Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р.Ҳ. Қодировнинг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни таъкидлайдики, прокуратура органлари томонидан ҳисобот даврида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг профилактикаси юзасидан муайян ишлар амалга оширилган.
Прокуратура органлари томонидан назорат фаолиятини амалга оширишда асосий эътибор иқтисодиётни эркинлаштириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, банклар томонидан нақд пул маблағлари ва кредитлар ўз вақтида берилишини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоялашга, қишлоқ хўжалигида ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга йўналтирилган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижро этилишини, шунингдек Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2005 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи юзасидан қабул қилган Қарор ижросини таъминлашга қаратилган.
Мазкур соҳаларда аниқланган қонунбузарлик ҳоллари прокурор назорати ҳужжатлари воситасида бартараф қилиниб, қонунийликни таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари кўрилган.
Қонунларнинг ижро этилиши устидан прокурор назоратини амалга ошириш жараёнида ўтказилган 31742 та текшириш натижасида 21348 та ҳуқуқий ҳужжат прокурорлар протестлари асосида қонунга мувофиқлаштирилган, қонунни бузиш билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этиш юзасидан 37972 та тақдимнома киритилган, 84127 нафар мансабдор шахс қонунбузишларга йўл қўймаслик хусусида огоҳлантирилган, 128077 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган. Етказилган моддий зарарнинг 5,5 млрд. сўми айбдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда қопланган, 164,7 млрд. сўмлик моддий зарарни ундириш бўйича судларга 60346 та даъво аризаси берилган, 6182 та жиноят иши қўзғатилган.
Зарарларнинг ўрнини қоплаш юзасидан ихтиёрийлик асосида ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судларга ва хўжалик судларига прокурорлар томонидан берилган аризалар бўйича ундирилган, шунингдек жиноят ишлари бўйича ундирилиши таъмин этилган жами сумма миқдори 185,3 млрд. сўмни ҳамда 33,2 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
2006 йил «Ҳомийлар ва шифокорлар йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурини амалга оширишга йўналтирилган қонунлар ижросини назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ходимлар меҳнатига ҳақ тўланишига оид қонун ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ижро этилиши текширилганда мансабдор шахсларнинг айби билан 949 млн. сўмлик ноқонуний тўловлар тўланганлиги, жами 340 млн. сўмлик моддий маблағлар талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланишини янада қисқартиришга тааллуқли қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида самарали ишлар қилинган. Хусусан, депозит ҳисобварақларидаги нақд пул маблағларини мижозларнинг биринчи талаби бўйича беришда айрим тижорат банкларининг мансабдор шахслари ва масъул ходимлари томонидан қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларига йўл қўйилганлиги аниқланиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилган.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари оғишмай ижро этилиши устидан назоратни таъминлашга алоҳида эътибор берилган. Тадбиркорлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва уларнинг ҳуқуқларини камситганлик учун мансабдор шахсларни қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортиш юзасидан изчиллик билан чоралар кўрилган.
Қонунларга риоя этилиши юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан назорат қилувчи идоралар мансабдор шахсларининг масъулиятини ошириш мақсадида ҳисобот даврида прокурорлар томонидан тегишли таъсир чоралари қўлланилган.
Хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда фуқароларнинг газ ёки электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланишининг олдини олишга, шунингдек уларнинг газдан ва электр энергиясидан фойдаланганлик учун тўловлар тўлашнинг белгиланган тартибига риоя этишини таъминлашга қаратилган текширишлар якунларига биноан, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш мақсадида 18 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари чиқарилган, 12075 нафар мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари етказилган зарарнинг 574,5 млн. сўми айбдор шахслардан ихтиёрийлик асосида ундирилган, судларга жами 5,2 млрд. сўм ундириш юзасидан 5484 та даъво аризаси берилган. Қонунни қўпол равишда бузганлик билан боғлиқ ҳоллар бўйича 186 та жиноят иши қўзғатилган.
Газ ва электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолларининг олдини олиш дастури ижроси натижалари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида идоралараро йиғилишда, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва давлат назорат инспекциялари раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиниб, мазкур масала юзасидан тегишли тавсиялар берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган қонунлар ижросини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2004 йил 11 мартда чиқарилган ПФ-3406-сонли Фармони ижросига доир тадбирлар изчиллик билан амалга оширилган. Бунда асосий эътибор фермерларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, ер участкалари ажратиш ва улардан фойдаланишда қонунларнинг бузилиши ҳолларига барҳам беришга, шартнома интизомини қатъий таъминлашга қаратилган.
Қишлоқ хўжалиги ерларидан қариндош-уруғчилик ва ошна-оғайнигарчилик негизида қонунга хилоф тарзда фойдаланиш ҳолларини аниқлаш ҳамда уларни барҳам топтириш тадбирлари мобайнида 18 минг гектардан ортиқ экин майдонларидан ноқонуний ва белгиланмаган мақсадда фойдаланилганлиги ҳоллари аниқланган, кўрилган чоралар натижасида ана шу экин майдонлари қонуний эгаларига қайтарилган. Бу тахлит суиистеъмолликларга йўл қўйган 129 нафар мансабдор шахсга нисбатан чоралар кўрилган. Аммо фермер хўжаликларига ер участкалари, кредитлар, техника ва минерал ўғитлар ажратишда тамагирлик ҳоллари учраб қолаётганлиги бу соҳада амалга оширилаётган прокурор назоратидаги камчиликлардан далолат беради.
