Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг
буйруғи
«Кўп хонадонли уйларда хоналарни реконструкциялаш, ўзгартириш ва қайта ускуналаш бўйича бинолар хавфсизлигини таъминлаш қоидалари» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 18 майда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 10-сон]
(Техник хужжатлар)
Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексига асосан буюраман:
1. ШНҚ 1.04.05-20 «Кўп хонадонли уйларда хоналарни реконструкциялаш, ўзгартириш ва қайта ускуналаш бўйича бинолар хавфсизлигини таъминлаш қоидалари» шаҳарсозлик қоидалари ва нормалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2006 йил 23 мартдаги 20-сон, 2008 йил 2 декабрдаги 94-сон ва 2014 йил 14 апрелдаги 42-сон буйруқлари билан тасдиқланган ШНҚ 1.04.05-06 «Кўп хонадонли уйларда хоналарни реконструкциялаш, ўзгартиш ва қайта ускуналаш бўйича бинолар хавфсизлигини таъминлаш қоидалари» ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Адлия вазирлигида ҳисобга олинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Б. ЗАКИРОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 28 апрель,
97-сон
Қурилиш вазирининг 2021 йил 28 апрелдаги 97-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
КЎП ХОНАДОНЛИ УЙЛАРДА ХОНАЛАРНИ РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ, ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚАЙТА УСКУНАЛАШ БЎЙИЧА БИНОЛАР ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ҚОИДАЛАРИ
КИРИШ
Мазкур ҳужжат кўп хонадонли уйларда хоналарни реконструкция қилиш, ўзгартириш ва қайта ускуналаш бўйича бинолар хавфсизлигини таъминлаш соҳасига оид, Ҳукумат томонидан қабул қилинган қарор ва фармонлар билан мувофиқлаштирилди ҳамда хорижий амалиёт асосида қайта кўриб чиқилди.
1. Қўлланилиш соҳаси
1.1. Мазкур шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (кейинги ўринларда ШНҚ деб юритилади) кўп хонадонли уйларда хоналарни реконструкция қилиш, ўзгартириш ва қайта ускуналаш бўйича бинолар хавфсизлигини таъминлаш мақсадлари учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ишларни ташкил этиш ва бажариш, уларни мақбуллаштириш ҳамда муаллифлик назоратини олиб бориш тартибини белгилайди.
2. Норматив ҳужжатларга ҳаволалар
2.1. Мазкур меъёрий ҳужжатда ШНҚ 1.03.06 «Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизасидан ўтказиш тартиби»га ҳаволалар қўлланилади.
3. Атамалар ва таърифлар
Мазкур ШНҚ да қуйидаги атамалар ва таърифлар ишлатилади:
хона — турар жой биносида, ШНҚга мувофиқ равишда ускуналанган ва муайян мақсадларга мосланган — истиқомат қилинадиган, умумий фойдаланишга мўлжалланган ва истиқомат қилинмайдиган — деворлар, ораёпмалар ва бошқа тўсувчи конструкциялар билан чекланиб ташкил топган ҳажмий-бўшлиқ;
реконструкция — бир ёки бир неча ўзаро боғлиқ бўлган хоналарни ўзгартириб қайта қуриш ишлари, яъни хоналарни қайта режалаш, хонадон ичидаги муҳандислик коммуникациялар ва жиҳозларни кўчириш ишлари (оралиқларни очиш ва беркитиш, ораёпмаларни қисман ёки тўлиқ бузиш ва ҳ.к.) билан боғлиқ бўлган қурилиш ишлари;
туташ хоналар — умумий девор ва оратўсиқ девор (перегородка)лар билан тўсилган хоналар;
хонадон эгаси — кўп хонадонли уйда хонага эгалик ҳуқуқи бор юридик ёки жисмоний шахс, мулкдор;
кўп хонадонли уй — хонадонлар сони икки ва ундан ортиқ бўлган, умумий ташқи хоналарга ва умумий муҳандислик тизимларига эга бўлган уй;
бино — функционал мақсадига қараб одамлар яшаши ёки бўлишига ва ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат қурилиш тизими;
иншоот — ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажариш, моддий қимматликларни жойлаштириш ва сақлаш, одамларнинг вақтинча бўлиши (ҳаракатланиши), шунингдек ускуналар ёки коммуникацияларни жойлаштириш (ўтказиш, улаш) учун мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат ҳажмий, ясси ёки чизиқ тарзидаги қурилиш тизими;
бино ва иншоот фасадининг эскиз лойиҳаси — бино ва иншоот фасадига ўзгартиришлар киритилмасдан олдин унинг олд ва ён фасадларининг рангли тасвирдаги фотосуратлари билан бирга бино ва иншоот фасадига киритилган ўзгартиришларнинг якуний натижаси тўғрисида тўлиқ тасаввур берувчи бино ва иншоот фасадининг рангли тасвирдаги архитектуравий чизмаси.
