Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақида
Экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 12-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови иловага мувофиқ юборилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси парламент сўровини кўриб чиқиш якунлари бўйича 2022 йилнинг 1 апрелига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ёзма жавоб тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси (Р. Алимов) парламент сўровига келиб тушган жавобни таҳлил қилиб, 2022 йил 25 апрелигача Олий Мажлис Сенати Кенгашига ахборот киритсин.
4. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 16 декабрь,
СҚ-457-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 16 декабрдаги СҚ-457-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
(экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида)
Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва маҳаллий корхоналар, кичик ва ўрта бизнес субъектлари экспорт салоҳиятини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ташқи савдо ҳажмларининг изчил ўсишини таъминлаш ва экспортни рағбатлантиришга қаратилган таркибий ўзгартиришлар тизимли асосда амалга оширилмоқда.
Хусусан, валюта сиёсати либераллаштирилиб, қатор маъмурий ва бюрократик тўсиқлар бартараф этилди. Экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотларига нарх белгилаш тартиби бекор қилинди ва тўловларнинг бозор механизми йўлга қўйилди, экспорт қилувчилар учун қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар жорий этилган.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида 50 га яқин ҳужжатлари қабул қилинган.
Илғор халқаро тажриба асосида экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги ва унинг жамғармаси ташкил этилган.
Жамғарма томонидан тижорат банкларига экспортга оид савдо операцияларини молиялаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш мақсадида уларга молиявий ресурслар ажратиш механизми жорий этилган.
Миллий бренд ва товарларни чет элда тарғиб қилиш, ҳар йили саноат ва ҳудудий маҳсулотлар кўргазма ва ярмаркаларини ўтказиш мақсадида «Made in Uzbekistan» дастури ишлаб чиқилган ва амалга оширилган.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Жумладан, 2017 — 2020 йилларда товар айирбошлаш ҳажми 137,8 млрд долларга етган.
Мамлакатимиз экспорти таркибида хом ашё улуши камайишига эришилган. Жумладан, 2017 йилда хом ашё жами экспортнинг 25 фоизини ташкил қилган бўлса, 2020 йилда ушбу кўрсаткич 16 фоизга камайган.
Экспорт қилувчи корхоналар сони 5 400 тага етиб, сўнгги тўрт йилда 1 891 тага (35 фоизга) кўпайди. Бу ўз навбатида, 561 млн долларлик қўшимча экспорт кўрсаткичларини таъминлаган.
Экспорт қилинадиган товарлар номенклатураси сезиларли даражада диверсификация қилиниши натижасида 2017 — 2021 йилларда экспортга чиқариладиган маҳсулотлар сони 1 622 тадан 2 365 тага етказилиб, 1,5 баравар ўсишга эришилган.
Шу билан бирга, қатор муаммолар экспорт ҳажмининг ўсиши ва унинг номенклатураси кенгайишига тўсқинлик қилмоқда.
Биринчидан, инвестиция фаолияти ва экспорт субъектларини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тез-тез ўзгариб туриши экспорт қилувчи корхоналар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга бир неча маротаба ўзгартириш киритилган.
Иккинчидан, экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда суғурта мукофотини қоплашга компенсациялар тақдим этиш механизми талаб даражасида йўлга қўйилмаган.
2021 йил январь — октябрь ойларида 5 400 та экспорт қилувчи корхонадан фақат 114 таси (2,1%) ушбу имкониятдан фойдалана олган.
Учинчидан, экспорт қилувчи корхоналар томонидан чет элларда савдо уйларни очиш ва сақлаш, шунингдек, офис ва омборхоналарни ижарага олиш, реклама фаолияти билан боғлиқ харажатларини қоплаш механизми амалда йўлга қўйилмаган.
Масалан, 2021 йил 1 декабрь ҳолатига мазкур имтиёздан биронта ҳам корхона фойдаланмаган. Асосий сабаб — бюрократик тўсиқларнинг кўплиги ва ушбу имкониятлар ҳақида тадбиркорларнинг хабардор эмаслиги.
Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 январдаги ПҚ-2740-сонли қарорига асосан ташкил этилган «Ўзагроэкспортбанк» акциядорлик тижорат банки устав жамғармаси тўлиқ шакллантирилмаганлиги сабабли Марказий банк томонидан 2019 йил ноябрь ойида кредитлаш соҳасидаги фаолияти тўхтатилган.
Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи ташкилотларни қўллаб-қувватловчи, уларнинг экспорт салоҳиятини самарали ва барқарор ривожлантиришни таъминловчи, шунингдек, агросаноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича кўзланган мақсадга эришилмаган.
Бешинчидан, мамлакатимизда халқаро даражада аккредитациядан ўтказилган, мамлакатимиз маҳсулотларини текшириш ва сертификатлаш имкониятига эга бўлган миллий лабораторияларнинг йўқлиги маҳаллий ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга тўсқинлик қилмоқда.
Олтинчидан, ташқи савдо операцияларининг ягона ахборот тизимидан фойдаланганда ташқи савдо иштирокчилари қийинчиликларга дуч келмоқда.
Айниқса, тизим ишлашида тез-тез узилишлар бўлиши ва ишламасдан қолиши ҳолатлари қайд этилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати:
1) қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва кодификациялаш, ташқи иқтисодий алоқалар соҳасида тўғридан-тўғри таъсир этувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўтиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида;
2) экспорт номенклатураси ва географиясини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида;
3) экспорт қилувчилар томонидан гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда суғурта мукофотини қоплаш учун товон тўлаш, шунингдек, савдо уйларини очиш ва сақлаб туриш, офис, савдо ва омборхоналарни ижарага олиш, чет элда реклама кампанияларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда оммалаштириш тўғрисида;
4) экспортолди ва экспортни молиялаштириш, суғурталашни амалга оширувчи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар учун бошқа молиявий хизматларни кўрсатувчи етакчи молиявий институт сифатида «Ўзагроэкспортбанк» АТБ фаолиятини тўлақонли ишлашини таъминлаш тўғрисида;
5) маҳаллий қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини текшириш ва сертификатлаш имкониятига эга халқаро даражада аккредитациядан ўтган миллий лабораторияларни очиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида;
6) Ташқи савдо операцияларининг ягона ахборот тизимини янада такомиллаштириш ва унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш тўғрисида олиб борилган ишлар ҳақида
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
билан Сизга мурожаат этади ҳамда жавобингиз Сенатнинг навбатдаги мажлисида муҳокама қилиниши ва унинг якунлари бўйича қарор қабул қилинишини маълум қилади.