Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2016 йил 3 октябрдаги 743-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида, шунингдек, бошқа манбаларда эълон қилинсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. НИЗАМХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 14 апрель,
1068-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги 1068-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига (бундан буён матнда Сайлов кодекси деб юритилади) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг (бундан буён матнда номзод деб юритилади) сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибини белгилайди.
I боб. Умумий қоидалар
1. Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият.
2. Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз беришга бир кун қолганида тугайди.
3. Номзодлар сайловолди ташвиқотини олиб бориш борасида тенг ҳуқуқларга эга.
Номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши учун унинг номидан ишончли вакиллар сайловолди ташвиқотини олиб боришлари мумкин.
4. Қуйидагиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг;
сайлов комиссиялари аъзоларининг;
диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг.
5. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти даврида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.
6. Номзодларга ўзининг келгусидаги фаолияти дастури билан сўзга чиқиш ҳуқуқи берилади. Номзодларнинг дастурлари давлат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг саломатлиги ҳамда маънавиятига таҳдид солмаслиги, урушни, миллий нафратни, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чекловчи ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.
Номзодларнинг дастурларини уларнинг розилигисиз таҳрир қилиш мумкин эмас.
7. Сайловолди ташвиқоти:
номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
номзод тўғрисида ахборот тарқатиб, уни ёқлаб овоз беришга чақириш шаклида олиб борилади.
8. Сайловолди ташвиқоти омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида (бундан буён матнда ОАВ деб юритилади) чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.
9. Сайловолди ташвиқоти:
ОАВ, шу жумладан телевидение, радио, газета ва журналлар, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (шу жумладан бутунжаҳон интернет ахборот тармоғи) орқали;
босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чоп этиш ҳамда тарқатиш орқали;
сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
Сайловолди ташвиқоти даврида уни олиб боришнинг Сайлов кодекси ва ушбу Низомда тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.
10. Номзодлар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг турлари, шакллари ва усулларини мазмун-моҳиятини мустақил белгилайдилар.
11. Сайловолди ташвиқоти материаллари қуйидагилар ҳисобланади:
номзод учун овоз беришга чорловчи босма, кўргазмали, аудиовизуал материаллар;
номзодга оид плакатлар, баннерлар, варақалар;
ОАВда қўйиладиган номзод учун овоз беришга чорловчи видео ва аудио роликлар.
12. Номзодларнинг автобиографик маълумотлари ва уларнинг сайловолди дастурлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади) ахборот материаллари (плакатлари) сайловолди ташвиқоти материаллари ҳисобланмайди.
13. Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.
14. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди.
Биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга илгари (сайлов кунидан икки кун олдин) жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материалларини сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида олиб қўйилиши мажбурий ҳисобланмайди.
15. Сайлов комиссиялари аъзолари партия рамзлари туширилган кийим кийиши, тақинчоқ тақиши ва бошқа белгилардан фойдаланиши тақиқланади.
16. Номзодларга сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилади. Номзодларни бошқа манбалардан пул маблағларини ўтказиш (киритиш), товарлар етказиб бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шаклида молиявий таъминлаш ва бошқача тарзда молиявий қўллаб-қувватлаш тақиқланади.
17. Сиёсий партиядан кўрсатилган номзод сайлов кампаниясида иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган бюджет маблағларининг ҳажми Марказий сайлов комиссияси томонидан тенг улушларда белгиланади ва сиёсий партия тасарруфига етказилади.
18. Сайловолди ташвиқоти бошлангунга қадар сиёсий партиялар томонидан номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисида тушунтириш ва тарғибот ишларини номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этмаган (чақирмаган) ҳолда ўз маблағлари ҳисобидан, шу жумладан ҳомийлик маблағларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
II боб. Оммавий ахборот воситалари орқали сайловолди ташвиқотини олиб бориш
19. Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда номзодларга бир хил ҳажмдаги эфир вақти ва чоп этиш майдони бепул тақдим этилиши орқали уларга давлат ОАВдан фойдаланишда тенг имконият берилади.
20. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш мақсадида ОАВдан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партияларнинг фикрини инобатга олган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
21. Марказий сайлов комиссияси қарорида қуйидагилар белгилаб берилади:
эфир вақти ёки чоп этиш майдони бепул тақдим этиладиган давлат ОАВ рўйхати;
сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун номзодларга давлат (республика ва маҳаллий) теле- ва радиоканалларида бепул тақдим этиладиган эфир вақти ҳажми, шунингдек, улар эфирига узатиладиган вақт;
сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун номзодларга давлат (республика ва маҳаллий) нашрларида бепул тақдим этиладиган чоп этиш майдони ҳажми, шунингдек, улар босилиб чиқадиган кунлар;
сайловолди ташвиқоти даврида номзодларнинг ОАВда чиқиш навбати.
Давлат ОАВда бепул тақдим этиладиган эфир вақти ва чоп этиш майдони ҳажми ҳамда вақти тегишли ОАВ билан олдиндан келишиб олинади.
22. Давлат теле- ва радиоканалларида ажратиладиган бепул эфир вақти, қоида тариқасида, энг кўп аудитория қамраб олинадиган вақтга (прайм-таймга) тўғри келиши керак.
23. Бепул эфир вақтидан номзодлар оммавий дебатлар, мунозаралар, матбуот анжуманлари, интервью, чиқишлар, сайловчилар йиғилишлари, номзод тўғрисида роликлар жойлаштириш ва ҳоказолар учун фойдаланиши мумкин.
Сайловолди ташвиқоти доирасида теле- ва радиоканалларда жойлаштиришга мўлжалланган материаллар тегишли теле- ва радиоканаллар билан ҳамкорликда номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар томонидан тайёрланади.
24. Тақдим этилган эфир вақтидан сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда, агар номзодлар бундай тадбирларда қатнашишга рози бўлса, улар ўртасида оммавий дебатлар ва мунозаралар ўтказиш учун фойдаланилиши мумкин.
25. Босма ОАВда чоп этиш учун материаллар номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар томонидан тақдим этилади. Сайловолди ташвиқоти материаллари уларни тақдим этган шахсларнинг розилигисиз таҳрир қилиниши мумкин эмас.
26. Номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, номзодларни кўрсатган сиёсий партиялар уларга тақдим этилган эфир вақтидан ва чоп этиш майдонидан эркин ва ўз ихтиёрига кўра фойдаланади.
Сиёсий партиялар билан ўзаро келишилган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларининг турлари, шакллари ва мазмун-моҳияти бирхиллаштирилиши мумкин.
27. Муайян номзодга тақдим этилган бепул эфир вақтидан ёки чоп этиш майдонидан бошқа номзод фойдаланиши мумкин эмас.
Номзод бепул тақдим этилган эфир вақтидан ва чоп этиш майдонидан воз кечишга ҳақли.
28. Бепул тақдим этилган эфир вақти ва чоп этиш майдони доирасида сайловолди ташвиқоти материаллари узатилаётган ҳамда чоп этилаётган вақтда ОАВ улар сайловолди ташвиқоти материаллари эканлигини қайд этади.
29. Сайловолди ташвиқоти даврида номзодларнинг ОАВда чиқишлари уларни кўрсатган сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига қараб амалга оширилади.
30. ОАВ сайловолди ташвиқоти даврида номзоднинг ишлаб чиқариш ва хизмат мажбуриятларини бажараётганини ёритишлари мумкин ва бу сайловолди ташвиқоти тусидаги тадбир ҳисобланмайди.
31. Ахборот дастурлари ва бошқа ахборот материалларида номзодларнинг сайловолди фаолиятини ёритиб беришда ОАВ:
тенг шароитлар яратиб бериши, шу жумладан дастурнинг давомийлиги ва ҳажми бўйича тенг шароитлар яратиб бериши;
материалларни эфирга узатиш ҳамда чоп этишда улар кўпроқ биргаликда берилишига эришиши керак.
32. Номзодларга давлат ва нодавлат ОАВда эфир вақти ёки чоп этиш майдони пулли асосда ҳам ажратилиши мумкин.
Эфир вақти, чоп этиш майдони учун ОАВ томонидан белгиланадиган тўлов шартлари ва бошқа талаблар (тираж, эфирга бериладиган вақт, жой, шрифт ва ҳоказолар) барча номзодлар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.
Пулли эфир вақтини ёки чоп этиш майдонини ажратиш билан боғлиқ муносабатлар ОАВ ва сиёсий партиялар ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.
33. ОАВда тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга тўғри келиши номзодлар ва сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Нотўғри ахборотни, номзоднинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш, шунингдек, номзоднинг розилигисиз унинг шахсий ёки оилавий сиридан иборат хусусий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни ноқонуний тўплаш ёки тарқатиш тақиқланади.
