Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан парламент сўрови юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 12-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар юзасидан парламент сўрови иловага мувофиқ юборилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси парламент сўровини кўриб чиқиш якунлари бўйича 2021 йилнинг 15 сентябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ёзма жавоб тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси (О. Иминов) парламент сўровига келиб тушган жавобни таҳлил қилиб, 2021 йил 1 октябргача Олий Мажлис Сенатининг Кенгашига ахборот киритсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 25 июнь,
СҚ-328-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 25 июндаги СҚ-328-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
(қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар юзасидан)
Мамлакатимизда аҳоли орасида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилган.
Хусусан, ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. Унда Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш ҳамда онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4592-сонли қарори қабул қилинган.
Бундан ташқари, Ҳукумат томонидан бир қатор дастур, чора-тадбирлар ҳамда «йўл хариталари» тасдиқланган.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги қон қуйиш хизмати Республика қон қуйиш маркази, Тошкент шаҳар «Қон препаратлари» илмий ишлаб-чиқариш корхонаси, 2 та республика тасарруфидаги қон қуйиш станцияси, Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станцияси ва 12 та вилоятлар қон қуйиш станцияси муассасалари ҳамда 196 та қон қуйиш бўлимидан (қон банкидан) иборат.
2020 йилда республика бўйича қон хизмати муассасаларининг донор қони тайёрлаш фаолияти доирасида 199 735 марта қон (плазма) топшириш рўйхатга олиниб, 95 560,52 литр соф қон тайёрланган.
Гематологик касалликларнинг кенг қамровли ва шаффоф онлайн реестри жорий қилинган.
Қилинган амалий саъй-ҳаракатлар натижасида охирги 10 йилда республикада донорлар ва донациялар сони ортиб, биргина 2020 йилда донорлик акцияларида 9 088 фуқаро беғараз қон топширган.
Олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда соҳада қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 февралдаги ПҚ-4592-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган қатор вазифалар бажарилмай қолмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра мамлакатни қон ва унинг компонентларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш учун аҳолининг 1 фоизи ёки ҳар 1000 нафар аҳолининг ўртача 10 нафари донор бўлиб қон топшириши керак. Ушбу кўрсаткич ривожланган мамлакатларда ҳар 1000 нафар аҳолига 39 нафарни, ўрта ривожланган мамлакатларда 12,6 нафарни ташкил қилаётган бир пайтда, Ўзбекистонда 2020 йилда ҳар 1000 нафар аҳолига 5,8 нафарни (2016 йилда 1000 нафарга 4 нафар, 0,40 фоиз бўлган) ташкил этиб, бу аҳоли сонига нисбатан бор-йўғи 0,58 фоизни ташкил этади, холос.
Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган пандемия шароитида мамлакатимизда қон ишлаб чиқиш, қон захирасини шакллантириш амалиёти талаб даражасида йўлга қўйилмагани, шу билан бирга, соғлиқни сақлаш тизими мазкур йўналишда жараёнларга тайёр эмаслигини кўрсатди.
Энг паст кўрсаткичлар Тошкент вилоятида ҳар 1000 аҳолига 1,9 нафарни (республика кўрсаткичига нисбатан 32 фоизни), Наманган вилоятида 2,9 нафарни (республика кўрсаткичига нисбатан 50 фоизни), Қашқадарё вилоятида 3,4 нафарни (республика кўрсаткичига нисбатан 58 фоизни), Жиззах вилоятида 3,5 нафарни (республика кўрсаткичига нисбатан 60 фоизни), Андижон вилоятида 3,7 нафарни (республика кўрсаткичига нисбатан 63 фоизни) ташкил этади.
Қон қуйиш муассасалари мутахассислар билан тўлиқ таъминланмаган. Республика бўйича шифокорлар штат бирликлари бандлиги 89,8 фоиз бўлиб, ушбу кўрсаткич Тошкент вилоятида 28,6 фоизни, Наманган вилоятида 77 фоизни, Жиззах вилоятида 80 фоизни ва Фарғона вилоятида 83,3 фоизни ташкил этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 февралдаги ПҚ-4592-сонли қарорида 2020 йил 1 сентябрга қадар республика қон қуйиш маркази учун янги бино қуриш ва мавжуд биноларни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш белгиланган бўлса-да, ҳанузгача якунига етказилмаган.
Республика қон қуйиш муассасалари Кўчма донорлик комплекслари билан таъминланмаган ва бу ўз ўрнида донор қонини уюшган жамоаларга бориб олиш имкониятини чекламоқда. Мобиль бригадалар фаолият кўрсатиши учун махсус автомобиллар (автобус) етишмайди, мавжуд автомобиллар маънан эскирган.
