Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Тошкент шаҳрида Kreditanstalt fur Wiederausbau (KfW)нинг маҳаллий бюросини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Германия Федератив Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ўртасидаги мавжуд муносабатларни инобатга олиб,
иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш муҳимлигини англаган ҳолда,
2001 йил 3 апрелда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Германия Федератив Республикаси ўртасида техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (кейинги ўринларда «Техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битим» деб аталади) ҳисобга олиб,
шерикчилик руҳидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали мазкур дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва фаоллаштириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Маҳаллий бюрони ташкил этиш
Маҳаллий бюрони ташкил этиш
Ривожланиш мақсадидаги ҳамкорликни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар Тошкент шаҳрида Kreditanstalt fur Wiederausbau (KfW)нинг маҳаллий бюросини (кейинги ўринларда «KfW бюроси» деб аталади) ташкил этадилар.
2-модда
Техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг қўлланилиши
Техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг қўлланилиши
Агар мазкур Битимда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битим қоидалари KfW бюроси фаолиятига нисбатан тадбиқ этилади.
3-модда
KfW бюросининг вазифалари
KfW бюросининг вазифалари
KfW бюроси қуйидаги вазифаларни бажаради:
(a) Германия Федератив Республикаси Ҳукумати номидан амалга ошириладиган молиявий ҳамкорлик лойиҳалари ва дастурларини (кейинги ўринларда «лойиҳа ва дастурлар» деб аталади) тайёрлаш ва амалга оширишда ҳамкор давлат ҳамда лойиҳани ижро этувчи агентликларга кўмаклашиш,
(b) KfW томонидан амалга ошириладиган молиявий ҳамкорлик лойиҳа ва дастурлари билан боғлиқ амалий ҳамда маъмурий мувофиқлаштириш,
(c) минтақада лойиҳа ва дастурлар доирасига кирмайдиган бошқа ҳудудий вазифаларни бажариш,
(d) Ўзбекистон Республикасида KfW номидан вакиллик қилиш,
(e) зарур ҳолларда, лойиҳа ва дастурларни амалга оширадиган бошқа ташкилотларга имкониятлар яратиш ҳамда маъмурий ёрдам кўрсатиш.
4-модда
Германия Федератив Республикаси Ҳукуматининг мажбуриятлари
Германия Федератив Республикаси Ҳукуматининг мажбуриятлари
Германия Федератив Республикаси Ҳукумати мазкур Битимни амалга оширишга қуйидаги тарзда ҳисса қўшади:
(a) KfW бюросининг барча инвестицион ва бошқарув харажатларини қоплайди,
(b) KfW бюроси фаолиятини амалга ошириш учун қисқа ва узоқ муддатга юборилган мутахассисларнинг ва KfW бюроси томонидан ёлланган ходимларнинг харажатларини қоплайди,
(c) Техник ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг 4-моддасида кўрсатилган мажбуриятлар бажарилишини кафолатлайди,
(d) мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ҳамда анъана ва урф-одатларини ҳурмат қилишларини таъминлайди.
