Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 21 октябрдаги «Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ногиронлигини аниқлаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисида»ги СҚ-160-IV-сонли Қарори ижроси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ногиронлигини аниқлаш масалалари юзасидан юборилган парламент сўровига берилган жавобни ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Хусусан, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 мартдаги «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида»ги ПФ-6195-сонли Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил эгиш тўғрисида»ги ПҚ-5038-сонли қарори қабул қилинган.
Шунингдек, тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати сифатини ошириш, маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни тизимли равишда ташкил этиш, тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимига «аутсорсинг» асосида хусусий секторни жалб қилиш, тизим ходимларининг малака ва касб маҳоратини ошириш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи Давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланган.
Ушбу «Йўл харитаси»да:
ногиронликни белгилашда шахсни «тиббий-меҳнат» экспертизадан ўтказиш тизимидан воз кечиб, «тиббий-ижтимоий» экспертизадан ўтказиш тизимига ўтиш;
ўн саккиз ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш бўйича педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларини ташкил қилиш;
ногиронликни белгилашни ягона тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари тизими томонидан амалга ошириш;
шахс соғлиғи бўйича тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бориш имконига эга бўлмаган ҳолатда ногиронлик белгилашни шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ташкил этиш;
ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, улар ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронликни муддатсиз даврга белгилашни жорий этиш назарда тутилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ногиронлигини аниқлаш масалалари юзасидан юборилган парламент сўровида кўтарилган масалаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 мартдаги ПФ-6195-сонли Фармони ва ПҚ-5038-сонли қарорида акс этганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати сифатини ошириш, уларда маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни тизимли равишда ташкил этиш, тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимига «аутсорсинг» асосида хусусий секторни жалб қилиш, тизим ходимларининг малака ва касб маҳоратини ошириш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи Давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни яхшилаш бўйича «Йўл харитаси» ижроси юзасидан 2023 йил 1 январга қадар ҳар чоракда Сенатга маълумот тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси (О. Иминов) Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ногиронлигини аниқлаш масалаларини Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан ҳар чоракда тақдим этилган маълумотлар асосида таҳлил қилиб, заруратга қараб Қўмита мажлисида муҳокама қилиш чораларини кўрсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда жойларда тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари жойлашган биноларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказсин ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг боришлари учун қулай бўлган биноларга жойлаштириш чораларини кўрсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соглиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О. Иминов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сеиатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 29 май,
СҚ-315-IV-сон