Баённома
1996 йил 8 майда Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида даромадларга икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида Битимга ўзгартишлар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати,
1996 йил 8 майда Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида даромадларга икки томонлама солиқ солишга йул қўймаслик тўғрисида Битимга (бундан буён «Битим» деб номланади) ўзгартишлар киритиш тўғрисида Баённомани имзолашга истак билдириб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
I модда
Битимнинг 2-моддаси («Битим татбиқ этиладиган солиқлар») 3- бандининг а) ва b) кичик бандлари чиқариб ташлансин ва қуйидаги таҳрирга ўзгартирилсин:
«а) Ўзбекистон Республикасида:
(i) юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;
(ii) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
(бундан буён «Ўзбекистон солиқлари» деб номланади);
b) Туркия Республикасида:
(i) даромад солиғи;
(ii) корпоратив солиқ;
(бундан буён «Туркия солиқлари» деб номланади)» .
II модда
1. Битимнинг 4-моддаси («Резидент») 1-банди чиқариб ташлансин ва қуйидаги таҳрирга ўзгартирилсин:
«1. «Ахдлашувчи Давлатнинг резиденти» атамаси мазкур Битимнинг мақсадлари учун ушбу давлатнинг қонунчилигига мувофиқ унда узининг яшаш жойи, резиденцияси, бошқаруви жойлашган жойи, рўйхатдан ўтиш жойи ёки шунга ўхшаш хусусият касб этувчи ҳар қандай бошқа мезони асосида солиққа тортилиши лозим бўлган ҳар қандай шахсни англатади, шу жумладан давлат ва унинг ҳар қандай маъмурий-ҳудудий бўлинмаси ёки маҳаллий ҳокимият органини қамраб олади. Бироқ, бу атама мазкур Ахдлашувчи Давлатдаги манбалардан ушбу Давлатда фақат даромад солиғига тортилиши лозим булган ҳар қандай шахсни ўз ичига олмайди».
III модда
Битимнинг 5-моддаси («Доимий муассаса») 2-бандининг g) кичик банди чиқариб ташлансин ва қуйидаги таҳрирга ўзгартирилсин:
«g) қурилиш майдони, қурилиш, йиғиш ёки ўрнатиш лойиҳаси ёки қайд этилган лойиҳаларнинг назоратини амалга ошириш, башарти бундай майдондаги ишлар, лойиҳа ёки фаолият 12 ойдан ортиқ давом этган ҳолда. Ушбу кичик банд мақсадлари учун майдон, пудратчи ўз ишини, шу жумладан, қурилиш бўйича тайёрлов ишларини бошлаган санадан мавжуд ҳисобланади.
Бироқ, ушбу Битимга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Баённома имзолангандан кейин Ўзбекистон томонидан ҳар қандай давлат билан тузилган бошқа битимга кўра, Ўзбекистон ушбу кичик бандда белгиланган муддат юзасидан ушбу кичик бандда назарда тутилгандан кўпрок давр белгиланишига розилик берган бўлса, ушбу кичик банднинг мақсадлари учун энг узоқ давр қўлланилади ва ушбу давр Битим кучга кирган санадан бошланган ҳисобланади».
IV модда
Битимнинг 5-моддаси («Доимий муассаса») 4-банди чиқариб ташлансин ва қуйидаги таҳрирга ўзгартирилсин:
«4. 1 ва 2-бандлар қоидаларидан қатъи назар, 5-банд татбиқ этиладиган мустақил мақомга эга бўлган агентдан бошқа шахс корхона номидан ҳаракат қилаётган бўлса, Ахдлашувчи Давлатда корхона номидан контрактлар тузиш ваколатига эга бўлиб, одатда буни амалга оширса, бу корхона ана шу давлатда ушбу шахс томонидан корхона учун амалга оширилган ҳар қандай фаолиятга нисбатан доимий муассасага эга ҳисобланади, ушбу шахснинг фаолияти 3-бандда белгиланишига кўра, доимий фаолият жойи орқали амалга оширилиши ушбу доимий фаолият жойини доимий муассаса деб, эътироф қилинишига асос бўлмайдиган фаолият билан чекланган ҳоллари бундан мустасно».