4. Умумий қоидалар
4.1. Кўп хонадонли турар жой биноларнинг хоналарида реконструкция ишларини амалга ошириш учун рухсат берувчи ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби Ҳукумат қарорлари билан белгиланади.
4.2. Истиқомат қилиш учун қулайликлар даражасини ошириш мақсадида хоналарни реконструкция қилиш, ўзгартириш ва қайта ускуналаш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилиши мумкин:
ёрдамчи хоналарнинг юза ўлчамларини ўзгартириш;
алоҳида хоналарни белгилаш ёки уларни туташ хоналардан ажратиш мақсадида қўшимча оратўсиқ девор (перегородка)лар ўрнатиш;
хоналар тарҳини мақбул холга келтириш мақсадида оратўсиқ девор (перегородка)лар ўрнини ўзгартириш, шунингдек истиқомат қилувчи ва ёрдамчи хоналарда мавжуд бўлган оралиқларни беркитиш;
янги эшик оралиқларини очиш ва эскиларини беркитиш, шунингдек эшиклар очилишининг йўналишини ўзгартириш;
иситиш ва санитар-техник жиҳозлар ўрнини ўзгартириш;
пешайвон (лоджия) иситилишга мослаштирилиб, кўпхонадонли уйнинг иситиш тизимининг гидравлик барқарорлигини бузмаган ҳолларда, ушбу хонага иситиш қурилмаси ўрнатиш.
5. Реконструкциялаш учун зарур бўлган бошланғич ҳужжатларни расмийлаштириш ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш
5.1. Турар жойнинг истеъмол сифатини яхшилашга қаратилган реконструкция ишлари лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилиши мумкин. Бунда бино фасадини реконструкция қилиш (ўзгартириш) кўзда тутиладиган бўлса бундай лойиҳа бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни мутасадди идоралар билан келишиш маъмурий регламентларда белгиланган тартибда амалга оширилади.
5.2. Реконструкция ишлари учун лойиҳа ҳужжатлари қуйидагилардан иборат:
реконструкция имконияти борлиги тўғрисида техник хулоса;
хоналарнинг тарҳлари ва кесимлари чизмаси;
турар жой биносининг фасади чизмаси (агар бино фасади реконструкция қилинадиган бўлса);
конструктив тугун (узел)лар ва деталлар чизмаси;
ҳисоблар (зарур бўлганида).
5.3. Реконструкциялаш учун лойиҳа ҳужжатлари амалдаги ШНҚ ва давлат стандартларига мувофиқ равишда ишлаб чиқилиши лозим.
5.4. Лойиҳа ҳужжатлари ШНҚ 1.03.06 да белгилан тартибда экспертизадан ўтказилади ва хонадон эгаси томонидан тасдиқланади.
6. Хонадонларни реконструкциялаш, қайта тарҳлаш ва қайта ускуналашдаги чекловлар
6.1. Хонадонларни реконструкциялаш, қайта тархлаш ва қайта ускуналашда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
санитар-техник хоналарни бевосита ётоқхона ва ошхона устига жойлаштириш;
ораёпма плиталарига таъсир этувчи ҳисобланган юкланиш даражасини ошириб қайта қуриш;
бино пойдеворини ўзгартириш ва бинонинг юк кўтариб турувчи синчи ёки каркас элементларининг бикрлик ва мустаҳкамлик хусусиятларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қайта қуришни амалга ошириш;
бинони бўлимларга ажратувчи капитал деворлар ёки пардеворларидаги ёнғин хавфсизлигини таъминловчи оралиқларни беркитиш;
мавжуд бўлган дераза оралиқларини кенгайтириш ва янги дераза оралиқларини очиш;
дераза оралиғига бир ёни билан таянадиган пардеворлар ўрнатиш;
лойиҳада кўрсатилган тиклаш ва кучайтириш чора-тадбирларини ўтказмасдан ригель, тўсин ва хари (прогон)ларга шикаст етказувчи, баъзи таянчларнинг юк кўтариб турувчи хусусиятларини заифлаштирувчи том ва том ёпмаларни, ҳамда конструкцияларни шикастланишига сабаб бўлувчи ораёпмалар яхлитлигига ва санитар хоналаридаги гидроизоляция бутунлигига зарар етказувчи ишларни амалга ошириш;
