Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг
Қарори
Республика фуқаролик ишлари бўйича судларига мурожаатларни «E-XSUD» ахборот тизими орқали тақдим қилиш Тартибини тасдиқлаш тўғрисида
Фуқаролик ишлари бўйича судларга ахборот тизими орқали тақдим этилаётган ҳужжатларнинг шакл ва мазмун жиҳатдан процессуал қонун талабларига мувофиқлигини таъминлаш ҳисобига иш самарадорлигини ошириш, амалдаги ахборот тизимларини мақбуллаштириш, ушбу жараёнларда ташқи фойдаланувчиларнинг ахборот тизимлари билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш ва янада такомиллаштириш мақсадида, Республика фуқаролик ишлари бўйича судларига мурожаатларни «E-XSUD» ахборот тизими орқали тақдим қилиш Тартибини муҳокама этиб, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига асосан Олий суд Раёсати қарор қилади:
1. Республика фуқаролик ишлари бўйича судларига мурожаатларни «E-XSUD» ахборот тизими орқали тақдим қилиш Тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати (Г. Парпиева), Девонхона бўлими (Б. Алимжанов), Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси (Т. Обидов), Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро ва туман (шаҳар) судларининг раислари:
судья ва суд ходимлари иштирокида мазкур Тартиб мазмун ҳамда моҳиятини чуқур ўрганиб, уларнинг ахборот тизими орқали электрон ҳужжатлар айланиши соҳасидаги билимлари ва касб-малакаларини мунтазам ошириб боришларини таъминлаш юзасидан зарурий чораларни кўрсин;
Тартибни кенг жамоатчиликка, шунингдек давлат идоралари ва ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлик субъектлари, фуқаролар иштирокида ўтказиладиган учрашувларда кенг тарғиб қилсин;
Тартибга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш борасида шахсан масъул эканликлари ҳақида огоҳлантирилсин;
жорий йилнинг 1 мартига қадар амалга оширилган ишлар натижалари юзасидан Олий суд раҳбариятига батафсил ахборот тақдим этсин.
3. Олий суднинг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси (Б. Очилов):
ахборот тизими орқали фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаатларни ва уларга илова қилинадиган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим қилиш, шунингдек суд муҳокамаси иштирокчилари томонидан суд ҳужжатларини, жавоб хатларини қабул қилиб олиш имконини берувчи электрон дастурий таъминотнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш чораларини кўрсин;
судларга электрон шаклда мурожаат қилувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича махсус қўлланма тайёрлаб, уни ушбу Тартиб билан бирга тегишли Олий суднинг веб-сайтига ҳамда ахборот тизимига жойлаштирсин;
жорий йилнинг 14 февралига қадар Олий суднинг Матбуот хизмати (А. Абидов) билан биргаликда Тартибнинг мазмун-моҳияти, уни амалиётга жорий этишнинг зарурияти ва мақсадлари ёритилган ахборотни Олий суднинг веб-сайтида эълон қилсин;
жорий йилнинг 17 февралига қадар видеоконференцалоқа режимида судья ва суд ходимлари иштирокида ўқув-семинар машғулотини ўтказсин.
4. Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти (Б. Тешабаев) судларнинг оптик толали алоқа ва Интернет тармоғи фаолиятини узлуксиз ишлашини ҳамда ахборот тизимидан фойдаланишда зарур бўлган компьютер техникалари билан доимий таъминлаб бориш вазифаси юклатилсин.
5. Тартиб Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати, Девонхона бўлими, Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро ва туман (шаҳар) судларига хизматда фойдаланиш учун юборилсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари — фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Х. Ёдгоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Камилов
Тошкент ш.,
2020 йил 30 январь,
РС-02-20-сон
Олий суд Раёсатининг 2020 йил 30 январдаги РС-02-20-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Республика фуқаролик ишлари бўйича судларига мурожаатларни «E-XSUD» ахборот тизими орқали тақдим қилиш
ТАРТИБИ
Республика фуқаролик ишлари бўйича судларига мурожаатларни «E-XSUD» ахборот тизими орқали тақдим қилиш Тартиби (бундан буён матнда Тартиб деб юритилади) республика фуқаролик ишлари бўйича судларига мурожаатларни «E-XSUD» ахборот тизими орқали тақдим этиш, мазкур мурожаатлар юзасидан олиб борилган процессуал ҳаракатлар ва уларнинг натижалари юзасидан мурожаат муаллифларини хабардор қилиш муносабатларини тартибга солади.
