Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 29 майдаги CҚ-312-IV-сонли қарори билан коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровига берилган жавобни кўриб чиқиб ҳамда Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раисининг ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Биринчидан, туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ва солиқ имтиёзлари ва преференцияларини бериш, шунингдек, субсидиялар, кредитлар, грантлар кўринишидаги моддий ёрдам кўрсатишни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси таъминланмоқда.
Хусусан, қайд этилганидек, 23 та туристик ташкилотга 289,2 млн сўм миқдорида, барпо этилаётган уч юлдузли 3 та меҳмонхонага 1 млрд 200 млн сўм миқдорида субсидиялар, шунингдек, 37 та туроператорга 370,0 млн сўм миқдорида ва 11 нафар таржимон-гидларга 55,0 млн сўм миқдорида грантлар ажратилган. Бундан ташқари, 50 та туроператорга 1 млрд 600 млн сўм ва 191 та жойлаштириш воситаларига 14 млрд 500 млн сўм миқдорида фоизсиз ссудалар ажратилган.
Мазкур чора-тадбирлар орқали ички саёҳатга мўлжалланган туристик пакетлар нархларини арзонлаштириш (мақбуллаштириш) ва маҳаллий аҳолини саёҳатга жалб қилишга эришилган.
Иккинчидан, саёҳатчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» («Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат КАФОЛАТЛАНГАН») санитария-гигиеник хавфсизлик тизими ишга туширилган.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари ва соҳа вакилларини safetravel.uz онлайн портали орқали ўқитиш, малака сертификатларини бериш ва объектларни «Хавфсиз объектлар ягона реестри»га киритиш тартиби жорий этилган.
Учинчидан, республика аҳолисининг ҳаво транспортидаги фаоллигини, шунингдек, ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш, авиақатновларнинг оммабоплигини ошириш, фуқароларни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан таништириш учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида «Uzbekistan Airways» АЖ томонидан 2021 йилнинг баҳор-ёз мавсумидан бошлаб пандемиядан олдин мавжуд бўлган йўналишлар тикланган ҳамда мутлақо янги маҳаллий йўналишлар йўлга қўйилган. Мисол учун, Фарғона-Урганч, Фарғона-Термиз, Самарқанд-Наманган, Самарқанд-Термиз, Самарқанд-Урганч, Самарқанд-Фарғона йўналишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, фуқароларимизга қулай нархларда авиачипталар сотилишини таъминлаш мақсадида барча маҳаллий йўналишларда авиачипталар нархи қарийб 29,7 фоизгача арзонлаштирилган.
Тўртинчидан, туризмнинг қишлоқ, гастрономик, пляж ва чўл ҳудудларида дам олиш туризми каби қатор янги йўналишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, янги муз саройлари, умуммавсумий тоғ-чанғи курортлари ҳам ташкил этилган.
Бешинчидан, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб «Ипак йўли» туризм халқаро университетида «Туризм логистикаси», «Смарт туризм» бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда «Зиёрат туризми», «Маданий меросни бошқариш» ҳамда «Музей иши» йўналиши бўйича бир йиллик магистратурада мутахассис кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилган.
Олтинчидан, туризм соҳасидаги таълим муассасалари битирувчилари ва иш берувчилар ўртасида мулоқот вазифасини бажарувчи алоҳида платформа (http://travel-jobs.uz) яратилган.
Соҳада амалга оширилган ишлар билан бирга қатор камчиликлар ҳам мавжуд.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июндаги ПҚ-4755-сонли «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган қатор вазифалар тўлиқ амалга оширилмаган. Масалан:
мамлакатнинг минтақавий халқаро аэропортлари учун энг яхши номларни аниқлаш учун оммавий танлов ўтказилган бўлса-да, танлов натижалари эълон қилинмаган, аэропорт номлари бўйича қарорлар қабул қилинмаган;
«Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» хавфсиз объектлар тизими мамлакатда кенг татбиқ этилмаган. Жумладан, 1 361 та жойлаштириш воситаси ҳамда 200 та маданий мерос объекти ва музейлар, асосий сайёҳлик йўналишларида жойлашган юзлаб йирик ва ўрта умумий овқатланиш объектлари фаолият олиб борса-да, фақат 30 та объект (туроператорлар ва жойлаштириш воситалари) ва 210 дан зиёд давлат ташкилотлари тасарруфидаги объектлар «Хавфсиз объектлар ягона реестри»га киритилган, холос;
Ўзбекистонда коронавирус пандемияси шароитида хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича энг илғор халқаро тажрибага қарамай, туризм соҳаси ходимларининг оммавий эмланишини таъминлаш, мониторинг қилиш ва назорат қилиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмаган;
мақсадли мамлакатлар ва бозорлар учун алоҳида режалаштирилган маркетинг тадқиқотларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистоннинг туристик маҳсулотини тарғиб қилиш бўйича стратегиясини қайта кўриб чиқиш бўйича ишлар якунига етмаган ва тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмаган;
транспорт логистикасини ривожлантириш ва бу орқали, биринчи навбатда, қўшни давлатлардан туристик оқимни ошириш бўйича ишлар тизимли йўлга қўйилмаган;
ҳудудларда туризм соҳасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва уларга ер участкаларини ажратиш жараёнидаги муаммолар ҳалигача долзарб масала бўлиб қолмоқда;
Ўзбекистон бўйлаб ички хизматлар нарх жиҳатидан ўта рақобатбардош бўлишига қарамасдан, авиачипталарнинг нархи бошқа йўналишлар билан солиштирганда хорижий сайёҳлар учун 30 — 50 фоизга қиммат нархда сақланиб қолмоқда.
