Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида
2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг инфратузилмани яратиш, умумқамровли ва барқарор саноатлашув, инновацияларга кўмаклашиш мақсадига (9-мақсад) эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 12-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови иловага мувофиқ юборилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу парламент сўровини кўриб чиқиш якунлари бўйича 2021 йилнинг 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ёзма жавоб тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев) мазкур парламент сўрови юзасидан келиб тушадиган жавобни таҳлил қилиб, Олий Мажлис Сенати Кенгашига ахборот киритсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 12 март,
СҚ-261-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 12 мартдаги СҚ-261-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
(2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида)
(2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида)
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ мамлакатимизнинг 2030 йилгача бўлган даврга барқарор ривожланиш миллий мақсад ва вазифалари белгиланган.
Унга мувофиқ барқарор инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари қабул қилиниб, мақсад ва вазифаларни таъминлаш учун тегишли инфратузилма яратилган.
2020 йилда саноат тармоғининг қўшилган қиймати 7,1 фоизга ўсиб бунда қайта ишлаш саноатининг улуши 76,5 фоизни ташкил этган.
Мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилган.
Шунга қарамасдан амалга оширилаётган ишлар билан бирга барқарор инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш масалаларида айрим тизимли муаммолар мавжуд.
Биринчидан, фаолият кўрсатмаётган корхоналар ва бўш турган объектларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш, объектларни самарали ишлатиш, ушбу йўналишдаги инвестиция лойиҳалари натижадорлиги, очиқлик, шаффофлик даражаси пастлигича қолмоқда.
Маълумот учун: Кўрилаётган кенг қамровли чораларга қарамасдан бугунги кунда давлат мулки ҳисобланган 372 та бўш турган бинолар мавжуд.
Иккинчидан, ялпи ички маҳсулот таркибида давлат иштирокидаги корхоналарнинг улуши юқорилигича (55 фоиз) қолмоқда. Аксарият бундай корхоналарда асосий воситаларнинг эскириш даражаси 65 фоизни ташкил қилмоқда.
Давлат улуши мавжуд корхоналарда бозор механизмларига ўтишнинг кечикиши соҳа ва тармоқларга хусусий капитални фаол жалб қилишга тўсқинлик қилиб, замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этишига салбий таъсир кўрсатиб қабул қилинаётган қонун ва қарорлар самарадорлигини ҳам пасайтирмоқда.
Учинчидан, 2020 йилда ташқи савдо айланмаси 36 299,3 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, бунда импорт 21 171,5 млн. АҚШ долларини, экспорт эса 15 127,7 млн. АҚШ доллари бўлиб, салбий сальдо 6 043,8 млн. АҚШ долларини ташкил этган.
Экспорт қилинаётган айрим маҳсулотларнинг ўсиш суръати юқори бўлишига қарамай, унинг ҳажми пастлигича қолмоқда.
Маълумот учун: 2020 йил давомида 280 080 та енгил автомобиль ишлаб чиқарилиб, унинг экспорти 1,3 бараварга ортган бўлса-да, бу жами ишлаб чиқарилган енгил автомобилларнинг атиги 5 фоизига тўғри келган.
Шу билан бирга, 2020 йилда экспортга нисбатан қарийб икки баравар кўп енгил автомобиль импорт қилинган.
Тўртинчидан, ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,6 фоизни ёки 580,2 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, саноат (0,7 фоиз) ва хизмат соҳаларида (0,1 фоиз) ўсиш кузатилмаган. Ахборот ва алоқа тармоғида хизмат кўрсатиш -2,2 фоизга пасайган.
2020 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми реал баҳоларда ўтган йилга нисбатан 0,3 фоизгача пасайган бўлса, 2019 йилда 3,8 фоиз, 2018 йилда 3,6 фоиз ўсиш даражасида бўлган.
Йиллик инфляция даражаси 11,1 фоизни ташкил этган бўлса-да, аҳоли истеъмол қиладиган 9 хил бирламчи маҳсулотнинг (мол гўшти, қўй гўшти, картошка, пиёз, сабзи, тухум, гуруч, ўсимлик ёғи, шакар) энг паст нархи ўртача 41,5 фоизга, энг юқори нархи ўртача 29,5 фоизга ошган.
Бешинчидан, самарали, ресурс тежовчи ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлашга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан барча соҳалар, жумладан саноат тармоқларида кенг ва самарали фойдаланишнинг ҳолати талабга жавоб бермайди.
Бугунги кунда республикада бор йўғи 1 та шамол ҳамда 1 та фото электр станциялари мавжуд.
Олтинчидан, фуқароларнинг транспортдан фойдаланиш улуши асосан автомобиль транспортида юқори бўлиб, ҳаво транспорти ҳамда темир йўл транспорти имкониятларидан фойдаланиш даражаси паст.
Маълумот учун: 2019 йилда фуқароларнинг автомобиль транспортидан фойдаланиш даражаси 98 фоизни, темир йўл транспортида 0,4 фоиз ва ҳаво транспортида 0,1 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, темир йўл қатнови электр таъминотидаги узилишлар поездларнинг жадвалдан кечикишига, компания учун эса молиявий йўқотишларга олиб келган.
