Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ» ХАЛҚАРО МУСИҚА ФЕСТИВАЛИНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 апрелдаги 354-сонли «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Шарқ мамлакатлари халқлари миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, миллий мусиқа анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида санъатга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, гўзалликни, чин инсоний қадриятларни тараннум этиш, шунингдек, халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Ўзбекнаво» гастроль-концерт бирлашмаси, «Ўзтелерадио» компанияси ва Бастакорлар уюшмаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки:
фестиваль ҳар икки йилда бир марта Самарқанд шаҳрида, биринчиси 1997 йилнинг 25 августидан 2 сентябрига қадар ўтказилади;
фестиваллар оралиғидаги тайёргарлик ишларини мувофиқлаштиришни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги амалга оширади.
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 майдаги 270-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 19-сон, 345-модда)
(1-банднинг биринчи ва тўртинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 6 июлдаги 156-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2005 й., 27-сон, 191-модда)
* 2-3-иловалар берилмайди.
3. Ташкилий қўмита тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда:
фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тадбирлари режасини;
фестиваль бош дирекцияси тузилмаси ва штатлар жадвалини;
фестиваль дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин ҳамда ҳомийлар рўйхатини аниқласин.
4 Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Маданият ишлари вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси билан биргаликда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ЮНЕСКОнинг халқаро маданият тадбирлари режасига киритиш масаласини белгиланган тартибда ҳал қилсин.
5. Тошкент шаҳар ҳокимлигига пойтахтда тўхтаб ўтадиган фестиваль қатнашчиларини кутиб олиш, жойлаштириш ва жўнатишни ташкил этиш топширилсин.
6. Самарқанд вилояти ҳокимлиги:
фестиваль бош дирекциясининг фаолиятини таъминлаш тадбирларини кўрсин;
1997 йил 1 августгача фестиваль тадбирлари ўтказиладиган саҳна майдонлари ва залларни тайёрласин;
шаҳарда тегишли ободончилик ишларини амалга оширсин.
7. «Ўзбектуризм» миллий компанияси:
фестиваль қатнашчилари ва меҳмонлари учун бош дирекция буюртмасига мувофиқ, меҳмонхоналардан жой ажратсин;
хорижий қатнашчилар ва меҳмонлардан яшаш ҳақини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган нархларда суммаларда қабул қилсин.
8. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси фестиваль қатнашчилари ва меҳмонларини бош дирекция буюртмасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тариф асосида сўм ҳисобида авиа ва темир йўл чипталари билан таъминласинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси хорижий иштирокчилар ва уларнинг юкларини божхона, виза ва аэропорт тўловларидан озод этсинлар.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги фестиваль ўтадиган жойларда хавфсизликни таъминласин.
11. «Маҳаллий саноат» корпорацияси ва «Ўзбекенгилсаноат» уюшмаси фестивалга бағишланган совға буюмлари чиқаришни йўлга қўйсинлар, фестивалда иштирок этувчи мамлакатларнинг давлат байроқларини тайёрлаб берсинлар.
12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатларнинг республика бюджетидан ва ҳомийлар ҳисобидан 70:30 нисбатда қопланишини назарда тутган ҳолда маблағ ажратсин ҳамда тегишли маблағларни фестиваль бош дирекцияси ҳисобига ўтказиб берсин.
Белгилаб қўйилсинки, фестиваль иштирокчиларининг келиб-кетиши билан боғлиқ транспорт харажатлари 50 фоиздан 100 фоизгача қопланади.
Ҳомийларнинг фойдадан тўлайдиган солиқ бўйича базаси уларнинг фестиваль ҳисобига ўтказадиган маблағи миқдорига монанд қисқартирилиши назарда тутилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки халқаро фестиваль эҳтиёжлари учун зарур сўмларни эркин муомаладаги валютага айирбошлашни таъминласин.
14. «Ўзавтотранс» корпорацияси, «Тошшаҳарйўловчитранс» уюшмаси ва «Ўзбектуризм» миллий компанияси фестиваль бош дирекцияси буюртмасига мувофиқ транспорт хизмати кўрсатсин
15. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқаро фестиваль иштирокчиларига тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси фестивалга бағишланган реклама нашрларини ўз вақтида чоп этсин.
17. «Ўзтелерадио» компанияси, ЎзА ва бошқа оммавий ахборот воситаларига фестивалга тайёргаликнинг боришини ва ўтказилишини мунтазам ёритиб бориш тавсия этилсин.
18. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И. Жўрабеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 11 март,
132-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 132-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби ҳақида
НИЗОМ
«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали Шарқ мамлакатлари миллий мусиқа санъатининг энг яхши намуналарини кенг тарғиб қилиш, шарқона нафосатли, миллий мусиқий анъаналарни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёшларда санъатга бўлган муҳаббат туйғуларини камол топтириш, ижодий алоқалар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш, тинчлик, дўстлик, ҳамжиҳатлик ғояларини улуғлаш, ўзаро маданий-маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида таъсис этилган.
Фестиваль ҳар икки йилда бир марта Самарқанд шаҳрида ўтказилади.
I. ФЕСТИВАЛЬ ТУЗИЛМАСИ
Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, «Ўзбекнаво» гастроль-концерт бирлашмаси, «Ўзтелерадио» компанияси, бастакорлар уюшмаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг асосий муассисларидир.
II. ФЕСТИВАЛЬ ТАДБИРЛАРИ
Фестиваль доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказилади:
«Энг яхши миллий қўшиқ ижроси» учун танлов;
илмий-ижодий конференция;
гала концерт.
III. ФЕСТИВАЛЬ ШАРТЛАРИ
Фестиваль тадбирларида ҳар бир мамлакатдан жами 9 нафаргача, ижодий делегация (7 кишигача бадиий жамоа, 1 мусиқашунос, 1 фахрий меҳмон) қатнашиши мумкин.
