Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокида «Орол дeнгизи ҳавзаси учун иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш дастури» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини камайтириш, қишлоқ хўжалиги корхоналарининг молиявий барқарорлигини ошириш, шунингдек, Халқаро тараққиёт уюшмаси билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида:
1. 2015 йил 3 ноябрда Жаҳон банки Директорлар кенгаши «Иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг Орол денгизи ҳавзаси учун оқибатларини юмшатиш дастури» лойиҳасини (кейинги ўринларда — лойиҳа) молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасига Халқаро тараққиёт уюшмасининг (кейинги ўринларда — ХТУ) 10,0 млн АҚШ долларига тенг бўлган 14,0 млн АҚШ доллари эквивалентидаги қарз олиш махсус ҳуқуқлари суммасини қайтариш муддати 25 йил, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан беришни маъқуллаганлиги;
Ўзбекистон томонининг лойиҳани амалга оширишга қўшган ҳиссаси эквиваленти 6,71 млн АҚШ долларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ҳиссаси эквиваленти 3,55 млн АҚШ долларини ва лойиҳа иштирокчилари (бенефициарлар) нинг ҳиссаси эквиваленти 3,16 млн АҚШ долларини ташкил этиши;
лойиҳани амалга ошириш даври 9 йил (2017 — 2025 йиллар) этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, шунингдек, ХТУ билан келишилган ҳолда Бухоро ва Навоий вилоятларида амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази лойиҳани ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш учун масъул бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади;
лойиҳани амалга оширишни мувофиқлаштириш ва бошқариш, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисоботни юритиш функциялари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказига юкланади;
кредит линиясини бошқариш, кредитни ўз вақтида ўзлаштириш ва ундан мақсадли фойдаланиш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича мониторинг ва ҳисоботларни юритиш учун масъулият иштирок этувчи тижорат банкларига юкланади.
3. Қуйидагилар:
«Иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг Орол денгизи ҳавзаси учун оқибатларини юмшатиш дастури» лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;
* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.
«Иқлим ўзгаришига мослашиш ва Орол денгизи ҳавзаси учун унинг оқибатларини юмшатиш дастури» лойиҳаси бўйича Халқаро тараққиёт уюшмасининг кредитига хизмат кўрсатиш схемаси 2-иловага* мувофиқ;
* 2-илова рус тилидаги матнда берилган.
«Иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг Орол денгизи ҳавзаси учун оқибатларини юмшатиш дастури» лойиҳаси доирасида Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан кредитни сўндириш ҳамда у бўйича фоизлар ва воситачилик ҳақини тўлашнинг прогноз жадвали 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 3-илова рус тилидаги матнда берилган.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда бир ой муддатда кредитни қайта молиялаштириш тартиби, муддатлари ва шартларини, сублойиҳаларни танлаш ва уларни баҳолаш мезонларини белгилаган ҳолда лойиҳа доирасида ХТУ кредит линияларидан фойдаланиш тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
5. Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари зиммасига лойиҳа тадбирларини самарали амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш, ХТУ тартиб-таомиллари ва талабларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ зарур ҳисоботлар ва ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлаш ва тақдим этишни ташкил этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
6. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Ўзбекистон Республикаси номидан қуйидаги ҳужжатларни имзолаш ваколати берилсин:
ХТУ билан молиялаштириш тўғрисида битим;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази ҳамда иштирок этувчи тижорат банклари билан ХТУ кредитини қайта кредитлаш тўғрисидаги битим, шунингдек, заруратга кўра унга тегишли ўзгартиришлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан ХТУ ўртасидаги молиялаштириш тўғрисидаги битим бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.
8. Лойиҳани амалга ошириш доирасида ХТУнинг кредит ва грант маблағлари ҳисобига харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари), қўшилган қиймат солиғи, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ва йиғимлардан озод қилинсин.
Белгилансинки, мазкур бандда назарда тутилган имтиёзларнинг амал қилиши фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан лойиҳанинг қайта молиялаштириладиган маблағлари ҳисобига харид қилинадиган товарларга (ишларга, хизматларга) ҳам татбиқ этилади.
Кўрсатиб ўтилган имтиёзларни бериш натижасида бўшайдиган маблағлар суммаси Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишга қўшган ҳиссаси ҳисобланади.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буюртманомаларига биноан кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буюртманомалари бўйича мазкур лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 16 февраль,
ПҚ-2784-сон