Ушбу Тартиб қоидалари бошқа ахборот тизимлари орқали фуқаролик ишлари бўйича судларга тақдим этилган мурожаатлар масалаларига татбиқ этилмайди.
1. Асосий тушунчалар
Мазкур Тартибда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилган:
мурожаат — даъво аризаси (ариза), шикоят, протест, илтимоснома ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мурожаатлар;
ишда иштирок этувчи шахслар — тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, ариза берувчилар ва алоҳида тартибдаги ишлар бўйича бошқа манфаатдор шахслар, прокурор, ишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар;
ташқи фойдаланувчи — белгиланган тартибда ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш орқали «шахсий кабинет» ташкил қилган шахс;
суд ҳужжатлари — ҳал қилув қарори, ажрим, қарор, суд буйруғи (ижро варақаси);
жавоб хатлари — суд ҳужжати ҳисобланмаган, ташкилот ва фуқароларнинг мурожаатларига жавоб тариқасида қайтарилган хатлар;
ЖШШИР — жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;
СТИР — солиқ тўловчининг идентификация рақами;
PDF — Adobe System компанияси томонидан ишлаб чиқилган электрон ҳужжатларнинг алоҳида формати;
браузер — интернет тармоғидаги веб-иловаларни бошқариш, қайта ишлаш имконини берувчи ва уларнинг таркибидаги маълумотларни акс эттирувчи дастурий таъминот.
2. «E-XSUD» ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш тартиби
Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 3-моддаси).
Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин (ФПКнинг 4-моддаси). Бунинг учун манфаатдор шахс www.exsud.sud.uz манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг электрон қабулхонасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши талаб этилади.
«E-XSUD» ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий судининг электрон қабулхонасининг бош саҳифасида жойлашган қўлланма асосида амалга оширилади.
Тизимда рўйхатдан ўтган ташқи фойдаланувчиларга кейинчалик ўзининг «шахсий кабинети»га кириши учун қайтадан рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди.
«E-XSUD» ахборот тизими имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш учун интернет браузерларининг қуйидаги версияларидан фойдаланиш тавсия этилади:
Google Chrome — 79 версиясидан юқори;
Mozilla Firefox — 69 версиясидан юқори;
Safari — 13 версиясидан юқори;
Opera — 65 версиясидан юқори.
3. «E-XSUD» ахборот тизими орқали фуқаролик ишлари бўйича судларга тақдим этиладиган мурожаатларга қўйиладиган умумий талаблар
3.1. Фуқаролик ишлари бўйича судларга «E-XSUD» ахборот тизими орқали тақдим этиладиган мурожаатлар сканерлаш ускуналари ёрдамида электрон файл кўринишига келтирилиши керак.
Сканер қилинган ҳар бир ҳужжат мазмунига кўра алоҳида электрон файл кўринишида сақланиши лозим (масалан, даъво аризаси уни неча саҳифадан иборатлигидан қатъи назар алоҳида битта файлга, давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи квитанция алоҳида битта файлга, даъво аризасига илова қилинадиган бошқа ҳужжатлар, хусусан шартнома, ҳисоб-фактура, талабнома, ҳисобларни ўзаро солиштирма далолатномаси ва бошқа ҳужжатлар, саҳифалари сонидан қатъи назар, алоҳида-алоҳида сақланади ва ҳ.к.). Мазмуни жиҳатдан ҳар хил бўлган ҳужжатларни, масалан, даъво аризаси ва шартномани ёки талабнома ва давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк квитанциясини битта файлга сақлаш мурожаатни ахборот тизими орқали тақдим этиш тартибига риоя этилмаган деб ҳисобланади ва мурожаатни уни тақдим этган шахсга электрон шаклда қайтарилишига асос бўлади.
Илова қилинган файллар сони судга тақдим этилаётган ҳужжатлар сонига тенг бўлиши, файлларни номи уларни қандай ҳужжат эканлигини ва неча варақдан иборатлигини аниқлаш имконини бериши лозим (масалан, 209-сонли шартнома 3 варақда).
Сканер қилинган ҳужжатларнинг сифати уларни ҳақиқийлигини тасдиқловчи белгиларни, хусусан, имзо, печать, штамп, ҳужжат рақами ва санасини аниқлаш имконини берадиган даражада бўлиши керак.
Ҳужжатлар судга фақат PDF форматида юборилади.
Ҳар бир илова қилинган файлнинг ҳажми 10 мегабайтдан ошмаслиги керак.
