Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари тўғрисида
Мамлакатимизда ўтган қисқа даврда қонунчилик базасини тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди.
Жорий йилнинг 1 июлидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда «пакет» принципи татбиқ этилди.
Қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш мақсадида Сенат қўмиталари томонидан қатор қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг амалга оширилди.
Таҳлиллар айрим қонунларда қайта ўрганиб чиқилиши ҳамда такомиллаштирилиши лозим бўлган нормалар мавжудлигини кўрсатди.
Биринчидан, «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги, «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги, «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги, «Давлат харидлари тўғрисида»ги, «Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа қатор қонунларни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш лозим.
«Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги Қонунда:
маданий бойликларнинг тоифалари, маданий бойликларни экспертизадан ўтказиш жараёни, уларга қўйиладиган талаблар, ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликка доир қоидалар белгиланмаган;
маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб кириш жараёнидаги муносабатларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилувчи замонавий услублар назарда тутилмаган;
маданий бойликларни экспертизадан ўтказишга доир талаблар кўрсатилмаган, бунинг оқибатида эса маданий бойликларни ноқонуний йўллар билан олиб чиқиш ва олиб кириш, миллий менталитетимизга зид бўлган (порнографик мазмундаги) ашёларни олиб кириш ҳолатлари кўпаймоқда.
«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунда:
муаллифлик ҳуқуқини олиш ва уни муҳофаза қилишга доир жараёнларни замонавий рақамли технологиялар воситасида амалга оширишга доир қоидалар белгиланмаган;
асарларга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг ижтимоий мулкка айланишига доир қоидалар тўлиқ кўрсатилмаган;
телекоммуникациялар тармоғида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар муҳофазасига доир нормалар акс эттирилмаган.
«Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги Қонунда:
тегишли ҳудудда фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида мақсадли дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжнинг таъминланишини назорат қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари сифатида белгиланмаган;
бирламчи тиббиёт муассалари томонидан ўз ҳудудидаги тугиш ёшидаги аёлларнинг эҳтиёжига асосан контрацепция воситаларини ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилиши ўз ифодасини топмаган.
Иккинчидан, айрим қонунларда аниқ механизмларнинг акс эттирилмаслиги, ҳаволаки нормаларнинг мавжудлиги ва соҳанинг асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниши амалиётда кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Хусусан, «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунда 8 та ҳаволаки норма мавжуд бўлиб, уларнинг 3 таси муайян қонун ҳужжатларига, 5 таси эса Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига ҳавола тарзида расмийлаштирилган.
«Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган бўлса-да, мазкур соҳани тартибга солишга қаратилган 20 га яқин қонуности ҳужжатлари амалда бўлиб, уларда бир-бирига зид нормалар мавжуд.
Натижада давлат харидлари бўйича тегишли харид қилиш тартиб- таомилларини ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш амалиёти, айрим хусусий тижорат банкларининг мижозларнинг ҳисоб рақамларидаги маблағларидан тўғридан-тўғри фойдаланиш ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда.
Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган — Молия вазирлиги деб белгиланган бўлса, Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган сифатида кўрсатилган.
Учинчидан, қонунларда белгиланган тушунчалар билан қонуности ҳужжатларида келтирилган тушунчалар ўртасида номувофиқликлар мавжуд.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисидаги низомда келтирилган «Давлат чегараси» тушунчасига таъриф «Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси тўғрисида»ги Қонунда келтирилган «Давлат чегараси» тушунчасига номувофиқдир.
Тўртинчидан, қабул қилинган айрим қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган нормалар амалиётда қўлланилмаяпти.
Хусусан, «Медиация тўғрисида»ги Қонун 2019 йил январда кучга кирган бўлса-да, бугунги кунга қадар медиаторларнинг фаолияти, улар томонидан кўрилган низоли ишлар бўйича статистик маълумотлар юритилмайди. Медиация механизмлари ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлик даражаси пастлиги натижасида у низоларни ҳал этувчи муқобил институтга айлана олмаган.
Натижада бугунги кунда профессионал медиаторлар фақатгина Тошкент шаҳрида (20 нафар), Тошкент (2 нафар), Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида (1 нафардан) фаолият юритмоқда.
Умуман олганда, қонунларда тўғридан-тўғри амал қилувчи нормаларнинг етарли эмаслиги, аксарият соҳадаги муносабатлар қонуности ҳужжатлар билан тартибга солиниши ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли хил муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Шунингдек, қонунлардаги айрим нормаларнинг амалда ишламаслигига олиб келмоқда.
Бундан ташқари, айрим давлат ва хўжалик бошқаруви органлари Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қонунларга зид, амалга ошириш механизмлари очиб берилмаган, ҳуқуқий зиддият, сансалорлик ва суиистеъмоллик ҳолатларини келтириб чиқарадиган, мамлакатдаги вазият ва дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни инобатга олмасдан, ҳужжатлар лойиҳаларини жойлаштираётганлиги натижасида кўплаб салбий муносабатлар билдирилиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Сенат қўмиталари томонидан қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари бўйича ишлаб чиқилган таклифлар 1 — 11 иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин ҳамда кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
* 1 — 11-иловалар берилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига ҳужжатлар лойиҳаларини вазирлик ва идоралар билан келишилганидан сўнг жойлаштириш тартибини жорий этиш;
давлат ижтимоий суғурта ҳисобидан ходимларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик, туғиш ва даволаниш каби ҳолатларни молиялаштиришни назарда тутувчи «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;
«Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги Қонунга олиб чиқиладиган (вақтинча олиб чиқиладиган) ва олиб кириладиган (вақтинча олиб кириладиган) маданий бойликларни бадиий экспертизадан ўтказиш тартибини белгилашга оид қонун лойиҳасини тайёрлаш;
«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунга муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан етказилган зарар учун тўланадиган товон миқдорини белгилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
«Медиация тўғрисида»ги Қонунга профессионал ва нопрофессионал медиаторларга қўйилган талаблар, улар тўғрисидаги маълумотларни киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш;
давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни қонуности ҳужжатлар билан тартибга солиш амалиётига чек қўйиш мақсадида «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунни қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш;
«Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги Қонунни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш чораларини кўрсин ҳамда ушбу Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида жорий йилнинг 15 декабрига қадар ахборот тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
норма ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини ошириш;
маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини мунтазам равишда такомиллаштириб бориш;
қонун ҳужжатларини тубдан қайта кўриб чиққан ҳолда уларни тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, ижроси мониторингини такомиллаштириш;
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилувчи вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларни босқичма-босқич қисқартириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда «пакет» принципига қатъий амал қилинишини таъминлаш чораларини кўрсин.
4. Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (Б. Матмуратов) адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитиш доирасида қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш масалаларини чуқур таҳлил қилиб, кенг муҳокама қилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси талабларидан келиб чиқиб, банклар фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ягона кодексга бирлаштириш масаласини ўрганиб чиқсин ва таклиф киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари ўз йўналишлари бўйича мазкур Қарорда белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиб борсин.
7. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари З. Низамходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2020 йил 25 август,
КҚ-118-IV-сон