Битим
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши котибиятининг молиявий қоидалари тўғрисида
Қирғизистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Туркия Республикаси Ҳукуматлари, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига амал қилган ҳолда,
2009 йил 3 октябрдаги Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимининг 11-моддаси қоидаларини амалга оширишга интилиб,
2011 йил 27 декабрда имзоланган Туркия Республикаси Ҳукумати билан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши Котибияти ўртасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши Котибияти бўйича Мезбон мамлакат Битимига мувофиқ,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Атамалар
Атамалар
«Туркий кенгаш» Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини англатади;
«Котибият» Туркий кенгаш Котибиятини англатади;
«Бюджет» Котибият вазифалари ва функцияларини амалга ошириш учун мўлжалланган маблағларни шакллантириш ва тасарруф этишни англатади;
«Молиявий йил» календар йилининг 1 январидан бошлаб 31 декабригача давом этадиган муддатни англатади;
«Бадаллар» жорий молиявий йилда Котибият фаолияти билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида Томонлар учун белгиланган миқдорни англатади;
«ТИВК» Туркий кенгаш Ташқи ишлар вазирлари кенгашини англатади;
«ОК» Туркий кенгаш Оқсоқоллар кенгашини англатади;
«КМҚ» Туркий кенгаш Катта мансабдор шахслар қўмитасини англатади;
«Мезбон мамлакат» Котибиятнинг штаб-квартираси жойлашган Туркий Кенгашга аъзо давлатни англатади;
«Ташқи аудит» — ТИВК томонидан тайинланган мустақил аудитор/аудиторлар томонидан ўтказиладиган Котибият молиявий ва иқтисодий фаолиятини текширувдан ўтказишни англатади;
«Даромадлар» — Котибият томонидан бюджетга белгиланган бадаллар шаклида киритилган маблағларни англатади;
«Бошқа даромадлар» — белгиланган бадаллардан, нақд шаклидаги хайриялар, шунингдек жорий молиявий йилда харажатларни тўғридан-тўғри қоплаш натижасида олинган суммалардан ташқари, барча тушумларни англатади;
«Харажатлар» — Котибият томонидан унинг вазифалари ва функцияларини молиялаштириш учун бюджетдан ажратилган маблағларни англатади;
«Айланма маблағлар захираси» — мажбурий бадаллар тўлиқ тўлангунига қадар Котибият харажатлари учун фойдаланиладиган бюджетнинг бир қисмини англатади;
2-модда
Умумий қоидалар
Умумий қоидалар
Мазкур Битим ОК билан боғлиқ харажатларни ўз ичига олган Котибият бюджетини молиялаштириш манбалари, уни шакллантириш ва амалга ошириш тартибини белгилайди ҳамда улар фаолиятининг асосий молиявий жабҳаларини тартибга солади.
3-модда
Бюджет
Бюджет
1. Котибият бюджети, шу жумладан, ОК харажатлари молиявий йилнинг пул ва/ёки бошқа шакллардаги барча даромад ва харажатларини ўз ичига олади.
2. Котибият бюджети КМҚ томонидан маъқуллангандан сўнг, ТИВК томонидан тасдиқланади.
3. Даромадлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
a) Асосий даромад сифатида аъзо-давлатларнинг мажбурий бадаллари;
i) Бадаллар шкаласи қуйидагича белгиланади:
Қирғизистон Республикаси — 1/15
Қозоғистон Республикаси — 4/15
Озарбайжон Республикаси — 2/15
Туркия Республикаси — 8/15.
ii) Бироқ, аъзоларнинг иқтисодий салоҳияти ўзгариши ва/ёки ташкилотнинг кенгайиш эҳтиёжи юзага келса, ТИВК КМҚ орқали ушбу ўлчовни ўзгартиришга ваколатлидир. Ушбу ўзгартиришлар келгуси йил бюджети учун амалда бўлади ва бадаллар тегишли равишда амалга оширилади;
iii) Агар бадалларнинг янги шкаласи бўйича консенсус бўлмаса, мазкур моддада кўрсатилган шкала амал қилишда давом этади;
iv) Мазкур Битим ратификация қилингунга қадар ихтиёрий бадаллар ушбу шкала бўйича амалга оширилади;
b) Томонларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан Котибият бюджетига тўловлар миқдори чегараланмаган;
c) Томонларнинг розилиги билан Туркий кенгаш кузатувчи давлатлари, бошқа давлатлар, Туркия кенгаш кузатувчи ташкилотлари, бошқа халқаро ташкилотлар ва форумлар, юридик ва жисмоний шахслардан ихтиёрий бадаллар пул ва/ёки бошқа шаклларда қабул қилиниши мумкин;
d) бошқа даромадлар, агар улар Котибиятнинг мақсадлари ва вазифаларига зид келмаса.
4. Харажатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
a) Бош котибнинг иш ҳақи, шу жумладан:
4.a.1. тиббий суғурта, 4.a.2. қарамоғидаги шахслар учун нафақа, 4.a.3. болалар учун нафақа, 4.a.4. таълим учун грантлар, 4.a.5. турар-жой учун моддий таъминот, 4.a.6. йўлкира харажатлари, 4.a.7. уй таътили, 4.a.8. вакиллик учун устама, 4.a.9. ижтимоий таъминот тўловлари.
b) Бош котиб ўринбосарларининг иш ҳақи, шу жумладан:
4.b.1. тиббий суғурта, 4.b.2. қарамоғидаги шахслар учун нафақа, 4.b.3. болалар учун нафақа, 4.b.4. таълим учун грантлар, 4.b.5. йўлкира харажатлари, 4.b.6. уй таътили (йилда бир марта), 4.b.7. вакиллик учун устама, 4.b.8. ижтимоий таъминот тўловлари.
с) Котибият персоналининг иш ҳақи, шу жумладан:
4.c.1. тиббий суғурта, 4.c.2. қарамоғидаги шахслар учун нафақа, 4.c.3. болалар учун нафақа, 4.c.4. таълим учун грантлар, 4.c.5. йўлкира харажатлари, 4.c.6. уй таътили (йилда бир марта), 4.b.7. ижтимоий таъминот тўловлари, 4.c.8. тил учун устама (Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Котибияти ходимлари тўғрисидаги Низомга мувофиқ G категориядаги персонал учун).
d) хизмат муддати тугаши муносабати билан ходимларга тўланадиган ҳақ;
e) ходимларнинг хизмат шартномалари бекор қилинган тақдирда тўланадиган ҳақ;
f) Бош котиб, Бош котиб ўринбосарлари, Котибият ходимлари ва ОК аъзоларининг хизмат сафарлари харажатлари, шу жумладан суткалик харажатлар, транспорт харажатлари ва турар-жой харажатлари;
g) Котибият учун товар ва хизматларни сотиб олиш;
h) Офис мебели ва жиҳозларини, автотранспорт воситаларини ва Котибият фаолияти учун зарур бўлган бошқа воситаларни сотиб олиш;
i) Бошқа харажатлар, шу жумладан Котибиятнинг кундалик фаолияти билан боғлиқ қуйидаги харажатлар:
бинолар, офис мебеллари, жиҳозлар, автомобиллар ва бошқа воситалардан фойдаланиш ва таъмирлаш;
Кадрлар малакасини ошириш;
Номзодлар харажатлари;
Лойиҳалар харажатлари;
Протокол харажатлари;
Консалтинг.
5. Молиявий йил учун ходимларнинг лавозими ва иш ҳақига мувофиқ харажатларни кўрсатувчи Котибият Штатлар жадвали Котибият томонидан тайёрланади КМҚ томонидан маъқуллангандан сўнг, ТИВК томонидан тасдиқланади.
4-модда
Бюджетни ижро этиш
Бюджетни ижро этиш
1. Бюджет Котибият томонидан ижро этилади.
2. Ҳар бир Томон мажбурий бадалининг аниқ миқдори бюджетда кўрсатилади.
3. Бюджетга йиллик бадаллар АҚШ долларида ҳисобланади ва тўланади.
4. Котибият ТИВКга унинг йиғилишлари давомида ҳисобланган бадаллар тўлиқ бюджетга ўтказилганлиги ҳақида маълумот беради.
5. Тегишли бадалларни молиявий йилнинг биринчи уч ойи давомида тўлаш афзалроқдир. Бироқ миллий қонунчиликка биноан бунинг имконияти бўлмаган тақдирда, тўловлар ҳар уч ойнинг биринчи кунида амалга ошириладиган тўртта интервалда тўланиши мумкин.
5-модда
Харажатлар сметаси
Харажатлар сметаси
1. Котибият бюджети молиявий йил учун сарф-харажатларни ўз ичига олувчи ҳужжат — харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.
2. Котибият бюджет лойиҳасини шакллантиради ва уни янги молиявий йилдан олдинги йилнинг биринчи ярмида ҳар бир банд бўйича ҳисоб-китоблар ва асослар билан Томонларга кўриб чиқиш учун юборади.
3. Миллий валютадаги харажатлар учун бюджет сметаси бўйича айирбошлаш курслари Мезбон мамлакат Марказий банки томонидан аввалги йилнинг ўртача айирбошлаш курсига асосланган.
4. Тасдиқланган бюджет доирасида бир банддан иккинчисига ҳар қандай пул ўтказиш ойлик маоши бўйича бандни истисно қилган ҳолда, Томонларни аввалдан хабардор қилиш орқали Котибият томонидан амалга оширилиши мумкин.