Вояга етмаганларнинг ижтимоий ҳимояси ва таълим-тарбиясига оид, шунингдек мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга ҳамда ажратилаётган бюджет маблағларининг белгиланган мақсадда ишлатилишига тааллуқли қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг ижроси аҳволи прокуратура органлари томонидан вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар билан ҳамкорликда ўрганилган. Текширув натижалари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг идоралараро йиғилишида муҳокама қилинган. Бу борада йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш ҳамда мавжуд имкониятлардан янада тўлароқ фойдаланиш учун тегишли тадбирлар белгилаб олинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бу йўналишда ҳамкорликни кучайтириш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилган. Жумладан, мувофиқлаштирувчи кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан 2006 йилда ўтказилган йиғилишларида жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш билан боғлиқ ўнга яқин масала муҳокама қилинган.
2006 йилда оғир ва ўта оғир жиноятларнинг, жумладан қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, ўғрилик, автотранспорт воситаларини олиб қочиш жиноятларининг, шунингдек доимий иш ва ўқиш жойи бўлмаган шахслар томонидан содир этилган жиноятларнинг сони 2005 йилга нисбатан камайганлиги қайд этилди.
Прокурор назоратини амалга оширишда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг жиноий қилмишларини барҳам топтиришга алоҳида эътибор берилди. 2006 йилда 5161 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилди ва уларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Шу билан бирга 58,2 млрд. сўм ва 33,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги моддий зарар дастлабки тергов мобайнида қопланган.
Дастлабки терговни ўтказишда «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 2001 йил 29 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига оғишмай риоя этилишига алоҳида эътибор қилинди. Чунончи, аксарият жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов қонунда белгиланган уч ойлик муддатда тугалланди. Бунда фақат 50 та жиноят иши бўйича тергов муддатлари узайтирилган, холос.
Аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг мазмун ва моҳиятини тушунтириш мақсадида, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг профилактикасини кўзлаб прокуратура органлари томонидан 105 мингдан ортиқ тадбир ўтказилган. Масалан, оммавий ахборот воситаларида 19 мингга яқин мақола чоп этилган, ҳуқуқий мавзуларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилган.
Ҳисобот йилида кадрларни оқилона тарзда танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларни тарбиялаш ҳамда малакасини ошириш мақсадида прокурор-тергов ходимларининг иш жойлари вақти-вақти билан ўзгартириб ва алмаштириб турилган. Хусусан, шундай жараён асносида 272 ходим (149 нафари Департамент ходими) бошқа иш жойига ўтказилган, шулардан 77 нафари пастроқ лавозимларга ўтказилган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботи таҳлили прокуратура органлари фаолиятида айрим камчилик ва нуқсонлар мавжудлигидан ҳам далолат беради. Жиноятчиликка, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига қарши курашувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари олдини олиш, шунингдек фуқароларнинг ариза ва шикоятлари вақтида ҳал этилишини таъминлаш борасидаги фаолият ҳамон етарлича самарадор эмас. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ходимларни профессионал жиҳатдан қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда масъулиятини кучайтириш юзасидан амалга оширилган тадбирлар ўртага қўйилган талабларга мувофиқ эмас. Департамент тизимида жиноятлар ҳақидаги ариза ва хабарларни рўйхатга олиш, кўриб чиқиш ва ҳал этишда жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари нормаларига риоя этилиши масалаларини чуқур таҳлил этиш талаб қилинади.
Айрим ўта оғир жиноятларнинг фош этилмасдан қолаётганлиги жиноятчиликка қарши курашиш билан боғлиқ профилактика тадбирларини амалиётда қўлланиш самарадорлигини ўрганиш юзасидан прокурор назорати кучайтирилишини тақозо этмоқда. Бу гап айниқса жиноятларга барҳам бериш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида амалга оширилаётган чораларга тааллуқли. Хусусан, ҳисобот даври якунларига кўра қасддан одам ўлдириш ёки қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш жиноятларига оид 79 та иш, яъни мазкур турдаги жиноятларнинг 11,8 фоизи очилмаган. 2006 йили рўйхатга олинган жиноятларнинг умумий сони 3,1 фоизга кўпайган. Айрим жиноят турлари, жумладан қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, товламачилик ва талончилик жиноятлари сони анча ортган.
Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга доир қонунларнинг қатъий ижро этилишини таъминлашга оид чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва қуйи турувчи прокуратура органлари томонидан талаб даражасида ишлаб чиқилган деб бўлмайди. Прокуратура органларининг жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларида ҳам самарадорлик етарли эмас.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р.Ҳ. Қодировнинг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Иқтисодиётни эркинлаштириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоялашга, шунингдек қишлоқ хўжалигидаги ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижроси устидан таъсирчан прокурор назоратини таъминлаш прокуратура органлари фаолиятида устувор вазифа деб белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори:
мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашга доир ҳамда қонунларга аниқ ва оғишмай риоя қилиниши устидан олиб борилаётган прокурор назоратининг самарадорлигини янада ошириш юзасидан қўшимча чоралар кўрсин;
аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда иш билан таъминлаш тўғрисидаги, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги, йирик корхоналарнинг касаначилик билан кооперациялашувига оид қонунлар ижроси устидан тизимли назорат амалга оширилишини ташкил этсин;
«Ижтимоий ҳимоя йили» Давлат дастурини амалга оширишга йўналтирилган қонунлар ижроси устидан назоратга алоҳида эътибор берсин;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия билан ҳамкорликда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ижроси устидан назоратни таъминлаш ишларини кучайтирсин;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятчиликка қарши курашиш ва жиноятларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришга, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ шикоятларни ҳал этишнинг қонунийлигига алоҳида эътибор берсин;
аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтирсин;
кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш механизмини янада такомиллаштириш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти тизимида ходимларнинг профессионал тайёргарлик даражасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ушбу Қарорнинг ижро этилиши қандай бораётганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига 2007 йилнинг 1 декабрига қадар ахборот берсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 30 март,
330-I-сон