Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ИПАК ЙЎЛИ ТУРИЗМИ» ХАЛҚАРО ТУРИСТИК ЯРМАРКАНИ ТАЙЁРЛАШ ВА ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг жаҳон туристик ташкилоти ҳомийлигида Тошкент шаҳрида 1995 йил 3 — 6 октябрда «Ипак йўли туризми» халқаро туристик ярмарка ўтказиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Ярмаркани ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
Ташкилий қўмита халқаро ярмаркани тайёрлаш ва ўтказишга доир тадбирлар дастури ҳамда режасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
3. «Ўзбектуризм» миллий компанияси «Ипак йўли туризми» туристик ярмаркани тайёрлаш ва ўтказиш бўйича вақтинчалик дирекция ташкил қилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари «Ўзбектуризм» миллий компанияси билан биргаликда «Ипак йўли туризми» халқаро туристик Ярмаркани тайёрлаш ва ўтказишга доир тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминласинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги халқаро Ярмарка қатнашчилари учун келиш визаларини бож олмасдан расмийлаштиришни таъминласин.
6 «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акционерлик темир йўл компанияси, «Ўзавтотранс», «Маҳаллий саноат» давлат корпорациялари, «Ўзбекенгилсаноат» давлат уюшмаси ярмаркада мустақил экспозиция стендлари билан қатнашсинлар.
7. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, Ташқи ишлар вазирлиги:
халқаро туристик ярмарка қатнашчиларини кутиб олиш ва кузатиб қўйишни VIР зали орқали, хизмат кўрсатиш ҳақи ва тегишли йиғимларни олмасдан ташкил этсинлар;
«Ўзбектуризм» миллий компанияси билан биргаликда имтиёзли тарифлар бўйича сўм билан ҳақ олган ҳолда Тошкент — Самарқанд — Бухоро — Урганч — Тошкент чартер рейсини ташкил этсинлар.
8. Давлат солиқ қўмитаси, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси хорижий фирмалар ва компаниялар келтиришган ярмарканинг кўргазма экспонатлари ва товарларининг бож олмасдан келтирилиши ҳамда олиб кетилишини таъминласинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси, Маданият ишлари вазирлиги «Ўзбектуризм» миллий компанияси билан биргаликда турли фольклор гуруҳлари иштирокидаги махсус маданий дастурни ишлаб чиқсин ва ярмарка ўтказиладиган жойларда уларнинг чиқишларини ташкил қилсин.
10 Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ярмарка ўтказиладиган ва қатнашчилар яшайдиган жойларда жамоат тартибини сақлашни, шунингдек, хизмат кўрсатувчи транспортнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминласин.
11. «Ўздавтелерадио», ЎзА туристик ярмаркани тайёрлаш ва ўтказишнинг боришини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритсинлар.
12. Турар жой, овқатланиш, кўргазма майдончаларини ижарага олиш, реклама-бадиий безаш ва бошқа қўшимча хизматлар харажатлари қатнашчилар ҳисобидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
Расмий делегацияларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш «Ўзбектуризм» миллий компанияси ҳисобидан амалга оширилади.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари С Саидқосимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 2 март,
78-сон