Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
юкларни халқаро аралаш ташиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
юкларни халқаро ташишни енгиллаштириш истагида,
юкларни халқаро аралаш ташиш соҳасида ҳамкорлик қилиш Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида савдонинг ривожланиши учун муҳим шарт эканлигини инобатга олиб,
ижтимоий, иқтисодий ва экологик манфаатларни кўзлаб, замонавий темир йул ва сув транспорти тизимини ривожлантириш зарурлигини англаган ҳолда,
тарихий Ипак йўлини тиклашни истаган ҳолда ҳамда Марказий Транспорт Коридори ва Боку-Тбилиси-Карс темир йўли линияларини такомиллаштириш мақсадида,
аралаш ташиш тизими халқаро юк ташишни енгиллаштириш учун улкан салоҳият ва имкониятга эга эканлигига ишониб,
юкларни халқаро аралаш ташишга оид халқаро битимларга таянган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битимнинг қўлланилиш соҳаси
Битимнинг қўлланилиш соҳаси
1. Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлати ҳудудида рўйхатдан ўтган бир ташувчи томонидан аралаш транспорт воситасида Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ҳудудлари ўртасида амалга оширилган ёки улардан бирининг ёхуд ҳар иккаласининг ҳудуди орқали транзит олиб ўтган ҳолда юкларни халқаро аралаш ташишни ўз ичига олади.
2. Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг улар иштирок этувчи бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
2-модда
Таърифлар
Таърифлар
Мазкур Битим мақсадлари учун қўлланиладиган таърифлар қуйидагиларни англатади:
a) Юкларни аралаш ташиш — ташиш фаолияти асосан темир йўлда ёки денгиз орқали бўлган ҳамда бошланғич ва/ёки охирги қисми қуруқлик орқали имкон қадар қисқартирилган йўлда амалга оширилиб, товарларга ишлов бермаган ҳолда олиб ўтиш;
b) Аралаш ташиш воситаси — ҳар қандай контейнер, алмашинувчи кузов, тиркама ёки ярим тиркама, юкларни аралаш ташиш учун мўлжалланган йўл транспорти;
c) Юкларни аралаш ташиш терминали — ташиш усулининг ўзгариши мумкин бўлган ички сув йўли ёки денгиз порти участкаси ёхуд темир йўл тармоғи;
d) Юкларни аралаш ташиш терминалигача ёки терминалидан ташиш — аралаш ташиш воситасининг ҳар иккала Аҳдлашувчи Томонлар ҳудудининг чегара пункти ёки юклаш пунктидан юк ташиш йўналишига энг яқин бўлган темир йўл терминали ёки денгиз портигача бўлган йўл бўйича сафари; темир йўл терминали ёки денгиз портидан юк ташиш йўналишига энг яқин бўлган йўналишдаги чегара пункти ёхуд етиб бориш пунктигача бўлган йўл;
e) Кузатиб бориладиган аралаш ташиш — боiқа транспорт турида ҳайдовчи кузатуви остида амалга ошириладиган йўл транспорти воситасини ташиш;
f) Кузатиб борилмайдиган аралаш ташиш — бошқа транспорт турида ҳайдовчи кузатувисиз амалга ошириладиган йўл транспорти воситасини ёки тиркамасини ташиш;
g) Аралаш ташиш рухсатномаси — ташувчига юкларни аралаш ташиш тизимидан фойдаланган ҳолда ташишни амалга оширишига рухсат берувчи ҳужжат;
h) Қўшма қўмита — ушбу Битимнинг 8-моддасига мувофиқ таъсис этилган «Халқаро аралаш ташиш бўйича Қўшма қўмита»;
i) Ташувчи — Аҳдлашувчи Томонлар давлатининг миллий қонунчилигига мувофиқ ижарага олинган, харид қилинган ёхуд лизингга олинган транспорт воситаларида юк ташиш учун ваколатга эга бўлган юридик шахслар;
j) Транспорт воситаси — автотранспортнинг ўзи ёки шатакчи билан тиркама ва/ёки ярим тиркама мажмуи;
k) Транспорт воситаларннинг энг катта оғирлигн ва ўлчами — Аҳдлашувчи Томонлар давлатларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ юкли ва юксиз ҳолатда бўлган транспорт воситалари учун рухсат этилган оғирлик вазни ва ўлчами;
l) Махсус рухсатнома — Аҳдлашувчи Томон давлатининг миллий қонунчилигига мувофиқ ташувчиларга катта хажмли ва/ёки оғир юкларни, шунингдек, хавфли юкларни транспорт воситаларида ташиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат.