Ижодкорларнинг ўз ҳисобларидан фестивалда иштирок этишлари чекланмайди.
Иштирок этувчилар ташкилий қўмитага белгиланган муддатда мусиқий дастурларини тақдим этадилар. Дастур 30 дақиқадан ошмаслиги ва қуйидаги йўналишлардан иборат бўлиши лозим:
1. Халқ мусиқа ижодиёти намуналари;
2. Мумтоз миллий мусиқий асарлар;
3. Замонавий миллий мусиқий асарлар.
IV. ФЕСТИВАЛНИ ЎТКАЗУВЧИ ТОМОННИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ
Ҳайъат аъзолари ва уларнинг бир нафар ҳамроҳининг фестивалда иштирок этиши билан боғлиқ барча сарф-харажатларини, шу жумладан, фестивалга келиб-кетиш транспорт харажатларини 50 фоиздан 100 фоизгача қоплаш;
Ҳар бир мамлакат учун белгиланган квота доирасида (III-банд) фестиваль иштирокчиларининг меҳмонхонада яшаш, овқатланиш, Ўзбекистон ҳудудида транспортда юриш харажатларини тўлаш.
Зарур ҳолларда тиббий хизмат кўрсатиш.
V. «ЭНГ ЯХШИ МИЛЛИЙ ҚЎШИҚ ИЖРОСИ УЧУН» ТАНЛОВ ШАРТЛАРИ
Танловда профессионал ва ҳаваскор бадиий жамоалар ҳамда яккахон хонандалар қатнашишлари мумкин.
Танлов уч босқичдан иборат бўлади.
Биринчи босқич сараловчи сифатида олдиндан ўтказилади ва унда танловда қатнашишга истак билдирган ижрочиларнинг аудио-видеокассеталарга ёки лазер дискларига ёзилган учта қўшиғи тингланади. Қўшиқлар ижроси 15 дақиқадан ошмаслиги ва илгари бошқа халқаро танловларда ижро этилмаган бўлиши шарт. Аудио-видеокассеталар ижодкорлар томонидан ташкилий қўмитага белгиланган муддатда юборилиши лозим.
Иккинчи ва учинчи босқичларда қўшиқлар «жонли» ҳолда таркиби 7 кишидан ошмаган созандалар жўрлигида ёки — 1 (минус 1) фонограмма ёрдамида ижро этилиши мумкин.
Танловда иштирок этиш учун аризалар кўрсатилган намуна бўйича 1997 йил 30 июнгача қуйидаги манзилга юборилиши шарт:
Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, 700011, Навоий кўчаси, 30, Маданият ишлари вазирлиги.
VI. ХАЛҚАРО ҲАЙЪАТ
Танловни баҳолаш учун 11 кишидан иборат халқаро ҳайъат тузилади.
Қўшиқларнинг ёрқин миллий хусусиятлари, мазмундорлиги, хонандаларнинг юксак ижро маҳорати, кўркам шарқона либоси ва саҳна хатти-ҳаракатлари баҳолашда асосий мезон бўлиб ҳисобланади.
VII. МУКОФОТЛАР
Танлов ғолиблари учун қуйидаги мукофот таъсис этилади:
Гран При 10000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти;
1-мукофот (2 та) ҳар бири 5000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти;
2-мукофот (2 та) ҳар бири 3500 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти;
3-мукофот (3 та) ҳар бири 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти.
Муассислар, ижодий уюшмалар, жамғармалар ва бошқа ташкилотлар махсус мукофот таъсис этишлари мумкин.
Танлов ғолиблари ижросидаги асарлардан иборат лазер дисклари тайёрланади.
Шунингдеқ, ҳар бир қатнашчига махсус диплом берилади.
VIII. КОНФЕРЕНЦИЯ
Фестиваль доирасида «Шарқ халқлари мусиқа санъатининг муштараклиги» мавзуида халқаро илмий-ижодий конференция ўтказилади.
Маърузаларнинг тўла матни ёки тезислари белгиланган муддатда ярим босма табоққача бўлган ҳажмда фестиваль ташкилий қўмитасига юборилади.
Маърузачилар матни махсус тўплам ҳолида нашр қилинади.
Ўзбек, араб, инглиз ва рус тиллари конференциянинг ишчи тиллари ҳисобланади.
|
| |||
| Фамилияси _________________________________________________________ | |||
| Исми _______________________________________________________________ | |||
| Отасининг исми _____________________________________________________ | |||
| Туғилган санаси ______________________________________________________ | |||
| Миллати ____________________________________________________________ | |||
| Жинси ______________________________________________________________ | |||
| Фуқаролиги __________________________________________________________ | |||
| Манзили ____________________________________________________________ | |||
| Ташкилот номи _______________________________________________________ | |||
| Паспорт маълумотлари ________________________________________________ | |||
| Телефон ______________________ | |||
| Факс _________________________ | |||
| Телекс ________________________ | |||
|
КЎРИК-ТАНЛОВ | |||
| | 1-Қўшиқ | 2-қўшиқ | 3-қўшиқ |
| Мусиқа | ________________ | ________________ | ________________ |
| Аранжировка | ________________ | ________________ | ________________ |
| Овоз режиссёри | ________________ | ________________ | ________________ |
|
Мен Самарқанд шаҳрида ўтадиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали кўрик-танлови қоидаларини тан оламан. | |||
| Имзо ___________________ | |||
| Сана ____________________ | |||
| Аризага қуйидагилар илова қилинади: | |||
| Қисқача ижодий таржимаи ҳол; | |||
| 4 дона 13Х18 ўлчамдаги рангли фотосурат ва 2 дона халқаро андоза бўйича слайд. | |||