Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида
Жаҳон майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасида ташқи сиёсий фаолиятни амалга ошириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакат минтақаларига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларида парламентнинг ролини янада ошириш, шунингдек ушбу соҳада парламент назоратини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари лавозими киритилсин.
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, шунингдек бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм соҳасидаги фаолияти мувофиқлаштирилишини, дастурлари ва иш режалари ижроси назорат қилинишини, улар раҳбарларининг ва масъул шахсларининг ҳисоботлари мунтазам эшитиб борилишини ташкил этиши белгилаб қўйилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси этиб қайта ташкил этилсин.
3. Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг марказда ва жойларда амалга оширилиши, шунингдек ушбу соҳадаги халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиниши устидан тизимли парламент назоратини амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, юртимизнинг туристик ва инвестициявий жозибадорлиги ҳақида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборотни етказиш;
халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари юзасидан мунтазам равишда парламент эшитувлари ўтказиш ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, шунингдек бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари ва мансабдор шахсларининг ахборотини эшитиб бориш;
халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм соҳасида тизимли таҳлил ўтказиш, аниқ мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва киритиш;
халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм соҳасидаги норматив-ҳуқуқий, шунингдек шартномавий асосларни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти концепциясининг қоидаларига мувофиқ давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини янада ошириш, унинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олиши, Ўзбекистон теварагида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик маконини яратиш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий хавфсизлиги ва манфаатлари таъминланишига кўмаклашиш борасидаги фаолиятда иштирок этиш.
4. Белгилаб қўйилсинки,
Қўмита аъзолари мамлакат минтақаларидаги ишлар ҳолатининг ўрганилишидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ҳамда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига халқаро муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва республика минтақаларига инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек туризмни ривожлантириш масалалари юзасидан Сенат аъзосининг сўровларини юборадилар;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг Сенат аъзоси сўровларига жавоблари Қўмита мажлисида тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарларини таклиф этган ҳолда кўриб чиқилади, зарур ҳолларда эса, Сенат Кенгаши муҳокамасига киритилади;
парламент эшитувлари ҳамда тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборотини, шу жумладан парламент сўровлари муносабати билан ўтказиладиган эшитувлар ва ахборотларни эшитиш якунлари бўйича Сенат белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси миллий қонун ҳужжатлари ва халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларининг ижро этилишини, давлат дастурларининг амалга оширилишини янада такомиллаштириш масалалари, шунингдек мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш юзасидан асослантирилган таклифлар киритади.
5. Мазкур Қарорнинг қоидаларини амалга ошириш мақсадида Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасига Қўмита раиси ва унинг халқаро муносабатлар масалалари ҳамда ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари бўйича икки нафар ўринбосари раҳбарлик қилиши назарда тутилсин.
6. Сенат қўмиталари бир ой муддатда қўмиталарнинг вазифалари, функциялари ва фаолиятини ташкил этиш тартибини назарда тутувчи қўмиталар тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва Сенат Кенгаши муҳокамасига киритсин.
7. Сенат Кенгаши Сенат қўмиталарининг ташкил этилаётган ва ўзгартирилаётган лавозимларига номзодлар бўйича масалани кўриб чиқсин.
8. Мазкур Қарорнинг қоидаларидан келиб чиққан ҳолда, Сенат девони Халқаро алоқалар бўлимига қўшимча 3 та бошқарув ходими штат бирлиги ажратилсин ва унинг янги тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 13 декабрь,
СҚ-130-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 13 декабрдаги СҚ-130-III-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девонининг Халқаро алоқалар бўлими
ТУЗИЛМАСИ
|
|
Бўлим мудири (1) |
|||||||||||||||||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Бўлим мудирининг ўринбосари (1) |
||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Катта референт (2) |
Референт (1) |
I тоифали иш юритувчи котиб (1) |
||||||||||||||||||||||||||||||||
Жами ходимлар сони 6 та, шундан бошқарув ходимлари сони 5 та.