3-модда
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
Мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш учун масъул бўлган Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари қуйидагилардир:
Ўзбек томонидан — Ташки савдо вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги;
Турк томонидан — «Транспорт, денгизчилик ишлари ва алока вазирлиги».
4-модда
Кузатиб бориладиган юкларни аралаш ташиш
Кузатиб бориладиган юкларни аралаш ташиш
1. Юкларни аралаш ташиш фаолияти рўйхатга олинган йўл транспорт воситаларида Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлати ҳудудида чегара пунктидан ёки исталган юк ортиладиган пунктидан бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида жойлашган аралаш ташиш терминалигача аралаш ташиш рухсатномаси асосида амалга оширилади.
2. Кузатиб бориладиган юкларни аралаш ташиш фаолияти учун бериладиган рухсатномаларнинг намуналари ва миқдори Қўшма қўмита йиғилишларида Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан ўзаролик асосида белгиланади.
3. Аҳдлашувчи Томонлар, халқаро нормаларга мувофиқ текис вагон устига транспорт воситалари юкланган Ro-La поездининг чегара ҳудудларини кесиб ўтиши жараёнларини имкон қадар қисқа вақтларда амалга оширилишини таъминлайдилар.
5-модда
Кузатиб борилмайдиган юкларни аралаш ташиш
Кузатиб борилмайдиган юкларни аралаш ташиш
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлати ҳудудида жойлашган юкларни аралаш ташиш терминаллари ўртасида аралаш ташиш воситаларини ташиш фақат мазкур Аҳдлашувчи томон ҳудудида рўйхатдан ўтган транспорт воситаларида амалга оширилади.
2. Аралаш ташиш операциялари учун мўлжалланган юкларни аралаш ташиш терминаллари Қўшма қўмитайиғилишларида аниқланади.
6-модда
Чегарадан ўтиш
Чегарадан ўтиш
1. Аралаш ташиш рухсатномаси амалдаги халқаро шартномаларга мувофиқ талаб этилувчи бошқа ҳужжатлар билан бирга темир йўл вагони ёки кемага ортилган транспорт воситасида сақланиши лозим. Юкларни аралаш ташишни амалга ошириш ҳуқуқини бкрувчи ҳужжатлар бутун сафар давомида транспорт воситасида сақланиши ва Аҳдлашувчи Томонларнинг тегишли ваколатли органлари талаб этган вақтда кўрсатилиши лозим. бундай рухсатноманинг йўқлиги транспорт воситасининг рухсатсиз ҳаракатланаётганлигини англатади ва унинг чегара ҳудудини кесиб ўтишга рухсат берилмайди. Рухсатномага киритилган ҳар қандай ноқонуний ўзгартиришлар унинг бекор бўлишига олиб келади. Бундай рухсатномалар тегишли тарзда бекор қилинади.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлати ҳудудидан чиқаётганда юкларни аралаш ташишни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи барча тегишли ҳужжатлар (CIM-SMGS юк хати ва бошқа ҳужжатлар) транспорт воситасида сақланиши лозим.
3. Юкларни аралаш ташишни амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахслар ҳамда транспорт воситалари, шунингдек, ташилувчи юклар Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлати ҳудудига кираётганда ёки ундан чиқаётганда Аҳдлашувчи Томонлар давлатларнинг тегишли миллий қонунчилигига мувофиқ текширилиши лозим.
4.. Ташувчи ёки хизмат оператори, шунингдек, уларнинг хизматчилари Аҳдлашувчи Томонлар давлатларнинг қонунларига ва йўриқномаларига амал қилишлари шарт.
7-модда
Юкларни аралаш ташишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш
Юкларни аралаш ташишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш
1. Аҳдлашувчи Томонлар, уларнинг темир йўл агентликлари, порт маъмуриятлари, транспорт компаниялари ва аралаш ташиш хизмати операторлари аралаш ташишнинг афзалликларини ҳисобга олиб, юкларни аралаш ташишни рағбатлантириш учун зарур чоралар кўриш тўғрисида келишиб оладилар. Аралаш ташиш учун бериладиган имтиёзлар Қўшма қўмита йиғилишларида муҳокама қилинади.