34. Номзодлар ОАВда чоп этилган нотўғри ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказган маълумотлар юзасидан раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли.
Чоп этиш натижасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган номзодлар ушбу ОАВда раддия ёки жавоб мақола чоп этишга ҳақли.
Босма ОАВда раддия ОАВнинг навбатдаги сонида, жавоб пайдо бўлишига сабаб бўлган материал жойлаштирилган саҳифада эълон қилиниши керак.
Электрон ОАВда раддия навбатдаги дастурда ёки кўрсатувда эфирга узатилиши керак.
Номзодлар ОАВ раддияни, жавоб мақолани чоп этишдан бўйин товласа ёки чоп этишнинг белгиланган муддатини бузса, судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.
35. ОАВда, шу жумладан ҳамма фойдалана оладиган телекоммуникация тармоқларида номзодларни ёритиш жараёнининг мониторингини олиб бориш Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ томонидан амалга оширилади.
Мониторинг натижалари ҳар куни, ёритиш эртасидан кечикмай Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиб борилади.
Сайлов якуни бўйича мониторингнинг якуний сарҳисоби Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида чоп этилади.
36. Ушбу Низомнинг II бобидаги талаблар сиёсий партиялар томонидан таъсис этилган босма ва электрон ОАВга татбиқ этилмайди, 33-банд бундан мустасно.
III боб. Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали сайловолди ташвиқотини олиб бориш
37. Босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммалар, босма маҳсулотнинг электрон кўринишлари ва бошқа сайловолди ташвиқоти материалларини тўсиқларсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун номзодларга тенг шароитлар яратиб берилади. Сайловолди ташвиқоти материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.
38. Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа сайловолди ташвиқоти материаллари қуйидагиларга эга бўлиши керак:
сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаган юридик шахс номи, жойлашган ери (почта манзили) ва у ҳақида бошқа маълумотлар (жисмоний шахс фамилияси, исми ва отасининг исми);
сайловолди ташвиқоти материалларига буюртма берган юридик шахс номи (жисмоний шахс фамилияси, исми ва отасининг исми);
сайловолди ташвиқоти материаллари нусхасининг сони, чиқарилган санаси ҳақидаги ахборот.
39. Сайловолди ташвиқоти материаллари хоналарга, биноларга, иншоотларга ва бошқа объектларга осиб қўйилиши мумкин.
Ҳайкалларга, ёдгорликларга, шунингдек, сайлов комиссияси жойлашган биноларга, овоз бериш хоналарига босма сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш тақиқланади.
IV боб. Сайловолди ташвиқотини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали олиб бориш
40. Номзодларга ва уларнинг ишончли вакилларига сайловолди ташвиқотини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали олиб бориш учун тенг шароитлар берилади.
41. Сайловчилар билан учрашувлар номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан мустақил равишда ўтказилади.
Номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари бошқа номзодлар ёки уларнинг ишончли вакиллари билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзодлар томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.
42. Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка сайлов комиссиясига маълум қилинади.
Номзоднинг сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши тўғрисидаги ахборот маҳаллий ОАВда эълон қилинади.
43. Номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан учрашувларни ташкил этиш ва ўтказишда ёрдам кўрсатиш илтимоси билан давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, жамоат бирлашмаларига, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилишга ҳақли.
44. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул тақдим этиши;
зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда номзодларга кўмаклашиши;
сайловчиларни номзодлар билан учрашувлар ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилиш масаласида номзодларга кўмаклашиши керак.
45. Номзод сайловчилар билан учрашув вақтида, сайловолди йиғилишларида, телевидение ва радиода нутқ сўзлаш вақтида ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолган ҳолда ишлаб чиқариш ёки хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.
46. Номзод сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча турдаги давлат йўловчи транспортида бепул юриш ҳуқуқига эга (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма қилинадиган рейслари мустасно).
Олдинги таҳрирга қаранг.
47. Номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари очиқ ва ошкора тарзда ўтказилади.
Сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.
(47-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 2 июлдаги 1075-сонли қарори таҳририда)
V боб. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибига риоя қилиниши устидан назорат қилиш
48. Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси бутун ҳудудида сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади.
Округ сайлов комиссиялари сайлов округи ҳудудда сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади.
49. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини бузганлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жиноий ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.