V модда
Битимнинг 12-моддаси («Роялти») 3-банди чиқариб ташлансин ва қуйидаги таҳрирга ўзгартирилсин:
«3. Ушбу моддада қўлланилган «роялти» атамаси ҳар қандай бадиий, санъат ёки илм-фан асарларига, шу жумладан кинофильмлар ҳамда радио ва телевидение учун ёзувларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланиланиш ёки фойдаланиш ҳуқуқи, ҳар қандай патент, товар белгилари, дизайн ёки модель, режа, компьютер дастурлари, махфий формула ёки жараён ёки саноат, тижорат ёки илмий тажриба тўғрисида ахборот учун ҳақ сифатида олинадиган барча турдаги тўловларни билдиради».
VI модда
Битимнинг 25-моддаси («Ахборот алмашиш») чиқариб ташлансин ва қуйидаги таҳрирга ўзгартирилсин:
«25-модда
АХБОРОТ АЛМАШИШ
АХБОРОТ АЛМАШИШ
1. Ахдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш ёки Ахдлашувчи Давлатлар ёхуд уларнинг маъмурий-худудий бўлинмалари ёки маҳаллий ҳокимият органлари фойдасига солиқ солиниши билан боғлиқ мазкур Битимга зид бўлмаган тарзда ундириладиган ҳар қандай тур ва тавсифдаги солиқларга оид миллий қонунчиликни тадбиқ этиш ёки уни қўллашга алоқадор ахборотни алмашадилар. Ахборот алмашинуви 1 ва 2-моддалар билан чекланмайди.
2. Ахдлашувчи Давлатларнинг бири томонидан мазкур модданинг 1-бандига мувофиқ олинган ҳар қандай ахборот ушбу давлатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ олинган ахборот сингари махфий ҳисобланади ҳамда фақат мазкур модданинг 1-бандида қайд этилган солиқларни баҳолаш ёки ундириш, мажбурий ундириш ёки суд таъқиби ёхуд ушбу солиқларга нисбатан даъволар бўйича қарорлар қабул қилиш ёки юқоридагиларни назорат қилиш билан шуғулланувчи шахслар ёки органларгагина (жумладан, судлар ва маъмурий органларга) ошкор этилиши мумкин. Бундай шахслар ёки органлар ушбу ахборотлардан фақат кўрсатилган мақсадлардагина фойдаланадилар. Улар бундай ахборотни очиқ суд мажлисида ёки суд қарорларида ошкор этишлари мумкин.
3. Ҳар қандай ҳолатда ҳам 1 ва 2-бандларнинг қоидалари Ахдлашувчи Давлатларга қуйидаги мажбуриятларни юклайдиган тарзда талқин қилинмаслиги лозим:
a) у ёки бу Ахдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ва маъмурий амалиётига зид бўлган маъмурий чоралар қўллаш;
b) у ёки бу Ахдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ёки маъмурий амалиётига мувофиқ олиниши мумкин бўлмаган ахборотни тақдим этиш;
c) ҳар қандай савдо, тадбиркорлик, саноат, тижорат ёки касб сирини ёхуд савдо жараёнини ошкор қилувчи ёки ошкор этилиши жамоат тартибига (ordre public) хилоф бўлган ахборотни тақдим қилиш.
4. Агар ахборот Ахдлашувчи Давлат томонидан мазкур модда қоидаларига мувофиқ сўралган бўлса, бошқа Ахдлашувчи Давлат ўз солиқ мақсадлари учун бундай ахборотга эхтиёж мавжуд бўлмаса ҳам сўралаётган ахборотни йиғиш бўйича ўзининг имкониятларидан фойдаланиши лозим. Аввалги жумлада назарда тутилган мажбурият 3-банд қоидаларига мувофиқ чекланиши мумкин, бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам, бундай чекловлар фақатгина ички манфаатлар мавжуд эмаслиги сабабли ахборот тақдим этишни рад қилиш учун Ахдлашувчи Давлатга ижозат берадиган тарзда талқин қилинмаслиги лозим.
5. 3-банднинг қоидалари ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай ахборот фақатгина банк, бошқа молия ташкилоти, номинал сақловчи ёхуд агент ёки ишончли бошқарувчи сифатида иштирок этаётган шахснинг мулкий ҳуқуқларига тааллуқли эканлиги сабабли Ахдлашувчи Давлатга ахборот тақдим қилишни рад этишга рухсат сифатида талқин қилиниши мумкин эмас».