2. Аҳдлашувчи Томонлар юкларни аралаш ташиш операцияларини амалга оширувчи аралаш ташиш хизмати операторлари ҳамда темир йўл, сув ва автомобиль транспорти компанияларининг фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва уларнинг рақобатбардошлиги ва самарадорлигини оширишга кўмаклашадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар аралаш ташиш инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ўз темир йўл компаниялари ва порт маъмуриятларига кўмаклашадилар.
4. Аҳдлашувчи Томонлар дам олиш ва расмий байрам кунлари юкларни аралаш ташиш терминалигача ёки терминалидан аралаш ташиш операцияларининг чекланипшарини бартараф этиш учун зарур чоралар кўрадилар.
5. Аҳдлашувчи Томонлар аралаш ташишнинг бошланғич ва сўнгги босқичида умумий оғирлиги 44 тоннагача бўлган ISO контейнерли юк автомобилларининг ўтиши учун ўз миллий қонунчиликларига мувофиқ энг қулай шароитларни яратиб беришга ҳаракат қиладилар.
6. Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга ва уларнинг миллий қонунчилиги талабларига мувофиқ транспорт воситалари юкланган поезд вагонларининг чегара ҳудудларини қисқа муддатда кесиб ўтишини ҳамда чегара ҳудудларида текшириш, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш ишларида ўзаро амалий ёрдам берадилар.
7. Аҳдлашувчи Томонлар ҳар иккала Томон ташувчилари фойдаланадиган йўналишларини ривожлантиришда биргаликда фаолият олиб борадилар.
8-модда
Ахборот алмашинуви ва Қўшма қўмитани тузиш
Ахборот алмашинуви ва Қўшма қўмитани тузиш
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг миллий қонунчилигига мувофиқ ушбу Битимнинг бажарилиши юзасидан ваколатли органлари ўртасида ўзаро ахборот алмашинувини таъминлайдилар.
2. Мазкур Битимнинг бажарилиши ва қўлланишининг барча масалаларини тартибга солиш мақсадида ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг вакилларидан иборат бўлган Қўшма қўмита ташкил этилади. Мазкур Қўмита ҳар иккала Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари вакилларидан иборат бўлади.
3. Қшма қўмитанинг йиғилишлари навбат билан Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ҳудудларида ўтказилади. Йиғилишларни ўтказиш муддатлари томонларнинг ўзаро келишуви асосида белгиланади. Бир Аҳдлашувчи Томон тарафидан тайёрланган Қўшма қўмита йиғилишининг кун тартиби бошқа Аҳдлашувчи Томонга йиғилиш кунидан камида икки ҳафта олдин тақдим этилиши лозим.
4. Қўшма қўмита, мазкур Битимнинг бажарилиши ва қўлланилишидан ташқари, аралаш ташиш соҳасидаги муаммоларни муҳокама ва ҳал қилиш учун зарур чоралар кўради Қўшма қўмита ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар бериши мумкин.
9-модда
Маълумотларни ҳимоялаш
Маълумотларни ҳимоялаш
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битим билан тартибга солинган барча маълумот ва ахборотлар учинчи томонларга уларни тақдим этган Аҳдлашувчи Томоннинг ёзма розилигисиз тақдим қилинмаслигини билдирадилар.
10-модда
Форс-мажор
Форс-мажор
Юкларни аралаш ташишнинг ушланиб қолинишига олиб келувчи форс-мажор ҳолатларида Аҳдлашувчи Томонлар бундай ушланиб қолишларни бартараф этиш учун тегишли чоралар кўрадилар.
11-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллаш юзасидан келиб чиқадиган низолар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаўзаро маслаҳатлашув ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
12-модда
Ўзгартишлар ва қўшимчалар
Ўзгартишлар ва қўшимчалар
Мазкур Битимга Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилигига кўра ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Бундай ўзгартиш ва қўшимчалар ушбу Битимнинг 13-моддасида кўрсатилган тартибда кучга киради.
13-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
1. Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички процедураларнинг бажарилганлиги тўғрисида Аҳдаашувчи Томонлар тарафидан сўнги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири ушбу Битимни тугатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма хабардор қилмагунига қадар амал қилади. Бундай ҳолда, Битимнинг амал қилиши бошқа Аҳдлашувчи Томон мазкур тугатиш ҳақидаги ёзма хабарномани олган кундан бошлаб, олти ойдан сўнг тугатилади.
Анқара шаҳрида 2017 йил 25 октябрда икки асл нусхадаҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Битимнинг қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)