Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг 2020 йил 12 июлдаги «Туманда фермер хўжаликларига ажратилган қишлоқ хўжалик ер майдонларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатини мониторингдан ўтказилганлик натижалари тўғрисида»ги 49/12-06-сонли қарорини ўрганиш натижалари ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Қашқадарё вилояти Қарши туманида фаолият юритувчи «Бобур ўғли Ҳумоюн» фермер хўжалиги ва Қарши тумани ҳокимлиги ўртасида ердан фойдаланиш бўйича ижара шартномасини бекор қилиш бўйича халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг 2020 йил 12 июлдаги 49/12-06-сонли қарорини (бундан буён матнда Қарор деб юритилади) бекор қилиш юзасидан хати Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш кўрсатганидек, Қарор билан «Бобур ўғли Ҳумоюн» фермер хўжалиги билан тузилган ер ижараси шартномаси фермер хўжалиги раҳбари ва ҳокимлик ўртасида келишувга эришилмаган бўлса-да, бекор қилинган.
Фуқаролик кодексининг 382-моддасига асосан шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Ер кодексининг 24-моддаси ҳамда «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига асосан ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.
Қонунчиликка мувофиқ халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фермер хўжаликлари ва туман ҳокимлиги ўртасидаги шартномавий ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш ваколатига эга эмас.
«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасида маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шартлиги белгиланган бўлса-да, мазкур қарорни қабул қилиш жараёнида фермер хўжалиги раҳбарининг иштирок этиши ва ушбу ҳолат бўйича ўз фикрини билдириш имконияти таъминланмаган.
Мазкур Қонуннинг 19-моддасига кўра маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 302-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг 2020 йил 12 июлдаги «Туманда фермер хўжаликларига ажратилган қишлоқ хўжалик ер майдонларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатини мониторингдан ўтказилганлик натижалари тўғрисида»ги 49/12-06-сонли қарори қонунчиликка зид деб топилсин ва бекор қилинсин.
2. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (Б. Тажиев) зиммасига юклансин.
3. Мазкур Қарор манфаатдор томонларга юборилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 12 март,
СҚ-253-IV-сон