5-модда
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мажбуриятлари
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мажбуриятлари
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қуйидаги тарзда ҳисса қўшади:
(а) Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг KfW бюросининг хавфсизлиги ҳамда ҳимоясини кафолатлаш учун лозим даражада ҳаракат қилишини таъминлайди,
(b) KfW бюроси учун импорт қилиниб, юқоридаги 3-моддада қайд этилган KfW бюросининг фаолиятлари учун фойдаланиладиган буюмлар, хусусан, материаллар, автотранспорт воситалари, товарлар ва асбоб-ускуналар, шунингдек, эҳтиёт қисмларини барча божхона божлари ва йиғимларидан, шу жумладан, импорт ва экспорт божларидан, шунингдек, лицензиялар, аэропорт ва порт йиғимларидан, омборхонада сақланганлик учун давлат тўловлари ҳамда бошқа давлат йиғимларидан озод қилади ва мазкур буюмларнинг кечиктирмасдан чиқарилишини таъминлайди,
(c) KfW ва KfW бюросини юқоридаги 3-моддада қайд этилган KfW бюросининг фаолиятлари билан боғлиқ бўлган барча тўғридан- тўғри солиқлардан озод қилади,
(d) юқоридаги 3-моддада қайд этилган KfW бюросининг фаолиятлари учун зарур бўлган буюмлар, хусусан, материаллар, автотранспорт воситалари, товарлар ва асбоб-ускуналар, шунингдек, эҳтиёт қисмлари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўрсатилган хизматлар учун қўшимча қиймат солиғи ёки шунга ўхшаш билвосита солиқлар ундирилмаслигини таъминлайди. Шу муносабат билан ундириладиган ҳар қандай алоҳида истеъмол солиқлари, сўровга асосан, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан қопланади,
(e) KfW бюросининг телекоммуникация алоқаларини, шу жумладан радио ва сунъий йўлдошларни ўрнатиш бўйича аризаларини имкон қадар қўллаб-қувватлайди,
(f) KfW бюросининг сўровига биноан, чет эллик мутахассисларни ёллаш учун рухсатномалар ва чет эллик мутахассисларга ишлаш рухсатномалари берилишини ва/ёки янгиланишини ўрнатилган тартибда таъминлайди,
(g) KfW бюросининг сўровига биноан, юборилган мутахассислар ва улар билан биргаликда яшаётган оила аъзолари учун яшаш рухсатномаларини ва визаларни бепул ҳамда гаров талаб қилмаган ҳолда берилишини кафолатлайди,
(h) зарур ҳолларда, KfW ижро этувчи ташкилотининг бюрода маҳаллий ходимларни ёллаш учун ишлаш рухсатномаларини олиш тўғрисидаги аризаларини қўллаб-қувватлайди,
(i) Германия Федератив Республикаси Ҳукумати томонидан ижро этиш вазифаси юклатилган KfW томонидан юборилган мутахассисларга ва улар билан биргаликда яшаётган оила аъзоларига, Техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни mutatis mutandis қўллаган ҳолда, бундай Битимга мувофиқ юборилган ҳар қандай мутахассислар ва улар билан биргаликда яшаётган оила аъзоларига берилган барча имтиёзларни тақдим этади.
6-модда
Мулк ҳуқуқи
Мулк ҳуқуқи
KfW бюросининг шахсий фойдаланиши учун етказиб берилган товарлар ва транспорт воситалари KfW ижро этувчи ташкилотининг v> мулки бўлиб қолади. KfW бюроси ёпилган тақдирда, улар Ўзбекистон Республикасининг мулкига айланади.
7-модда
Ижро этувчи ташкилот
Ижро этувчи ташкилот
Германия Федератив Республикаси Ҳукумати KfW ижро этувчи ташкилоти орқали ўз ҳиссаларини қўшади. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамкорликни мувофиқлаштириш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигини мазкур ижро этувчи ташкилот билан алоқа учун масъул орган этиб белгилайди.
8-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
(1) Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички процедураларни бажарилганлиги тўғрисида Германия Федератив Республикаси Ҳукуматини хабардор қилган санадан бошлаб кучга киради. Тегишли сана хабарнома қабул қилинган кун ҳисобланади.
(2) Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро келишув асосида ушбу моддада кўрсатилган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар орқали мазкур Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишлари мумкин.
(3) Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилиш орқали мазкур Битимни тугатиши мумкин. Битим бошқа Аҳдлашувчи Томон ёзма хабарнома олган санадан олти ой ўтгач тугатилади.
(4) Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ низоларни Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан мулоқот ёки музокаралар орқали дўстона ҳал қилинади.
(5) Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади.
(6) Мазкур Битимни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Котибиятида рўйхатдан ўтказиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 102-моддасига мувофиқ, Германия Федератив Республикаси Ҳукумати томонидан унинг кучга кирганидан сўнг дарҳол амалга оширилади. Бошқа Аҳдлашувчи Томон рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг рўйхатга олиш рақами тўғрисида, бу ҳақида Котибият томонидан тасдиқланиши биланоқ хабардор қилинади.
Тошкент шаҳрида 2019 йил 24 декабрда икки нусхада ўзбек, немис ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча уччала матнлар аутентикдир. Ўзбек ванемис тилидаги матнлар турлича талқин этилган ҳолларда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)