деворлар ичидан ўтадиган вентиляция, тутун ва газ каналларида тортишни ёмонлаштирувчи ёки уларни умуман ёпилиб қолишига сабаб бўла оладиган ишларни амалга ошириш;
хоналарда темир қувурли мўрилар ва чордоқларда осма бўғизлар ўрнатиш, бевосита ошхонадан ҳожатхона ва ювиниш хонасига кириш эшигини очиш;
марказий иситиш тизимидаги тик қувурларнинг лойиҳавий ҳолатини ўзгартирган ҳолда пешайвонни иситиш;
истиқомат хоналарига кириш эшигини бевосита кўчадан ёки зинапоя бўлмасидан очиш;
бино учун умумий бўлган муҳандислик тармоқларига (сув, газ, электр таъминоти ва алоқа) шунингдек вентиляция тизимига шикаст етказувчи ишларни бажариш;
балконларда (лоджияларда) ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи ускуналарни ўрнатиш, шунингдек улардаги асосий юк кўтарувчи конструкцияларга шикаст етказиш;
(6.1-банд Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 2023 йил 14 октябрдаги 342-сонли буйруғига (ҳисоб рақами 218, 20.11.2023 й.) асосан ўн тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган)
индивидуал қўлда тайёрланган, газ билан ишлайдиган иситиш қозонларини ва иссиқ сув ускуналарини ўрнатиш.
6.2. Хоналар ўзгартирилишида жорий этилган шаҳарсозлик, санитария-гигиена ва эксплуатацион-техник меъёрий ҳужжатлардаги талабларга жавоб бермайдиган тадбирлар ва уларни қўллашга йўл қўйилмайди.
7. Реконструкция қилишда бажариладиган ишлар тартиби
7.1. Реконструкция ишлари қуйидаги тартибда амалга оширилиши мумкин:
пудрат усулида;
хўжалик йўли билан (қурилиш буюртмачиси — хонадон эгасининг ўз кучи билан ва маблағи ёрдамида).
7.2. Хоналарнинг реконструкцияси, ўзгартирилиши ва қайта ускуналаниши бўйича лойиҳа ҳужжатини ишлаб чиққан лойиҳалаш ташкилоти буюртмачи мурожаатномаси асосида муаллифлик назоратини олиб боради.
Яширин шаҳодатловчи ишлар амалга оширилаётганда ишларнинг лойиҳа ҳужжатига мувофиқлиги муаллифлик назоратини олиб борувчи мутахассис томонидан тасдиқланиши лозим.
7.3. Кўп хонадонли турар жой биноларида қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
реконструкция қилинаётган хоналарда ораёпма плиталарига ва зинапоя сатҳларига таъсир қилувчи меъёрий юкланишларни ортиб кетишига сабаб бўлувчи қурилма ва асбобларни қўллаш;
туташ ва юқоридаги (пастдаги) хоналарга зарар етказилишини олдини олувчи махсус тадбирларсиз ишлаш;
эвакуация йўлларини, бошқа умумий фойдаланиш жойларини (зинапоя майдончалари, умумий йўлаклар, подъезд, айвон ва бошқа хоналар), шунингдек турар жой биноси атрофидаги ҳудудни қурилиш материаллари ва (ёки) чиқиндилари билан тўсиб қўйиш;
йўловчи (одам ташувчи) лифтларда, қурилиш материаллари ва чиқиндиларини ўралмаган ёки беркитилмаган ҳолда ташиш, шунингдек лифт кўтариш қобилияти чегарасидан ошириш;
истиқомат хоналари ва бошқа хоналар (пешайвон, йўлак, санузел) ораёпма плиталаридаги йўл қўйилган меъёрий юкланишларни ортишига сабаб бўлувчи миқдорда қурилиш материаллари ва (ёки) чиқиндиларни йиғиб тўплаш;
қурилиш материаллари ва (ёки) чиқиндиларни айвонларда йиғиб тўплаш.
7.4 Реконструкция ишлари бажарилишининг техник назорати кўпхонадонли уйни бошқарувчи ташкилот вакили ва хонадон эгаси (буюртмачи) томонларидан амалга оширилади.
7.5 Реконструкция тугаганидан сўнг хонадон эгаси лойиҳалаш ташкилоти билан биргаликда бажарилган ишлар лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлигини тасдиқловчи далолатнома тузади.