Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг 2020 йил 10 ноябрдаги «Янгидан ташкил этилган кичик саноат зоналарини тасдиқлаш ҳамда кичик саноат зоналарини инфратузилма тармоқлари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги 139/VI-16-сонли қарорини ўрганиш натижалари ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Сурхондарё вилояти Бандихон тумани «Бектепа» маҳалласидаги кичик саноат зонаси ҳудудида 1,046 км автомобиль йўли қурилиши объекти учун пудратчини ўзгартириш бўйича халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг 2020 йил 10 ноябрдаги «Янгидан ташкил этилган кичик саноат зоналарини тасдиқлаш ҳамда кичик саноат зоналарини инфратузилма тармоқлари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги 139/VI-16-сонли қарорини (бундан буён матнда Қарор деб юритилади) бекор қилиш юзасидан мурожаати Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш кўрсатганидек, 2020 йилнинг 29 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Бандихон тумани «Бектепа» маҳалласидаги кичик саноат зонаси ҳудудида 1,046 км автомобиль йўлини қуриш билан боғлиқ ободонлаштириш объекти бўйича тендер савдолари бўлиб ўтган.
Ушбу объект бўйича тендер савдоларида 2020 йилнинг 6 октябрь куни «Акбар Анвар Келажаги» масъулияти чекланган жамияти тендер савдолари ўтказиш комиссияси томонидан ғолиб деб топилган.
«Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 65-моддасида тендер натижалари бўйича шартнома тендер ҳужжатларида ва шартнома тузилаётган тендер иштирокчиси томонидан берилган таклифда кўрсатилган шартлар асосида тузилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги 91-сонли қарори билан тасдиқланган Тендер иштирокчиларига йўриқномада таклифни қабул қилиш ҳақидаги хабарнома олинган кундан бошлаб 10 (ўн) кун давомида ғолиб пудрат шартномасини имзолаши кераклиги, агар тендер ғолиби шартномани тузишдан бош тортса, унда буюртмачи, тендер комиссияси билан биргаликда, офертаси иккинчи ўринни олган оферентни тендер ғолиби деб топиши ёки такрорий тендер ўтказишни тайинлаши мумкинлиги кўрсатилган.
Шу билан бирга, тендер савдоларида ғолиб бўлган «Акбар Анвар Келажаги» масъулияти чекланган жамияти билан юқоридаги қонунчиликка зид равишда шартнома тузилмаган, иккинчи ўринни олган оферент тендер ғолиби деб топилмаган ёки такрорий тендер ўтказилмаган.
Бундан ташқари, Бандихон тумани ҳокимлиги ва «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясининг 2020 йил 9 ноябрдаги 01-02/3866-сонли ва 01-02/2896-сонли хатларига асосан халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг қарори билан Сурхондарё вилояти Бандихон тумани «Бектепа» маҳалласидаги кичик саноат зонаси ҳудудида 1,046 км автомобиль йўли қурилиши билан боғлиқ ободонлаштириш объекти «Бандихон туман йўллардан фойдаланиш» унитар корхонасига берилган.
Бироқ, объектнинг айнан «Бандихон туман йўллардан фойдаланиш» унитар корхонасига берилишининг ҳуқуқий асослари кўрсатиб ўтилмаган.
Қонунчиликка зид равишда Сурхондарё вилояти Бандихон тумани «Бектепа» маҳалласидаги кичик саноат зонаси ҳудудида 1,046 км автомобиль йўли қурилиши билан боғлиқ ободонлаштириш объекти пудратчисини ўзгартириш бўйича тегишли қарор қабул қилинган.
Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг пудратчини ўзгартириш ваколати мавжуд эмас.
Бундан ташқари, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасига асосан маъмурий орган манфаатдор шахсга маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имкониятини бериши шарт.
Мазкур Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.
Шунга қарамасдан, халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан Сурхондарё вилояти Бандихон тумани «Бектепа» маҳалласидаги кичик саноат зонаси ҳудудида 1,046 км автомобиль йўли қурилиши билан боғлиқ ободонлаштириш объекти пудратчисини ўзгартириш масаласини кўриб чиқишда тендер савдоларида ғолиб бўлган пудратчининг иштирок этиши ва ҳолат бўйича ўз фикрини билдириш имконияти таъминланмаган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 302-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг 2020 йил 10 ноябрдаги «Янгидан ташкил этилган кичик саноат зоналарини тасдиқлаш ҳамда кичик саноат зоналарини инфратузилма тармоқлари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги 139/VI-16-сонли қарори қонунчиликка зид деб топилсин ва бекор қилинсин.
2. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев) зиммасига юклансин.
3. Мазкур Қарор манфаатдор томонларга юборилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 12 март,
СҚ-250-IV-сон