Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Қaшқадарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қашқадарё вилояти ҳокимининг ҳисоботини эшитиб, вилоят ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали турмуш даражасини ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Сўнгги беш йил давомида Қашқадарё вилояти шаҳар ва туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 12 та қарори қабул қилиниб, тасдиқланган дастурлар доирасида қатор ишлар олиб борилган.
Хусусан, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш йўналишларида қарийб 8,1 трлн сўмлик 6,3 мингта инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 28 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилган.
Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича 122 та мактабгача таълим ташкилотида, 210 та умумтаълим мактабида, 81 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 10 мингдан ортиқ хонадонга эга бўлган 250 дан зиёд кўп квартирали уйлар ҳамда қарийб 4,9 мингта янги намунавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Инфратузилмани яхшилаш мақсадида 2,4 минг км дан зиёд автомобиль йўлларида қуриш-таъмирлаш ишлари олиб борилган, 3 минг км дан ортиқ электр узатиш тармоғи ва 858 дона трансформатор пунктида амалга оширилган қурилиш-реконструкция ишлари натижасида 275 мингдан зиёд аҳоли ва 900 га яқин тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлашга эришилган.
Вилоятдаги 667 км газ қувурлари янгидан монтаж қилиниши эвазига жами 10 мингга яқин аҳоли хонадонлари табиий газ таъминоти билан таъминланган, 315 минг аҳоли учун ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 968 км ичимлик суви қувурлари реконструкция қилинган.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида 3,7 минг км коллекторларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган, 58 та ирригация объектини қуриш ва реконструкция қилиш эвазига 61 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланган. Вилоятда ишлаб чиқарилган пахта толасини қайта ишлаш даражаси 11,9 фоиздан 52,2 фоизга ошган.
Вилоятда 2021 йил 1 июль ҳолатига кўра, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари сони 31 минг 937 тани ташкил этиб, сўнгги тўрт йилда қарийб 2 баробарга кўпайган, кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 70 фоизга етказилган.
Вилоятда 2017 — 2020 йиллар мобайнида ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръатлари ўртача 109,8 фоизни ташкил этган, вилоят иқтисодиётига барча манбалар ҳисобидан 73 трлн сўм миқдорида инвестиция жалб этилиб, шундан хорижий инвестициялар ҳажми 980 млн АҚШ долларини ташкил этган.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасида 2021 йилда ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, 2021 йил I ярим йиллигида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 19,3 трлн сўмни, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107,7 фоизни ташкил этган. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5,8 млн сўмдан иборат бўлиб, йил якунида 10,7 млн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Вилоятда маҳаллий бюджет даромадларининг 2021 йил I ярим йиллиги учун прогноз режаси 1 039,4 млрд сўм бўлиб, амалда 1 187,3 млрд сўмга ёки режага нисбатан 114,2 фоизга бажарилган.
Ҳудудий инвестиция дастурига мувофиқ жорий йилнинг ўтган даври мобайнида умумий қиймати 1,9 трлн сўмлик жами 709 та лойиҳа ишга туширилган ва 4,4 мингта янги иш ўрни яратилган. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар асосан Хитой, Туркия, Сингапур, Эрон, Россия, Канада, Нидерландия давлатларидан жалб этилган.
2021 йилда 4 та туманда (Қарши, Косон, Китоб, Шаҳрисабз) жами 47 минг 850 тонна толани қайта ишлаш қувватига эга 5 та ип калава ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиши натижасида толани қайта ишлаш даражасини 88 фоизга (120,5 минг тоннага) етказиш кутилмоқда.
Вилоятдаги 19 минг гектардан ортиқ боғ, 7,6 минг гектар токзор, 14 минг гектардан зиёд сабзавот майдонларида ҳар йили ўртача 165 минг тонна мева, 94 минг тонна узум, 510 минг тонна сабзавот етиштирилмоқда, 15 та мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси фаолият юритмоқда.
Шунингдек, вилоятда 28 та кичик саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, уларда 56 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилган, мазкур корхоналар томонидан жорий йилнинг январь — август ойларида 19,8 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган, ушбу маҳсулотларнинг қарийб 55 фоизи импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳисобланади.
Вилоят бўйича жорий йилги экспорт прогнози режаси 165,6 млн АҚШ доллари бўлиб, шундан саноат маҳсулотлари экспорти 108,2 млн АҚШ долларини, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 57,4 млн АҚШ долларини ташкил этади. 2021 йилнинг январь — август ойларида 129,3 млн АҚШ доллари миқдорида саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган ва белгиланган режа ижроси 125 фоизга бажарилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш жараёнида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ўз ечимини кутиб турган бир қатор муаммоли масалалар мавжудлиги аниқланган. Жумладан:
Вилоятда ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантириш жараёнида айрим лойиҳалар ташаббускорларнинг имкониятлари ўрганилмасдан дастурга киритилганлиги боис ижро муддати келмасдан «истиқболсиз» деб топилган.
Бугунги кунда мавжуд кичик саноат зоналарининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти, Нишон, Яккабоғ, Ғузор, Миришкор, Муборак, Шаҳрисабз, Қарши туманлари ва Шаҳрисабз шаҳридаги 10 та кичик саноат зонасини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича қурилиш-монтаж ишлари бошланмаган.
Вилоятда тадбиркорлик субъектларининг мулклари бузилиши натижасида етказилган зарарларнинг компенсация қилинмаётганлиги, давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ноқонуний текшириш ҳолатлари мавжуд, сўнгги икки йилда 164 та рақобатга зид қонун ҳужжатлари ва ҳаракатлар амалга оширилган.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида картошка уруғчилигини ривожлантириш бўйича белгиланган тадбирлар ижроси таъминланмаган, сув тежовчи технологияларни ва ёмғирлатиб суғоришни жорий этиш режалари тўлиқ бажарилмаган.
Вилоятдаги 95 та маҳаллада мактабгача таълим ташкилоти мавжуд эмас, 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида таъмирланиб, фойдаланиш учун топширилган 7 та мактабгача таълим ташкилотини мебель ва жиҳозлар билан таъминлаш ишлари якунига етказилмаган.
Жорий йилнинг 13 сентябрь ҳолатига кўра, вилоятдаги умумтаълим мактаблари учун 2021 йилда нашр қилиниши режалаштирилган дарсликларнинг 46 фоизи етказиб берилган, холос, 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида жиҳозланиши белгиланган 93 та умумтаълим мактабидан 36 тасига мебель ва жиҳозлар қисман етказиб берилган, қолган 57 тасига эса етказиб бериш кечикмоқда.
Вилоятда 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 3 минг 108 та жиноят содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 70 фоизга ортган, жиноят содир этиш ҳолатлари Қарши, Деҳқонобод, Қамаши, Касби туманларида 2 — 2,8 баробарга ошган. Оғир ва ўта оғир жиноятлар сони ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 80 фоизга кўпайган, мазкур турдаги жиноятлар Касби туманида 4 баробар, Қамаши туманида 3 баробар ортишига йўл қўйилган.
Вилоятда жорий йилнинг январь — август ойларида коррупция ва бюджет маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ 374 та жиноят содир этилган ва натижада 44 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг 2021 йил 13 сентябрда бўлиб ўтган сессиясида ўрганиш натижалари танқидий муҳокама этилиб, тегишли идора ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилган, вилоят даражасидаги муаммоли масалалар ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланган.
Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, белгиланган чора-тадбирлар ижроси устидан назоратни ташкил этиш мақсадида ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 322-моддаси ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 102-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Қашқадарё вилояти ҳокими З. Мирзаевнинг вилоятни комплекс равишда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Т. Мадумаровнинг Қашқадарё вилоятини комплекс ўрганиш якунлари ҳақидаги ахбороти (илова) маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қашқадарё вилоятини ҳар томонлама ривожлантириш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли муаммоларини бартараф этиш борасидаги ишларни ўрганиш якунлари муҳокамасига бағишланган халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси ўтказилганлиги ҳамда тегишли қарор қабул қилинганлиги инобатга олинсин.
