Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ахборот тарқатиш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири, олий ва ўрта махсус таълим вазири, халқ таълими вазири ҳамда маданият вазири биринчи ўринбосарининг ахборот тарқатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш тўғрисидаги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси шуни таъкидлайдики, мамлакатимизда аҳолининг ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш, жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларнинг самарадорлигини ошириш ва ахборотни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ахборот соҳасидаги таҳдидларга қарши ўз вақтида ва муносиб жавоб қайтаришни ташкил этиш белгилаб қўйилди.
Соҳани замон талабларига мувофиқ тарзда ривожлантириш мақсадида кўрилган зарур чораларга қарамай сўнгги вақтларда ахборот маконидаги ташкилий ишларнинг, айниқса, тарқатилаётган ахборот маҳсулотлари сифатининг тобора пасайиши тенденцияси кузатилмоқда. Интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда ёлғонга асосланган, шов-шув кўтарувчи, ўзгалар шаъни ва қадр-қимматини топтайдиган, фуқароларнинг шахсий ҳаётига дахл қиладиган, айрим ҳолларда очиқ бўҳтондан иборат ахборотлар тарқатилиши одатий ҳолга айланмоқда.
Оммавий ахборот воситаларида энг кўп аудиторияга эга телеканаллар кўпроқ тижорий манфаатларини таъминлаш мақсади боис сифати ва савияси паст, энг ачинарлиси — миллий ўзлигимизга, мафкурамизга тамомила ёт ғояларни илгари сурувчи телесериаллар, дастурларни намойиш этишга оммавий ўтиши ахборот маконининг миллийлик қиёфасини сезиларли даражада ёмонлаштиряпти. Ахборот материаллари ва медиа маҳсулотларини яратиш ҳамда уни тарқатишни ҳуқуқий тартибга солишдаги мавжуд бўшлиқлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишда бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Кейинги пайтларда фуқароларнинг ахборотга оид ҳуқуқлари ва эркинликларини қўпол равишда бузиш, уларнинг шахсий ҳаётларига аралашиш, миллий маданият ва қадриятларни менсимаслик, давлат ҳокимияти институтларига очиқдан очиқ ҳурматсизлик ҳамда ахлоқ меъёрларига зид материалларни тарғиб қилишга қаратилган ҳаракатлар оммавий тус олмоқда.
Энг ёмони, балоғат ёшига етмаган болаларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлгани, ахлоқ қоидаларига зид нолегал ахборотларнинг тарқатилиши тизимли тарзда кучайиб бормоқда. Ёшлар улғайишининг физиологик ва психологик хусусиятларини ҳисобга оладиган бўлсак, улар интернет тармоғи орқали тарқатилаётган бундай салбий ахборотларнинг қурбонига айланиб қолмоқдалар.
Ахборотларни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига оид муносабатларни тартибга солувчи «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари мавжудлигига қарамай уларда белгиланган қоидаларга сўзсиз амал қилишга эришиш, янги оммавий коммуникациялар пайдо бўлганлиги муносабати билан юқоридаги қонунларни четлаб ўтиш учун яралган бўшлиқларни бартараф этишни назарда тутувчи нормаларни ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг, олий ва ўрта махсус таълим вазири, халқ таълими вазири ҳамда маданият вазири биринчи ўринбосарининг тегишли ахборотини эшитиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини қўллаш орқали ахборот тарқатиш соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилиши, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг интернет жаҳон ахборот тармоғининг салбий таъсири, ёшлар тарбиясига хавф солаётган «оммавий маданият»нинг кириб келиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тадбирлар, Халқ таълими вазирлигининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини таъминлаш ҳамда Маданият вазирлигининг аҳоли кенг қатламлари қалби ва онгига мустақиллик, юксак маънавият, инсонпарварлик анъаналарига садоқат, миллий ўзликни англаш ғояларини янада чуқур сингдиришга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирларни ташкиллаштириш борасида амалга ошираётган ишлари етарли даражада эмас, деб топилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
аҳолининг, ахборот соҳаси субъектларининг ҳуқуқий маданиятини оширишда қуйидагиларни назарда тутувчи дастур («йўл харитаси»)ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш:
виртуал муҳитда инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатлари ва ахборот соҳасидаги халқаро шартномаларда белгиланган қоидалар ҳақида кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бориш;
фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришда унинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини яхшилаш, шу жумладан интернет тармоғида махсус майдонлар ташкил этиш орқали ахборот соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик;
махсус ўқув курсларини ташкил этиш орқали давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ахборот хизмати раҳбарлари ва ходимларининг билимларини ошириш. Бунда, ушбу соҳа ходимларини жамоатчилик билан бевосита учрашиш, мулоқот олиб бориш кўникмаларига ўргатиб, бевосита мулоқотлар тайёрлашда замонавий инновацион моделлар, мулоқот маданияти ва одоби кўникмаларига ўқитиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги икки ой муддатда юқорида тилга олиб ўтилган салбий ҳолатларга барҳам бериш, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида соҳага оид тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни белгиланган тартибда киритиш мақсадга мувофиқ деб топилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмалари ва қўмиталарига фаолият йўналишларида тегишли давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда кун тартибидаги масала юзасидан аниқ мақсадларга йўналтирилган, ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга, қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва самарали парламент назоратини ўрнатиш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси:
навбатдаги «Ҳукумат соати»га «Ахборот соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги масалани киритиш чораларини кўрсин;
ахборот соҳасини тартибга солишни халқаро қонунчилик тажрибаси асосида ўрганиб, ахборот коммуникациялари соҳасидаги миллий қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқсин:
ахборот хавфсизлиги, шахс, давлат ва жамиятга етказилиши мумкин бўлган зарардан келиб чиқиб, ошкор этилиши қонун билан таъқиқланган ахборотларни тарқатганлик учун жавобгарлик чораларини такомиллаштириш;
ахборот соҳаси субъектлари фаолиятини янада либераллаштириш ва демократлаштириш, жамоат фикрини шакллантиришда иштирок этувчи оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Кадиров зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 12 сентябрь,
2730-III-сон