Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Бухоро вилояти Олот туманининг бир гуруҳ фуқаролари томонидан кўтарилган масалаларни ўрганиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Бухоро вилоятининг Олот туманидан келиб тушган мурожаатга кўра, 1960 — 1980 йиллар давомида тегишли идоралар томонидан тасдиқланган лойиҳалар асосида сув хўжалиги, сув хўжалиги қурилиши ташкилотлари, «Аму-Бухоро» канали бошқармаларининг инженер-техник ходимлари истиқомат қилиши учун 600 квадрат метр майдонида жойлашган уй-жой коттежлари ажратилган.
Аксарият хонадон эгалари 40 йилдан кўпроқ қайд этилган давлат ташкилотларида ишлаб, нафақага чиққан ва ушбу уй-жойларда ўз яқин қариндошлари билан яшаб келмоқдалар.
1991 йилдан кейин ушбу уйлар хусусийлаштирилиб, улар уй эгаларига берилган. Бу уй-жойлар фуқароларга берилганда тегишлича ордер ва қарорларга асосан эгалик ҳуқуқи уй-жой эгаллаб турган майдонга қараб 91 квадрат метр, 83,8 квадрат метр, 46 квадрат метр ва ҳоказо этиб белгиланган.
Натижада 2019 йилда солиқ қонунчилигига ўзгартиришлар киритилиб, уй-жой сатхидан ортиқча ер майдонига солиқ ставкасининг уч баробари миқдорида солиқ ундирилиш бошланди.
Шунга асосан, мурожаат қилган фуқаролар уларга тегишли бўлган ўртача 600 квадрат метрдан иборат бўлган ер участкаларининг кадастр ҳужжатларини тўлиқ расмийлаштиришни ва шунга оид белгиланган тартибда ер солиғини тўлаб бориш имкониятини яратиш тўғрисида мурожаат қилишган.
Ушбу масалани ўрганиш учун кайд этилган уй-жойларни ажратишга, уларга ҳукуқий мақом беришга оид ҳужжатларни, шу жумладан архив ҳужжатларини, ер ва солиқ қонунчилигини таҳлил қилиш талаб қилинишини инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 16-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Бухоро вилояти Олот туманининг бир гуруҳ фуқаролари томонидан кўтарилган масалаларни ўрганиш бўйича иловага мувофиқ ишчи гуруҳ тузилсин.
2. Ишчи гуруҳ (Ш. Чўллиев) бир ой муддатда:
мурожаатда қайд этилган уй-жойларни ажратишга, уларга ҳуқуқий мақом беришга оид ҳужжатларни, шу жумладан архив ҳужжатларини жойига чиқиб таҳлил қилсин;
мутасадди идоралар билан ҳамкорликда масалага оид ер ва солиқ қонунчилигини ўрганиб чиқсин;
мурожаатда кўтарилган масалаларнинг бошқа ҳудудларда ҳам долзарблиги тўғрисида маълумотни йиғиш ҳамда уларнинг ечими тўғрисида аниқ таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгашига киритсин.
3. Бухоро вилояти ҳокими, сенатор Б. Зарипов Ишчи гуруҳи фаолиятига оид масалалар юзасидан тегишли ҳужжатлар тақдим қилинишини ва ўрганишга оид жойлардаги мутахассислар иштирокини таъминласин.
4. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сената Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 4 октябрь,
КҚ-267-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 4 октябрдаги КҚ-267-IV-сонли Қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Бухоро вилояти Олот туманининг бир гуруҳ фуқаролари томонидан кўтарилган масалаларни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ
таркиби
| Чўллиев Шухрат Аскарович | — | Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари |
| Сиддиқов Рисқул Эргашбоевич | — | Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари |
| Боқиев Фарход Эсанович | — | Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари |
| (лавозимига кура) | — | адлия вазирининг ўринбосари (келишув асосида) |
| Умаров Фазлиддин Каримович | — | Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори (келишув асосида) |
| Каландаров Даврон Наримович | — | Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи (келишув асосида) |
| (лавозимига кура) | — | Бухоро вилояти Олот тумани Адлия бўлими бошлиғи (келишув асосида) |
| Тураев Тохир Муродович | — | Бухоро вилояти Олот тумани, ҳуқуқшунос (келишув асосида) |