Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши
Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қўшма қарори
Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепциясини тасдиқлаш тўғрисида
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 13-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепцияси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепцияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг халқаро ҳамкорлик ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини амалга оширишнинг стратегик мақсад ва вазифаларини, принципларини ва механизмларни белгилайдиган қоидалар тизимидан иборатдир.
3. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатиясининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
бошқа давлатлар парламентлари билан парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш;
халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаол иштирок этиши;
хорижий мамлакатларнинг қонун ижодкорлиги жараёнини ўрганиш бўйича парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш;
бошқа давлатлар парламентларининг илмий-эксперт ва ахборот-таҳлил хизматлари билан ҳамкорлик тизимини такомиллаштириш;
мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш;
халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг ташаббусларини илгари суриш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш;
хорижда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, шунингдек ватандошларни қўллаб-қувватлаш;
халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш.
4. Ушбу Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 25 сентябрь,
481-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2020 йил 25 сентябрь,
КҚ-132-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 25 сентябрдаги № 481-IV/КҚ-132-IV-сонли Қўшма қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ПАРЛАМЕНТ ДИПЛОМАТИЯСИ КОНЦЕПЦИЯСИ
I. Умумий қоидалар
1.1. Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепцияси (бундан буён матнда Концепция деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг (бундан буён матнда Олий Мажлис деб юритилади) парламентлараро алоқалар ва халқаро ҳамкорлик соҳасидаги фаолиятини амалга оширишнинг стратегик мақсад ва вазифаларини, принципларини, механизмларини белгилайдиган қоидалар тизимидир.
1.2. Парламент дипломатияси Олий Мажлиснинг халқаро фаолиятини амалга ошириш воситаси бўлиб, ундан Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини жаҳон майдонида илгари суриш, унинг халқаро нуфузини ошириш, хорижий мамлакатлар билан икки томонлама ҳамда кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш, бошқа давлатларнинг парламентлари, халқаро парламент тузилмалари ва халқаро ташкилотлар билан тажриба алмашиш мақсадида фойдаланилади.
1.3. Концепциянинг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунлари, «Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларига ва бошқа миллий қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига асосланади.
II. Ўзбекистон Республикасида парламент дипломатиясини шакллантиришга таъсир этувчи асосий омиллар
2.1. Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатиясининг устувор йўналишларини шакллантиришга таъсир этувчи асосий омиллар қуйидагилардан иборат:
халқаро ҳамкорликнинг қонунчилик базасини такомиллаштиришга қаратилган муҳим ресурси сифатида парламент дипломатиясининг ролини ошириш;
минтақалараро алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг ролини ошириш.
2.2. Парламент дипломатияси Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий вазифаларини амалга оширишда муҳим роль ўйнайди. У нафақат бошқа давлатлар парламентлари, халқаро парламент тузилмалари билан ҳамкорликни кучайтириш, балки умуман, икки томонлама ва кўп томонлама ўзаро манфаатли муносабатларни фаоллаштириш, БМТ, ПАИ, ЕИ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятини беради.
2.3. Парламент дипломатияси дунё мамлакатлари ўртасидаги ишончни ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллайди, муаммоларга муросали ечим топиш, низоларнинг олдини олишга хизмат қилади, шунингдек халқаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини шакллантиради ва такомиллаштиради.
III. Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатиясининг мақсадлари, вазифалари ва принциплари
3.1. Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатиясининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг, халқаро ҳамкорликнинг асосий соҳаларидаги ўзаро муносабатларнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;
халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилишда парламентлараро ҳамкорлик усулларидан фойдаланиш, мамлакатимизнинг халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш;
Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ҳамжамиятидаги ижобий имижи ва нуфузини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар тизимини амалга оширишда фаол иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси атрофида хавфсизлик, яхши қўшничилик ва барқарорлик камарини яратиш, Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида парламент дипломатияси ресурсларидан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
минтақада хавфсизлик, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш;
сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда давлат ва жамият ривожининг бошқа соҳаларида халқаро ҳамкорликка кўмаклашиш.