VII модда
Битимнинг 25-моддасидан («Ахборот алмашиш») кейин қўшимча янги 25А-моддаси (Солиқларни ундиришда кўмаклашиш) қуйидаги таҳрирда киритилсин:
«25А-модда
Солиқларни ундиришда кўмаклашиш
Солиқларни ундиришда кўмаклашиш
1. Ахдлашувчи Давлатлар ўзларига тегишли солиқ даъволарини ундиришда бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар. Бундай ёрдам Битимнинг 1 ва 2-моддалари билан чекланмайди. Ахдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари мазкур моддани қўллаш тартибини ўзаро келишув йўли билан белгилайдилар.
2. Мазкур моддада қўлланадиган «солиқ даъвоси» атамаси Ахдлашувчи Давлатлар ёки уларнинг маъмурий-ҳудудий бўлинмалари ёки маҳаллий ҳокимият органлари фойдасига ундириладиган мазкур Битимга ёки Ахдлашувчи Давлатлар иштирокчи бўлган исталган бошқа ҳужжатга зид бўлмаган тарзда ҳар қандай тур ва тавсифдаги солиқлар сифатида тўланиши лозим бўлган маблағни, шунингдек бундай солиқларга тегишли фоизлар, маъмурий жарималар ҳамда ушбу маблағни ундириш ёки ундирилишини таъминлаш бўйича харажатларни англатади.
3. Башарти Ахдлашувчи Давлатлардан бирига тааллуқли солиқ даъвоси ушбу давлатнинг қонунчилигига мувофиқ ундирилиши мумкин бўлса ва ушбу давлатнинг қонунчилигига мувофиқ айни шу пайтда ундирилишига тўсқинлик қила олмайдиган шахқ томонидан тўланиши лозим бўлса, бу ҳолда ушбу давлатнинг ваколатли органлари сўровномасига биноан бундай даъво мажбурияти иккинчи Ахдлашувчи Давлатнинг ваколатли органлари томонидан ундирув учун қабул қилинади. Бундай солиқ даъвоси иккинчи давлат томонидан, айни шу давлатга тааллуқли солиқ даъвоси каби, унинг ўз солиқларини ундириш учун қулланадиган ўзининг қонунчилиги қоидаларига мувофиқ ундириб олиниши лозим.
4. Агарда Ахдлашувчи Давлатларнинг бирига тааллуқли солиқ даъвоси уни ундириш учун ушбу давлат қонунчилигига мувофиқ ундиришни таъминлаш чораларини кўришни тақозо қиладиган мажбурият ҳисобланса, бундай солиқ даъвоси ушбу давлат ваколатли органларининг сўровномаси билан иккинчи Ахдлашувчи Давлат ваколатли органлари томонидан таъминот чораларини кўриш мақсадида қабул қилиниши лозим. Ушбу иккинчи давлат бундай солиқ даъволарига нисбатан, ҳаттоки ушбу солиқ даъвоси, бундай чораларни қўллаш пайтида биринчи кўрсатилган давлатда солиқ талабини ижро этишнинг имкони бўлмаса ёки уни ижросига тўсқинлик қилишга ҳақли шахсе тарафидан тўланиши лозим булган ҳолатда иккинчи давлатга тааллусли бўлганидек, ўз қонунчилиги қоидаларига мувофиқ даъвони таъминлаш чораларини кўриши лозим.
5. Мазкур модданинг 3 ва 4-бандлари қоидаларидан қатьий назар, Ахдлашувчи Давлатлардан бирининг қонунчилигига мувофиқ, солиқ даъволарига нисбатан шундай даъвонинг хусусиятига кўра қўлланиши мумкин бўлган вақт чекловлари тақдим этилган ва устуворлик ушбу давлат томонидан мазкур модданинг 3 ёки 4-бандларида назарда тутилган мақсадлар учун қабул қилинаётган солиқ даъвосига нисбатан қўлланилмайди. Шунингдек, Ахдлашувчи Давлатларнинг бири томонидан мазкур модданинг 3 ёки 4-бандларида назарда тутилган мақсадлар учун бошқа Ахдлашувчи Давлатнинг қонунчилигига мувофиқ қабул қилинаётган солиқ даъвоси ушбу давлатда устуворликка эга эмас.