Маълумот учун: 2019 йилда темир йўл тизимида поездларнинг жадвалдан кечикишидан молиявий йўқотиш 19,195 млн. сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 42,341 млн. сўмни ташкил этган ёки ўтган йилга нисбатан 45%га ошган.
Мамлакат иқтисодиётида транспорт соҳасининг улуши 2020 йилда 0,5 фоизга пасайиб, 5,2 фоизни ташкил қилган.
Кўрсаткичлар мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига таъсир этиб, «Логистика самарадорлиги» индексида Ўзбекистон 160 та давлат орасида 99-ўринни эгаллаб турибди.
Еттинчидан, иқтисодиёт тармоқларининг технологик салоҳиятини оширишга қаратилган илмий тадқиқотларни кўпайтириш, инновацион фаолият учун қулай шарт-шароит яратиш ва илмий тадқиқот ҳамда конструкторлик соҳасида кадрлар тайёрлашга етарли эътибор берилмаяпти.
Маълумот учун: 1 млн. аҳолига тўғри келадиган тадқиқотчилар сони йилдан-йилга камайиб, 2019 йилда 407 нафарни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич 2016 йилда 495 нафар, 2017 йилда 485 нафар ва 2018 йилда 470 нафарни ташкил этган.
Инновацион фаолиятга йўналтирилаётган маблағлар ҳажми бўйича АҚШ (543 млрд. АҚШ долл.), Хитой (496 млрд. АҚШ долл.), Япония (176 млрд. АҚШ долл.), Германия (127 млрд. АҚШ долл.) етакчилардан саналади.
Деярли барча соҳаларда ички инжиниринг, илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишлари харажатлари учун зарур база яратилмаганлиги саноатдаги инновацияларни ривожлантириш имкониятини чекламоқда.
Саккизинчидан, аҳолининг сифатли уяли алоқа тармоқлари ва Интернет билан таъминланганлик даражасини оширишга етарли эътибор қаратилмаяпти.
Маълумот учун: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси томонидан мобиль алоқа компанияларининг интернет хизматини кўрсатиш сифати 6645 та маҳаллада (жами маҳаллаларнинг 73 фоизида) ўрганилганида уларнинг 13 фоизида интернет хизмати мавжуд эмаслиги, 40 фоизида хизмат сифати қониқарсизлиги аниқланган.
Соҳадаги камчиликлар мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, БМТ томонидан юритиладиган Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида мамлакатимиз ўрни 6 поғонага пасайиб, 193 та давлат орасида 87-ўринни эгаллаган. Рейтинг таркибига кирувчи «Телекоммуникация инфратузилмаси» индексида Ўзбекистон 0,47 кўрсаткичи билан телекоммуникация инфратузилмаси секин суръатда ривожланаётган мамлакатлар қаторидан жой олган.
Умуман, Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари рейтингида 2020 йилда 166 та мамлакат орасида 66-ўринни эгаллаган бўлса-да, Барқарор инфратузилмани яратиш, умумқамровли ва барқарор саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадлари (9-мақсад) бўйича 27,7 балл билан 104-ўринни эгаллаган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 12-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати:
1. Бўш турган ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш қувватлари (объектлар)ни ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилиш, фаолият кўрсатмаётган, иқтисодий ночор, ишлаб чиқариши даражаси (рентабеллиги) паст ва тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектлари (корхоналар)ни тиклаш;
2. Давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар инвестиция жозибадорлигини ошириш ва молиявий ҳолати шаффофлигини таъминлаш, давлат активларини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, орқали хусусий секторнинг ролини ошириш;
3. Ёқилғи-энергетика ва тоғ-кон металлургия саноатлари корхоналарда ресурс ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш даражасини ошириш, технологик йўқотишларни камайтириш;
4. Ёқилғи-энергетика ресурсларини етказиб беришда жойларда сурункали узилишларга барҳам бериш бўйича кўрилаётган чоралар;
5. Саноат соҳасидаги, айниқса, чекка қишлоқ ҳудудларидаги кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини, жумладан, тижорат банклари томонидан кредит буюртмаларини кўриб чиқишнинг мураккаб механизмларини соддалаштириш орқали кредитларни тезкор олиш имкониятларини яратиш ҳамда масофавий банк хизматлари кўрсатишни ривожлантириш, суғурта ташкилотларининг хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш борасида кўрилаётган чоралар;
6. Иқтисодиёт тармоқларнинг технологик салоҳиятини оширишга қаратилган илмий-тадқиқотлар сонини ошириш, инновацион фаолият учун қулай шарт-шароитлар яратиш, илмий тадқиқот ҳамда конструкторлик соҳасида ишланмаларни кўпайтириш бўйича бажарилаётган ишлар;
7. Саноатда ишлаб чиқаришни диверсификациялаш ва хомашё соҳаларида қайта ишлашни кўпайтириш, инновациялар ва ишланмаларни жалб қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чоралар;
8. Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва иқтисодиётни рақамлаштириш кўламини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, йўналтирилаётган маблағлар ва уларнинг самарадорлиги юзасидан Сенатга асослантирилган тушунтиришлар бериш ёки Вазирлар Маҳкамасининг нуқтаи назарини баён қилиш талаби қўйилган парламент сўрови билан мурожаат этади ва жавобингиз Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, унинг якунлари бўйича қарор қабул қилиниши мумкинлиги маълум қилинади.