Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги директорининг
буйруғи
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 5 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2807-1]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги ПФ-5834-сон «Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги бош директорининг 2016 йил 20 июндаги 45-сон буйруғи (рўйхат рақами 2807, 2016 йил 7 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 27-сон, 334-модда) Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор У. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 21 май,
186-сон
Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги директорининг 2021 йил 21 майдаги 186-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ахборот-кутубхона ва архив муассасаларига тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартиришлар
1. 7-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қорақалпоғистон Республикаси марказий давлат архиви, Тошкент шаҳар марказий давлат архиви ва вилоят давлат архивлари томонидан тегишли ҳудуд бўйича умумлаштирилган (жамланган) электрон базалар 25 февралга қадар Ўзбекистон Миллий архивига тақдим этилади».
2. 8-банддаги «Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви» деган сўзлар «Ўзбекистон Миллий архиви» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Электрон базалар тегишлича ҳудуд бўйича жамланган ҳолда 20 февралдан кечиктирмай Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳар марказий давлат архивлари, вилоятлар давлат архивларининг, республика бўйича умумлаштирилган ҳолда эса, 5 мартдан кечиктирмай Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ҳамда Ўзбекистон Миллий архивининг расмий веб-сайтларида алоҳида саҳифада жойлаштирилиши лозим».
4. 10-банддаги «Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви» деган сўзлар «Ўзбекистон Миллий архиви» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
5. 12-банддан «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.06.2021 й., 10/21/2807-1/0530-сон)