Ҳудудлардаги қон қуйиш муассасалари (Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятларидан ташқари) замонавий ПЦР-қон таҳлилини ўтказиш ускунаси билан таъминланмаган. Мазкур қон таҳлили ускунаси орқали ОИВ, гепатит В, С инфекциясини аниқлаш кўрсаткичи ошиши натижасида қон қуйиш орқали ушбу касалликлар юқишининг олди олиниши инобатга олинса, қатор вилоятларда ушбу соҳада камчиликлар мавжуд.
Республика ҳудудларида мобиль бригадалар томонидан тайёрланаётган қоннинг 50 фоиздан ортиғи беморнинг қариндошлари ва улар ёллаган инсонлардан олинмоқда. Бу эса тайёрланаётган қоннинг асосий қисми беморларга қуйиш учун тайёрланаётгани, захира қилиш имкони йўқлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда тайёрланаётган қоннинг фақатгина 30 — 35 фоизи мобиль гуруҳлар ёрдамида олиниб, донор — кўпроқ қон марказига боришга мажбур.
Маълумот учун: хорижий мамлакатларда тайёрланаётган қоннинг 60 — 85 фоизи, айрим давлатларда эса тайёрланаётган қоннинг 90 фоизи мобиль гуруҳлар ёрдамида амалга оширилади.
Республика миқёсида 2020 йилда қонни мобиль гуруҳлар ёрдамида олиш жами қоннинг 35,6 фоизини ташкил этган бўлса, Андижон (17,8%), Фарғона (16,1%), Сирдарё (6,2%) ва Хоразм (0,2%) вилоятларида мобиль гуруҳлар ёрдамида қон олиш кўрсаткичлари паст даражада.
Қон қуйиш станцияларида донор қонини тўплаш ва қайта ишлаш учун гемоконтейнерлар етишмаслиги сабабли қон захирасини кўпайтириш имкони йўқ.
Мутахассисларнинг фикрича, гемоконтейнерларнинг танқислиги бўлмаса қон тайёрлаш ҳажмини 10 — 20 фоизга ошириш мумкин, яъни, гемоконтейнерларнинг хариди чўзилиши, таъминотдаги узилишлар, тақчиллик қон муассасаларидаги захира қон маҳсулотларини «иқтисод қилиб, эҳтиётлаб» ишлатишига, жуда зарур бўлганда ёлланма донорлардан қон олиб тайёрланишига мажбур бўлинмоқда.
Республикадаги қон қуйиш муассасаларида донорлар ва қон компонентлари захираси ҳақидаги маълумотларни жамловчи «Қон хизматининг автоматлаштирилган ахборот тизими» электрон дастури ишламаяпти. Натижада ҳудудлардаги қон захираси ва уларнинг эҳтиёжи, донорлар ҳақидаги маълумотларнинг тўғри киритилиши ҳақида ахборотларни тезкор олиш имкони йўқ.
Қон қуйиш муассасаларидаги 2009-2010 йилларда қўшма лойиҳалар асосида жиҳозланган тиббий буюмлар маънан эскирганлиги сабабли қон захирасини яратишда қийинчиликларга дуч келинмоқда.
Қон қуйиш марказларида қон компонентларини тайёрловчи асбоб-ускуналарни мунтазам равишда кўрикдан ўтказиб, уларни таъмирлаш бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилмаган. Аксарият ҳолларда бундай мутахассислар узоқ қидирувлар орқали хориждан чақирилмоқда. Натижада жуда қиммат турадиган махсус аппарат ва ускуналар оддий эҳтиёт қисмларини алмаштириш ёки кичик техник кўрикдан ўтказиш зарурати туфайли йиллар давомида ишлатилмаяпти.
Қон қуйиш станцияларининг штат жадвали 1997 йилда тасдиқланган штат меъёрларига асосан уларда тайёрланган қон миқдорига қараб белгиланади (I, II, III, IV тоифа). Айрим қон қуйиш станцияларида IV тоифада кўрсатилган қон ҳажмидан ортиқ миқдорда қон тайёрланаётган бўлса-да, III ёки II тоифага ўтказилмаган. Ушбу муассасаларга қўшимча штат бирликлари ажратилмаган.
Хусусан, Хоразм вилояти қон қуйиш станциясида 2017 — 2019 йилларда III тоифага, 2020 йилда II тоифага мос равишда қон хизмати кўрсатилган бўлса-да, мазкур станция IV тоифада фаолият юритмоқда. Натижада қон хизмати ходимлари уч йилдан буён ортиқча юклама билан ишлашига тўғри келмоқда.
Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш чоғида донор бепул овқат билан таъминланиш ҳуқуқига эга бўлиб, 2019 йил 1 августда тасдиқланган донорларни овқатлантиришга сарфланадиган маблағ миқдори ўртача 10 000 сўм қилиб белгиланган. Хар бир донорни овқатлантириш учун ажратилаётган маблағ эса бор-йўғи ўртача 5 300 сўмни ташкил этмоқда.
Беғараз ва фахрий донорликни тарғиб қилиш мақсадида донорларга ижтимоий имтиёзлар бериш йўлга қўйилмаган.
Маълумот учун: хорижий давлатларда беғараз ва фахрий донорларга қатор ижтимоий имтиёзлар мавжуд, жумладан, Беларусь Республикасида донорлар учун навбатсиз тиббий хизмат кўрсатиш, нафақасига қўшимча устама бериш, уй-жой коммунал хизматлари учун тўловда имтиёзлар бериш, Озарбайжон ва Қирғизистон Республикаларида жамоат транспортидан бепул фойдаланиш, Россия Федерацияси ва Қирғизистон Республикасида бир йилда бир марталик нафақа бериш каби имтиёзлар белгиланган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги муассасаларида, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари муассасалари ҳамда ўқув юртларида, Ўзбекистон ёшлар агентлигида беғараз донорликни тарғиб қилиш бўйича фаоллар (волонтёрлар) ҳаракати суст ташкил қилинган.
Маълумот учун: бутун дунёда донорлик тарғиботининг асосий қисми волонтёрларга тўғри келади. Бироқ мамлакатимизда, хусусан, вилоятларда донорликни тарғиб қилишда, донорлик акцияларини ўтказишда кўнгилли гуруҳлар — волонтёр ҳаракатларини ўтказишга етарли эътибор қаратилмаяпти.
ОАВда қон донорлигининг аҳамияти бўйича кўрсатувлар ташкил этиш, донорлик акцияларини кенг тарғиб этишга эътибор қаратилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 12-моддаси ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати:
1. Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш;
2. Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш мақсадида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш бўйича концепция ишлаб чиқиш;
3. Қон қуйиш муассасалари учун «Гематология ва трансфузиология» мутахассислиги бўйича магистратура ва клиник ординатурада (резидентура) давлат грантлари асосида кадрлар тайёрлаш;
4. Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигидан хавфсиз ва самарали фойдаланиш мақсадида замонавий илғор технологияларни жорий этиш, бунда донор қонини гемотрансмиссив инфекцияларга (ОИВ, гепатит В, С) қарши замонавий усулларда (ПЦР аппарати орқали) текширишни йўлга қўйиш;
5. Қон хизмати муассасаларини замонавий жиҳозлар (гемоцитоферез, плазмаферез, иммуногематологик анализатор, ИФА-анализатор в.б.) билан қайта жиҳозлаш учун қўшимча маблағ ажратиш;
6. Қон қуйиш муассасаларида гемоконлар (бир марталик тизимлар ва контейнерлар ёки қон йиғиш пакетлари), қон сақлаш ва транспортировка анжомлари билан таъминлаш, уларнинг миқдори, сифат кўрсаткичларини назорат қилиш;
7. Қон қуйиш муассасалари моддий-техник ҳолатини яхшилаш, соҳага ахборот технологияларини жорий этиш, донорлар ва қон захираси ҳақидаги маълумотлар алмашинуви учун рақамлаштиришни йўлга қўйиш;
8. Республика ҳудудларида мобиль бригадалар томонидан қон захирасини оширишга устувор аҳамият қаратиш, қон қуйиш муассасаларини кўчма донорлик комплекслари билан таъминлаш;
9. Қон қуйиш марказларида қон компонентларини тайёрловчи асбоб-ускуналарни мунтазам равишда кўрикдан ўтказиб, уларни таъмирловчи мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш;
10. Кўнгилли ва беғараз донорликни тарғиб қилиш бўйича фаоллар (волонтёрлар) ҳаракатини ривожлантириш;
11. Аҳоли орасида донорликни ривожлантириш, донорлик акцияларини ташкил этишни кучайтириш;
12. Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш мақсадида донорлар ва қон хизмати ходимлари учун ижтимоий имтиёзлар белгилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда кўзда тутилаётган режалар тўғрисида ёзма равишда асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарингизни баён қилиш талаби қўйилган парламент сўрови билан мурожаат этади ҳамда жавобингиз Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, якунлари бўйича қарор қабул қилиниши маълум қилинади.