3. Молия вазирлиги (Т. Ишметов) тасдиқланган манзилли дастурга мувофиқ Чироқчи туманида ташкил этиладиган «Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси учун газ тақсимлаш станциясини ва газ тармоғини қуриш, Яккабоғ, Ғузор, Шаҳрисабз, Қарши туманлари ва Шаҳрисабз шаҳридаги кичик саноат зоналарига ташқи газ тармоқларини қуриш бўйича ссуда маблағларини ажратиш масаласини ўрганиб чиқсин ҳамда тегишли чоралар кўрсин.
4. Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) 2021 йил якунига қадар Муборак, Ғузор, Қамаши, Миришкор, Нишон туманлари ва Қарши, Шаҳрисабз шаҳарларида солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги мавжуд боқимонда қарздорлигини (умидсиз ҳамда тўлов муддати узайтирилган солиқларсиз) камайтириш чораларини кўрсин, юридик шахсларнинг бюджет тўловлари бўйича ортиқча тўланган суммалари қайтарилишини таъминласин.
5. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш. Хамраев):
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия вазирликлари, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ билан биргаликда икки ҳафта муддатда «Талимаржон» сув омборини тўлдириш мақсадида Қарши насос станциялари каскадидаги 4 қатор насос агрегатлари тўхтовсиз ишлашини таъминлаш учун йил якунига қадар қўшимча электр энергияси лимити ҳамда зарур маблағ ажратиш масаласини батафсил ўрганиб чиқиб, тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда кўп йиллик тажрибага эга малакали ходимларни сақлаб қолиш мақсадида Қарши насос станциялари каскади ходимларининг ўртача иш ҳақини ошириш масаласини ўргансин ва натижасига биноан тегишли чораларни кўрсин.
6. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Ж. Қўчқоров) Молия, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Шаҳрисабз туманининг Сарчашма қишлоғини сув билан таъминлашни яхшилаш мақсадида 7,3 км узунликдаги дастлабки қиймати 2 млрд сўм бўлган канал қуриш лойиҳасини ўрганиб чиқиб, ўрганиш натижалари асосида тегишли таклифлар тайёрласин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Энергетика вазирлиги (А. Султанов), «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» АЖ (Д. Исақулов) жорий йилги куз-қиш мавсумида зарурат бўлмаган ҳолларда электр таъминоти бўйича чекловлар киритмаслик, «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг суткалик электр энергияси истеъмол лимитини ошириш масалаларини кўриб чиқсин.
8. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж. Ходжаев) озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида картошка уруғчилиги бўйича белгиланган тадбирлар ижросига алоҳида эътибор қаратсин, сув тежовчи технологияларни, ёмғирлатиб суғоришни жорий этиш, сув сарфини аниқловчи гидропостлар ташкил этиш борасида белгиланган тадбирларнинг ижросини таъминлаш чораларини кўрсин.
9. «Ўзбекнефтгаз» АЖ (М. Абдуллаев):
Муборак тумани марказида оқова сув насос станцияларини реконструкция қилиш ишларини якунига етказиш мақсадида «Муборак газни қайта ишлаш заводи» МЧЖ томонидан 6,6 млрд сўм маблағ ажратилишини таъминлаш;
Ғузор туманида ичимлик суви таъминотини босқичма-босқич яхшилаш мақсадида Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилиши белгиланган 28 млрд сўм маблағнинг қолган қисмини ўтказиш чораларини кўрсин.
10. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (Ш. Хидоятов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Сув хўжалиги вазирликлари, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
вилоятнинг Косон, Касби, Муборак, Миришкор ва Қарши туманлари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Шаҳрисабз туманида жойлашган «Ҳисорак» сув омборидан диаметри Ø 1020 ÷ 1200 мм бўлган янги қувур тармоғини тортиш;
мавжуд артезиан қудуқларини таъмирлаш, ер ости сувини ичимлик суви даражасида тозаловчи ускуна ва иншоотларни ўрнатиш ҳамда аҳолини локал сув таъминоти тизимларига улаш жараёнига давлат-хусусий шериклик тамойили асосида ҳамда имтиёз ва преференциялар бериш орқали тадбиркорлик субъектларини жалб этиш масалаларини ўрганиб чиқиб, натижаларини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
11. Автомобиль йўллари қўмитаси (А. Абдувалиев) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия вазирликлари, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Косон туманининг Олачабоб ва Рахимсўфи қишлоқларидан ўтган «Эски анҳор» канали устига янги кўприк қуриш масаласини 2022 йилги Инвестиция дастурига киритиш масаласини кўриб чиқсин.
12. Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов) Қашқадарё вилоятида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ортиб бораётганлигини инобатга олган ҳолда, уларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгиласин ва амалга оширсин, бунда жиноятчилик ҳолатлари кескин ошган ҳудудларга алоҳида эътибор қаратсин.
13. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ўқув курслари ташкил этиш жараёнида маҳаллий имкониятларни инобатга олсин, ўқитилган фуқароларни доимий ишга жойлаштириш чораларини кўрсин, ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича аниқланган ҳар бир ҳолат юзасидан жавобгарлик чоралари қўлланилишини таъминласин.
14. Мактабгача таълим вазирлиги (А. Шин):
2021 йил 15 ноябрга қадар 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида таъмирланиб, фойдаланишга топширилган 7 та мактабгача таълим ташкилотига мебель ва жиҳозлар тўлиқ етказиб берилишини таъминласин.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда вилоятдаги мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлмаган маҳаллалар ва улардаги мактабгача таълим ёшидаги болалар сонидан келиб чиққан ҳолда мавжуд эҳтиёжни ўргансин ҳамда ушбу маҳаллаларда давлат-хусусий шериклик асосидаги ва оилавий мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш бўйича манзилли режа ишлаб чиқиб, ижросини таъминласин.
15. Халқ таълими вазирлиги (Ш. Шерматов):
2021 йил 15 октябрга қадар умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинган ўқувчилар учун «Президент совғаси»нинг тўлиқ етказиб берилишини таъминласин;
2021 йил 1 декабрга қадар умумтаълим мактаблари учун дарсликлар тўпламларини, шунингдек 2021 йилги Инвестиция дастурига киритилган мактаблар учун мебель ва жиҳозларни тўлиқ етказиб бериш чораларини кўрсин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Китоб туманининг «Варганза» маҳалласида таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабга эҳтиёж мавжудлигини, шунингдек тоғли ҳудудда жойлашган 63-сонли умумтаълим мактаби фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолганлигини инобатга олган ҳолда, амалиёт полигони сифатида фойдаланиш учун Қарши давлат университетига ва Ўзбекистон Миллий университетига берилган, аммо бугунги кунда фойдаланилмаётган собиқ Китоб саноат қурилиш коллежи ва Китоб агробизнес коллежи биносида янги мактаб ташкил этиш масаласини атрофлича ўрганиб чиқиб, тегишли таклифлар ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Тошқулов) Маданият вазирлиги билан биргаликда Китоб туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактаби биносида жойлашган 10-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг ижара тўловисиз фаолият олиб боришини таъминлаш бўйича тегишли чораларни амалга оширсин.
17. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Хаджибаев):
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия вазирликлари билан биргаликда бир ой муддатда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали қувватини 220 ўриндан 300 ўринга кўпайтириш, Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали негизида 15 — 20 ўринли болалар кардио-жарроҳлик бўлимини ташкил этиш масалаларини батафсил ўрганиб чиқсин, зарурат мавжудлиги бўйича хулоса қилинганда тегишли таклифлар тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2021 йил 1 ноябргача Чироқчи туманида аҳоли сони кўплигини ва ҳудудий жиҳатдан катталигини инобатга олиб, тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш мақсадида «Лангар», «Умакай», «Ғаллакор», «Қаҳрамон» маҳаллаларида бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (Н. Йўлдошев) вилоятдаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши ҳолатларини ўрганиб, уларнинг фаолияти бўйича ўтказилган ноқонуний текширувларга ҳуқуқий баҳо берсин ҳамда натижаси юзасидан 2021 йилнинг 1 ноябрига қадар Олий Мажлис Сенатига ахборот киритсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (М. Нурмуратов) 2021 йил якунига қадар вилоятнинг бориш қийин бўлган чекка ҳудудларида «Uzcard» ва «Humo» тизимида ишловчи банк карталари хизматини амалга ошириш имконини берувчи банкомат ва инфокиоскларни ишга тушириш чораларини кўрсин.
20. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Садиков) Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда вилоятда мобиль алоқа компаниялари томонидан қўшма мобиль алоқа база станцияларини ўрнатиш, чекка туманлардаги аҳоли масканларини кенг полосали мобиль интернет билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга етказиш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқсин ва амалга оширилган ишлар юзасидан 2021 йилнинг 10 октябрига қадар Олий Мажлис Сенатига ахборот киритсин.
21. Ташқи ишлар вазирлиги (А. Камилов) мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда Қарши насос станциялари каскадининг Туркманистон давлати ҳудудида жойлашган объектларида ишлайдиган ҳамда унга техник хизмат кўрсатадиган ходимларининг Туркманистон давлати ҳудудига «Талимаржон» чегара пости орқали ўтиб қайтишини йўлга қўйиш масаласида Туркманистон томони билан музокаралар олиб борсин.
22. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (З. Мирзаев):
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва инвестиция дастурларини шакллантириш жараёнида лойиҳаларни чуқур таҳлил этсин, истиқболсиз лойиҳаларни киритишга чек қўйсин;
2021 йилги Инвестиция дастури доирасида ижтимоий соҳа объектларида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ортда қолиш ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўрсин;
туман (шаҳар) бюджетларининг қўшимча манбалари маблағларидан фойдаланишдан олдин амалга ошириладиган харажатлар тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари муҳокамасига қўйилиши бўйича талабга қатъий риоя этилишини таъминласин;
туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан кўп квартирали уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳамда ўта таъмирталаб 34 та кўп квартирали уйни таъмирлаш ишлари амалга оширилишини, Қарши туманининг «Қуйи-Бешкент» маҳалласидаги авария ҳолатидаги 10-кўп квартирали уйнинг тўлиқ ўрганиб чиқилиб, натижаси бўйича зарур чоралар кўрилишини таъминласин;
Китоб туманидаги 12, 16, 18-сонли мактабгача таълим ташкилотини таъмирлаш, «Обод қишлоқ» дастури асосида таъмирланган 21, 25-сонли мактабгача таълим ташкилотини жиҳозлаш, Миришкор туманидаги 6-сонли мактабгача таълим ташкилоти фаолияти учун зарур шароитлар яратиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин;
фаолияти тўхтатилган кичик бизнес субъектларини туман (шаҳар)лар ҳамда тармоқлар кесимида таҳлил қилган ҳолда, уларнинг ўз фаолиятларини қайта тиклашлари учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатсин;
туман (шаҳар)ларда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар муаммолари тизимли ҳал этилишини давом эттирган ҳолда, уларни доимий иш билан таъминлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш, уй-жойини таъмирлаш, соғломлаштириш масалаларига жиддий эътибор қаратилишини таъминласин.
23. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Қашқадарё вилоятида ташкил этилиши белгиланган кичик саноат зоналари фаолиятининг йўлга қўйилишини, уларнинг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланишини чуқур таҳлил этсин ҳамда натижаси юзасидан тегишли чораларни амалга оширсин;
Қашқадарё вилояти туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижтимоий соҳа муассасаларини ташкил этиш мақсадида қабул қилинган қарорларни чуқур таҳлил этган ҳолда, ижро муддати ўтган ёки келгуси йил этиб белгиланган тадбирларнинг 2022 йилги Инвестиция дастурида акс эттирилишига алоҳида эътибор қаратсин;
ушбу Қарор ижроси юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар томонидан киритилган таклифларни белгиланган муддатларда кўриб чиқиб, натижалари бўйича тегишли чораларни кўрсин;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларни тайёрлаш жараёнида молиявий манбалари аниқ бўлган тадбирларнинг ўрин олишини таъминласин;
мазкур Қарор билан вазирлик ва идораларга юклатилган вазифалар бажарилишини назорат қилиб борсин, ҳар бир банд ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақидаги дастлабки ахборотни 2022 йил 15 январгача, якуний ахборотни 2022 йил 15 апрелгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этсин.
24. Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашига:
маҳаллий бюджет қўшимча манбалари маблағларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларни ҳал этишга йўналтириш;
ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида тасдиқланган дастурлар, хусусан, инвестиция дастури, «йўл хариталари» ижроси устидан доимий равишда депутатлик назоратини амалга ошириш;
маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиб, танқидий муҳокама қилиб бориш ҳамда улар фаолиятига тегишли баҳо бериш;
ҳар бир депутатнинг ўз сайлов округида «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари» асосида аҳоли муаммоларининг ҳал этилиши устидан депутатлик назорати ўрнатишини, бу борада фаол ва масъулиятли бўлишини таъминлаш тавсия этилсин.
25. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига Қашқадарё вилоятидаги мавжуд муаммолар ва йўл қўйилган камчиликлардан келиб чиқиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижроси устидан таъсирчан депутатлик назоратини йўлга қўйиш, бу борада мунтазам маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб, муҳокама қилиб бориш тавсия этилсин.
26. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси (О. Иминов) Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари билан биргаликда ўқув дарсликлари нашр этилиши, таълим муассасаларининг зарур мебель ва жиҳозлар билан таъминланиши механизмларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, натижаларини Қўмита йиғилишида муҳокама қилсин.
27. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари ушбу Қарорда белгиланган вазифаларнинг тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ижроси таъминланишини назорат қилсин ҳамда натижалари бўйича ахборотларни белгиланган муддатларда Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияга киритиб борсин.
28. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси Қарор ижроси юзасидан тақдим этилган маълумотларни умумлаштириб борсин ҳамда натижалари бўйича 2022 йилнинг 1 майига қадар Олий Мажлис Сенати Кенгашига таҳлилий ахборот киритсин.
29. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
30. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 29 сентябрь,
СҚ-389-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 29 сентябрдаги СҚ-389-IV-сонли Қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш якунлари тўғрисида
АХБОРОТ
2021 йил 7 — 12 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганишлар вилоятда ҳудудларни комплекс равишда ривожлантириш, аҳоли муаммолари билан ишлаш орқали уларнинг турмуш даражасини яхшилаш борасида муайян ишлар олиб борилганлигини кўрсатди. Жумладан:
Сўнгги беш йил давомида Қашқадарё вилояти шаҳар ва туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 12 та қарори қабул қилиниб, тасдиқланган дастурлар доирасида қатор ишлар олиб борилган.
Хусусан, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш йўналишларида қарийб 8,1 трлн сўмлик 6,3 мингта инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 28 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилган.
Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича 122 та мактабгача таълим ташкилотида, 210 та умумтаълим мактабида, 81 та тиббиёт муассасаси, 3 та маданият муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 10 минг 274 хонадонли 251 та кўп квартирали уй ҳамда 4 минг 893 та янги намунавий уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Инфратузилмани яхшилаш мақсадида 2 минг 409 км йўлларда қуриш-таъмирлаш ишлари олиб борилган, 3 минг 48,5 км электр узатиш тармоғи ва 858 дона трансформатор пунктида амалга оширилган қурилиш-реконструкция ишлари натижасида 275 мингдан зиёд аҳоли ҳамда 900 га яқин тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлашга эришилган.
Вилоятдаги 667 км газ қувурлари янгидан монтаж қилиниши эвазига жами 10 мингга яқин аҳоли хонадонлари табиий газ таъминоти билан таъминланган, 315 минг аҳоли учун ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 968 км ичимлик суви қувурлари реконструкция қилинган.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида 3,7 минг км коллекторларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган, 58 та ирригация объектини қуриш ва реконструкция қилиш эвазига 61 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланган. Вилоятда ишлаб чиқарилган пахта толасини қайта ишлаш даражаси 11,9 фоиздан 52,2 фоизга ошган.
Вилоятда 2021 йил 1 июль ҳолатига кўра, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари сони 31 минг 937 тани ташкил этиб, сўнгги тўрт йилда қарийб 2 баробарга кўпайган, кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 70 фоизга етказилган.
Вилоятда 2017 — 2020 йиллар мобайнида ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръатлари ўртача 109,8 фоизни ташкил этган, вилоят иқтисодиётига барча манбалар ҳисобидан 73 трлн сўм миқдорида инвестиция жалб этилиб, шундан хорижий инвестициялар ҳажми 980 млн АҚШ долларини ташкил этган.
