Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамини юксак ташкилий ва ғоявий даражада ўтказиш, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ва Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш ҳамда «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари дастуридан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказишга доир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган тадбирларни ташкиллаштириш бўйича Ишчи гуруҳ 1-иловага* мувофиқ таркибда тузилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда — чора-тадбирлар режаси) 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*1-2 иловалар берилмайди.
3. Ишчи гуруҳ (А. Саидов) зиммасига:
чора-тадбирлар режасида назарда тутилган вазифалар ўз вақтида амалга оширилишининг боришини тизимли равишда мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ва комиссияларнинг чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажаришларини мувофиқлаштириб бориш;
чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижросининг бориши устидан доимий назорат ўрнатиш мақсадида ишчи гуруҳ йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашига бу борада олиб борилаётган ишлар юзасидан доимий равишда маълумот киритиб бориш вазифалари юклатилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари:
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан сайлов округларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 декабрь куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги ПҚ-4926-сонли қарори ҳамда мустақиллик йилларида олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар ва уларнинг жамият фаровонлигини таъминлашда ҳамда одамлар ҳаётини яхшилашда тутган ўрни ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишларини олиб борилишини ташкил этиш;
ҳудудларда амалга ошириладиган тадбирларга партия фаоллари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларини кенг жалб этиш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Кадиров ва Девони раҳбари М. Миралимов Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами муносабати билан Қонунчилик палатаси томонидан ўтказиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб бориш чораларини кўрсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидовнинг зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 7 январь,
682-IV-сон