Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
2016 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида
Меҳнат бозорининг прогнози ва эҳтиёжларини, шунингдек иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини, мамлакат ҳудудларини ривожлантириш дастурларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2016 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури (бундан буён матнда Дастур деб юритилади) ишлаб чиқилди.
Дастурнинг мақсади саноатни, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, инвестициялар, иқтисодиёт тармоқларини маҳаллийлаштириш, модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш, тўхтаб қолган корхоналарни ишга тушириш дастурларини рўёбга чиқариш орқали иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир комплекс ҳамда ўзаро боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат.
Дастурни бажариш доирасида меҳнат бозорида муҳим тадбирларни амалга ошириш, хусусан, ишсизларга, таълим муассасалари (касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари) битирувчиларига, меҳнат мигрантларига, хотин-қизларга, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига ишга жойлаштириш борасидаги хизматларни кўрсатиш давом эттирилади.
Бундан ташқари, Дастурни рўёбга чиқариш учун мақсадли дастурлар доирасида, шу жумладан кичик саноат зоналарини яратиш, қурилиш ишларини ва инфратузилмани ривожлантириш, тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан бандликни таъминлаш, иш ўринларини банд қилиб қўйиш натижасида иш ўринларини ташкил этишнинг йўналишларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузурида Дастурни бажариш масалалари юзасидан махсус ишчи комиссиялар тузиш орқали Дастурни мониторинг қилишнинг ҳамда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисидаги маълумотлар ишончлилигини таъминлашнинг транспарент механизмлари устуворликлар сифатида жорий этилмоқда.
Иш ўринларини ташкил этишга қаратилган вазифаларни изчил амалга ошириш, ҳудудларнинг ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг имконияти ва захираларидан фойдаланиш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 9-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йил 16 ноябрдаги «2016 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида»ги 286-II-сонли Қарори маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган Дастур тасдиқлансин (илова қилинади*).
* Илова берилмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дастурни амалга ошириш мақсадида:
ҳудудлар ва йўналишлар кесимида 2016 йилда 396 877 иш ўрнини ташкил этиш ва 595 872 кишининг бандлигини таъминлаш, жами 992 749 кишини иш билан таъминлаш, шу жумладан 511 500 нафар таълим муассасалари битирувчиларини ва 148 300 нафар қайтиб келган меҳнат мигрантини ишга жойлаштириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин;
2016 йилга мўлжалланган саноатни, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, инвестициялар, иқтисодиёт тармоқларини маҳаллийлаштириш, модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш, тўхтаб қолган корхоналарни ишга тушириш дастурларини рўёбга чиқариш ҳисобига муқим иш ўринлари яратилишини таъминласин;
кичик бизнес ролини оширсин, иш ўринлари ташкил этилаётганда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантирсин ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ оилавий тадбиркорликни, анъанавий миллий ҳунармандчилик турларини ривожлантириш ҳисобига аҳолининг бандлигини таъминласин;
таълим муассасалари, айниқса касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг бандлигини таъминлашга қаратилган, шу жумладан муайян корхоналарга (иш берувчиларга) бириктириш, касб-ҳунар коллежлари, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида уч томонлама шартномалар шартларига риоя қилиш самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин;
2016 йилда тегишли ҳудудларда Дастурнинг асосий йўналишлар, туманлар, шаҳарлар ва аниқ корхоналар кесимидаги параметрлари бажарилишини таъминласин;
амалдаги иш ўринлари камайишининг сабабларини пухта ўрганишга, шунингдек аввал ташкил этилган иш ўринларини ва уларнинг самарадорлигини сақлашга қаратилган тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ташкил этсин;
статистика, солиқ ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органларининг ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда Дастур бажарилишининг мунтазам мониторинг қилинишини, шу жумладан Дастурни амалга ошириш натижалари ҳисобга олинишини ташкил этсин;
йилнинг ҳар чорагида Дастур бажарилишининг бориши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
4. Иш ўринлари яратилишини ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш ҳамда бунинг самарадорлиги ва барқарорлиги:
инвестиция дастурларининг, саноатни, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш дастурларининг параметрларидан келиб чиқиб, мақсадли дастурларга киритилган объектлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти, хўжалик бошқаруви органлари ва йирик корхоналар билан ҳамкорликда;
қурилиш саноатини, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурлари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан тегишли вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар билан ҳамкорликда;
молиявий жиҳатдан ночор корхоналарни хусусийлаштириш ва соғломлаштириш дастурлари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан;
якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш бўйича — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан;
тижорат банклари томонидан молиялаштирилиши назарда тутилган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳалари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан;
деҳқон ва фермер хўжаликларида маҳсулотни ишлаб чиқариш дастурлари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан;
касаначиликни, ҳунармандчиликни ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ва «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан таъминланиши белгилаб қўйилсин.
Умумий мувофиқлаштириш ва Дастур бажарилишининг бориши тўғрисидаги ахборотларни тўплаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги зиммасига юкланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (Ф. Муллажонов) тижорат банклари билан ҳамкорликда асосан меҳнат бозорида вазият кескин бўлган олис қишлоқ туманларида иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутувчи лойиҳаларни молиялаштириш учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига кредит ресурслари кўпайтирилишини таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари Дастурнинг иш ўринларини ташкил этишнинг тегишли ҳудудий параметрларини бажаришга доир қисми қай тарзда бажарилаётганлигини ўз сессияларида йилнинг ҳар чорагида муҳокама этиб борсин.
7. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ижро этилишини таъминлаш учун юборилсин.
8. Ушбу Қарорнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси (З. Низамходжаев) ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Ф. Умаров) зиммасига юклатилсин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2015 йил 3 декабрь,
СҚ-63-III-сон