Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2020 йилдаги фаолияти бўйича ҳисоботини эшитиб, ташқи сиёсий алоқаларни янада ривожлантириш соҳасида муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.
Ҳисобот даврида Ташқи ишлар вазирлиги 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилги Олий Мажлисга Мурожаатномасида, Олий Мажлис Сенати қарорларида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашга эътибор қаратган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркия ва Россияга ташрифи, хорижий давлат раҳбарлари билан бўлиб ўтган 80 га яқин мулоқот ва нуфузли тадбирлари ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари билан қабул қилинган «йўл хариталари» ҳамда 32 та икки томонлама ҳужжат турли даражадаги тадбирларда ва дипломатик каналлар орқали имзоланган.
Ўзбекистоннинг БМТ, Жаҳон савдо ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Европа Иттифоқи каби халқаро тузилмалар ва интеграцион бирлашмалар билан ҳамкорлигини ривожлантириш борасида фаол иш олиб борилган. Хусусан, Ўзбекистон раислигида Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан ҳамкорлик фаолияти доирасида 60 дан ортиқ тадбирлар ўтказилган.
Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган иқтисодий ва ижтимоий таъсирларни камайтириш мақсадида дипломатик ваколатхоналар кўмагида қиймати 350 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган грантлар ва молиявий-техник маблағлар, шунингдек 12 млн. АҚШ долларига яқин инсонпарварлик ёрдами маблағлари жалб қилинган.
Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикасининг 600 мингдан ортиқ фуқароларини хорижий давлатлардан мамлакатга қайтариб олиб келишга муваффақ бўлинди.
Шу билан бирга, соҳада эътибор қаратилиши зарур бўлган айрим масалалар мавжуд. Жумладан:
Ўзбекистон Республикасида дипломатик хизмат фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилмаган;
дипломатик ваколатхоналар томонидан таклиф этилган инвестиция лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида ижросини назорат қилишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан тизимли ишлар йўлга қўйилмаган. Натижада Ўзбекистон Республикасининг хориждаги элчихоналари томонидан илгари сурилган лойиҳаларнинг катта қисми амалга ошириш босқичига ўтмасдан, фақатгина «қоғозда» қолиб кетган;
Ўзбекистон ваколатхонаси жойлашган мамлакатдаги мавжуд салоҳиятдан («кучли томонлари»дан) келиб чиқиб, ҳамкорликнинг мақсадли вазифалари ва лойиҳаларини, шунингдек Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини шакллантириш бўйича турли хил ёндашувлар ишлаб чиқилмаган;
савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва республиканинг чегараолди ҳудудларида юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишнинг муҳим элементи сифатида трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича стратегик қараш, концепция ишлаб чиқилмаган;
истиқболли ташқи савдо бозорларининг таҳлилий ва маркетинг тадқиқотларини ташкил этиш, шунингдек, тегишли вазирликлар, идоралар, тадбиркорлар бирлашмалари ва етакчи экспортчи корхоналарга ўрганиш натижаларини тезкор тақдим этиш тизими йўлга қўйилмаган;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ҳисобга олиш ва ижросини мониторинг қиладиган ягона электрон тизим тўлиқ ишга туширилмаган;
вазирлик тизимидаги бўш иш ўринлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва танлов механизмлари бўйича фуқароларни хабардор қилишнинг шаффоф тизими мавжуд эмас;
вазирлик фаолияти, халқаро муносабатлар кун тартибидаги энг долзарб масалалар бўйича Ўзбекистоннинг нуқтаи назари тўғрисида маҳаллий ва хорижий жамоатчиликни мунтазам равишда (бир ойда камида бир марта) кенг хабардор қилиб бориш механизми ҳалигача амалиётга тўлиқ татбиқ этилмаган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ташаббуси билан илгари сурилган инвестиция лойиҳалари ижросининг ҳолати бўйича самарали назорат тизимини жорий этсин ва ҳар чоракда ушбу масала бўйича ахборот-таҳлилий материаллар Олий Мажлис Сенатига тақдим этиб борилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
«Дипломатик хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиши, келишилиши ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини жадаллаштирсин;