Ахборот тизими орқали судга келиб тушган мурожаатлар ва уларга илова қилинадиган ҳужжатларнинг асл нусхалари суд мажлисига тақдим этилиши лозим (буйруқ тартибида юритиладиган ишлар бўйича келиб тушган аризалар бундан мустасно).
3.2. Қуйидаги ҳолатларда мурожаатлар электрон қабулхона орқали қабул қилинмайди ва ташқи фойдаланувчига қайтарилади, агар:
ҳужжатлар сифатсиз сканер қилинганлиги сабабли уларни ўқиш имконияти бўлмаса;
ҳужжатлар тартибсиз ёки тескари сақланганлиги сабабли уларни ўқиш имконияти бўлмаса;
ҳужжат варақлари тўлиқ бўлмаса;
аризага илова деб кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ бириктирилмаган бўлса;
бириктирилган файлда матн мавжуд бўлмаса;
ҳужжатлар мазкур Тартибда назарда тутилган PDF форматида юборилмаган бўлса;
суд томонидан ҳали кўриб чиқилмаган айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича мурожаат такроран юборилган бўлса;
ҳужжатлар имзоланмаган бўлса;
ҳужжатлар тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга йўлланмаган бўлса;
сканер қилинган бошқа-бошқа мазмундаги ҳужжатлар битта файлга сақланган бўлса (ҳужжатлар номланишига кўра алоҳида файлларга ажратилмаган бўлса);
файлларнинг номлари сақланган ҳужжатларга мувофиқ бўлмаса;
юбориш мазкур Тартибда назарда тутилмаган мурожаат келиб тушган бўлса.
Юқорида кўрсатилган асослар бўйича қайтарилган мурожаатлар фуқаролик ишлари бўйича судга «E-XSUD» ахборот тизими орқали кирим қилинмаган ҳисобланади. Мурожаатни қайтариш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин ташқи фойдаланувчи ушбу мурожаатни «E-XSUD» ахборот тизими орқали такроран тақдим этиши мумкин.
4. Мурожаатни биринчи инстанция судларига юбориш
Ташқи фойдаланувчи фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаатни шахсий кабинети орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этади.
4.1. Даъво аризасини (аризани) тақдим этиш тартиби
Ташқи фойдаланувчи даъво аризасини (аризани) фуқаролик ишлари бўйича судга «E-XSUD» ахборот тизими орқали тақдим этиш учун ўз «шахсий кабинети»да қуйидаги олти босқичдан иборат ҳаракатларни амалга оширади:
Биринчи босқичда даъво аризаси (ариза) рақами, санаси, иш юритиш тартиби, даъво суммаси (асосий қарз, неустойка) ва ихтиёрий тўланган давлат божи, почта харажатлари, видеоконференцалоқа харажатлари суммаси киритилади. Ушбу суммаларни киритиш учун уларни тўланганлигини тасдиқловчи квитанция маълумотларини киритиш қаторини тўлдириш талаб этилади. Шунингдек, асосий иш туркуми, агар қўшимча талаблар мавжуд бўлса, қўшимча иш туркуми, иккиламчи иш туркумлари танланади.
Иккинчи босқичда даъвогарга тааллуқли маълумотлар киритилади. Хусусан, даъвогар жисмоний шахс бўлса, шахс тури қаторидан жисмоний шахс тури танланиб, паспорт серияси, ЖШШИР, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, ёши, фуқаролиги, жинси, туғилган жойи, яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар киритилади.
Даъвогар юридик шахс бўлса СТИР рақами, банкдаги ҳисоб рақами, хизмат кўрсатувчи банк номи, жавобгар жойлашган ҳудуд (айнан туман ёки туманга тенглаштирилган шаҳар танланиши шарт), юридик манзили, даъвогарнинг (аризачининг) номи, почта индекси, телефон рақами, раҳбарнинг фамилияси, исми, отасининг исми каби маълумотлар киритилади.
Агар даъвогарнинг манфаатида бошқа ташкилот судга мурожаат қилаётган бўлса, ушбу ташкилот кўрсатилади.
Учинчи босқичда жавобгарга тааллуқли маълумотлар киритилади. Хусусан, жавобгар жисмоний шахс бўлса, шахс тури қаторидан жисмоний шахс тури танланиб, паспорт серияси, рақами, ЖШШИР рақами, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, ёши, фуқаролиги, жинси, туғилган жойи, яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар киритилади.
Агар жавобгар юридик шахс бўлса СТИР рақами, банкдаги ҳисоб рақами, хизмат кўрсатувчи банк номи, жавобгар жойлашган ҳудуд (айнан туман ёки туманга тенглаштирилган шаҳар танланиши шарт), юридик манзили, жавобгарнинг (қарздорнинг) номи, почта индекси, телефон рақами, раҳбарнинг фамилияси, исми, отасининг исми каби маълумотлар киритилади.
Тўртинчи босқичда даъво аризаси (ариза) тақдим этилаётган фуқаролик ишлари бўйича суд танланади. Фуқаролик ишлари бўйича судни танлашда ФПКнинг 28 — 30-моддаларида белгиланган судловга тегишлилик қоидаларига амал қилиниши шарт.
Бешинчи босқичда аввалги босқичларда киритилган маълумотлар текшириб олинади. Бунда даъвогар ва жавобгар жойлашган ҳудуд айнан у жойлашган туман ёки туманга тенглаштирилган шаҳар танланганлигига, ҳамда уларнинг СТИР рақамлари ёки паспорт маълумотлари тўғри киритилганлигига, шунингдек, тегишли фуқаролик ишлари бўйича суди белгиланганлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу маълумотларни хато киритилиши кейинчалик суд томонидан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари ижросини таъминлашда қийинчиликлар туғдириши мумкин.
Агар киритилган маълумотларда хато ёки камчиликлар аниқланса, уларни «Орқага» тугмасини босиш ёрдамида аввалги босқичларга қайтиш орқали бартараф этиш мумкин.
Олтинчи босқичда даъво аризаси (ариза) ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар мазкур Тартибнинг 3.1-бандида белгиланган тартибда ахборот тизимига электрон шаклда бириктирилади.
Хато ёки янглишиш оқибатида бириктирилган файлларни судга юборишдан аввал ўчириш имконияти мавжуд. Файлларни ўчириш ахборот тизимига юкланган файл номи ва ҳажми ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган қаторнинг ўнг тарафида жойлашган «Саватча» («Корзинка») тасвирланган тугмани босиш орқали амалга оширилади.
Мурожаатга тааллуқли бўлган барча зарур маълумотлар киритилганидан ва ҳужжатлар бириктирилганидан сўнг «Сақлаш» тугмасини босиш орқали даъво аризаси (ариза) ва унга илова қилинган ҳужжатлар танланган фуқаролик ишлари бўйича судга юборилади.
4.2. Қарши даъво тақдим этиш тартиби
Фойдаланувчи қарши даъвони фуқаролик ишлари бўйича судга «E-XSUD» ахборот тизими орқали тақдим этиш учун ўз «шахсий кабинети»да қуйидаги олти босқичдан иборат ҳаракатларни амалга оширади:
Биринчи босқичда қарши даъво аризаси рақами, санаси, иш юритиш тартиби, даъвогарнинг даъвоси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши рақами, даъво суммаси (асосий қарз, неустойка) ва ихтиёрий тўланган давлат божи, почта харажатлари, видеоконференцалоқа харажатлари суммаси киритилади. Ушбу суммаларни киритиш учун уларни тўланганлигини тасдиқловчи квитанция маълумотларини киритиш қаторини тўлдириш талаб этилади. Шунингдек, асосий иш туркуми, агар қўшимча талаблар мавжуд бўлса, қўшимча иш туркуми, иккиламчи иш туркумлари танланади.
Иккинчи босқичда даъвогарга тааллуқли маълумотлар киритилади. Хусусан, даъвогар жисмоний шахс бўлса, шахс тури қаторидан жисмоний шахс тури танланиб унга тегишли паспорт серияси, рақами, ЖШШИР рақами, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, ёши, фуқаролиги, жинси, туғилган жойи, яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар киритилади.
Даъвогар юридик шахс бўлса СТИР рақами банкдаги ҳисоб рақами, хизмат кўрсатувчи банк номи, жавобгар жойлашган ҳудуд (айнан туман ёки туманга тенглаштирилган шаҳар танланиши шарт), юридик манзили, даъвогарнинг (аризачининг) номи, почта индекси, телефон рақами, раҳбарнинг фамилияси, исми, отасининг исми каби маълумотлар киритилади.
Агар даъвогарнинг манфаатида бошқа ташкилот судга мурожаат қилаётган бўлса, ушбу ташкилот кўрсатилади.
Учинчи босқичда жавобгарга тааллуқли маълумотлар киритилади. Хусусан, жавобгар жисмоний шахс бўлса, шахс тури қаторидан жисмоний шахс тури танланиб, паспорт серияси, рақами, ЖШШИР рақами, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, ёши, фуқаролиги, жинси, туғилган жойи, яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар киритилади.
