Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокимининг
Қарори
Тумандаги транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни 17-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига мувофиқ, транспорт воситаларининг 2020 йилги мажбурий техник кўригини ташкил қилиш мақсадида, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
3. Тумандаги барча транспорт воситалари эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда, ўз вақтида режали жадвал асосида кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилсин.
4. Транспорт воситалари қуйида белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказилсин:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси-шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилсин.
5. Қарорнинг 4-банди «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта — 1 март — 30 июнда;
иккинчи марта — 1 сентябрь — 31 октябрда ўтказилади.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 март — 30 июнда ўтказилади.
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 28 февраль — 31 августда ўтказилади.
6. Транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш бўйича туман комиссияси (Б. Абдуллаев)га:
Транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;
Транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш вазифаси юклатилсин.
7. Белгилансинки, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида»ги 54-сонли қарори 3-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши инобатга олинсин.
8. Транспорт воситалари ДЙҲХХ органлари томонидан техник кўрикдан ўтказилганлиги учун белгиланган тартибда йиғим ундирилади.
9. Туман ички ишлар бўлими (Ў. Асқаров) мажбурий техник кўрик якуни бўйича туман ҳокимлигига ахборот тақдим этсин.
10. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2019 йил 28 февралдаги 1100-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосари Л. Муқимов зиммасига юклансин.
12. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳоким в.в.б М. ЭРГАШЕВ
Шароф Рашидов т.,
2020 йил 11 февраль,
277-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.02.2020 й., 11/20/277/1554-сон)