Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Қозоғистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлган меҳнаткаш-мигрантлар ва Ўзбекистон Республикасидаги Қозоғистон Республикасининг фуқаролари бўлган меҳнаткаш-мигрантларнинг меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
меҳнат миграцияси жараёнини ҳуқуқий тартибга солиш ва икки давлат ўртасида ишчи кучларининг ҳаракатланиши учун қулай шароитлар яратиб бериш заруриятидан келиб чиқиб,
меҳнаткаш-мигрантларнинг ижтимоий, иқтисодий ва бошқа ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашни истаб,
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига амал қилиб,
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида 1994 йил 15 апрелда имзоланган Меҳнат миграцияси ва меҳнаткаш-мигрантларнинг ижтимоий ҳимояси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битимда белгиланган принципларга асосланиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси фуқаролари бўлган меҳнаткаш-мигрантларнинг меҳнат фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини тартибга солади.
2-модда
1. Мазкур Битим барча меҳнаткаш-мигрантларга, жинси, ирқи, тили, дини ёки эътиқоди, сиёсий ва бошқа қарашлари, миллий, этник ёки ижтимоий келиб чиқиши, ёши, иқтисодий, мулкий, оилавий аҳволи ёки ходимнинг ишчанлик қобилияти билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай бошқа белгиларидан қатъи назар, татбиқ этилади.
2. Мазкур Битимдаги ҳеч бир ҳолат меҳнаткаш-мигрантларни қабул қилувчи давлат қонунчилиги ва мазкур Битим қоидаларига риоя қилиш, қабул қилувчи давлат халқларининг маданияти ва анъаналарини ҳурмат қилиш мажбуриятидан озод қилмайди.
3-модда
Мазкур Битимда қуйидаги атамалар қўлланилади:
«меҳнаткаш-мигрант» — бир Томон давлатининг фуқароси бўлган, 18 ёшга етган, қонуний асосда бошқа Томон давлати ҳудудида бўлиб турган ва қонуний асосда унда ҳақ тўланадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган шахс;
«меҳнат фаолияти» — меҳнаткаш-мигрантнинг тузилган меҳнат шартномаси асосида қабул қилувчи давлат қонунчилиги билан белгиланадиган тартиб ва шартларда амалга ошириладиган иши;
«иш берувчи» — қабул қилувчи давлат қонунчилигида назарда тутилган тартибда тузилган меҳнат шартномалари асосида меҳнаткаш-мигрантлар меҳнатидан фойдаланаётган юридик ёки жисмоний шахс;
«қабул қилувчи давлат» — меҳнаткаш-мигрант меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида ҳудудига келган Томон давлати.
4-модда
1. Меҳнаткаш-мигрантлар қабул қилувчи давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини унинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ қуйидагиларга асосан амалга оширадилар:
а) қабул қилувчи давлатнинг иш берувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларига;
б) ишга жойлаштириш учун қабул қилувчи давлат қонунчилигида назарда тутилган рухсат берувчи ҳужжатларга.
2. Томонлар қабул қилувчи давлатнинг иш берувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича жавобгар эмаслар.
5-модда
1. Мазкур Битимни амалга ошириш учун Томонларнинг қуйидаги органлари (кейинги ўринларда — ваколатли органлар) масъулдирлар:
Қозоғистон Республикасидан — Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги;
Ўзбекистон Республикасидан — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги.
2. Ваколатли органлар билан боғлиқ бўлган ўзгаришлар юз берган тақдирда, Томонлар дипломатик каналлар орқали бундай ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.
3. Ваколатли органлар Томонлар давлатларининг қонунчилигида меҳнаткаш-мигрантларни жалб қилиш ва ишлатиш соҳасида рўй берган ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларини олдиндан хабардор қиладилар.