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси йиғилишида Ўзбекистоннинг АҚШ, Хитой Халқ Республикаси, Япония ва Корея Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитувини ўтказиш муддати юзасидан таклиф киритсин;
трансчегаравий савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқсин ва ушбу жараёнда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ролини оширишни ҳам инобатга олсин. Стратегия лойиҳасини икки ой муддатда Олий Мажлис Сенатига ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчисини ўриндошлик асосида Ўзбекистон Республикасининг Грузиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига тайинлаш масаласини тезлаштирсин;
дипломатик ваколатхоналар жойлашган мамлакатлардаги бозорларни таҳлилий, маркетинг тадқиқ этиш натижаларини доимий ва тезкор равишда тегишли вазирлик ҳамда идораларга, тадбиркорлар уюшмаларига ва республиканинг етакчи экспортчи корхоналарига тақдим этиб бориш механизмини жорий этсин;
Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси жойлашган хорижий давлатларнинг ҳақиқий имкониятлари ва салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳар бир дипломатик ваколатхона олдида турган устувор вазифаларни белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистонда юз бераётган туб ўзгаришлар, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида кенг хабардор қилиш бўйича ишларни кучайтирсин;
вазирлик тизимидаги мавжуд бўш иш ўринлари, зарур ҳужжатларни тақдим этиш механизмлари ва номзодларни танлаш босқичлари тўғрисидаги ҳамда талабгорлар учун аниқ мезонлар кўрсатилган маълумотлар вазирлик веб-сайтида мунтазам янгилаб ва тўлиқ эълон қилиб борилишини таъминласин;
«Дунё» ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Таклифларда Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар, мавжуд вазият тўғрисида маълумотлар тўплаш ва уларни мамлакатда аккредитациядан ўтган маҳаллий ҳамда хорижий журналистлар орасида тарқатиш бўйича ахборот майдонини шакллантириш масалаларини назарда тутсин;
Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил 24 августдаги СҚ-476-III-сонли Қарори билан белгиланган маҳаллий ва хорижий журналистлар учун бир ойда камида бир марта брифинглар ташкил этиш вазифаси ижросини сўзсиз таъминласин;
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда:
назорат ўтказиш пунктларидан ўтиш тартиб-таомилини соддалаштириш масаласини ишлаб чиқишни назарда тутувчи «битта тур — бир нечта давлат» тамойили асосида минтақанинг қўшни давлатлари билан туризмни ривожлантириш бўйича амалий ҳаракатлар режасини шакллантирсин ҳамда ўрнатилган тартибда тасдиқланишини таъминласин;
минтақа давлатларининг аниқ асосланган таклифларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон шаҳарлари ва хорижий мамлакатлар ўртасида янги биродарлик алоқаларини ўрнатиш масаласини ишлаб чиқсин;
мазкур Қарорнинг ижроси тўғрисидаги умумлаштирилган ахборотни 2021 йил 1 июнгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари томонидан таклиф этилган инвестиция лойиҳалари ижросининг ҳолати, амалга оширилмаётган лойиҳалар ва уларга таъсир этувчи салбий омилларни танқидий кўриб чиқсин ҳамда таҳлил натижаси бўйича таъсирчан чоралар кўрсин;
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда инвесторлар ишончлилигини текшириш ва тартибга солишга йўналтирилган, шунингдек инвестиция лойиҳаларининг боришини мониторинг қилиш ҳамда уларни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган муаммоларни зудлик билан бартараф этишда маҳаллий ҳокимият органлари билан мувофиқлаштиришни янада чуқурлаштиришни назарда тутувчи алоҳида механизм ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда халқаро шартномаларни, уларнинг амалга оширилишини инвентаризация ва мониторинг қилишни ягона ҳисобга олиш электрон маълумотлар базаси тўлиқ ишга туширилишини таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда Ташқи ишлар вазирлигига трансчегаравий савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўрни ва ролини ошириш бўйича асослантирилган таклифлар киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур Қарорнинг 2, 4, 5 ва 6-бандлари ижроси тўғрисидаги умумлаштирилган ахборотни 2021 йил 15 июнгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этсин.
8. Ушбу Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Р. Алимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 12 март,
СҚ-246-IV-сон