Вилоят ҳудудида жами 114 та минерал хом-ашё конлари аниқланган бўлиб, ушбу конларнинг 88 таси ўзлаштирилган, мавжуд минерал ва ишлаб чиқариш ресурсларидан келиб чиқиб Китоб ва Деҳқонобод туманлари қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш борасида 2021 йилда ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, 2021 йил I ярим йиллигида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 19,3 трлн сўмни, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107,7 фоизни ташкил этган. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5,8 млн сўмдан иборат бўлиб, йил якунида 10,7 млн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Вилоятда маҳаллий бюджет даромадларининг 2021 йил I йиллиги учун прогноз режаси 1 трлн 39,4 млрд сўм бўлиб, амалда 1 трлн 187,3 млрд сўмга ёки режага нисбатан 114,2 фоизга бажарилган.
Ҳудудий инвестиция дастурига мувофиқ жорий йилнинг ўтган даври мобайнида умумий қиймати 1,9 трлн сўмлик жами 709 та лойиҳа ишга туширилган ва 4,4 мингта янги иш ўрни яратилган. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар асосан Хитой, Туркия, Сингапур, Эрон, Россия, Канада, Нидерландия давлатларидан жалб этилган.
2021 йилда 4 та туманда (Қарши, Косон, Китоб, Шаҳрисабз) жами 47 минг 850 тонна толани қайта ишлаш қувватига эга 5 та ип калава ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиши натижасида толани қайта ишлаш даражасини 88 фоизга (120,5 минг тоннага) етказиш кутилмоқда.
Вилоятдаги 19 минг гектардан ортиқ боғ, 7,6 минг гектар токзор, 14 минг гектардан зиёд сабзавот майдонларида ҳар йили ўртача 165 минг тонна мева, 94 минг тонна узум, 510 минг тонна сабзавот етиштирилмоқда, 15 та мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси фаолият юритмоқда.
Пандемия шароитида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар доирасида 26 мингта тадбиркорлик субъектига 366 млрд сўмлик солиқ, 580 нафар тадбиркорга 2,5 трлн сўмдан зиёд божхона имтиёзлари ва тариф преференциялари берилган, 5 минг 786 нафар тадбиркорнинг 576 млрд сўмлик кредит тўлови муддати узайтирилган, 4 минг 129 минг нафар тадбиркорга 725 млрд сўмлик компенсация, 3,2 трлн сўмлик кафиллик берилган.
Шунингдек, вилоятда 28 та кичик саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, уларда 56 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилган, мазкур корхоналар томонидан жорий йилнинг январь — август ойларида 19,8 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган, ушбу маҳсулотларнинг қарийб 55 фоизи импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳисобланади.
Фаолият кўрсатмаётган корхоналар билан алоҳида ишлаш тизими йўлга қўйилиши натижасида 2017 йилда 270 та, 2018 йилда 301 та, 2019 йилда 307 та, 2020 йилда 1 минг 99 та корхона фаолияти қайта тикланган.
Вилоят бўйича жорий йилги экспорт прогнози режаси 165,6 млн АҚШ доллари бўлиб, шундан саноат маҳсулотлари экспорти 108,2 млн АҚШ долларини, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 57,4 млн АҚШ долларини ташкил этади. 2021 йилнинг январь — август ойларида 129,3 млн АҚШ доллари миқдорида саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган ҳамда белгиланган режа ижроси 125 фоизга бажарилган.
Вилоятда хизмат кўрсатиш соҳасига талаб ортиб бораётганлиги боис жорий йилнинг I ярим йиллигида хизмат кўрсатиш ҳажми 6,9 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 120,7 фоизга ошган. Ушбу соҳани янада ривожлантириш мақсадида вилоятдаги 11 та туман ва шаҳар ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллари атрофида комлекс шаклда 500 та хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилмоқда.
Вилоятда 2021 йилда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 69 та лойиҳани амалга ошириш орқали 587 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш белгиланган бўлиб, жорий йилнинг I ярим йиллигида 28 та лойиҳани амалга ошириш орқали 40,7 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
Вилоятда камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилганлар билан тизимли иш олиб борилмоқда
Масалан, биринчи босқичда «Аёллар дафтари»га киритилган 32 минг 260 нафар хотин-қизнинг муаммоси ҳал этилган, иккинчи босқичда 38 минг 894 нафар хотин-қиз мазкур дафтарга киритилган. 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 2-босқичда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлардан 42,2 фоизининг муаммолари ҳал этилган.
Жорий йилда вилоят аҳолиси тўлиқ тиббий хатловдан ўтказилиб, ҳудудларнинг тиббий харитаси ишлаб чиқилган. Хатлов натижаларига кўра, аҳоли саломатлиги кўрсаткичларига асосан аҳоли 4 та гуруҳга бўлинган.
Бугунги кунда вилоят бўйича 3 ва 4-гуруҳга кирувчи жами 770 минг 102 нафар аҳоли тўлиқ чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган ва кўрсатмага асосан туман, вилоят ва республика даражасидаги тиббиёт муассасаларида даволаш ишлари ташкил этилган.
Шу билан бирга, вилоятни ўрганиш давомида кўплаб ишлар амалга оширилиши билан бир қаторда, айрим муаммолар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар мавжудлиги ҳам кузатилди. Жумладан:
I. Ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган дастурларни шакллантириш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш
Ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантириш жараёнида айрим лойиҳалар ташаббускорларнинг имкониятлари ўрганилмасдан дастурга киритилганлиги боис ижро муддати келмасдан «истиқболсиз» деб топилган.
Масалан, Қарши туманини 2020 — 2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги 19 та лойиҳа 2020 йилнинг ўзида «истиқболсиз» деб топилиб, ташаббускорлар томонидан рад этилган.
2021 йилги Инвестиция дастури доирасида айрим қурилиш-таъмирлаш ишларининг белгиланган муддатдан ортда қолиш ҳолатлари мавжуд. Масалан, 10 сентябрга қадар якунланиши белгиланган Қарши туманидаги 26-сонли мактабгача таълим ташкилотида реконструкция ишлари 29 фоизга бажарилган, 10 октябрга қадар фойдаланишга топширилиши белгиланган Қарши туманининг «Ботош» даҳасида 4 қаватли янги мактаб қурилиши бўйича ҳанузгача объектнинг биринчи қаватини қуриш ишлари якунланмаган.
Шаҳрисабз туманидаги «Ғилон» маҳалласида фаолият юритмаётган мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш ишлари жорий йилнинг 10 сентябрига қадар якунланиши белгиланган бўлса-да, амалда қурилиш ишлари 70 фоизга бажарилган.
II. Экспорт прогнози режаси ижроси, маҳаллийлаштириш дастури, кичик саноат зоналари фаолияти
Жорий йилнинг I ярим йиллигида 28 та лойиҳа доирасида импорт ўрнини босувчи 40,7 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлишига қарамасдан 14 та лойиҳа тўлиқ қувватда ишламаган, натижада импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 60 фоизга ҳам етмаган.
Жорий йилнинг январь — август ойлари учун белгиланган экспорт прогнози режаси Миришкор туманида 83 фоизга, Чироқчи ва Деҳқонобод туманларида 78 фоиз бажарилган. Маҳаллийлаштириш дастурига Чироқчи ва Касби туманларидан бирорта ҳам лойиҳа киритилмаган.
Вилоятдаги кичик саноат зоналарининг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти, хусусан, фаолияти йўлга қўйилган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилмаган.
Деҳқонобод туманида етарли шарт-шароитлар мавжуд бўлса-да, бугунги кунга қадар кичик саноат зонасини ташкил этиш чоралари кўрилмаган, Чироқчи туманининг «Айритом» худудидаги кичик саноат зонаси 2018 йилда ташкил этилган, бироқ ушбу саноат зонасида бугунги кунда фаолият юритаётган корхона мавжуд эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги «Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5101-сон қарорига асосан вилоятдаги 10 та кичик саноат зонасини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш белгиланган бўлиб, ушбу мақсадда 28,3 млрд сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Бироқ Нишон, Яккабоғ, Ғузор, Миришкор, Муборак, Шаҳрисабз, Қарши туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилган ушбу саноат зоналарини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича қурилиш-монтаж ишлари амалда бошланмаган.
Шунингдек, вилоятда жорий йилнинг январь — август ойлари давомида 12 минг 237 та янги кичик бизнес субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, 1 минг 368 та кичик бизнес субъекти ўз фаолиятини тўхтатган.