6-модда
Мазкур Битим қуйидаги шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди:
а) халқаро ташкилотларнинг штаб-квартиралари ва ваколатхоналарига, шунингдек, бир Томон давлатининг бошқа Томон давлати ҳудудидаги расмий ваколатхоналарига ишлаш учун юборилган ёки ёлланган Томонлар давлатлари фуқароларига;
б) бир Томон давлати тарафидан ёки унинг номидан унинг ҳудудидан ташқарида қабул қилувчи давлат билан тузилган алоҳида халқаро шартнома билан мақоми тартибга солинадиган ривожланиш дастурлари ёки бошқа ҳамкорлик дастурларида ишлаш учун юборилган ёки ёлланган ва мазкур Битимга мувофиқ меҳнаткаш-мигрантлар ҳисобланмайдиган Томонлар давлати фуқароларига;
в) қочоқлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, башарти қабул қилувчи давлатнинг қонунчилигида ёки Томонлар давлатлари иштирокчиси ҳисобланган халқаро шартномаларда бундай қўлланиш назарда тутилмаган бўлса;
г) таълим олаётганларга.
7-модда
Меҳнаткаш-мигрантларнинг қабул қилувчи давлат ҳудудига кириши, шунингдек, қабул қилувчи давлат ҳудудидан чиқиши ва у ерда бўлиб туриши қабул қилувчи давлатнинг қонунчилиги ва Томонлар давлатлари иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
8-модда
Томонлар миграцион оқимларни тартибга солиш ва ўз давлатлари ҳудудида ноқонуний меҳнат фаолиятининг олдини олиш бўйича ўз давлатлари қонунчилигида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширадилар.
9-модда
1. Меҳнаткаш-мигрантлар қабул қилувчи давлат қонунчилигига ва меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ дам олиш ҳуқуқига эга.
2. Меҳнаткаш-мигрантлар қабул қилувчи давлат қонунчилиги билан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ, башарти Томонларнинг давлатлари иштирокчиси ҳисобланган халқаро шартномаларда бошқа қоидалар назарда тутилмаган бўлса, атрофдагиларга хавф солувчи ўткир касалликлар бўйича кафолатланган ҳажмда бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.
Кафолатланган ҳажмдаги бепул тиббий ёрдам рўйхатига кирмаган тиббий хизматлар пуллик асосда ёки ихтиёрий тиббий суғурта доирасида кўрсатилади.
3. Меҳнаткаш-мигрантлар қабул қилувчи давлат ваколатли органларидан қабул қилувчи давлат ҳудудида бўлиш ва унда меҳнат фаолиятини амалга ошириш шартлари ва тартиби, шунингдек қабул қилувчи давлат қонунчилигидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқли ахборот олиш ҳуқуқига эга.
10-модда
1. Меҳнаткаш-мигрантларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва бошқа меҳнат шартлари қабул қилувчи давлат қонунчилигига мувофиқ, меҳнаткаш-мигрантларнинг қабул қилувчи давлат иш берувчиси билан тузилган меҳнат шартномасига асосан тартибга солинади.
2. Меҳнаткаш-мигрантларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қабул қилувчи давлатнинг худди шу лавозимга, мутахассисликка ва ихтисосликка эга бўлган ва худди шундай ишларни бажарувчи фуқаролари учун белгиланган иш ҳақидан паст бўлмаслиги ва меҳнат шароитлари уларникидан кам бўлмаслиги керак.
11-модда
Меҳнаткаш-мигрантнинг қабул қилувчи давлат ҳудудидан бутунлай чиқиб кетиши пайтида иш берувчи унга қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган тартибда меҳнат фаолияти тавсифи ва давомийлиги, шунингдек, қабул қилувчи давлат ҳудудида бўлганида малакаси тўғрисидаги маълумотлар акс этган ҳужжатни топширади.
12-модда
1. Меҳнаткаш-мигрантлар қабул қилувчи давлатнинг қонунчилигига ва Томонлар давлатлари иштирокчиси ҳисобланган халқаро шартномаларга мувофиқ, иш ҳақларини ўзларининг фуқаролиги бўлган давлатлари ҳудудига жўнатишлари мумкин.