Агар жавобгар юридик шахс бўлса СТИР рақами банкдаги ҳисоб рақами, хизмат кўрсатувчи банк номи, жавобгар жойлашган ҳудуд (айнан туман ёки туманга тенглаштирилган шаҳар танланиши шарт), юридик манзили, жавобгарнинг (қарздорнинг) номи, почта индекси, телефон рақами, раҳбарнинг фамилияси, исми, отасининг исми каби маълумотлар киритилади.
Тўртинчи босқичда қарши даъво юборилаётган фуқаролик ишлари бўйича суд танланади. Фуқаролик ишлари бўйича судни танлашда ФПКнинг 37-моддасида белгилаб қўйилган судловга тегишлилик қоидасига амал қилиниши шарт.
Бешинчи босқичда аввалги босқичларда киритилган маълумотлар текшириб олинади. Бунда даъвогар ва жавобгар жойлашган ҳудуд айнан у жойлашган туман ёки туманга тенглаштирилган шаҳар танланганлигига, ҳамда уларнинг СТИР рақамлари ёки паспорт маълумотлари тўғри киритилганлигига, шунингдек, тегишли фуқаролик ишлари бўйича суди белгиланганлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу маълумотларни хато киритилиши кейинчалик суд томонидан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари ижросини таъминлашда қийинчиликлар туғдириши мумкин.
Агар киритилган маълумотларда хато ёки камчиликлар аниқланса, уларни «Орқага» тугмасини босиш ёрдамида аввалги босқичларга қайтиш орқали бартараф этиш мумкин.
Олтинчи босқичда қарши даъво ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар мазкур Тартибнинг 3.1-бандида белгиланган тартибда ахборот тизимига электрон шаклда бириктирилади.
Хато ёки янглишиш оқибатида бириктирилган файлларни судга юборишдан аввал ўчириш имконияти мавжуд. Файлларни ўчириш ахборот тизимига юкланган файл номи ва ҳажми ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган қаторнинг ўнг томонида жойлашган «Саватча» («Корзинка») тасвирланган тугмани босиш орқали амалга оширилади.
Мурожаатга тааллуқли бўлган барча зарур маълумотлар киритилганидан ва ҳужжатлар бириктирилганидан сўнг «Сақлаш» тугмасини босиш орқали қарши даъво ва унга илова қилинган ҳужжатлар танланган фуқаролик ишлари бўйича судга юборилади.
4.3. Ариза ёки илтимосномани юбориш тартиби
Фойдаланувчи ариза ёки илтимосномани фуқаролик ишлари бўйича судга «E-XSUD» ахборот тизими орқали юбориш учун ўз «шахсий кабинети»да қуйидаги тўртта босқичдан иборат ҳаракатларни амалга оширади:
Биринчи босқичда ариза ёки илтимосноманинг мазмуни, рақами, санаси, аризачи ташкилот номи ёки фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, аризани ёки илтимосномани имзолаган шахс, фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилаётган ёки кўрилган иш рақами, аризага ёки илтимосномага илова қилинган ҳужжатлар варақлари сони ҳамда ариза ёки илтимосноманинг қисқача мазмуни ҳақидаги маълумотлар киритилади.
Иккинчи босқичда ариза ёки илтимоснома юборилаётган тегишли фуқаролик ишлари бўйича суд танланади.
Учинчи босқичда аввалги босқичларда киритилган маълумотлар текшириб олинади. Агар киритилган маълумотларда хато ёки камчиликлар аниқланса, уларни «Орқага» тугмасини босиш ёрдамида аввалги босқичларга қайтиш орқали бартараф этиш мумкин.
Тўртинчи босқичда ариза ёки илтимоснома ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар мазкур Тартибнинг 3.1-бандида белгиланган тартибда ахборот тизимига электрон шаклда бириктирилади.
Хато ёки янглишиш оқибатида бириктирилган файлларни судга юборишдан аввал ўчириш имконияти мавжуд. Файлларни ўчириш ахборот тизимига юкланган файл номи ва ҳажми ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган қаторнинг ўнг томонида жойлашган «Саватча» («Корзинка») тасвирланган тугмани босиш орқали амалга оширилади.
Мурожаатга тааллуқли бўлган барча зарур маълумотлар киритилганидан ва ҳужжатлар бириктирилганидан сўнг «Сақлаш» тугмасини босиш орқали ариза ёки илтимоснома ва унга илова қилинган ҳужжатлар тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга юборилади.
5. Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг суд ҳужжатларини қайта кўриш бўйича шикоят (протест) юбориш
Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти, қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти, прокурор эса апелляция ёки кассация протести беришга ҳақлидир (ФПКнинг 383, 403-моддалари).
Шунингдек, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят қилиниши мумкин (ФПКнинг 422-моддаси).
5.1. Апелляция шикоятини (протестини) бериш тартиби
Фойдаланувчи апелляция шикоятини (протестини) фуқаролик ишлари бўйича судга «E-XSUD» ахборот тизими орқали бериш учун ўз «шахсий кабинети»да қуйидаги бешта босқичдан иборат ҳаракатларни амалга оширади:
Биринчи босқичда апелляция шикояти (протести) рақами, санаси, шикоят қилинаётган суд ҳужжатининг иш рақами, шикоят тури (яъни айнан қайси суд ҳужжати шикоят қилинаётганлиги), ихтиёрий тўланган давлат божи ва почта харажатлари суммаси ва уларнинг тўланганлигини тасдиқловчи квитанция маълумотлари киритилади.
Иккинчи босқичда апелляция шикояти (протести) бераётган тараф танланади. Шундан сўнг очилган ишда иштирок этувчи шахслар рўйхатидан тегишли тараф номи кўрсатилади.
Учинчи босқичда шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни чиқарган суд танланади.
Тўртинчи босқичда аввалги босқичларда киритилган маълумотлар текшириб олинади. Агар киритилган маълумотларда хато ёки камчиликлар аниқланса, уларни «Орқага» тугмасини босиш ёрдамида аввалги босқичларга қайтиш орқали бартараф этиш мумкин.
Бешинчи босқичда апелляция шикояти (протести) ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар мазкур Тартибнинг 3.1-бандида белгиланган тартибда ахборот тизимига электрон шаклда бириктирилади.
Хато ёки янглишиш оқибатида бириктирилган файлларни судга юборишдан аввал ўчириш имконияти мавжуд. Файлларни ўчириш ахборот тизимига юкланган файл номи ва ҳажми ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган қаторнинг ўнг томонида жойлашган «Саватча» («Корзинка») тасвирланган тугмани босиш орқали амалга оширилади.
Мурожаатга тааллуқли бўлган барча зарур маълумотлар киритилган ва ҳужжатлар бириктирилганидан сўнг «Сақлаш» тугмасини босиш орқали апелляция шикояти (протести) ва унга илова қилинган ҳужжатлар тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга юборилади.
5.2. Кассация шикоятини (протестини) бериш тартиби
Фойдаланувчи кассация шикоятини (протестини) фуқаролик ишлари бўйича судга «E-XSUD» ахборот тизими орқали бериш учун ўз «шахсий кабинети»да қуйидаги бешта босқичдан иборат ҳаракатларни амалга оширади:
Биринчи босқичда кассация шикояти (протести) рақами, санаси, шикоят қилинаётган суд ҳужжатининг иш рақами, шикоят тури (яъни айнан қайси суд ҳужжати шикоят қилинаётганлиги), ихтиёрий тўланган давлат божи ва почта харажати суммаси ва уларни тўланганлигини тасдиқловчи квитанция маълумотлари киритилади.
Иккинчи босқичда кассация шикояти (протести) бераётган тараф танланади. Шундан сўнг очилган ишда иштирок этувчи шахслар рўйхатидан тегишли тараф номи кўрсатилади.
Учинчи босқичда шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни чиқарган суд танланади.
Тўртинчи босқичда аввалги босқичларда киритилган маълумотлар текшириб олинади. Агар киритилган маълумотларда хато ёки камчиликлар аниқланса, уларни «Орқага» тугмасини босиш ёрдамида аввалги босқичларга қайтиш орқали бартараф этиш мумкин.
Бешинчи босқичда кассация шикояти (протести) ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар мазкур Тартибнинг 3.1-бандида белгиланган тартибда ахборот тизимига электрон шаклда бириктирилади.
Хато ёки янглишиш оқибатида бириктирилган файлларни судга юборишдан аввал ўчириш имконияти мавжуд. Файлларни ўчириш ахборот тизимига юкланган файл номи ва ҳажми ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган қаторнинг ўнг томонида жойлашган «Саватча» («Корзинка») тасвирланган тугмани босиш орқали амалга оширилади.
