10. Хизмат гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери (у йўқлигида унинг вазифасини бажариш вақтинча зиммасига юклатилган Спикер ўринбосари) томонидан имзоланади ва Қонунчилик палатасининг гербли муҳри билан тасдиқланади.
11. Хизмат гувоҳномасининг берилганлиги ва қайтарилганлиги мазкур Низомнинг 2-иловасида* келтирилган шаклга мувофиқ Девон томонидан юритиладиган дафтарда рўйхатдан ўтказилади.
* Иловалар берилмайди.
12. Хизмат гувоҳномаси депутат ёрдамчисига топшириш учун тегишли депутатга берилади.
13. Хизмат гувоҳномаси унинг амал қилиш муддати тугаган, депутат ёрдамчиси ишдан бўшаган кундан ёки хизмат гувоҳномаси яроқсиз ҳолга келганлиги аниқланган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай сиёсий партиянинг кадрлар билан ишлаш учун масъул бўлган бўлими томонидан Девонга қайтарилиши шарт.
3-боб. Хизмат гувоҳномасидан фойдаланиш
14. Депутат ёрдамчиси ўз хизмат гувоҳномасидан фақат функционал вазифаларини бажариш учун фойдаланиши мумкин бўлиб, уни бошқа шахсларга бериш қатъиян тақиқланади.
15. Депутат ёрдамчисининг ўз хизмат гувоҳномасидан белгиланган мақсадда фойдаланиши ва хизмат гувоҳномасининг лозим даражада сақланиши сиёсий партиялар томонидан назорат қилиб борилади.
4-боб. Хизмат гувоҳномасини йўқ қилиш
16. Амал қилиш муддати тугаган ёки яроқсиз ҳолга келган хизмат гувоҳномаси ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва Девоннинг Ташкилий ишлар ва кадрлар бўлими томонидан йўқ қилинади.
17. Олиб қўйилган ва қайтарилган хизмат гувоҳномалари йўқ қилинганлиги ҳақида Девоннинг Ташкилий ишлар ва кадрлар бўлими томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилади.