Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг қурилиши» инвестицция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 мартдаги ПҚ-1943-сонли «Наманган вилоятида 900 МВт қувватга эга бўлган иссиқлик электр станциясини қуриш тўғрисида»ги ҳамда 2015 йил 1 майдаги ПҚ-2342-сонли «Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг қурилиши» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ, шунингдек замонавий генерация қувватларини жорий қилиш ҳисобига Фарғона водийси вилоятлари истеъмолчилари электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида:
1. «Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг қурилиши» инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда — инвестиция лойиҳаси) амалга ошириш доирасида:
зиммасига қурилиш бўйича бош буюртмачи вазифаси юклатилган «Тўрақўрғон ИЭС қурилиши дирекцияси» унитар корхонаси ташкил қилинганлиги;
Тўрақўрғон ИЭС объектлари қурилиши учун Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида ер участкалари ажратилганлиги;
«Тўрақўрғон ИЭС қурилиши дирекцияси» унитар корхонаси маъмурий-маиший корпуси қурилиши бўйича ишлар якунланганлиги, шунингдек Тўрақўрғон ИЭС ёрдамчи муҳандислик-коммуникация тизимларининг қурилиши якунига етаётганлиги;
халқаро тендер савдолари ўтказилганлиги ҳамда уларнинг натижаларига кўра «Тўрақўрғон ИЭС қурилиши дирекцияси» унитар корхонаси ҳамда тендер савдолари ғолиби — «Мицубиши орпоратион» ва «Mitsubishi Hitachi Power Systems, Ltd.» (кейинги ўринларда — хорижий компаниялар консорциуми) компаниялари консорциуми ўртасида 2016 йил 10 ноябрда қиймати 28,965 млрд. япон иэни, 47,46 млн. евро ва 427,219 млн. АҚШ долларига тенг бўлган Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши бўйича УЗБ/ТУР-002-сонли контракт (кейинги ўринларда — контракт) имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзбекенерго» АЖ ва Наманган вилояти ҳокимлиги белгиланган тартибда «Мицубиши орпоратион», «Mitsubishi Hitachi Power Systems, Ltd.» хорижий компанияларига ва уларнинг субпудратчиларига, шунингдек улар томонидан жалб қилинадиган лойиҳа, инжиниринг ва субпудрат ташкилотларига лойиҳалаш ва қурилиш, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида олиб кирилувчи жиҳозлар, бутловчи маҳсулотлар, хом-ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, приборлар, асбоб-ускуналар ва махсус транспорт воситаларига хизматлар кўрсатиш ва сертификациялаш учун ўз вақтида лицензиялар ва рухсатномалар берилишини таъминласинлар.
3. «Ўзбекенерго» АЖ «Тўрақўрғон ИЭС қурилиши дирекцияси» унитар корхонасига, истисно тариқасида, 2018 йил 31 декабргача лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан биргаликда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасидаги қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат берилсин.
4. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хорижий компаниялар концорсиуми ва унинг субпудрат ташкилотлари манзилига инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келадиган юкларнинг белгиланган станцияларгача етиб келиши ва юкларни тушириш учун вагонларнинг ўз вақтида берилишини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин, бунда белгиланган тартибда юк ташиш учун тўловларни ундирсин.
5. «Ўзбекенерго» АЖ «Тўрақўрғон ИЭС қурилиши дирекцияси» унитар корхонаси инвестиция лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб йирик ўлчамли ва оғир вазнли қурилмаларни транспортировка қилиш жараёнида йўллар ва кўприкларни мустаҳкамлаш бўйича ишларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини таъминласин.
6. Белгилаб қўйилсинки, инвестиция лойиҳаси доирасида, тузилган контрактнинг амалда бўлиши даврида ва контрактда белгиланган кафолат муддатигача:
«Ўзбекенерго» АЖ «Тўрақўрғон ИЭС қурилиши дирекцияси» унитар корхонаси, хорижий компаниялар консорсиуми ва унинг субпудрат ташкилотлари томонидан олиб кириладиган, шу жумладан «вақтинчалик олиб кириш» режимида олиб кириладиган, жиҳозлар, бутловчи маҳсулотлар, хом-ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, приборлар, асбоб-ускуналар ва махсус транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар асосида божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинадилар;
маҳаллий маҳсулот етказиб берувчилар ва субпудрат ташкилотлари томонидан хорижий компаниялар консорсиуми ва унинг субпудрат ташкилотларига Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди ташқарисига ҳақиқатда чиқмаган ҳолда реализация қилинадиган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) нол ставкаси бўйича қўшилган қиймат солиғига тортиладилар.
7. Инвестиция лойиҳаси доирасида, тузилган контрактнинг амалда бўлиши даврида ва контрактда белгиланган кафолат муддатигача:
«Ўзбекенерго» АЖ «Тўрақўрғон ИЭС қурилиши дирекцияси» унитар корхонаси — Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажарилган ишлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи тўловидан ҳамда юридик шахслар мулки солиғидан;
«Ўзбекенерго» АЖ «Тўрақўрғон ИЭС қурилиши дирекцияси» унитар корхонаси, хорижий компаниялар консорсиуми ва унинг субпудрат ташкилотлари, уларнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасалари — кўрсатиладиган хизматлар, олиб кириладиган жиҳозлар, бутловчи маҳсулотлар, хом-ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, приборлар, асбоб-ускуналарни Ўзбекистон Республикаси ваколатли органларида лицензиялаш ва сертификатлаштириш жараёнидаги йиғимлар, давлат божлари ва тўловларидан;
Ўзбекистон Республикаси норезидентлари — хорижий компаниялар консорсиуми ва унинг субпудрат ташкилотлари — тўлов манбасидан ҳамда доимий муассаса орқали олинадиган юридик шахслар фойдаси солиғидан;
хорижий жисмоний шахслар — жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан;
истисно тариқасида, республикада тегишли аккредитациядан ўтган синов лабораториялари мавжуд бўлмаган тақдирда, олиб кириладиган жиҳозлар, бутловчи маҳсулотлар, хом-ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, приборлар, асбоб-ускуналар ва махсус транспорт воситаларини мажбурий сертификация қилиш амалиётидан;
хорижий компаниялар консорсиуми, унинг субпудрат ташкилотлари ва транспорт компаниялари — Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига кириш учун йиғимлар тўловидан, оғир вазнли ва йирик ўлчамли транспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги умумий фойдаланишдаги йўллардан ўтиши учун тўловлардан озод қилинсинлар.
8. Мазкур қарорнинг 6- ва 7-бандларида кўзда тутилган имтиёзларнинг берилиши натижасида бўшайдиган жами маблағлар Ўзбекистон Республикасининг мазкур инвестиция лойиҳасининг амалга оширилишига улуши сифатида белгилаб қўйилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси эксперт кузатуви орқали лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ҳамда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида бажариладиган қурилиш-монтаж ишларининг сифати юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 1 майдаги ПҚ-2342-сонли ««Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 7-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилиши бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Г. Ибрагимов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 30 декабрь,
ПҚ-2709-сон