Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Айдар-Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақида
Айдар-Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 12-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Айдар-Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови иловага мувофиқ юборилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси парламент сўровини кўриб чиқиш якунлари бўйича 2022 йилнинг 15 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ёзма жавоб тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (Б. Тажиев) парламент сўровига келиб тушган жавобни таҳлил қилиб, 2022 йилнинг 1 апрелигача Олий Мажлис Сенати Кенгашига ахборот киритсин.
4. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 16 декабрь,
СҚ-458-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 16 декабрдаги СҚ-458-1У-сонли Қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
(Айдар-Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан)
Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ва биологик муҳитини яхшилаш, ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан боғлиқ муайян ишлар амалга оширилган.
Хусусан, қонунчиликка мувофиқ «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» ДУК ташкил этилиб, кўллар тизимининг қирғоқ бўйи минтақаларида балиқ етиштириш парваришхоналари, инкубация цехлари ҳамда балиқ ўстириш ҳавзаларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Айдар-Арнасой кўллар тизимидан (кейинги ўринларда — Кўллар тизими деб юритилади) фойдаланишда қатор муаммоли масалалар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, кўллар тизимининг сув ҳажми 1994-2000 йилларда 44 млрд м3 бўлиб, ҳудуднинг умумий майдони 350 минг гектарга, узунлиги 250 километрга етган бўлса, «Чордара» сув омборидан 2013-2021 йилларда кўллар тизимига сув ташланмаганлиги боис сув ҳажми қарийб 34 млрд м3га тушиб қолган.
Шунингдек, кўллар тизимида йиллик сувларнинг парланиши 10 фоизни ташкил этмоқда. Кўллар тизимидаги сувнинг сатҳи 2 метрга пасайиб, минераллашганлик даражаси сўнгги 10 йилда 5,1 г/л дан 8,6 г/л гача ошган. Ҳозирги вақтга келиб, кўлларнинг энг охирги қисми бўлган Боймурод ҳудуди атрофида 12 г/л ни ташкил этади.
Сув сатҳининг пасайиши ва сув таркибининг шўрланиши натижасида айрим қирғоқ бўйлари 15 — 50 метрга ортга чекиниб, 15 — 20 см гача туз қатлами ҳосил бўлган. Бу эса кучли шамол вақтида тузли чангларга сабаб бўлмоқда, қишлоқ хўжалиги ерлари экин майдонларига ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Кўллар тизимида балиқчилик соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар етарли даражада ташкил этилмаган.
Балиқлантириш ва балиқ овлаш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, интенсив технологияларни жорий этиш, кўлнинг атроф ҳудудида экотуризмни ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўрилмаган.
Балиқ захираларини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиш бўйича назорат тизими тўғри йўлга қўйилмаганлиги оқибатида ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Балиқ овлаш контурларини ижарага бериш, ижара ҳақини ундириш, балиқ захираларини муҳофаза этиш, овлаш қоидаларига риоя қилишни назоратга олиш, балиқ овлашда фойдаланадиган техникаларни рўйхатга олиш ва уларнинг назоратини юритиш ишлари турли давлат органларига юклатилган, лекин уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмаган.
Экологик вазиятнинг оғирлашиб бораётганлиги ҳамда тадбиркорларнинг Арнасой орнитологик буюртма қўриқхонасида фаолият олиб бориши оқибатида қушларнинг қишлаши учун табиий шароит йўқолиб бормоқда.
Кўллар тизимида илғор инновацион, интенсив технологиялар жорий қилинмаган. Хусусан, қафас усулида балиқ етиштириш технологияси самарали қўлланилмаяпти.
Кўллар тизимига доир ўрнатилган меъёрлар асосида сувнинг шўрланиш даражасини юмшатиш ишлари тизимли ташкил этилмаган. Тизимдан фойдаланиш бўйича қабул қилинган ҳужжатларда номувофиқлик ҳолатлари мавжуд.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияларига Айдар-Арнасой кўллар тизимини муҳофаза қилиш бўйича штат бирликлари ажратилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати:
1.Кўллар тизимининг сув ҳажмини ошириш, сувнинг минераллашганлик даражасини пасайтириш, қўшимча сув ташлаш мақсадида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
2. Сув сатҳининг пасайиши ва сув таркибининг шўрланиши натижасида қирғоқ бўйларида туз қатлами ҳосил бўлишининг олдини олиш, экологик хавфни бартараф этиш, кўллар тизимида тупроқ-иқлим шароитига мос дарахт ва буталардан иҳоталар барпо этиш;
3. Кўллар тизимини балиқлантириш ҳамда балиқчиликни ривожлантиришда илғор инновацион, интенсив технологияларни жорий этиш, кўлнинг атроф ҳудудида экотуризмни ривожлантириш;
4. Балиқ захирасини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиш, репродуктор сунъий ҳавзалар ва инкубация цехларини кўпайтиришда замонавий технологияларни жорий қилиш;
5. Балиқ овлаш контурларини ижарага бериш, ижара ҳақларини ундириш, балиқ захираларини муҳофаза этиш, овлаш қоидаларига риоя қилишни назоратга олиш, балиқ овлашда фойдаланадиган техникаларни рўйхатга олиш ишларини тизимли йўлга қўйиш;
6. Кўллар тизимининг фауна ва флорасини ўрганиш, ҳисобини юритиш, кўпайтириш ва сақлаш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш;
7. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда балиқ овлаш қоидаларига риоя қилмаган фуқаро ва мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш;
8. Кўллар тизимининг қўриқхонага ажратилган қисмида сув-ботқоқ қушларининг қишлаши учун шароит яратиш чораларини кўриш;
9. Тузли чанглар ҳосил бўлиши, уларнинг қишлоқ хўжалиги ерлари экин майдонлари ва инсон саломатлигига салбий таъсирини камайтириш, шўрланиш, деградациянинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда кўзда тутилаётган режалар тўғрисида ёзма равишда асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарингизни баён қилиш талаби қўйилган
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
билан Сизга мурожаат этади ҳамда жавобингиз Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиши ва якунлари бўйича қарор қабул қилинишини маълум қилади.