Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Кўмир саноати корхоналарининг бошқарув тузилмасини такомиллаштириш ва фаолият самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Республика кўмир тармоғини бошқаришни янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, истеъмолчиларни кўмир маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, кўмир саноати корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича стратегик дастурларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 июндаги ПҚ-3054-сон қарори билан 2017 — 2021 йилларда кўмир қазиб чиқариш корхоналарини янгидан қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи 2017 — 2021 йилларда кўмир саноатини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури (кейинги ўринларда — Дастур) тасдиқланганлиги;
кўмир тармоғини бошқаришнинг амалдаги тизими ва «Ўзбеккўмир» АЖ раҳбарияти кўмир тармоғини ривожлантириш ва Дастурни амалга ошириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилишини, шунингдек республика аҳолисини ва ижтимоий объектларни кўмир маҳсулотлари билан талаб қилинган ҳажмларда ва сифатли таъминланмаганлиги, бунинг натижасида тармоқ фаолиятига нисбатан кўплаб жиддий эътирозлар ва шикоятлар юзага келганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва молия вазирлигининг «Ўзбекенерго» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Ўзбеккўмир» АЖ ва «Шарғункўмир» АЖни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
4. «Ўзбеккўмир» АЖнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
кўмир конларини қазиш, хомашё базасини кенгайтириш ва ундан оқилона фойдаланиш, кўмир саноати корхоналарини ривожлантириш ва модернизация қилиш;
ишлаб чиқаришни янада диверсификация қилиш, кўмир қазиб олиш ва етказиб бериш ҳажмларини кўпайтириш, тармоққа замонавий юқори технологик асбоб-ускуналарни кенг жорий этишга йўналтирилган тармоқда ягона техника сиёсатини олиб бориш;
кўмир саноатини ривожлантириш бўйича жорий, ўрта муддатли ва узоқ муддатли прогнозларни, мақсадли илмий-техник, иқтисодий ва ижтимоий дастурларни ишлаб чиқиш;
инновацион технологияларни яратиш ва жорий этиш, маҳсулотларнинг янги рақобатдош турларини ўзлаштириш, маҳсулотларнинг энергия ва ресурслар сарфини камайтиришга қаратилган илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини янада чуқурлаштириш, маҳаллий хомашё ресурсларидан устувор фойдаланиш асосида тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, импорт ўрнини босишни таъминлаш;
фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш, тармоққа тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, акциядорлик жамиятини стратегик бошқаришда акциядорларнинг ролини кучайтириш, лойиҳа ишларини такомиллаштириш;
кўмир саноатининг самарали ишлашини ташкил этишга қодир бўлган, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини эгаллаган муҳандис-техник ва бошқарув кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга кўмаклашиш.
5. «Ўзбеккўмир» АЖ ва «Шарғункўмир» АЖни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига ўтказиш ишларини ташкил этиш ва кўмир саноати корхоналарини молиявий соғломлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи комиссия (кейинги ўринларда — Комиссия) 3-иловага* мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
* 3-илова рус тилидаги матнда берилган.
6. Комиссия (Раматов) зиммасига:
«Ўзбеккўмир» АЖ ва «Шарғункўмир» АЖни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига ўтказиш механизми бўйича таклифлар тайёрлаш;
кўмир тармоғи корхоналарининг жорий иқтисодий ва молиявий аҳволини ўрганиш ва таҳлил қилиш;
кўмир тармоғининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун «Ўзбекенерго» АЖ ва «Ўзбеккўмир» АЖ томонидан жалб этилган активлар ва мажбуриятларни, шу жумладан кредитларни хатловдан ўтказиш;
кўмир тармоғининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб этилган кредит маблағларини, шу жумладан, истисно тариқасида, жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари ҳисобидан қайтариш манбаларини аниқлаш;
кўмир тармоғини модернизация қилиш бўйича амалга оширилган, амалга оширилаётган ва ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда кўмир нархларининг шаклланишини ва кўмирнинг улгуржи-сотиш нархига махсус устама миқдорини таҳлил қилиш;
қазиб олишнинг тўлиқлигини ва қазиб олинадиган ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериладиган кўмирнинг сифатини таъминлайдиган қазиб олиш ва ишлаб чиқариш технологиясига риоя этиш бўйича илгари қабул қилинган қарорлар ва топшириқларнинг бажарилишини танқидий таҳлил қилиш;
ўрганиш ва таҳлил натижалари бўйича «Ўзбеккўмир» АЖ ва «Шарғункўмир» АЖни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига ўтказиш, шунингдек, кўмир тармоғи корхоналарини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифалари юклатилсин.
7. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ижро этувчи аппарати тузилмасига «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раисининг саноат ишлаб чиқариши масалалари бўйича ўринбосари қўшимча лавозими киритилсин.
8. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Ўзбекенерго» АЖ бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов ва «Ўзбеккўмир» АЖ бошқаруви раиси зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 26 июль,
ПҚ-3147-сон