Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сонли Фармони билан тасдиқланган «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режа»си ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси режалаштирган тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5505-сонли Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси режалаштирган тадбирлар (бундан буён матнда тадбирлар режаси деб юритилади) иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*илова берилмайди.
2. Тадбирлар режасининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари, Девони тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори зиммасига юклатилсин.
3. Тадбирлар ижроси учун масъул этиб белгиланган шахслар режалаштирилган ҳар бир тадбирнинг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг юритилишини, уларнинг амалга оширилиши тўғрисида батафсил ахборот тайёрлаб борилишини ҳамда умумлаштириш учун ҳар ойнинг 25 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтига тақдим этилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти зиммасига тадбирлар режасида назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотни умумлаштириш ва Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича комиссияга ҳар ойнинг 25 санасига қадар тақдим этишни таъминлаш вазифаси юклатилсин.
5. Мазкур Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девони раҳбари М. Миралимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Р. Ҳакимов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 24 август,
1912-III-сон