Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгашининг 2020 йил 20 ноябрдаги «Тумандаги айрим фермер хўжаликларининг ер майдонларини туман захира ер фондига қайтариш ҳақида»ги 67/18-6-сонли қарорини ўрганиш натижалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгашининг 2020 йил 20 ноябрдаги «Тумандаги айрим фермер хўжаликларининг ер майдонларини туман захира ер фондига қайтариш ҳақида»ги 67/18-6-сонли қарорини (бундан буён матнда Қарор деб юритилади) бекор қилиш юзасидан мурожаати Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижалари кўрсатганидек, фермер хўжалиги раҳбари ва ҳокимлик ўртасида ўзаро келишувга эришилмаган бўлса-да, Қарор билан «Жалолиддин Жилоси» фермер хўжалиги билан тузилган ер ижараси шартномасини бекор қилиш маъқулланган.
Фуқаролик кодексининг 382-моддасига мувофиқ, агар Фуқаролик кодексида, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Ер кодексининг 24-моддасига ҳамда «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига асосан ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига фермер хўжаликлари ва туман ҳокимлиги ўртасидаги шартномавий ҳуқуқий муносабатларга аралашиш ваколати берилмаган.
Шунингдек, халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгаши Қарорнинг 3-банди билан қонунчиликка зид равишда Ғузор тумани ҳокимлигига Қарордан келиб чиқиб, фермер хўжаликлари ер майдонини захирага қайтариш бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш юзасидан вазифа юклатилган.
Бундан ташқари, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасига кўра маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шарт.
Мазкур Қонуннинг 19-моддасига кўра маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.
Шунга қарамасдан, халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгаши томонидан ер ижараси шартномаларини бекор қилиш масаласини кўриб чиқишда фермер хўжалиги раҳбарининг иштирок этиши ва ҳолат бўйича ўз фикрини билдириш имконияти таъминланмаган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 302-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгашининг 2020 йил 20 ноябрдаги «Тумандаги айрим фермер хўжаликларининг ер майдонларини туман захира ер фондига қайтариш ҳақида»ги 67/18-6-сонли қарори қонунчиликка зид деб топилсин ва бекор қилинсин.
2. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (Б. Тажиев) зиммасига юклансин.
3. Мазкур Қарор манфаатдор томонларга юборилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 12 март,
СҚ-251-IV-сон