Юқорида баён этилганларга асосан ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровига берилган жавоб маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги туризм ва унга турдош соҳаларни ривожлантиришга оид вазифалар (топшириқлар)нинг жойлардаги ижроси бўйича тизимли мониторинг олиб борсин ҳамда аниқланган муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўрсин;
бир ой муддатда мутасадди вазирлик ва идоралар кесимида туризм соҳасидаги долзарб масалаларнинг ечимига қаратилган чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин ҳамда унинг сифатли бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб борсин;
мазкур Қарор ижроси тўғрисида умумлаштирилган ахборотни 2022 йилнинг 15 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этсин.
3. Туризм ва спорт вазирлиги уч ой муддатда:
хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» санитария-гигиеник хавфсизлик тизимининг амалий самарадорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан уни қайта кўриб чиқсин ҳамда амалиётга жорий этиш бўйича чоралар кўрсин;
илғор хорижий тажрибага асосланган, давлат ва минтақалар кесимида Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мамлакатда хавфсиз туризмни ташкил қилиш мақсадида соҳа вакилларини, хусусан меҳмонхоналар, маданий мерос объектлари, туристик транспорт воситалари, овқатланиш шохобчаларида фаолият юритувчи шахслар, туроператорлар, гид-таржимонларни эмлаш бўйича алоҳида режа-график ишлаб чиқиб, унинг ижросини таъминласин;
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда республика туризм соҳасига тегишли тарғибот-ташвиқот материалларини тайёрласин ва халқаро миқёсда Ўзбекистон саёҳат учун хавфсиз мамлакат сифатида эътироф этилиши бўйича аниқ чоралар кўрсин ҳамда бу борадаги маълумотларнинг Интернет саҳифалари, ижтимоий тармоқлар, хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
4. Инновацион ривожланиш вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-Парк) тегишли нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда 2022 — 2024 йилларда туризм соҳасидаги янги стартап лойиҳаларини амалга ошириш бўйича алоҳида танлов ташкил қилсин.
5. Транспорт вазирлиги икки ой муддатда:
Туризм ва спорт вазирлиги «Uzbekistan Airports» АЖ билан биргаликда мамлакатнинг ҳудудий халқаро аэропортларига энг яхши номларни аниқлаш бўйича танловни қайтадан ўтказсин. Бунда танлов натижалари самарадорлигини ошириш ва ҳудудий халқаро аэропортларга муносиб ном бериш мақсадида тадбирга кенг жамоатчиликни ва тарихчи олимлар ва академикларни жалб этиш белгилансин;
Давлат божхона қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2022-2023 йилларда қўшни давлатлар билан тўғридан-тўғри боғлайдиган туристик автобуслар ва темир йўл поездлари қатновини жорий этишга қаратилган тармоқ жадвалини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда автомагистраль йўллари, халқаро аҳамиятдаги йўллар ҳамда туман/шаҳар ҳудудларидаги захирага олинган ер участкалари асосида туризм соҳаси учун «E-AUKSION» электрон савдо платформасига чиқариладиган ер майдонларининг рўйхатини шакллантириб, ер участкаларининг «E-AUKSION» электрон савдо платформасига чиқарилишини таъминласин;
республика ҳудудларида санитария-гигиеник шохобчалар (СГШ) хизматини яхшилаш мақсадида ўрганишлар ўтказсин. Бунда бугунги ва келгусидаги эҳтиёжни инобатга олган ҳолда янги СГШ ташкил этиш, таъмирлаш ва уларни талабга мослаштириш, савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш соҳаларида тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган субъектларда СГШ ташкил қилиш, мазкур йўналишда истиқболда тадбиркорлар учун манфаатли таклифлар ишлаб чиқиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратсин;
ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, республика ҳудудларида СГШни ривожлантириш юзасидан тармоқ жадвалини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ҳокимликлари Маданий мерос агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2022-2023 йилларда хорижий мутахассислар лойиҳалари асосида Самарқандда «Ипак йўли» музейи, Термизда «Кушонлар тарихи», Бухорода «Ислом дини алломалари» ва Хивада «Қадимий Хоразм тарихи» музейлари фаолиятини ташкил этиш чораларини кўрсин;
ҳокимликлар юқорида қайд этилган музейларни ташкил қилиш мақсадида уларни 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастурларига киритиш чораларини кўрсин ҳамда натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этсин.
8. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Р. Алимов зиммасига юклансин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 21 октябрь,
СҚ-411-IV-сон