5. Котибиятнинг молиявий йил охирига келиб мўлжалланган мақсадларда фойдаланилмаган бюджет маблағлари кейинги молиявий йили бюджети даромадларига қўшилиши лозим. Ҳар бир аъзо давлатнинг бадаллари тегишли тарзда ҳисоблаб чиқилади ва уларнинг соф бадаллари миқдори Томонларга этказилади.
6. Жиҳозлар ва мустаҳкам буюмларни сотиб олиш учун тўлиқ ишлатилмагани сабабли 1 январь ҳолатига шаклланган қолдиқ бюджет кутилаётган буюртмалар бўйича тўловлар учун сарфланади.
6-модда
Маблағларни сақлаш
Маблағларни сақлаш
1. Бош котиб Котибият маблағлари сақланадиган банк ҳисобварағи/ҳисобварақларини белгилайди.
2. Котибиятнинг ҳисобварақлари АҚШ долларида ва Мезбон мамлакат миллий валютасида юритилади. Аввалги муддатдаги харажатлари учун айирбошлаш курсини ҳисоблаш Мезбон мамлакат Марказий банкининг уч ойлик ўртача айирбошлаш курсига асосланади.
7-модда
Ҳисобдорлик
Ҳисобдорлик
1. Бош котиб Котибиятнинг молиявий ресурсларини бошқаришни назорат қилади ва бунинг учун КМҚ орқали ТИВКга ҳисобдордир.
2. Бош котиб ҳар бир молиявий йил учун йиллик ҳисоб-китобларни/ҳисоботни ўтган молиявий йилдан кейинги йилнинг 31 мартидан кечиктирмай КМҚ орқали ТИВКга тақдим этади.
3. Ҳар бир молиявий йил сўнгидаги даромад ёки камомад тушумнинг харажатлардан ошиб кетиши ёки харажатларнинг тушумлардан ошиб кетишини ҳисоблаш орқали аниқланиши мумкин. Котибият бюджетининг нақд пул танқислиги юзага келган ҳолатда, Бош котиб КМҚ орқали ТИВКга хабар беради ва зарур молиявий чоралар қўллаш тўғрисида таклифлар киритади.
8-модда
Аудиторлик текшируви
Аудиторлик текшируви
1. Котибият молиявий фаолиятининг ташқи аудити КМҚ орқали маъқулланиб, ТИВК тасдиқлаган мустақил аудитор/аудиторлар томонидан ҳар йили камида бир марта ўтказилади.
2. Ташқи аудит ўтказилгандан сўнг, аудиторлик хулосаси Бош котиб томонидан барча Томонларга юборилади.
9-модда
Айланма маблағлар захираси
Айланма маблағлар захираси
1. Айланма маблағлар захираси бюджетнинг бир қисми ҳисобланади ва йиллик мажбурий бадаллар тўлангунга қадар фақат бюджетдан ажратиладиган маблағларни молиялаштириш мақсадида фойдаланилади.
2. Айланма маблағлар захирасининг миқдори йиллик бюджетнинг 3/12 қисмидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Кечиктирилаётган йиллик мажбурий бадаллар тўлангандан сўнг аванс суммаси айланма маблағлар захирасига қайтарилади.
10-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
1. Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши зарур бўлган давлат ички процедураларини амалга оширганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали депозитарийга сўнгги ёзма хабарнома юборганидан ўттиз кун ўтгач кучга киради.
Мазкур Битим кучга киргандан сўнг Туркий кенгашнинг янги аъзоси қўшилиши учун очиқ.
У қўшилувчи давлат учун депозитарий томонидан қўшилиш ҳужжати олинганидан ўттиз кун ўтгач кучга киради.
2. Туркия Республикаси мазкур Битим депозитарийси ҳисобланади. Депозитарий дипломатик каналлар орқали Битимнинг кучга кириш санаси тўғрисида, шунингдек тегишли Томонлардан ратификация, тасдиқлаш, қабул қилиш ёки қўшилиш ҳужжатларини олганлиги ҳақида Томонларни ёзма равишда хабардор қилади.
3. Мазкур Битимни қўллаш ёки талқин қилиш билан боғлиқ низолар, Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этилади.
4. Томонлар ўзаро келишувга мувофиқ мазкур Битимга мазкур модданинг 1-бандида белгиланган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишлари мумкин. Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар киритишлар мазкур Битимнинг ажрадмас қисми ҳисобланади.
5. Ҳар бир Томон ҳар қандай вақтда депозитарийга ёзма хабарнома юбориш орқали мазкур Битимдан чиқиши мумкин. Битимнинг бундай Томонга нисбатан амал қилиши депозитарий томонидан бундай хабарнома олинган санадан олти ойдан сўнг тугатилади.
Бишкек шаҳрида 2012 йил 23 августда ягона асл нусхада, қирғиз, қозоқ, озарбайжон, турк ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)