III. Тадбиркорликни ривожлантириш, рақобат муҳитини кенгайтириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш
Вилоятда маҳаллий ҳокимликлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг хусусий мулклари бузилиши натижасида етказилган зарарларнинг компенсация қилинмаётганлиги, давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ноқонуний текшириш ҳолатлари мавжуд.
Вилоят бўйича 2020 йил ва 2021 йилнинг I чорагида тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган мурожаатларнинг 322 тасини рухсатнома ва лицензия олишдаги, 281 тасини инфратузилма тармоқларига уланишдаги муаммолар, 406 тасини солиқ, 3,4 мингдан ортиғини бузилган мол-мулк учун компенсация ундириш масалалари ташкил этган.
Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан сўнгги икки йилда 164 та рақобатга зид қонун ҳужжатлари ва ҳаракатлар амалга оширилган. Хусусан, маҳаллий ҳокимликлар томонидан Нишон туманида 31 та, Деҳқонобод туманида 29 та, Касби туманида 22 та, Ғузор туманида 17 та, Китоб туманида 13 та, Яккабоғ туманида 11 та рақобатга зид қарорлар қабул қилинган.
Вилоятда истеъмол бозорининг маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси паст, истеъмол қилинаётган озиқ ва ноозиқ-овқат маҳсулотларининг 60 — 65 фоизи импорт қилинади, товар бозорларида рақобат муҳити етарли ривожланмаган.
Давлат харидлари доирасидаги савдоларда рақобатни чекловчи омиллар сақланиб қолмоқда. Жумладан, 2021 йилнинг ўтган даври давомида ўтказилган 413 та танлов (тендер) савдоларида 486 та монополияга қарши талаблар бузилиши ҳолатлари аниқланган. Уларнинг 232 тасини савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш, 114 тасини савдоларнинг ташкилотчилари ёки буюртмачилари томонидан иштирокчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, 79 тасини иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари каби масалалар ташкил этган.
Вилоятда аҳоли бўш турган маблағларини банкларга омонат сифатида жойлаштиришга жалб этиш юзасидан амалий чоралар кўрилмаяпти, бу эса ушбу маблағларнинг хавф анча юқори бўлган, «яширин иқгисодиёт»га олиб борувчи тадбиркорлик субъектлари ёки турли молиявий пирамидаларга ўтказилишига олиб келмоқда.
Чекка ҳудудларда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича чоралар кўрилмаслиги давлат дастурлари орқали молиялаштирилаётган кредит маблағлари бозорининг тўйинишини, рақобатни ривожлантиришни, аҳоли молиявий тўйинганлигини чекламоқда.
Вилоятда йирик банк муассасалари ҳисобланган «Асакабанк» томонидан 8 та, «Алоқабанк» томонидан 11 та, «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан 15 та, Миллий банк томонидан 17 та, «Ҳамкорбанк» томонидан 17 та банкомат фаолиятини йўлга қўйилган, холос.
IV. Маҳаллий бюджетнинг шакллантирилиши ва маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши
Вилоятда солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги мавжуд боқимонда қарздорлиги (умидсиз ҳамда тўлов муддати узайтирилган солиқларсиз) 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 204,2 млрд сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 19,8 млрд сўмга ёки қарийб 8,9 фоизга камайган.
Аммо ушбу кўрсаткич йил бошига нисбатан Муборак туманида 2,4 баробар, Ғузор туманида 2,3 баробар, Шаҳрисабз шаҳрида 2,2 баробар, Қамаши туманида 1,8 баробар, Қарши шаҳрида 1,6 баробарга ошган.
Вилоятда фаолият кўрсатаётган юридик шахсларнинг бюджет тўловлари бўйича ортиқча тўланган суммалари жорий йилнинг I ярим йиллиги ҳолатига 4 млрд 164 млн сўмни ташкил этган.
Туман (шаҳар) бюджетларининг қўшимча манбаларидан фойдаланишдан олдин амалга ошириладиган харажатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари муҳокамасига қўйилиши бўйича талабга тўлиқ риоя этилмаган.
Хусусан, Ғузор туманида 3 млрд 651,7 млн сўм, Қарши шаҳрида 3 млрд 512,9 млн сўм, Миришкор туманида 1 млрд 576,2 млн сўм, Касби туманида 830,5 млн сўм, Чироқчи туманида 324 млн сўм қўшимча манбалар ҳисобидан маблағлар тегишли туман (шаҳар) ҳокимларининг фармойишларига асосан сарфлангандан кейингина маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари қабул қилинган.
Туман (шаҳар) бюджетларининг жорий йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳамда чораклар якуни билан даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларга йўналтирилиши лозим бўлган 10,6 млрд сўм маблағнинг 5,4 млрд сўми ушбу тадбирлар учун йўналтирилган.
2020 йил давомида чораклар якуни билан даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга Қарши шаҳри, Чироқчи, Нишон, Муборак, Ғузор туманларида маблағ йўналтирилмаган.
Деҳқонобод тумани бюджетидан 2020 йил I чорагида 260 млн сўмни жамоатчилик фикри асосида йўналтириш мақсадида берилган эълон юзасидан энг кўп овоз олган 2 та тадбирга маблағ ажратилмаган.
2020 йил III чораги якунларига кўра, қўшимча манбаларнинг камида 10 фоизини йўналтириш бўйича Китоб туманида 350,2 млн сўм маблағ ажратиш ўрнига 150 млн сўм, Касби туманида 340 млн сўм ўрнига 139 млн сўм маблағ ажратилган.
V. Аҳолини иш билан таъминлаш тадбирлари самарадорлиги, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш
Бугунги кунда вилоят бўйича ишсизлар сони 145,1 минг кишини, ишсизлик даражаси 10,9 фоизни ташкил этади. Бандлик дастурлари самарадорлиги паст, масалан, Чироқчи туманида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида иш сўраб мурожаат этган 11 минг 986 нафар ишсиз фуқаронинг 4,3 фоизи, Деҳқонобод туманида 4 минг 212 нафар ишсизнинг 7,1 фоизи, Касби туманидаги 12 минг 409 нафар фуқаронинг 9,2 фоизи ишга жойлаштирилган, холос.
Жорий йилнинг январь — август ойларида 8 минг нафардан ортиқ касбга ўқитилган ишсиз фуқароларнинг 35 фоизи ишга жойлаштирилмаган, масалан, Касби туманида касб-ҳунарга ўқитиш курсларини тамомлаган 432 нафар фуқаронинг 85 фоизи, Китоб туманида 328 нафар фуқаронинг 74 фоизи, Муборак туманида 484 нафар фуқаронинг 65 фоизи, Деҳқонобод туманида 634 нафар фуқаронинг 55 фоизи ишга жойлаштирилмаган.
Меҳнат ярмаркалари расмиятчилик учунгина ташкил этилаётганлиги сабабли кутилган натижани бермаяпти. Масалан, Қарши туманида ўтказилган меҳнат ярмаркаларида 89 та ташкилот томонидан жами 1 минг 635 та бўш иш ўрни таклиф этилган бўлса-да, амалда бор-йўғи 32 нафар (1,9 фоиз) ишсиз фуқаро бўш иш ўрнига жойлаштирилган. Ўтказилган ярмаркаларда таклиф этилган бўш иш ўринларига нисбатан ишга жойлаштирилганлар миқдори Қарши шаҳрида 2,6 фоизни, Яккабоғ ва Қамаши туманларида 3,4 фоизни, Ғузор туманида 4,7 фоизни ташкил этган.
Корхона ва ташкилотлар томонидан мавжуд бўш иш ўринларини яшириш ёки маълумот тақдим этмаслик ҳолатлари бўйича жами 326 та ҳолат аниқланиб, ушбу қонунбузилиш ҳолатлари бўйича мансабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 229-моддасига асосан жами 753,7 млн сўм миқдорида жарималар қўлланилган.
Ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари бўйича жами 17 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ўрганишлар давомида 16 та ҳолат ўз тасдиғини топган ва ташкилот раҳбарларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан жарима жазо чоралари қўлланилган (энг кўп ҳолатлар қурилиш таъмирлаш ишларида 7 та, ободонлаштириш соҳасида 6 та).
