Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Халқ депутатлари Яккабоғ тумани Кенгашининг 2021 йил 23 мартдаги «Яккабоғ туманидаги «Абдуқодир ҳамкор», «Нодирбек Асилбек чорва», «Шаҳбоз Сардор Шохжахон» фермер хўжаликлари ҳамда «Қоплан дара», «Қоплан дара шаҳзодаси» масъулияти чекланган жамият шаклидаги агрофирмаларга тегишли ер майдонлари мақсадсиз фойдаланиб келаётганлиги сабабли туман захира фондига қайтариш тўғрисида»ги VI-32/39-сонли қарорини ўрганиш натижалари ҳақида
Халқ депутатлари Яккабоғ тумани Кенгашининг 2021 йил 23 мартдаги «Яккабоғ туманидаги «Абдуқодир ҳамкор», «Нодирбек Асилбек чорва», «Шахбоз Сардор Шохжахон» фермер хўжаликлари ҳамда «Қоплан дара», «Қоплан дара шахзодаси» масъулияти чекланган жамият шаклидаги агрофирмаларга тегишли ер майдонлари мақсадсиз фойдаланиб келаётганлиги сабабли туман захира фондига қайтариш тўғрисида»ги VI-32/39-сонли қарорининг қонунийлиги Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Яккабоғ тумани ҳокимининг 2020 йил 18 майдаги НQ-856/05-сонли қарорига мувофиқ «Қоплон дара шахзодаси» МЧЖ шаклидаги агрофирмага қуёнчиликни ривожлантириш учун туман захира фондидан узоқ муддатли ижара шартномаси асосида 17,0 гектар ер майдони ажратилган.
Мазкур қарорга асосан туман ҳокимлиги ҳамда «Қоплон дара шахзодаси» МЧЖ шаклидаги агрофирма ўртасида 49 йил муддатга ер ижара шартномаси тузилган.
Халқ депутатлари Яккабоғ тумани Кенгашининг 2021 йил 23 мартдаги VI-32/39-сонли қарорига асосан «Қоплон дара шахзодаси» МЧЖ шаклидаги агрофирма ҳамда яна қатор фермер хўжаликларига ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорлари бекор қилиниб, ер майдонлари туман захира фондига қайтарилган.
Мазкур Қарор амалдаги қонунчилик ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган.
Хусусан, Фуқаролик кодексининг 357-моддасида шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга кириши ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолиши, 382-моддасида шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкинлиги белгиланган.
Ер кодексининг 24-моддаси ҳамда «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига кўра ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.
Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини ушбу модда биринчи қисмининг 6 — 11-бандларида кўрсатилган ҳолларда тугатиш белгиланган тартибда суд томонидан амалга оширилади.
Яъни, томонлар ўртасида низо мавжуд бўлган ҳар қандай ҳолларда ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш фақат суд томонидан амалга оширилади.
Юқоридаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда халқ депутатлари Яккабоғ тумани Кенгашининг 2021 йил 23 мартдаги VI-32/39-сонли қарорига асосан «Қоплон дара шахзодаси» МЧЖ шаклидаги агрофирма ҳамда яна қатор фермер хўжаликларига ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорлари бекор қилиниб, ер майдонлари туман захира фондига қайтарилган.
«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига асосан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади.
Бундан ташқари, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасида маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шартлиги белгиланган бўлса-да, қарор қабул қилишда фермер хўжалиги раҳбарининг иштироки таъминланмаган ва унга ҳолат бўйича ўз фикрини билдириш имконияти берилмаган.
Мазкур қонуннинг 19-моддасига мувофиқ маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 302-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Халқ депутатлари Яккабоғ тумани Кенгашининг 2021 йил 23 мартдаги «Яккабоғ туманидаги «Абдуқодир ҳамкор», «Нодирбек Асилбек чорва», «Шаҳбоз Сардор Шоҳжаҳон» фермер хўжаликлари ҳамда «Қоплан дара», «Қоплан дара шахзодаси» масъулияти чекланган жамият шаклидаги агрофирмаларга тегишли ер майдонлари мақсадсиз фойдаланиб келаётганлиги сабабли туман захира фондига қайтариш тўғрисида»ги VI-32/39-сонли қарори қонунчиликка зид деб топилсин ва бекор қилинсин.
2. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (Б. Тажиев) зиммасига юклансин.
3. Мазкур Қарор манфаатдор томонларга юборилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 31 июль,
СҚ-358-IV-сон