Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Қўшма қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) инсон ҳуқуқлари таъминланиши устидан парламент назоратини амалга ошириш борасидаги ролини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур Қўшма қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашининг 2021 йил 24 декабрдаги 1690-IV/КҚ-294-IV-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Қўшма қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини самарали амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) инсон ҳуқуқлари таъминланиши устидан парламент назоратини амалга ошириш борасидаги ролини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолияти тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Кадиров ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклатилсин.
3. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 30 ноябрь,
2933-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2019 йил 30 ноябрь,
КҚ-640-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 30 ноябрдаги 2933-III/КҚ-640-III-сонли Қўшма қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолияти тўғрисидаги
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) (бундан буён матнда Вакил деб юритилади) қамоқда сақлаш жойларида, шунингдек ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда (бундан буён матнда қамоқда сақлаш жойлари деб юритилади) қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Вакил қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормаларига амал қилади.
3. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, адолат, демократиклик, инсонпарварлик, ошкоралик, ҳар бир киши учун очиқликдир.
4. Вакил қамоқда сақлаш жойларини мунтазам бориб кўриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.
II. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолияти
5. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасида қонунлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишга доир таклифларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари кўриб чиқиши учун киритиш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари ҳақида қамоқда сақлаш жойларида сақланаётган шахсларнинг ва қамоқда сақлаш жойлари маъмурияти ходимларининг билими ҳамда хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини кўриш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасидаги инсон ҳуқуқлари, эркинликларива қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш воситалари, усуллари ҳамда механизмларини ўргатишга қаратилган маърифий ва таълим дастурларни ишлаб чиқишда, илмий-амалий тадбирлар ҳамда семинарларни амалга ошириш чора-тадбирларини кўриш;
Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятига кўмаклашувчи эксперт гуруҳи фаолиятида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштироки учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилиши тўғрисида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ва хорижий институтларнинг хабардорлигини ошириш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасидаги хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганишга доир тадбирлар ташкил этиш, уни Ўзбекистон Республикаси шароитида жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолияти масалалари юзасидан маърузалар тайёрлаш ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига киритиш;
Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолияти тўғрисидаги ахборотдан манфаатдор шахслар, шунингдек оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиши учун имконият яратиш.
6. Вакил қамоқда сақлаш жойларига борганида:
қамоқда сақланаётган шахслар сони ҳақида ахборот олади;
қамоқда сақланаётган шахсларнинг сақланиш шароитларини ва уларга қилинаётган муомалани ўрганади;
қамоқда сақланаётган шахслар билан, шунингдек қамоқда сақлаш жойларининг маъмурияти ходимлари билан учрашувлар ҳамда суҳбатлар, шу жумладан холи учрашувлар ва суҳбатлар ўтказади. Бунда мазкур учрашувлар ҳамда суҳбатлар жараёнининг баённомасини тузилади, зарур бўлганда, техника воситаларидан фойдаланилади;
шахснинг қамоқда сақланиши қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишади ва уларнинг кўчирма нусхаларини олади;
қамоқда сақланаётган шахс тиббий текширувдан ўтказилишини, унга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатилишини қамоқда сақлаш жойларининг маъмуриятидан талаб қилади, мазкур тадбирлар ўтказилаётганда унинг розилиги билан ҳозир бўлади;
қамоқда сақлаш жойлари маъмурияти раҳбариятидан қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари юзасидан изоҳлар олади;
қамоқда сақлаш жойлари маъмуриятининг ноқонуний ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш бўйича зудлик билан чоралар кўради;
қамоқда сақланаётган шахсларнинг сақланиш шароитлари тўғрисида хулоса тузади ва уни тегишли ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга юборади;
тегишли давлат органларининг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш юзасидан уларга тавсиялар ва таклифлар киритади.
III. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятига кўмаклашувчи эксперт гуруҳи
7. Вакил ўз фаолиятига кўмаклашиши учун жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган ўн беш аъзодан иборат Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятига кўмаклашувчи эксперт гуруҳини (бундан буён матнда Эксперт гуруҳи деб юритилади) ташкил этади.
8. Эксперт гуруҳининг таркиби, қоида тариқасида, ҳуқуқшунослик, тиббиёт, психология, педагогика соҳаларида, шунингдек бошқа соҳаларда касбий ва амалий билимларга эга бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари орасидан шакллантирилади.
9. Эксперт гуруҳи аъзолигига номзодлар Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия мажлисида муҳокама этилади. Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия фикрларини инобатга олган ҳолда Вакил Эксперт гуруҳининг таркибини тасдиқлайди.
10. Йигирма беш ёшга тўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшайдиган, зарур профессионал ва амалий билимларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Эксперт гуруҳининг аъзоси бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг:
судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки қонунда белгиланган тартибда олиб ташланмаган;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган;
наркология ёки психоневрология диспансерида ҳисобда турган фуқароси Эксперт гуруҳининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
11. Эксперт гуруҳининг аъзоси қуйидаги ҳолларда вазифасидан муддатидан илгари озод этилади:
ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ариза берганда;
Эксперт гуруҳи мажлисларига узрли сабабсиз кетма-кет уч марта келмаганда;
вафот этганда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда ёки доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетганда;
зиммасига юкланган вазифаларни мунтазам бажармаганда.
Эксперт гуруҳининг аъзосини муддатидан илгари вазифасидан озод қилиш тўғрисидаги қарор Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия билан келишилган ҳолда Вакил томонидан қабул қилинади.
12. Эксперт гуруҳининг ваколатлари муддати уч йил. Ваколатлари муддати тугагач, Эксперт гуруҳининг янги таркиби шакллантирилади. Эксперт гуруҳининг аъзоси кўпи билан кетма-кет бир марта кейинги муддатга тавсия этилиши мумкин.