3.2. Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатиясининг стратегик мақсадларига эришишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шаҳсларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан ҳуқуқий механизмини яратиш;
мамлакатда амалга оширилаётган демкоратик ислоҳотларни самарали амалга ошириш ва иқтисодиётни модернизация қилишнинг жадал жараёнлари учун имкон қадар қулай ташқи сиёсий шарт-шароитлар яратиш;
бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш;
Парламентлараро Иттифоқ, ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги иштирокчилари бўлган давлатларнинг Парламентлараро Ассамблеясида ва бошқа халқаро парламент ташкилотлари фаолиятида Олий Мажлиснинг иштирокини фаоллаштириш;
бошқа давлатлар парламентларининг фаолияти тажрибасини ўрганиш соҳасидаги парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш;
халқаро ҳамда хорижий илмий-эксперт ва ахборот-таҳлилий тузилмалар билан ҳамкорлик қилиш;
бошқа давлатларнинг парламентларини ва халқаро ҳамжамиятни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ривожланиш, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ташаббуслари ҳақида хабардор қилиш.
3.3. Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси қуйидаги принципларга асосланади:
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларининг устуворлиги;
давлатларнинг суверен тенглигини ҳурмат қилиш, давлатларнинг ички ваколатларига кирувчи ишларга аралашмаслик;
парламент дипломатияси мақсад ва вазифаларининг давлатларнинг миллий манфаатларига мувофиқлиги;
халқаро низоларни тинчлик йўллари билан ҳал этиш.
IV. Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатиясининг устувор йўналишлари
4.1. Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатиясининг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:
4.1.1. Бошқа давлатларнинг парламентлари билан қуйидагиларни назарда тутувчи парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш:
парламентлараро ҳамкорликнинг қонунчилик асосларини шакллантириш ва такомиллаштириш;
бошқа давлатларнинг парламентлари билан мулоқот ўрнатиш, шу жумладан бошқа давлатлар парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар ташкил этиш орқали мулоқот ўрнатишга доир чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш;
парламентлараро мулоқот жараёнига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш орқали халқ дипломатияси тизимини шакллантиришга кўмаклашиш.
4.1.2. Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация қилиш борасидаги жадал жараёнларнинг самарасини таъминлаш учун имкон қадар қулай бўлган, қуйидагилар назарда тутилган ташқи сиёсий шарт-шароитларни шакллантириш:
маҳаллий маҳсулотнинг экспорт ҳажмини оширишга қўмаклашиш ва унинг географиясини кенгайтириш;
миллий иқтисодиётимизнинг устувор тармоқларига чет-эл инвестицияларини ва илғор технологияларни жалб этишга кўмаклашиш;
чет эллик туристларни жалб этишга ва Ўзбекистон Республикасининг туристик индустриясини ривожлантиришга кўмаклашиш;
халқаро транспорт коммуникациялари ва логистик инфратузилмалари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда чуқурлаштиришни қўллаб-қувватлаш.
4.1.3. Олий Мажлиснинг халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятида қуйидагиларни назарда тутган ҳолда фаол иштирок этиши:
парламентлараро ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга жалб этилган давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни;
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни;
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва бу борада давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштиришни;
хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатларини, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш юзасидан ҳамкорлик қилиш ҳамда тажриба алмашишни.
4.1.4. Хорижий мамлакатларнинг қонун ижодкорлиги жараёнини ўрганиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш:
Ўзбекистон Республикаси билан шерик мамлакатлар ўртасида қонун ижодкорлиги фаолияти соҳасидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишни;
хорижий мамлакатлар қонунчилигининг қиёсий таҳлилини тизимли равишда амалга оширишни;
хорижий мамлакатларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги илғор тажрибасини миллий қонунчиликка имплементация қилишни;
қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш юзасидан хорижий мамлакатлар тажрибасидан самарали фойдаланиш асосида қонун ҳужжатларини тайёрлаш сифатини оширишни.
4.1.5. Бошқа давлатлар парламентларининг илмий-эксперт ва ахборот-таҳлил хизматлари билан қуйидагиларни назарда тутувчи ҳамкорлик тизимини такомиллаштириш:
бошқа давлатлар парламентларининг таҳлилий хизматлари билан яқин алоқалар ўрнатишни;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти салоҳиятини оширишни;
Олий Мажлиснинг қонун ижодкорлиги фаолиятини илмий-экспертлик ва ахборот-таҳлил жиҳатдан таъминлаш соҳасидаги тажриба алмашинувини фаоллаштиришни.
