Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 24 апрелдаги «Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисида»ги СҚ-285-IV-сонли Қарори ижроси юзасидан тақдим этилган жавобни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 804-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жорий йил бошидан бугунги кунгача сув таъминоти корхоналари томонидан хорижий кредитлар бўйича 139 млрд 300 млн сўмлик мажбуриятлар бажарилган.
Шунингдек, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизмати тизимлари объектларини қуриш ва реконструкция қилиш мақсадида жами 6 трлн 873 млрд 300 млн сўм ва қарийб 500,0 млн АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилган.
Жами 1 729 та объектда қурилиш ишлари олиб борилиб, 20 363,6 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилган ҳамда реконструкция қилинган.
Шунингдек, ичимлик суви таъминоти объектларини қуриш ва реконструкция қилишни назоратга олиш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан «Smart qurilish» электрон платформаси орқали «онлайн» режимда назорат қилиш ишлари йўлга қўйилган. Соҳада коррупциянинг олдини олиш ва тендер савдолари жараёнида шаффофликни таъминлаш учун комплаенс тизими жорий этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 сентябрдаги «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6074-сонли Фармонига мувофиқ ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасида инвестиция лойиҳалари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларида муҳокама қилиниб, ҳар бир лойиҳанинг бажарилиши ҳолати мунтазам равишда тегишли маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг қилинмоқда.
Бундан ташқари, электрон биллинг тизими юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 ноябрдаги ПФ-5883-сонли Фармони талабларига мувофиқ «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан ичимлик суви учун тўловларни ўз вақтида ундириш ва истеъмолчиларни мунтазам хатловдан ўтказиш учун 2 436 нафар назоратчи ишга қабул қилиниб, 2 015 та терминал ва 2 463 та термопринтер билан таъминланган ҳамда назоратчилар учун махсус мобил иловалар яратилиб, тўловларни электрон тарзда ундириш механизми жорий қилинган.
Маълумотлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида истеъмолчилар шахсий кабинети (cabinet.uzst.uz) саҳифаси яратилган.
Истеъмолчиларга қулайликлар яратиш мақсадида электрон тўлов тизимлари (click, paynet, payme, upay, oson ва бошқалар) билан шартномалар тузилиб, биллинг базасига интеграция қилинган.
Натижада электрон тўлов тизимлари (click, paynet, payme, upay, oson) орқали жорий йил январь-май ойларида тушум 66 млрд 800 млн сўмни ташкил қилган ёки ўтган йилнинг мос даврига (34 млрд 200 млн сўм) нисбатан 95 фоизга ошган.
Шу билан бирга, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш учун ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши ва ўзлаштирилишида муаммолар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, 2019-2020 йилларда Самарқанд ва Навоий вилоятларида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш учун инвестиция дастурлари, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан жами 323 млрд 100 млн сўм маблағ ажратилган бўлса-да, бу маблағ тўлиқ мақсадли ўзлаштирилмаган, яъни қурилиш-монтаж ишлари учун 313 млрд 800 млн сўм (97,1%) маблағ ўзлаштирилган.
Шунингдек, Молия вазирлиги томонидан ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимлари объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун ажратилган 33 млрд 100 млн сўмга тенг бўлган хато ва камчиликлар ҳамда бюджет маблағларини самарасиз ва мақсадсиз ишлатилишига йўл қўйилганлиги аниқланган.
Жумладан, Самарқанд вилоятида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизими объектларини қуриш ва реконструкция қилишда лойиҳа-смета ҳужжатларига амал қилинмаслиги, объектларни танлашда аҳолининг талаблари инобатга олинмаганлиги, назорат сусайтирилганлиги оқибатида ва қурилиш-монтаж ишларининг якунига етказилмай қолиб кетганлиги сабабли 6 та объектда 20 млрд 800 млн сўмлик маблағ самарасиз ишлатилган.
Масалан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги буюртмачилигида Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 2019 йилги «Обод қишлоқ» дастури доирасида манзилли рўйхатга киритилган 5 та (1 млрд 900 млн сўм) ва инвестиция дастури доирасида 1 та (18 млрд 900 млн сўм) объектда маблағлардан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланилган, натижада аҳоли ичимлик суви билан таъминланмаган.