Эксперт гуруҳи ишининг ташкилий шакли унинг йил чорагида камида бир марта ўтказиладиган мажлисларидир.
13. Эксперт гуруҳи:
календарь йил давомида бориб кўрилиши лозим бўлган қамоқда сақлаш жойларини Вакилнинг фаолияти режасига киритиш бўйича таклифлар киритади;
Вакил, Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятига кўмаклашувчи эксперт гуруҳи аъзолари ва сектор ходимлари қамоқда сақлаш жойларини борганда ахборот тўплаш ва уни таҳлил қилиш ҳамда эксперт баҳолаш масалалари бўйича методологик базани шакллантиришга ва такомиллаштиришга кўмаклашади;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисида қамоқда сақлаш жойларида сақланаётган шахсларнинг ва қамоқда сақлаш жойлари маъмурияти ходимларининг билими ҳамда хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш ҳамда ўтказишда иштирок этади;
тегишли давлат органларига киритиш учун уларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича тавсиялар ва таклифлар тайёрлашда кўмаклашади;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасида қонунлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
хорижий мамлакатларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасидаги тажрибасини ўрганишда, шунингдек уни Ўзбекистон Республикаси шароитида жорий этишда иштирок этади;
Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятига кўмаклашувчи секторида тегишли лавозимларга тайинланадиган номзодлар бўйича таклифлар тайёрлайди.
Вакил томонидан белгиланадиган бошқа вазифаларни бажаради.
14. Вакил:
Эксперт гуруҳи аъзоларининг вазифаларини белгилайди;
қамоқда сақлаш жойларини бориб кўриш бўйича ҳар бир тадбир якунлари тўғрисида Эксперт гуруҳини хабардор қилади;
Эксперт гуруҳининг тавсиялари ва таклифлари бажарилиши жараёни ҳақида уни хабардор қилади;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Эксперт гуруҳи муҳокамасига киритади;
Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолияти масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига киритиш учун тайёрланган маърузасини Эксперт гуруҳи муҳокамасига киритади;
Эксперт гуруҳи аъзоларини қамоқда сақлаш жойларига бориш билан боғлиқ фаолиятга жалб этади.
15. Эксперт гуруҳининг фаолиятини ташкилий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Вакилнинг Котибияти томонидан амалга оширилади.
IV. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятига кўмаклашувчи сектор
16. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятига амалий жиҳатдан кўмаклашиш учун унинг Котибияти тузилмасида Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятига кўмаклашувчи сектор (бундан буён матнда Сектор деб юритилади) ташкил этилади.
17. Сектор ходимларининг функционал вазифалари Вакил томонидан тасдиқланади. Сектор ходимларини лавозимга тайинлаш ва уларни лавозимидан озод этиш Вакил томонидан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
18. Секторда бўш турган лавозимлар мавжуд бўлган тақдирда, улар пайдо бўлган кундан эътиборан уч кунлик муддатда тегишли ахборот Вакилнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
V. Эксперт гуруҳи аъзолари ва Сектор ходимларининг қамоқда сақлаш жойларига бориши
19. Эксперт гуруҳи аъзолари ва Сектор ходимларининг қамоқда сақлаш жойларига бориши Вакил томонидан берилган, қамоқда сақлаш жойларига монеликсиз кириш ҳуқуқини берувчи махсус йўлланма асосида амалга оширилади.
20. Қамоқда сақлаш жойларининг маъмурияти Эксперт гуруҳи аъзоларига ва Сектор ходимларига Вакил томонидан улар зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда зарур шарт-шароитларни яратади.
21. Қамоқда сақлаш жойларига бориш якунлари бўйича Эксперт гуруҳи аъзолари ва Сектор ходимлари томонидан имзоланадиган ҳисобот тайёрланади. Ҳисоботда қамоқда сақлаш жойларида сақланаётган шахсларнинг сақланиши шароитларига доир эксперт баҳоси кўрсатилиши керак. Ҳисобот мазмуни юзасидан фикр-мулоҳазалар ёки қўшимчалар мавжуд бўлган тақдирда, Эксперт гуруҳи аъзолари ёки Сектор ходимлари уларни ҳисоботга илова қилиши мумкин.
22. Эксперт гуруҳи аъзолари ва Сектор ходимлари давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни, шунингдек зиммасига юкланган вазифаларни бажариши туфайли ўзларига маълум бўлиб қолган махфий ахборотни ошкор этмаслиги шарт.
23. Вакил томонидан қамоқда сақлаш жойларида ахборот тўплаш ва таҳлил қилиш ёки эксперт баҳолаш топширилган Эксперт гуруҳи аъзолари ва Сектор ходимлари ушбу ҳаракатлари учун таъқиб қилиниши ёки уларнинг ҳуқуқлари бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
24. Эксперт гуруҳи аъзосида ёки Сектор ходимида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар, яъни шахсий манфаатдорлик (бевосита ёки билвосита) у ўз вазифаларини тегишли даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар юзага келса ҳамда бунда шахсий манфаатдорлик ва қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари (қонуний манфаатлари) ўртасида зиддият юзага келса ёки юзага келиши мумкин бўлса, у бу ҳақда Вакилни дарҳол хабардор этиши шарт. Бундай ҳолда Вакил Эксперт гуруҳи аъзосини ёки Сектор ходимини қамоқда сақлаш жойларига бориш билан боғлиқ тадбирда иштирок этишдан четлаштириши мумкин.
VI. Якунловчи қоидалар
25. Вакил қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир ўз фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва амалий жиҳатларини янада ривожлантириш юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
26. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятини моддий ва бошқача тарзда таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда бу Вакил Котибиятининг харажатларида алоҳида сатрда назарда тутилади.
27. Ушбу Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Сенати Кенгашининг Қўшма қарори билан киритилади.