4.1.6. Халқаро ҳамжамиятни амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида хабардор қилиб бориш, бунда Ўзбекистон Республикаси билан шерик мамлакатларни ҳамда халқаро ҳамжамиятни мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳақида хабардор қилишнинг самарали тизими яратилишини назарда тутиш.
4.1.7. Ўзбекистон Республикасининг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий курсга оид стратегик устуворликлар, мақсад ва вазифалар борасидаги ташаббусларини халқаро майдонда илгари суриш.
4.1.8. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, шунингдек ватандошларни қўллаб-қувватлаш, бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий базасини модернизация қилишни ва унинг механизмини ишлаб чиқишни назарда тутиш.
4.1.9. Қуйидагиларни назарда тутувчи халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш:
давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг ҳамда уларнинг мансабдор шаҳсларининг Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг асосий йўналишларини амалга ошириш билан боғлиқ фаолияти устидан тизимли парламент назоратини ўрнатиш;
Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига даҳлдор ташқи сиёсий жараёнларига нисбатан Олий Мажлиснинг ёндашуви ҳақида халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш мақсадида Олий Мажлиснинг тегишли қарорларини қабул қилиш амалиётини жорий этиш;
Марказий Осиё минтақасида мавжуд бўлган ёки юзага келаётган давлатлараро муаммоларни халқаро ҳуқуқий механизмлардан, шу жумладан превентив дипломатия чораларидан фойдаланиш орқали ўз вақтида ҳал этиш;
парламент дипломатияси ресурсидан фойдаланган ҳолда Марказий Осиё минтақасини хавфсизлик ва барқарор ривожланиш ҳудудига айлантиришга кўмаклашиш.
V. Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатиясини амалга ошириш механизмлари
5. Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси Олий Мажлис томонидан қуйидаги чоралар ва механизмлар асосида, тизимли ёндашув орқали амалга оширилади:
5.1. Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятини қонунчилик жиҳатидан таъминлаш.
5.2. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ратификация қилиш, уларга қўшилиш ва уларни денонсация қилиш.
5.3. Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги қонунчилиги амалга оширилиши, халқаро муносабатларни ривожлантиришга доир дастурлар ва режалар ижроси устидан парламент назоратни амалга ошириш, шу жумладан чет давлатларнинг дипломатик ва бошқа вакилларини эшитиш орқали амалга ошириш.
5.4. Халқаро мажбуриятлар мониторингини амалга ошириш, шу жумладан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий ҳаракат режаларини («йўл хариталари»ни) тасдиқлаш.
5.5. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига кўра тайинлаш ва озод этиш.
5.6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва бошқа ваколатхоналари билан ҳамкорлик қилиш.
5.7. Чет давлатлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича йиллик дастурларни қабул қилиш ва уларнинг ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш.
5.8. Бошқа давлатларнинг парламентлари ва ҳалқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмаларни ташкил этиш ҳамда улар фаолиятининг самардорлигини ошириш.
5.9. Халқ дипломатиясининг воситаларидан фойдаланиш, шу жумладан парламентлараро мулоқот жараёнига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш.
5.10. Бошқа давлатларнинг парламентлари халқаро парламент гуруҳлари ва халқаро парламент ташкилотлари, шу жумладан Парламентлараро Иттифоқ, ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тилли давлатларнинг Парламент Ассамблеяси, Европа парламенти билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш.
5.11. БМТнинг устав ва шартномавий органлари, халқаро ташкилотлар ва институтлар билан алоқаларни кенгайтириш.
5.12. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга, чет эл инвестицияларини жалб қилишга ва бошқа масалаларга бағишланган халқаро конференциялар, учрашувлар ҳамда форумлар ўтказиш режаларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ҳар йили ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
5.13. Минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш учун превентив дипломатия усулларини қўллаш.
5.14. Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини таъминлашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси атрофида хавфсизлик, яхши қўшничилик ва барқарорлик камарини яратиш учун кўмаклашишга қаратилган ташқи сиёсий ташаббусларни илгари суриш.
5.15. Парламентлараро дипломатияда ахборот технологияларидан ва «электрон парламент» тизимидан фаол фойдаланиш.
5.16. Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш мақсадида парламент делегацияларининг расмий ташрифларини ташкил этиш, халқаро форумларда иштирок этиш.