2. Меҳнаткаш-мигрантлар даромадига солиқ солиш қабул қилувчи давлат қонунчилигига ва Томонлар давлатлари иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
3. Меҳнаткаш-мигрантларнинг пенсия ва ижтимоий таъминоти қабул қилувчи давлат қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
13-модда
1. Меҳнат шартномаси тугатилган тақдирда, меҳнаткаш-мигрант қабул қилувчи Томон давлати ҳудудидан мазкур давлат қонунчилигида белгиланган бўлиб туришнинг муддати тугамасдан аввал чиқиб кетиши шарт.
2. Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнаткаш-мигрант билан тузилган меҳнат шартномаси қабул қилувчи давлат қонунчилигида назарда тутилган асослар бўйича муддатидан илгари бекор қилинган бўлса, иш берувчи меҳнаткаш-мигрантга меҳнат шартномасида ва қабул қилувчи давлат қонунчилигида назарда тутилган компенсацияларни тўлайди.
14-модда
1. Меҳнаткаш-мигрант ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда вафот этган ёхуд жароҳат олган тақдирда, иш берувчи қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган тўлов ва компенсацияларни тўлайди.
2. Агар меҳнаткаш-мигрант иш берувчининг айби билан вафот этган тақдирда, иш берувчи марҳумнинг жасадини (мурдасини) жўнатишни ташкил қилади ва жўнатиш билан боғлиқ харажатларни ҳамда унинг мол-мулкини ташиш ва етказиб бериш, шунингдек ишлаб топган маблағларини жўнатиш билан боғлиқ харажатларни тўлайди.
3. Меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган жароҳат, касб касаллиги ёхуд бошқа шикастланиш оқибатида меҳнаткаш-мигрант саломатлигига етказилган зарарни тўлаш тартиби, башарти Томонлар давлатлари иштирокчиси ҳисобланган халқаро шартномаларда бошқа қоидалар назарда тутилмаган бўлса, қабул қилувчи давлат қонунчилигига мувофиқ тартибга солинади.
15-модда
Меҳнаткаш-мигрантлар томонидан қабул қилувчи давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида таълим тўғрисида ҳужжатлар қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган таълим тўғрисида ҳужжатларни тан олиш процедураларини ўтказмасдан тан олинади.
Бунда педагогик, тиббий ёки фармацевтик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга, педагогик, тиббий ёки фармацевтика соҳасида таълим олган меҳнаткаш-мигрантлар қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган таълим тўғрисида ҳужжатларни тан олиш процедурасидан ўтадилар ва улар қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган тартибга мувофиқ тегишли педагогик, тиббий ва фармацевтик фаолият билан шуғулланишга рухсат этиладилар.
Меҳнаткаш-мигрантларнинг фуқаролиги бўйича давлати ваколатли органлари томонидан берилган илмий даражалар ва илмий унвонлар тўғрисида ҳужжатлар қабул қилувчи давлат қонунчилигига мувофиқ тан олинади.
16-модда
Томонлар ўртасида мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда юзага келиши мумкин бўлган низоли масалалар, музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилинади.
17-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича унинг ажралмас қисми ҳисобланган ва мазкур Битимнинг 18-моддасида назарда тутилган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
18-модда
1. Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедуралари бажарилгани тўғрисида дипломатик каналлар орқали Томонларнинг сўнгги ёзма хабарномаси олинган санадан бошлаб ўттизинчи (30) кундан кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади. Ҳар бир Томон мазкур Битим амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида ёзма хабарномани дипломатик каналлар орқали бошқа Томонга юбориш йўли билан унинг амал қилишини тугатиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда мазкур Битим. бундай хабарнома олинган санадан бошлаб бир юз саксон (180) кун ўтгач, тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2019 йил 15 апрелда ўзбек, қозоқ ва рус тилларида икки нусхада тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Матнлар ўртасида тафовутлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)