Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Халқ депутатлари Узун тумани Кенгашининг 2020 йил 9 ноябрдаги «Тумандаги пахта-ғалла экини учун ажратилган ер майдонларидан самарали-оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш тўғрисида»ги 119/19-06-сонли қарорини ўрганиш натижалари ҳақида
Халқ депутатлари Узун туман Кенгашининг 2020 йил 9 ноябрдаги «Тумандаги пахта-ғалла экини учун ажратилган ер майдонларидан самарали-оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш тўғрисида»ги 119/19-06-сонли қарорининг қонунийлиги Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Узун тумани ҳокимининг 2020 йил 26 мартдаги Қ-279-сонли қарори билан фуқаро И. Муртазаевга пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжалиги ташкил этиш учун 52,7 гектар ер майдони ажратилган.
Қарорга асосан 2020 йил 11 апрелда туман ҳокимлиги ва «Замин Султон Барака» фермер хўжалиги раҳбари И. Муртазаев ўртасида ердан фойдаланиш бўйича 31 йилга мўлжалланган ижара шартномаси тузилган.
Халқ депутатлари Узун тумани Кенгашининг 2020 йил 9 ноябрдаги «Тумандаги пахта-ғалла экини учун ажратилган ер майдонларидан самарали-оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш тўғрисида»ги 119/19-06-сонли қарори билан «Замин Султон Барака» ҳамда яна 35 та фермер хўжалиги билан тузилган ер ижараси шартномалари муддатидан олдин бекор қилиниб, ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган.
Мазкур Қарор амалдаги бир қатор қонунчилик ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган.
Жумладан, Фуқаролик кодексининг 382-моддасига мувофиқ шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Ер кодексининг 24-моддаси ҳамда «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига кўра ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.
Юқоридаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда халқ депутатлари Узун тумани Кенгашининг 2020 йил 9 ноябрдаги 119/19-06-сонли қарори билан туман ҳокимлиги ҳамда «Замин Султон Барака», шунингдек, яна 35 та фермер хўжалиги билан тузилган ер ижараси шартномалари бекор қилинган.
«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасида маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шартлиги белгиланган бўлса-да, қарор қабул қилишда фермер хўжалиги раҳбарининг иштироки таъминланмаган ва унга ҳолат бўйича ўз фикрини билдириш имконияти берилмаган.
Мазкур Қонуннинг 19-моддасига асосан маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.
Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 8 июлдаги сессиясида Узун тумани Кенгашининг 2020 йил 9 ноябрдаги 119/19-06-сонли қарори қонунчиликка зид тарзда қабул қилинган деб топилиб, «Замин Султон Барака» фермер хўжалигига тегишли қисми бекор қилинган, қолган 35 та фермер хўжалигига оид қисми ўз кучида қолган.
Мазкур қарор «Замин Султон Барака» фермер хўжалигидан бошқа яна 35 та фермер хўжалигининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид равишда қабул қилинганлигини инобатга олиб, уни тўлиқ бекор қилиш лозим бўлади.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 302-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Халқ депутатлари Узун тумани Кенгашининг 2020 йил 9 ноябрдаги «Тумандаги пахта-ғалла экини учун ажратилган ер майдонларидан самарали-оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш тўғрисида»ги 119/19-06-сонли қарори қонунчиликка зид деб топилсин ва бекор қилинсин.
2. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (Б. Тажиев) зиммасига юклансин.
3. Мазкур Қарор манфаатдор томонларга юборилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 31 июль,
СҚ-357-IV-сон