Мурожаатга тааллуқли бўлган барча зарур маълумотлар киритилган ва ҳужжатлар бириктирилганидан сўнг «Сақлаш» тугмасини босиш орқали кассация шикояти (протести) ва унга илова қилинган ҳужжатлар тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга юборилади.
5.3. Назорат тартибидаги шикоятни (протестни) бериш тартиби
Фойдаланувчи назорат шикоятини (протестини) Ўзбекистон Республикаси Олий судига «E-XSUD» ахборот тизими орқали бериш учун ўз «шахсий кабинети»да қуйидаги тўртта босқичдан иборат ҳаракатларни амалга оширади:
Биринчи босқичда ариза тури (яъни, айнан қайси суд ҳужжати назорат тартибида шикоят қилинаётганлиги), шикоят рақами, санаси, шикоят берган ташкилот номи, шикоят берган ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми ҳақидаги маълумотлар, шикоят қилинаётган суд ҳужжатининг иш рақами, шикоятга илова қилинган ҳужжатлар варақлари сони ҳамда шикоятнинг қисқача мазмуни, киритилади. Шунингдек, ихтиёрий тўланган давлат божи ва почта харажатлари суммаси киритилади. Ушбу суммаларни киритиш учун уларни тўланганлигини тасдиқловчи квитанция маълумотларини киритиш қаторини тўлдириш талаб этилади.
Иккинчи босқичда Ўзбекистон Республикаси Олий суди танланади.
Учинчи босқичда аввалги босқичларда киритилган маълумотлар текшириб олинади. Агар киритилган маълумотларда хато ёки камчиликлар аниқланса, уларни «Орқага» тугмасини босиш ёрдамида аввалги босқичларга қайтиш орқали бартараф этиш мумкин.
Тўртинчи босқичда назорат шикояти ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар мазкур Тартибнинг 3.1-бандида белгиланган тартибда ахборот тизимига электрон шаклда бириктирилади.
Хато ёки янглишиш оқибатида бириктирилган файлларни судга юборишдан аввал ўчириш имконияти мавжуд. Файлларни ўчириш ахборот тизимига юкланган файл номи ва ҳажми ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган қаторнинг ўнг томонида жойлашган «Саватча» («Корзинка») тасвирланган тугмани босиш орқали амалга оширилади.
Мурожаатга тааллуқли бўлган барча зарур маълумотлар киритилганидан ва ҳужжатлар бириктирилганидан сўнг «Сақлаш» тугмасини босиш орқали назорат шикояти (протести) ва унга илова қилинган ҳужжатлар тегишли фуқаролик ишлари бўйича судига юборилади.
6. «E-XSUD» ахборот тизими орқали фуқаролик ишлари бўйича судларга тақдим этиладиган мурожаатлар ҳолатини кузатиб бориш
Фойдаланувчи «шахсий кабинети» орқали фуқаролик ишлари бўйича судга тақдим этган мурожаатларининг ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин.
Бунинг учун фойдаланувчи «шахсий кабинети»да фуқаролик ишлари бўйича суд турини белгилаб, судга юборган тегишли мурожаатни танлаш ва ўнг томонида жойлашган «Кўриш» тугмасини босиш керак. Мурожаат танланганида «шахсий кабинет» асосий саҳифасининг ўнг томонида юборилган мурожаатнинг «Қисқача мазмуни» ва «Ишни суд томонидан кўриб чиқилиши» номли рукнлар пайдо бўлади.
Мурожаатнинг «Қисқача мазмуни» рукнида танланган мурожаатнинг қисқача мазмуни келтирилган маълумотлар ҳамда фойдаланувчи томонидан судга электрон шаклда юборган файллар акс эттирилади.
«Ишни суд томонидан кўриб чиқилиши» рукнида фойдаланувчи томонидан юборилган ҳужжатнинг судда рўйхатга олинган санаси, рўйхат рақами, иш рақами, масъул судьянинг фамилияси, исми, отасининг исми, судья томонидан мазкур ҳужжатни иш юритувга қабул қилинган санаси, ишни кўришга тайинланган санаси ва вақти, агар ишни кўриш бошқа кунга қолдирилган бўлса ишни қолдириш сабаби, ишни кўриш натижасига кўра қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ёки чиқарилган ажримнинг мазмуни, қаноатлантирилган даъво суммаси (неустойка), ундирилган давлат божи суммаси, давлат божи ундирилган тараф номи ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, мазкур мурожаат бўйича чиқарилган суднинг барча ҳужжатлари электрон кўринишда акс эттирилади.