VI. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6186-сон Фармонига асосан жорий йилда жами 2 минг 800 та хонадонга эга бўлган 107 та кўп квартирали уйни қуриш белгиланган.
Янги тартиб асосида Қарши (25 та) ва Шаҳрисабз (12 та) шаҳарларида қурилиши режалаштирилган 37 та кўп квартирали уйдан 20 тасида бугунги кунга қадар танлов савдолари ўз ниҳоясига етказилмаган, шундан 9 та кўп квартирали уйни қуриш бўйича ер майдонлари сотувга қўйилмаган.
Шунингдек, Қарши туманини 2020-2020 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида ташаббускорлар маблағлари ҳисобидан 2021-2022 йиллар давомида «Қарши — Бешкент» автомобиль йўлининг туман марказидан ўтган қисмида инфратузилма объектларини ўз ичига олган 72 та замонавий кўп квартирали уй қуриш белгиланган бўлиб, бугунги кунда улардан 61 тасида қурилиш ишлари бошланмаган.
Вилоят бўйича жами 2 минг 27 та кўп квартирали уйдан 408 таси (20 фоизи) таъмирталаб аҳволда, кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудларида 126 та болалар ўйингоҳини қуриш, 4794 п/м ирригация тармоқларини таъмирлаш, 70 минг м2 уй олди йўлакларини (тротуар) бетон қоришмаси билан қоплаш, 972 та тунги ёритиш чироғини ўрнатиш лозим.
2021-2022 йилларда кўп квартирали уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш юзасидан уларнинг том қисмини мукаммал таъмирлаш бўйича Китоб, Чироқчи, Касби, Яккабоғ туманларида ишлар бошланмаган.
Кириш йўлакларини таъмирлаш бўйича ишлар режага нисбатан Қарши туманида 63 фоизга (49 тадан 31 та), Нишон туманида 67 фоизга (93 тадан 62 та), Яккабоғ туманида 68 фоизга (37 тадан 25 та) бажарилган.
Ўрганиш давомида жами 34 та (Нишон туманида 5 та, Қарши, Яккабоғ туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида 3 тадан, Ғузор, Деҳқонобод, Касби, Китоб, Косон, Қамаши, Миришкор, Муборак, Чироқчи, Шаҳрисабз туманларида 2 тадан) кўп квартирали уй ўта таъмирталаб аҳволда эканлиги маълум бўлди.
Куз-қиш мавсуми яқинлашганлигини инобатга олиб, 30 та уйнинг том қисмини мукаммал таъмирлаш, 94 та кириш йўлагини таъмирлаш, 71 та темир эшик ўрнатиш, 79 та электр тақсимловчи шчитни таъмирлаш, 4 та уйнинг ертўласини ва 33 та уйнинг фасад қисмини таъмирлаш зарур.
Қарши туманини 2020 — 2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида аҳоли турар жой бинолари ҳолатини яхшилашга қаратилган тадбирлар ижроси ҳам таъминланмасдан қолган.
Хусусан, «А.Навоий», «Бодомзор», «Ровот», «Дўстлик», «Қуйи Бешкент» маҳаллаларидаги 20 та кўп квартирали уйнинг 1 минг 557 м2 том қисмини мукаммал ва жорий таъмирлаш, мазкур маҳаллалардаги кўп квартирали уйларга 12 дона тандирхона қуриш бўйича ҳеч қандай амалий иш қилинмаган, 5 та кўп квартирали уйни таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича ишлар бошланмаган.
«Қуйи Бешкент» маҳалласидаги 36 хонадонли 10-кўп квартирали уй авария ҳолатида бўлиб, ҳар қандай даражадаги техноген ҳолатда қулаб тушиш хавфи мавжуд. «А. Навоий» маҳалласидаги 30-кўп квартирали уйнинг фақат марказий кўчага қараган орқа томони таъмирланган, уй олдидаги ноқонуний қурилишлар тартибга келтирилмаган, санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди.
VII. Йўл инфратузилмаси, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти, оқова сув хизмати
2021 йилги Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати қарийб 23 млрд сўм бўлган 5 та кўприкни реконструкция қилиш бўйича тендер савдолари ниҳоясига етказилмаган, 2 та кўприкни реконструкция қилиш бўйича дастлабки аванс тўловлари молиялаштирилмаганлиги сабабли қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳанузгача бошланмаган.
Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш дастури доирасида Косон, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Касби туманлари ва Қарши шаҳридаги кичик саноат зоналарида 9,1 км узунликдаги автомобиль йўлларини қуриш бўйича 7 та объектдан 3 тасида танлов савдолари ниҳоясига етказилмаган, қолган 4 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмаган.
Халқаро молия институтлари иштирокида «Қарши — Шаҳрисабз — Китоб» йўналиши бўйича автомобиль йўлини реконструкция қилиш, «Тахтақорача» довонида янги пуллик автомобиль тоннелини қуриш лойиҳалари амалга оширилмасдан қолмоқда.
Cўнгги йилларда баҳор мавсумида Косон туманининг Олачабоб ва Рахимсўфи қишлоқларидаги адирликлардан сел келиши аҳоли қатновига ва ҳаётига хавф туғдираётганлиги сабабли мазкур қишлоқлардан ўтган «Эски анҳор» канали устига янги кўприк қуриш мақсадга мувофиқ.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августдаги «2020 — 2022 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қарши туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 519-сон қарорига асосан туман аҳолисининг электр таъминотини яхшилашга қаратилган жами 40 та тадбирдан 28 таси 2020 йилдан буён бажарилмаган.
Чироқчи туманида ташкил этиладиган «Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси учун «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан газ тақсимлаш станциясини қуриш ва 0,5 км газ тармоғини қуриш, Яккабоғ туманидаги «Жамбул», Ғузор туманидаги «Чақар», Шаҳрисабз шаҳридаги «Хўжамурод Бахши», Шаҳрисабз туманидаги «Пиллакашлик», Қарши туманидаги «Ровот» кичик саноат зоналарига 8,8 км ташқи газ тармоқларини қуриш учун 1,2 млрд сўм бюджет ссудаси ажратилиши режалаштирилган.
«Hududgaztaʼminot» АЖ томонидан 2021 йил 24 августда талабнома киритилиб, ссуда маблағларини мақсадли ажратиш тўғрисида шартнома расмийлаштирилган ва Молия вазирлигига киритилган, аммо бугунги кунга қадар бюджет ссудаси ажратилмаганлиги боис амалий ишлар бошланмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28-29 январь кунлари вилоятга ташрифи ҳамда Чироқчи туманида ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича баённоманинг 7-бандига мувофиқ «Муборак газни қайта ишлаш заводи» МЧЖ томонидан Муборак тумани марказида оқова сув насос станцияларини реконструкция қилиш учун етарли маблағ ажратилмаганлиги (10 млрд сўм ажратилиши белгиланган, амалда 3,4 млрд сўм ажратилган) сабабли бошланган ишлар якунига етказилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13-14 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи якунлари бўйича баённоманинг 11-бандига мувофиқ Ғузор туманида ичимлик суви таъминотини босқичма-босқич яхшилаш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 28 млрд сўм ҳомийлик маблағи Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилиши белгиланган, аммо бугунги кунга қадар ушбу маблағнинг 2,8 млрд сўми ўтказиб берилган.
Вилоятнинг Косон, Касби, Муборак, Миришкор ва Қарши туманлари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Шаҳрисабз туманида жойлашган «Ҳисорак» сув омборидан диаметри Ø 1020 ÷ 1200 мм бўлган янги қувур тармоғини тортиб келиш, мавжуд артезан қудуқларини таъмирлаш, ер ости сувини ичимлик суви даражасида тозаловчи ускуна ва иншоотларни ўрнатиш масалаларини ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Вилоятнинг Шаҳрисабз тумани марказидан 80 км олисда ва денгиз сатҳидан 2 минг метр баландликда Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган Сарчашма қишлоғида аҳоли ва қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлашда 1975 йилда қўл кучи билан 4,2 км узунликда қазилган каналдан фойдаланилади.
