Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
Москва шаҳридаги Бутунроссия кўргазма маркази ҳудудидаги 66-павильонда «Ўзбекистон Республикаси кўргазма маданий маркази» экспозицион марказини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати, кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида дўстона муносабатларни инобатга олиб,
2002 йил 7 октябрдаги Бутунроссия кўргазма маркази негизида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзо давлатларининг доимий фаолият юритувчи кўргазмаларини очиш тўғрисидаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг қарори ҳамда ушбу мақсадлар учун шартномавий-ҳуқуқий асосни ишлаб чиқиш заруриятига асосланиб,
ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, маданий, илмий ва таълимга оид алоқаларни ривожлантириш мақсадида
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битимнинг мақсади Москва шаҳридаги Бутунроссия кўргазма маркази ҳудудидаги 66-павильонда «Ўзбекистон Республикаси кўргазма маданий маркази» экспозицион марказини ташкил этиш ҳисобланади.
2-модда
Мазкур Битимнинг 1-моддасида назарда тутилган мақсадга асосан Россия томони Ўзбекистон томонига Москва шаҳри «Мир» шоҳ кўчаси, 119-уй, 66-бинода жойлашган, умумий майдони 1478,5 кв. метрдан иборат бўлган, федерал аҳамиятга эга маданий мерос объекти ҳисобланадиган «Советская культура» 66-сонли павильонини (кейинги ўринларда ― объект) ижара ҳақи йилига 1 россия рубли миқдорида ва объект эгаллаб турган ҳамда у билан тарихан ва вазифавий боғлиқ, кадастр рақами 77:02:0018011:354 бўлган ер участкасини (кейинги ўринларда ― ер участкаси) 49 йил муддатга ижара ҳақи йилига 1 россия рубли миқдорида ижарага берилишини таъминлайди.
Россия томони объект жойлашган ер участкаси чегараларини шакллантириш ва уни Ўзбекистон томонига ер участкаси учун ижара шартномасини тузиш ҳуқуқини ҳақ олмасдан тақдим этиш учун зарур процедураларни амалга оширишни таъминлайди.
3-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш учун қуйидагилар Томонларнинг ваколатли ташкилотлари ҳисобланадилар:
Россия томонидан ― Москва шаҳри Ҳукумати;
Ўзбекистон томонидан ― Тошкент шаҳар ҳокимияти.
Ҳар бир Томон ўзининг ваколатли ташкилоти ўзгаргани тўғрисида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали хабардор қилади.
4 -модда
Мазкур Битим кучга кирган кундан бошлаб уч ой муддатда Томонларнинг ваколатли ташкилотлари мазкур Битимнинг 2-моддасида назарда тутилган шартлар асосида объект ва ер участкаси учун Россия Федерациясининг қонунчилигига мувофиқ ижара шартномаларини тузадилар.
Мазкур Битимнинг 11-моддаси қоидаларига мувофиқ Битимнинг амал қилиш муддати узайтирилган тақдирда, Томонлар келгуси 49 йил муддатга худди шу шартларда янги ижара шартномаларини тузадилар.
5 -модда
Россия томони «РОСИЗО» ФДМБМ ДМКМ («РОСИЗО» ФГБУК ГМБЦ)нинг объектга нисбатан ҳуқуқлари тугатилишини, шунингдек, ижара шартномаларини тузиш санасига қадар объект ва шакллантирилган ер участкаси қарзлардан, бошқа учинчи шахсларнинг ҳуқуқларидан ҳоли, гаровга қўйилмаган ва улардан мазкур Битимда назарда тутилган мақсадларда фойдаланишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган бирор бошқача тарзда қийинчилик туғдирмайдиган ҳолда бўлишини кафолатлайди.
6-модда
Объект ва ер участкаси фақат мазкур Битимнинг 1-моддасида назарда тутилган мақсад учун, кўргазма-савдо фаолиятини амалга ошириш, оммавий маданий ва концерт тадбирларини ташкиллаштириш, миллий ошхона ресторани (кафе) очиш йўли билан фойдаланилади.
Объект ва ер участкасидан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан, объектнинг ички ва ташқи қисмларини таъмирлаш процедуралари ва муддатлари, уни асраш ва маданий мерос объектларининг асл ҳолатини сақлаш Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Москва шаҳри Ҳукумати ўртасида тузиладиган ижара шартномалари доирасида амалга оширилади.
7-модда
Объектни асраш, сақлаш, ундан фойдаланиш, давлат томонидан муҳофаза қилиш ва объектнинг ҳолати, уни сақлаш, асраш, ундан фойдаланиш, уни оммалаштириш ва маданий мерос объектларининг давлат муҳофазаси устидан давлат назорати соҳасидаги ердан фойдаланиш ва шаҳарсозлик фаолияти билан боғлиқ бўлган муносабатлар Россия Федерациясининг ер қонунчилиги, Россия Федерациясининг шаҳарсозлик ва архитектура фаолияти тўғрисидаги қонунчилиги, Россия Федерациясининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилиги, шунингдек, Россия Федерацияси халқларининг маданий мерос объектларини (тарихий ва маданий ёдгорликларни) сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги Россия Федерацияси қонунчилиги билан тартибга солинади.
8-модда
Россия томони объектнинг Ўзбекистон томонига топширилгунига қадар унинг ички қисмини таъмирлаш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини таъминлайди.
Ўзбек томони объектнинг ташқи қисмини (объектнинг ташқи фасади) жорий таъмирлашни амалга оширади.
9 -модда
Мазкур Битимни амалга оширишда Томонлар ўртасида келиб чиқадиган низоли масалалар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этилади.
10-модда
Томонларнинг келишувига асосан мазкур Битимга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
11-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан 30 кун ўтгач вақтинчалик қўлланила бошлайди ва Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан кучга киради.
Мазкур Битим 49 йил муддатга тузилади, башарти Томонлардан бири мазкур Битимни тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни кейинги муддат тугашидан бир йил олдин ёзма шаклда хабардор қилмаса, у ўз-ўзидан кейинги худди шундай муддатларга узаяверади.
Объект ва ер участкалари учун ижара шартномалари муддатидан аввал тугатилганда ёки бекор қилинган тақдирда мазкур Битимнинг амал қилиши тугатилади.
Урганч шаҳрида 2019 йил 30 майда икки нусхада ўзбек ва рус тилларида тузилди, бунда иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)