Мурожаат мазкур Тартибда белгиланган қоидаларга риоя қилинмай юборилмаганлиги сабабли қайтарилган тақдирда, мурожаат қайтарилган сана ва қайтариш учун асос бўлган ҳолатлар ҳақидаги маълумотлар ҳам мазкур рукнда акс эттирилади.
Шунингдек, мазкур рукнда фойдаланувчи томонидан юборилган мурожаатларнинг ҳолати ҳақидаги маълумотларни ҳам кузатиб бориш имконияти мавжуд.
Ахборот тизимида мурожаат ҳолатининг қуйидаги турлари мавжуд:
1. Рад этилган — ушбу ҳолатдаги мурожаат мазкур Тартибда белгиланган талабларга риоя қилинмай юборилганлиги сабабли мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун фойдаланувчига қайтарилганлигини билдиради;
2. Рўйхатга олиш — ушбу ҳолатдаги мурожаат биринчи инстанция судига келиб тушган ва девонхонада рўйхатдан ўтказиш жараёнида эканлигини билдиради;
3. Кўриб чиқиш — ушбу ҳолатдаги мурожаат биринчи инстанция суди томонидан апелляция ёки кассация шикоятини (протестини) вилоят ёки унга тенглаштирилган судга юбориш жараёнида эканлигини билдиради;
4. Рўйхатга олиш (вилоят) — ушбу ҳолатдаги мурожаат биринчи инстанция суди томонидан вилоят ёки унга тенглаштирилган судга юборилган апелляция ёки кассация шикояти (протести) девонхонада рўйхатдан ўтказиш жараёнида эканлигини билдиради;
5. Тақсимлаш ёки Қайта тақсимлашда — ушбу ҳолатдаги мурожаат масъул судьяга тақсимлаш жараёнида эканлигини билдиради;
6. Иш қўзғатиш — ушбу ҳолатдаги мурожаат иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш жараёнида эканлигини билдиради;
7. Тайёрлаш — ушбу ҳолатдаги мурожаат судья томонидан ишни суд муҳокамасига тайинлаш жараёнида эканлигини билдиради;
8. Натижасиз — ушбу ҳолатдаги мурожаат судьянинг иш юритувига қабул қилинган, лекин ҳали иш бўйича якуний суд ҳужжати қабул қилинмаганлигини билдиради;
9. Тўхтатилган — ушбу ҳолат фуқаролик иши бўйича иш юритиш ФПКнинг 116, 117-моддаларига асосан тўхтатилганлигини билдиради;
10. Натижани қабул қилиш — ушбу ҳолат ишни кўриш якунига кўра натижа киритилганлигини ҳамда айни вақтда суд девонхонаси томонидан таққослаш жараёнида эканлигини билдиради (мазкур босқичда масъул ходим судья киритган натижани суд ҳужжатининг хулоса қисми билан мослигини таққослайди);
11. Натижа қабул қилинган — ушбу ҳолат ишни кўриш якунига кўра натижаси қабул қилинганлигини билдиради;
12. Архивга юборилган ва Архивга топширилган — ушбу ҳолат иш архив бўлимига юборилганлигини ва архив бўлими томонидан қабул қилиб олинганлигини билдиради.
7. Фойдаланувчилар томонидан суд ҳужжатларини ва жавоб хатларини қабул қилиб олиш тартиби
Фойдаланувчи «E-XSUD ахборот тизими орқали тақдим этган мурожаатлари юзасидан амалга оширилган фуқаролик ишлари бўйича суднинг процессуал ҳаракатларига доир маълумотларни, мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларини, шунингдек, жавоб хатларини шахсий кабинети орқали олиш имкониятига эга.
Мурожаат юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларини, шунингдек, жавоб хатларини шахсий кабинет орқали олган фойдаланувчи ушбу ҳужжатларни қоғоз кўринишида олиш ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.
Мазкур Тартибга амал қилган ҳолда тақдим этилган мурожаатлар бўйича фуқаролик ишлари бўйича суднинг суд ҳужжатлари, шунингдек, жавоб хатлари фойдаланувчининг «шахсий кабинети»га процессуал муддатларга тўлиқ риоя этган ҳолда юборилади.
Юборилган суд ҳужжатлари, шунингдек, жавоб хатлари фойдаланувчининг «шахсий кабинети»даги «Ишни суд томонидан кўриб чиқилиши» рукнига келиб тушади. Фойдаланувчи суд ҳужжатларини, шунингдек, жавоб хатларини юклаб олган ҳолда улар билан танишиб чиқиш имкониятига эга.