Мазкур ҳудудда аҳоли сонининг ўсиши натижасида сув етишмаслиги фуқароларнинг яшаш тарзига ўз таъсирини кўрсатмоқда, шу боис 7,3 км узунликдаги дастлабки қиймати 2 млрд сўм бўлган канал қуриш лойиҳасини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августдаги 519-сон қарорига асосан Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан жорий йилда Бешкент шаҳридаги «Мевазор», «Мустақиллик», «Батош», «Яккаёғоч», «Мирмирон» маҳаллаларида оқова сув тармоғини қуриш лойиҳаси бўйича амалда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланмаган.
VIII. Агросаноат соҳаси бўйича чора-тадбирлар ижроси
Суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ва тупроқ унумдорлигини ошириб бориш борасидаги ишлар етарли эмаслиги боис Нишон ва Миришкор туманларида пахтадан ҳосилдорлик йилдан йилга пасайиб бормоқда.
Масалан, Миришкор туманида пахта хом-ашёсини етиштириш бўйича шартномавий режа 2018 йилда 54 фоизга (30,7 минг тонна), 2019 йилда 51 фоизга (27,1 минг тонна), 2020 йилда 76 фоизга (40,7 минг тонна) бажарилган. Ғалла бўйича шартномавий режа кейинги уч йилда бажариб келинаётган бўлса-да, ялпи ишлаб чиқариш 12 фоизга, ҳосилдорлик 3-4 центнерга пасайиб бормоқда, бундай ҳолат Нишон туманида ҳам мавжуд.
Ўрганиш натижаларига кўра, вилоят бўйича жами 50,4 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш белгиланган бўлиб, амалда режа 74 фоизга (37,5 минг гектар), хусусан, Миришкор туманида 39 фоизга, Нишон туманида 46 фоизга бажарилган.
Вилоят бўйича 14,1 минг гектар майдонида ёмғирлатиб суғоришни жорий этиш бўйича белгиланган режа амалда бор-йўғи 2 фоизга (293 гектар) ижро этилган. Ўрганилган Миришкор, Нишон, Китоб, Шаҳрисабз туманларида ёмғирлатиб суғоришни жорий этиш ишлари бошланмаган.
Сув сарфини аниқлайдиган гидропостлар жорий этиш бўйича Нишон ва Миришкор туманларида 30 — 35 фоиз майдонларга гидропостлар умуман ўрнатилмаган, Китоб ва Шаҳрисабз туманларида ушбу кўрсаткич 70-75 фоизни ташкил этади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича 2018 — 2020 йилларда картошка етиштириш Шаҳрисабз туманида 1000 гектарга, Китоб туманида 930 гектарга камайган бўлиб, ўрганиш давомида 2021 йил ҳосили учун такрорий экин сифатида деярли картошка экинлари экилмаганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 майдаги «Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4704-сон қарори ижроси юзасидан бирор-бир амалий иш қилинмаган ёки кейинги икки йилда картошка уруғчилиги ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Ҳар йили ишлаб чиқиладиган мева-сабзавот ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулотларининг бор-йўғи 5 — 7 фоизи экспорт қилинган, 10 — 12 фоизи қайта ишловчи корхоналарга сотилган.
Вилоят ҳокимлиги томонидан 2021 йилда 45 минг гектар оборотдан чиққан ерларни ўзлаштириш белгиланган бўлиб, туман ҳокимлари ўз вақтида қарор қабул қилмаганлиги боис ижроси тўлиқ таъминланмаган. Масалан, Китоб туманида ўзлаштирилиши белгиланган 225 гектар майдондан 35 гектар ўзлаштирилган бўлса, Миришкор туманида 597 гектар, Шаҳрисабз туманида эса 4 минг 501 гектар майдондан бир гектар ҳам ўзлаштирилмаган.
IX. Ижтимоий соҳа (мактабгача таълим, халқ таълими, соғлиқни сақлаш масалалари)
Вилоятдаги 792 та маҳалладан 95 тасида бирорта ҳам мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) мавжуд эмас. Масалан, Чироқчи туманидаги «Тошли» маҳалласида боғча ёшидаги болалар сони 500 нафардан ортиқни ташкил этса-да, ушбу маҳалла ҳудудида МТТ фаолияти йўлга қўйилмаган.
Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи Чироқчи туманида 21,6 фоизни, Қамаши туманида 32,7 фоизни, Деҳқонобод туманида 38 фоизни, Китоб туманида 44 фоизни ташкил этади.
Китоб туманидаги 3 та МТТ (12, 16, 18-сонли) капитал таъмирга муҳтож, биноларда ёриқлар пайдо бўлган, иситиш тизими ишламайди. Туманнинг «Обод» маҳалласидаги 180 ўринли, «Оқсув» маҳалласидаги 210 ўринли бўш турган МТТ бинолари таъмирланмаганлиги боис фаолият юритмаяпти. «Обод қишлоқ» дастури асосида таъмирланган 21, 25-сонли МТТ жиҳозланмай қолган.
Миришкор туманидаги 6-сонли МТТ 2019 йилги Инвестиция дастурига киритилган бўлиб, шу кунга қадар амалий ишлар бошланмаган, муассаса ошхонасида совутгич етишмаётганлиги сабабли гўшт ва сут маҳсулотлари санитария қоидаларига зид равишда битта музлатгичда сақланмоқда.
2021 йилги Инвестиция дастури доирасида таъмирланиб, фойдаланиш учун топширилган 7 та МТТни мебель ва жиҳозлар билан таъминлаш ишлари якунига етказилмаган.
Вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 163 таси капитал таъмирга, 167 таси реконструкцияга муҳтож, 809 таси ташкиллаштирилган ичимлик суви тизимига уланмаган. Масалан, Ғузор туманидаги 78 та мактабдан 19 таси капитал таъмирга, 18 таси реконструкцияга муҳтож, 74 таси марказлашган ичимлик суви тизимига уланмаган.
Яккабоғ туманида 102 та мактабдан 62 таси, Қамаши туманида 95 та мактабдан 83 таси марказлашган ичимлик суви тизимига уланмаган. Китоб туманида 95 та мактабдан 24 тасининг иситиш тизими ишламайди, бунинг оқибатида йилнинг қиш ойларида қўлбола усулда ясалган иситиш мосламаларидан фойдаланилади.
Китоб туманининг «Варганза» маҳалласидаги 52, 53, 54-сонли умумтаълим мактабида таълим тожик тилида олиб борилиб, ҳудудда таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларга эҳтиёж мавжуд. Боиси ҳудуддаги 600 нафар ўқувчи туман марказидаги (35 км масофада) таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларга қатнаб ўқимоқда (ваҳоланки, ҳудуддаги собиқ саноат қурилиш коллежи Қарши давлат университетига амалиёт полигони сифатида фойдаланиш учун берилган бўлиб, амалда эса бугунги кунда умуман фойдаланилмайди).
Мазкур туманнинг тоғли ҳудудида жойлашган 260 ўринли 63-сонли мактаб 1964 йилда умумий овқатланиш шохобчаси сифатида қурилган бўлиб, фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолган, мазкур мактабда бугунги кунда 455 нафар ўқувчи таълим олмоқда, ҳудуддаги собиқ Китоб агробизнес коллежи биноси амалиёт полигони сифатида фойдаланиш учун Ўзбекистон Миллий университетига берилган бўлиб, амалда фойдаланилмай келинмоқда.
Жорий йилнинг 13 сентябрь ҳолатига кўра, вилоятда 2021-2022 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинган 62 минг 640 нафар ўқувчидан 26 минг 415 нафарига (42 фоиз) «Президент совғаси» ҳанузгача етказилмаган.
Вилоятдаги умумтаълим мактаблари учун 2021 йилда нашр қилиниши режалаштирилган дарсликларнинг 46 фоизи етказиб берилган холос, ушбу дарсликлар тўпламларининг 24 фоизи тўлиқ бўлмаганлиги боис республика «Transport va logistika xizmati» ДУКнинг вилоят филиали омборхонасида сақланмоқда.
2021 йилги Инвестиция дастури доирасида вилоятдаги 93 та умумтаълим мактабини жиҳозлаш белгиланган бўлиб, шундан 36 тасига мебель ва жиҳозлар қисман етказиб берилган, қолган 57 тасига эса етказиб бериш кечикмоқда.
Ўрганишлар давомида вилоятнинг Чироқчи туманида аҳолини юқори технологияли текшириш учун МСКТ аппарати бўлмаганлиги сабабли фуқаролар ушбу хизматдан фойдаланиш учун вилоят марказига ёки Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига боришга мажбур бўлаётганлиги маълум бўлди.
