Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йил III чорагида бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда — Дастур) 2021 йил III чорагида бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботини (кейинги ўринларда — Ҳукумат ҳисоботи) ўрганиб чиқиб, муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Хусусан, мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида ўз вақтида кўрилган чоралар ҳамда сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2021 йилнинг январь — сентябрь ойларида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,9 фоизни, жумладан, саноат маҳсулоти ўсиши 109,0 фоизни, хизматлар ўсиши 107,6 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ўсиши 104,2 фоизни ташкил қилган. Савдо айланмаси ҳажми 167,0 трлн сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 109,8 фоизга ўсган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида 90,2 минг нафар фуқаро, жумладан, 48,6 минг нафардан ортиқ ёшлар ҳамда 59,6 минг нафар аёл касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўқитилган.
«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган 28,6 минг ишсиз фуқарога 58 млрд 900 млн сўмлик субсидиялар ажратилган. «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг бир қисмини ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган.
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларида кўзда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун республика бюджетидан 9 трлн 800 млрд сўм сарфланган ҳамда маҳаллий бюджетларга айнан шу мақсадлар учун 301 млрд сўмлик ссуда ажратилган.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида жами 27 млн дозага яқин вакцина олиб келиниб, 23 млн дозага яқин вакцина билан қарийб 5 ярим миллион аҳоли коронавирусга қарши барча босқичларда тўлиқ эмланган.
Шунингдек, мамлакатимиздаги қўшма корхонада ишлаб чиқарилаётган «Sputnik V» вакцинаси аҳолини эмлаш тадбирларида фойдаланиш учун топширилган.
Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилган ислоҳотлар натижасида 82 та оилавий шифокор пункти ва 19 та оилавий поликлиника ташкил этилган.
Телетиббиёт орқали 46 153 нафар беморга консультация, 493 та семинар, 689 та онлайн мастер класс дарслари, 3 412 та онлайн консилиум, 234 та онлайн намойишли жарроҳлик амалиётлари ўтказилган. Ихтисослашган марказлар томонидан 855 маротаба ҳудудларга чиқилиб, 413 532 та кўрик ва 1 008 та юқори технологик операция ўтказилган.
Дастур ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди.
Дастурнинг 49, 103, 105, 218-бандларидаги топшириқлар белгиланган муддатларда бажарилмагани оқибатида қуйидаги муҳим вазифалар ижроси ўз вақтида таъминланмаган:
ҳаёт суғуртаси тармоғини ҳамда шахсий суғуртани аҳоли орасида оммалаштириш, уларни кенг миқёсда тарғиб қилиш, шахсий суғурта турларини ривожлантириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган;
туризм соҳасидаги битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида иш берувчилар билан ҳамкорликни ташкил этишга қаратилган онлайн-платформа яратиш топшириғи талаб даражасида бажарилмаган;
ижтимоий-иқтисодий мақсадларга йўналтирилган марказлашган инвестициялар самарадорлигини ошириш, давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолаш (PIMA) тизимини жорий этиш юзасидан Ҳукумат қарори қабул қилинмаган;
маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш доирасида барча маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш ҳамда уларнинг Миллий рўйхатини қайта шакллантириш, Маданий мерос объектлари электрон порталини яратиш, уни давлат электрон хизматлари билан интеграция қилиш, давлат кадастр ҳужжатини расмийлаштириш ва давлат кадастрлари ягона тизимига тегишли ахборотларни жойлаштириш ишлари якунига етказилмаган.
Дастурнинг 241-бандида йил давомида бажарилиши белгиланган Ёшлар технопарклари фаолиятини ташкил этиш вазифаси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ҳамда Навоий вилоятларида олиб борилаётган ишлар қониқарсиз аҳволда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йил III чорагида бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда дастурнинг 49, 105-бандларидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишини таъминласин ҳамда дастурда белгиланган барча вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиб, топшириқларни белгиланган муддатларда бажармаган вазирлик ва идоралар раҳбарларига нисбатан тегишли таъсир чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари комплекси (А. Абдуҳакимов):
бир ой муддатда туризм соҳасидаги битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида иш берувчилар билан ҳамкорликни ташкил этишга қаратилган онлайн-платформани тўлиқ ишга тушириш ва бунда туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларида мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш, иштирокчилар билан мулоқот ўрнатишга қаратилган ахборот тадбирлари (конференция, учрашув, пресс ва видео конференция, йиғилишлар) тўғрисида батафсил маълумотларни жойлаштириш, бўш иш ўринлари ярмаркаларида туризм фирма ва компанияларининг фаол иштирокини таъминлашни назарда тутсин;
2022 йил 1 январга қадар маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш доирасида барча маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш ҳамда уларнинг Миллий рўйхатини қайта шакллантириш, Маданий мерос объектлари электрон порталини яратиш, уни давлат электрон хизматлари билан интеграция қилиш, давлат кадастр ҳужжатини расмийлаштириш ва давлат кадастрлари ягона тизимига тегишли ахборотларни жойлаштириш ишларини якунига етказиш чораларини кўрсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда 2022 йилнинг 1 январига қадар ўз ҳудудларида Ёшлар технопарклари фаолияти йўлга қўйилишини таъминласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари ижроси юзасидан мутасадди раҳбарлар ахборотларини ҳар чоракда эшитиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Б. Мусаев) Ҳукуматнинг давлат дастури бажарилиши юзасидан 2021 йил якунлари ҳақидаги ҳисоботини Сенатга киритганда мазкур Қарор ижроси бўйича алоҳида маълумотлар тақдим этсин.
7. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев ҳамда Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б. Сайфуллаев зиммасига юклансин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 20 октябрь,
СҚ-406-IV-сон