Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Наманган вилоятида қишлоқ хўжалигини техник жиҳозларини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги техникаси паркининг техника билан таъминланганлигини ошириш орқали агротехника ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига механизациялаштирилган хизматлар кўрсатиш даражасини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан Наманган вилояти ҳокимлиги ва «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ билан биргаликда вилоятдаги қишлоқ хўжалиги техникаси парки ўрганилиб, унинг натижаларига кўра янги қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб беришга бўлган эҳтиёж ва уларни молиялаштириш манбалари аниқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ ва Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган қуйидаги прогноз параметрлари тасдиқлансин:
2018-2019 йилларда Наманган вилоятининг Чуст, Поп ва Косонсой туманлари фермер хўжаликлари ва машина-трактор паркларига қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг асосида етказиб бериш 1-иловага* мувофиқ;
2018-2019 йилларда Наманган вилоятининг Чуст, Поп ва Косонсой туманлари фермер хўжаликлари ва машина-трактор паркларига қишлоқ хўжалиги техникаларини лизинг асосида етказиб беришни молиялаштириш 2 — 5-иловаларига* мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
3. Жамғарма қишлоқ хўжалиги техникасини «Ўзагролизинг» АЖ орқали лизинг асосида етказиб беришни молиялаштириш учун ушбу қарорга 1 — 5-иловаларга* мувофиқ зарур ҳажмдаги маблағларнинг:
* 1 — 5-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
2018 йилда етказиб берилиши назарда тутилган техника бўйича 2018 йил 1 декабргача бўлган муддатда;
2019 йилда етказиб берилиши назарда тутилган техника бўйича 2019 йил 1 декабргача бўлган муддатда йиллик 50 фоиздан юқори бўлмаган фоиз ставкасида белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин.
4. Наманган вилояти ҳокимлиги ва «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ 2017 йил 1 декабрга қадар ва 2018 йил 1 декабрга қадар мазкур қарорнинг 1 — 5-иловаларига мувофиқ 2018 ва 2019-йилларда қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг асосида етказиб бериш юзасидан лизинг шартномаларини тузишни тугалласин ҳамда лизинг олувчилар томонидан аванс тўловлари тўланишини таъминласин;
«Ўзагролизинг» АЖ Наманган вилояти лизинг олувчилар билан лизинг шартномаларини тузишда лизинг лойиҳаларини Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштиришда лизинг муддатини:
фермер хўжаликлари учун — 12 йилгача;
«Наманган Агросервис МТП» МЧЖ учун — 10 йилгача бўлишини назарда тутсин.
Белгилансинки, Жамғарма маблағлари лизинг шартномаси мавжуд бўлган, лизинг объекти қийматининг камида 20 фоизи аванс тўлови амалда тўланган тақдирда қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг асосида етказиб беришни молиялаштиришга йўналтирилади.
5. «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ:
ушбу қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги техникасини ўз вақтида ишлаб чиқариш ва етказиб беришни таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари — «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқаруви раиси Н.С. Отажонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 7 сентябрь,
ПҚ-3259-сон