Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йилдаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг (бундан буён Дастур деб юритилади) 2020 йилдаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини ўрганиб чиқиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Жумладан, ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилга нисбатан 101,6 фоизни, шундан саноатда 100,7 фоизни, хизматлар кўрсатиш соҳасида 102,3 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги тармоқларида 103,0 фоизни ташкил қилган.
Жами хизматлар ҳажми 218,9 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 102,3 фоизга ошган. Хизматлар кўрсатиш ўсиши молия соҳасида 25,6 фоизни, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида 115,3 фоизни, таълим соҳасида 7,4 фоизни ташкил этган.
Коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга 3,962 трлн. сўм, ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга 3,423 трлн. сўм, корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашга 2,485 трлн. сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга 1,340 трлн. сўм, соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва зарур инфратузилмани яратишга 1,22 трлн. сўм, маҳаллий бюджетлар ва пенсия жамғармаси йўқотишларини қоплашга 595 млрд. сўм миқдорида маблағлар сарфланган.
Хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан 9,8 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилган. 197 та йирик лойиҳани ишга тушириш орқали 38 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.
Дастурдаги 284 та банддан 206 таси тўлиқ бажарилган, 20 та банднинг муддати белгиланган тартибда узайтирилган, 58 та банднинг ижроси юзасидан тегишли ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган ҳамда Олий Мажлис палаталарига киритилган.
Амалга оширилган чора-тадбирларга қарамай, ҳудудлардаги айрим ижтимоий объектлардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган муддатларда бажарилмаган.
Хусусан, Фарғона вилоятида 3 та, Жиззах ва Навоий вилоятларида 2 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида 1 тадан даволаш ва тиббий-ижтимоий муассасаларни қуриш-таъмирлаш ишлари ҳанузгача якунига етказилмаган.
Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида 3 тадан, Қашқадарё вилоятида 2 та умумтаълим мактаби белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йилдаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Дастурдаги муддати узайтирилган 20 та банднинг белгиланган муддатларда тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминласин;
Дастурдаги бажарилмаган 58 та банднинг ижроси бўйича ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишини тезлаштириш чораларини кўрсин ва уларнинг ижро этилишини таъминласин;
қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган ижтимоий соҳа объектларини фойдаланишга топшириш ишлари бажарилишини таъминласин;
инвестиция дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектларда ишлар лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида бино ва иншоотларни қуриш талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда амалга оширилишини қатъий назоратга олсин;
келгусида Дастур ижроси бўйича ҳисоботларда белгиланган вазифалар юзасидан ҳудудлар кесимида амалга оширилган ишлар, хусусан ижтимоий объектларда бажарилган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳақида тўлиқ маълумот киритиб борилишини таъминласин;
«Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурининг 2021 йил I чорак якунлари бўйича ҳисоботи доирасида ушбу Қарорнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
Дастурдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланмаган объектларни жорий йил 15 мартга қадар фойдаланишга топшириш чораларини кўрсин;
Дастурда маҳаллий ҳокимликлар масъул бўлган бандлар юзасидан қабул қилинган чора-тадбирлар режаларининг бажарилишини доимий назоратга олсин ва мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари Дастурда ижроси таъминланмаган ҳамда муддати узайтирилган бандлар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига:
Дастур доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари ўз вақтида якунланмаган ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларининг боришини доимий ва таъсирчан депутатлик назоратига олиш;
Дастур асосида қабул қилинган амалий чора-тадбирлар режасидаги ҳар бир масаланинг ижро этилиши ва эришилган натижасига қараб баҳолаш механизмини жорий этиш ҳамда ҳар чорак якунида амалга оширилган ишларни маҳаллий Кенгашларда танқидий кўриш тизимини йўлга қўйиш тавсия этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 5 февраль,
СҚ-226-IV-сон