Мазкур туманда 18 ёшгача бўлганлар сони 180 минг нафарни ташкил этиб, йил бошида аҳоли саломатлигини хатловдан ўтказиш жараёнида 23,3 минг нафар болаларда сурункали касалликлар аниқланган, улардан 7 минг 308 нафари шифохона шароитида даволанишга муҳтож, диспансер назоратдаги 22 минг 890 нафар боладан 760 нафари болаликдан ногирон, шу боис туманда болалар шифохонаси қуриш мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, туманда аҳоли сони кўплигини ҳамда ҳудуднинг катталигини ҳисобга олган ҳолда тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш мақсадида «Лангар», «Умакай», «Ғаллакор», «Қаҳрамон» маҳаллаларида бирламчи бўғин тиббиёт муассасасига эҳтиёж мавжуд.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали ташкил этилгандан буён вилоят аҳолиси сони 1 млн нафарга кўпайган (2 млн 361 мингдан 3 млн 367 мингга), филиалга мурожаатлар сони кескин кўпайиши натижасида филиал қуввати юкламаси ҳам ортиб бормоқда, шу боис филиал қувватини 300 ўринга кўпайтириш зарурати мавжуд.
Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида 2019-2020 йилларда 1 минг 999 нафар, жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 798 нафар беморга юқори технологик амалиётлар ўтказилган бўлиб, шундан 214 нафар беморда очиқ усулда кардио-жарроҳлик амалиётлари бажарилган.
Вилоят бўйича юрак туғма нуқсони билан 1 минг 217 нафар бола диспансер ҳисобида туради, бир йилда диспансер ҳисобида турган болаларнинг 94 нафари жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун ордер асосида Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларига юборилади.
Филиалнинг мавжуд имкониятлари ва яратилган шарт-шароитлардан фойдаланган ҳолда, унинг негизида 15 ўринли болалар кардио-жарроҳлик бўлимини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, бу эса бир йилда 460 нафарга яқин болаларда кардио-жарроҳлик амалиётини ўтказиш имкониятини беради.
X. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш
Вилоятда 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 3 минг 108 та жиноят содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 70 фоизга (1 минг 280 тага) ортган, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар сони 1 минг 872 тани ташкил этиб, 64,2 фоизга (732 тага) кўпайган.
Жиноят содир этиш бўйича энг кўп ўсиш ҳолатлари Касби (2,8 баробарга), Қамаши (2,3 баробарга), Деҳқонобод (2,2 баробарга), Қарши (2 баробар) туманларида кузатилган.
Вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик кўрсаткичлари бўйича 336 та маҳалла «яшил» ҳудуд этиб белгиланган бўлса, 298 та маҳалла «қизил», 158 таси эса «сариқ» тоифага киритилган.
Вилоятда оғир ва ўта оғир жиноятлар ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 80 фоизга (425 тадан 762 тага) кўпайган, ушбу турдаги жиноятларнинг 28,5 фоизи Қарши шаҳрида содир этилган. Мазкур турдаги жиноятлар Касби туманида 4 баробарга (8 тадан 34 тага), Қамаши туманида 3 баробарга (11 тадан 34 тага), Шаҳрисабз туманида 2,6 баробарга (14 тадан 36 тага), Миришкор туманида 2,4 баробарга (9 тадан 22 тага), Шаҳрисабз шаҳрида 2 баробарга (24 тадан 50 тага) кўпайган.
Содир этилган жиноятлардан 1 минг 828 тасининг (шундан 963 таси маҳаллада содир этилган) ёки 58,8 фоизининг олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ташкил этган, жиноятларнинг 5,6 фоизи (173 та) муқаддам судланган, 26,3 фоизи (817 та) ишламайдиган шахслар томонидан содир этилган.
Вилоятда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 32 фоизга (158 тадан 209 тага), вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятлар сони эса 82 фоизга (23 тадан 42 тага) кўпайган.
Вилоятда жорий йилнинг январь — август ойларида коррупция ва бюджет маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ 374 та жиноят содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 212 тага (2,3 баробарга) ортган, мазкур жиноятлар оқибатида 44 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Хусусан, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари банк тизимида 18 млрд сўмни, қурилиш соҳасида 5,4 млрд сўмни, халқ таълими тизимида 5,2 млрд сўмни, қишлоқ хўжалигида 1 млрд 285 млн сўмни, соғлиқни сақлаш тизимида 870 млн сўмни, мактабгача таълим тизимида 580,5 млн. сўмни ташкил қилган.
Коррупция ҳолатлари асосан халқ таълими (56 нафар), қурилиш (45 нафар), банк (22 нафар), мактабгача таълим (17 нафар), тиббиёт (9 нафар), ички ишлар (8 нафар) тизимидаги шахслар томонидан содир этилган.
Вилоятда 2020 йилда 1 минг 215 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизга ҳимоя ордери берилган бўлса, ушбу кўрсаткич жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2 минг 951 нафарни ташкил этган.
Мазкур кўрсаткич Қарши туманида 18,4 баробарга (17/313), Ғузор туманида 18,1 баробарга (7/127), Деҳқонобод туманида 14 баробарга (19/267), Чироқчи туманида 13 баробарга (16/197), Муборак туманида 11,5 баробарга (15/172), Яккабоғ туманида 10,5 баробарга (20/210) кўпайган.
XI. «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш
2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, «Аёллар дафтари»га 2-босқичда киритилган 38 минг 894 нафар хотин-қизнинг муаммоларини бартараф этишда айрим йўналиш бўйича олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмас. Хусусан, хотин-қизларга кредит ажратиш 21,7 фоизга, уларнинг бандлигини таъминлаш 16,2 фоизга, касб-ҳунарга ўқитиш 4,2 фоизга бажарилган.
Масалан, Шаҳрисабз шаҳри ва Шаҳрисабз туманларида кредит олиш истагидаги бўлган хотин-қизларга кредит ажратиш ишлари бугунги кунга қадар бошланмаган, Яккабоғ туманида бор-йўғи 1 нафар аёлга кредит ажратилган. Кредит ажратиш кўрсаткичи «Микрокредитбанк» томонидан 4,2 фоизга, «Агробанк» томонидан эса 2,9 фоизга бажарилган, холос.
Уй-жойи таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган аёлнинг муаммоларини ҳал этиш 14,4 фоизга бажарилган, бу борадаги ишлар Ғузор, Қамаши, Миришкор, Муборак, Чироқчи, Яккабоғ туманларида бошланмаган.
Нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй-жой билан таъминлаш ишлари Шаҳрисабз шаҳри, Қамаши, Қарши, Китоб, Касби, Миришкор, Чироқчи, Шаҳрисабз туманларида шу кунга қадар бошланмаган.
Тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд аёллар муаммоларини ҳал этиш, уларни соғломлаштириш ишлари ҳам талаб даражасида олиб борилмаяпти. Хусусан, тиббий ҳимояга муҳтож 7 минг 773 нафар хотин-қизнинг 30 фоизига зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Бу борадаги ишлар Косон, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Нишон туманларида 20 фоизга ҳам етмайди.
Ўрганиш давомида айрим туманларда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди. Жумладан, Миришкор туманида 1-босқичда 1 минг 188 нафар хотин-қиздан 1 минг 175 нафари дафтардан чиқарилган бўлса-да, аксарият ҳолатларда уларнинг муаммолари тизимли ҳал этилмаган. Масалан, нотурар жойда истиқомат қилаётган 92 нафар хотин-қиздан 61 нафарининг муаммоси ҳал этилмасдан «ер участкасига ариза олинди» тарзида рўйхатдан чиқарилган.
Чироқчи туманида 1-босқичда дафтарга киритилган хотин-қизлар туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан тақдим этилган рўйхат асосида ўрганмасдан рўйхатдан чиқариб юборилган, ваҳоланки, ишсиз 511 нафар хотин-қиздан 72 нафарининг бандлиги таъминланмаганлиги сабабли ушбу дафтарга такроран киритилган. Китоб туманида 1-босқичда дафтарга киритилган ишсиз 497 нафар хотин-қиздан 338 нафари бир марталик мавсумий ишларга жалб этилгани ҳолда рўйхатдан чиқарилган.