Биргина Навоий вилоятида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишдаги камчиликлар ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида амалга оширилмаганлиги сабабли 3 та объектга мўлжалланган 12 млрд 300 млн сўм маблағдан самарасиз фойдаланилган.
Навоий вилояти Томди тумани «Мурунтог» ҚФЙ «Мурунтог» аҳоли пунктини ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 1 млрд 700 млн сўм маблағ эвазига 3 км 300 метр ичимлик суви тармоқлари тортилган. Лекин лойиҳадаги камчиликлар натижасида Томди туманидаги 17 — 19-сув кўтариш насос станцияларини реконструкция қилиш кўзда тутилмаганлиги оқибатида аҳоли ичимлик суви билан таъминланмаган.
2019-2020 йилларда Инвестиция дастури лойиҳалари рўйхатига киритилган қиймати 18 млрд 900 млн сўмлик Самарқанд шаҳри «Бўстонсарой ва А. Темур кўчалари кесишмасидан Самарқанд шаҳри аэропортигача ичимлик суви тармоқларини қуриш» қурилиш-монтаж ишлари учун маблағлар тўлиқ молиялаштириб берилган бўлса-да, 2020 йилда фойдаланишга топширилиши лозим бўлган мазкур объектнинг ўз муддатида топширилмаганлиги оқибатида аҳолига ичимлик суви етказиб берилмаган.
2019 йилги инвестиция дастури доирасида амалга оширилган умумий қиймати 7 млрд 200 млн сўм бўлган Нурота туман «Чашма тарихий-меъморий мажмуаси» ҳудудида оқова сув тармоқларини қуриш ишлари пудрат ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан амалга оширилмаган, объект фойдаланишга қабул қилинмаган, натижада маблағлар самарасиз сарфланган.
«Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан манзилли дастурлар доирасида ичимлик суви ва канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ўзсувтаъминот» АЖ, маҳаллий ҳокимликлар, тегишли масъул идора ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан ишлар етарли даражада ташкил қилинмаганлиги ҳамда сув таъминоти тизимларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатлари чуқур таҳлил қилинмаган ҳолда ишлаб чиқилганлиги оқибатида ажратилган бюджет маблағлари самарадорлигига эришилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 24 апрелдаги «Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисида»ги СҚ-285-IV-сонли Қарори ижроси бўйича Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Э. Гадоевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизмати тизимлари объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари, халқаро молия институтлари иштирокида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини доимий назорат қилиб борсин.
3. Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимлари объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли сарфланиши бўйича Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва «Ўзсувтаъминот» АЖ ишлари етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва «Ўзсувтаъминот» АЖ билан биргаликда:
ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимлари объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун ажратилган маблағларнинг самарали ва мақсадли сарфланиши бўйича қатъий назоратни кучайтирсин;
аҳолига ичимлик суви етказиб бериш, сув иншоотларини реконструкция қилиш мақсадида республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган йирик лойиҳалар учун ажратилган мақсадли маблағлардан самарали фойдаланиш бўйича тизимли мониторинг олиб борсин;
лойиҳалаштириш, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш жараёнида бўлган амалдаги ёки янги оқова сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш ва қуришда, шунингдек, ичимлик суви таъминоти ҳамда оқова сув тизимларини яхшилаш объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишдаги камчиликларни бартараф этиш ва лойиҳа-смета ҳужжатлари пухта ишлаб чиқилишини назоратга олсин;
ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизими объектларини қуриш ва реконструкция қилишда объектларни танлаш жараёнида аҳоли талабларини инобатга олиш чораларини кўрсин.
5. Қурилиш вазирлиги Ўзсувтаъминот» АЖ билан биргаликда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув объектларини қуриш, реконструкция, модернизация қилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишдаги камчиликларни бартараф этиб, уларни пухта ишлаб чиқилишини таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фойдаланилган ичимлик суви учун истеъмолчиларнинг қарздорлигини қисқартириш ҳамда истеъмолчиларга сув ҳисоблагичларини ўрнатиш учун «Ўзсувтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий корхоналарига амалий ёрдам кўрсатсин.
7. Ушбу Қарор ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси, масъул вазирлик ва идоралар 2022 йилнинг 1 мартига қадар Олий Мажлис Сенатига ахборот киритсин.
8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоев зиммасига юклансин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 18 ноябрь,
СҚ-428-IV-сон