6. Ахдлашувчи Давлатларнинг бирига тааллуқли солиқ даъвосининг мавжудлиги, ҳақиқийлиги ёки миқдорини аниқлаш буйича тартиботлар иккинчи Ахдлашувчи Давлатнинг суд ёки маъмурий органлари муҳокамасига олиб чиқилмайди.
7. Ахдлашувчи Давлатлардан бири мазкур модданинг 3 ёки 4-бандларига мувофиқ сўровнома юборганидан сўнг иккинчи Ахдлашувчи Давлат тегишли солиқ даъвоси суммасини ундириб, биринчи Ахдлашувчи Давлатга ўтказгунига кадар, солиқ даъвоси:
a) сўровнома 3-бандга мувофиқ юборилганда — биринчи айтилган давлатга тааллуқли, ушбу давлатнинг қонунчилигига мувофиқ ундирилиши ҳамда шу пайтда ушбу давлатнинг қонунчилигига кўра унинг ундирилишига тўсқинлик қила олмайдиган шахс томонидан тўлаб берилиши лозим солиқ даъвоси ҳисобланмай қолса, ёки;
b) сўровнома 4-бандга мувофиқ юборилганда — кўрсатилган биринчи давлатга тааллуқли, уни ундириш учун ушбу давлат ўз қонунчилигига мувофиқ таъминот чораларини кўриши мумкин бўлган солиқ даъвоси ҳисобланмай қолса,
бу ҳолда биринчи давлатнинг ваколатли органи бу ҳақда дарҳол иккинчи давлатнинг ваколатли органини хабардор қилади ва биринчи давлат иккинчи давлатнинг ихтиёри бўйича ўз сўровномасини тўхтатади ёки чақиртириб олади.
8. Мазкур модданинг қоидалари ҳар қандай ҳолатда ҳам Ахдлашувчи Давлат зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юкланиши сифатида талқин қилиниши мумкин эмас:
a) у ёки бу Ахдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ва маъмурий амалиётига зид бўлган маъмурий чораларни кўриш;
b) жамоат тартибига (ordre public) зид бўлган чораларни кўриш;
c) ёрдам кўрсатиш, башарти бошқа Ахдлашувчи Давлат мавжуд бўлган ҳолат бўйича ўз қонунчилиги ёки маъмурий амалиётига мувофиқ ундириш ёки ундирувни таъминлашга доир барча оқилона чораларни кўрмаган бўлса;
d) кўмаклашаётган Давлат зиммасига тушаётган маъмурий харажатларни ундириш натижасида иккинчи Ахдлашувчи Давлат олиши мумкин бўлган фойдага номутаносиб бўлган ҳолатларда кўмаклашиш.» .
VIII модда
1. Ҳар бир Ахдлашувчи Давлат бошқа Ахдлашувчи Давлатни Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланган ушбу Баённома кучга кириши учун ўзининг қонунчилигига асосан талаб этиладиган процедуралари тугатилганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали хабардор қилади. Ушбу Баённома бундай хабарномалардан охиргиси олинган санадан бошлаб кучга киради ва унинг қоидалари ушбу Баённоманинг кучга кириш санасидан кейинги тақвим йилининг 1 январ кунидан ёки ушбу санадан кейин бошланадиган солиқ даврлари учун ёки даврларда амал қилади.
2. Битимнинг 5-моддасида қайд этилган қоидалардан қатъи назар, ушбу Баённома кучга киргандан сўнг, дастлабки икки йил давомида «доимий муассаса» атамаси жумласига қурилиш майдони, қурилиш, йиғиш ва ўрнатиш лойиҳаси ёки қайд этилган лойиҳаларни назорат қилиш фаолияти, бундай майдондаги ишлар, лойиҳа, объект ёки фаолият 36 ойдан ортиқ давом этаётган бўлса, киради.
3. Ушбу Баённома Битим билан бир вақтда унинг 28-моддасига мувофик ўз кучини йуқотади.
БУНИНГ ТАСДИҒИ СИФАТИДА, тегишли тартибда ваколатланган, қуйида имзо чеккан вакиллар ушбу Баённомани имзоладилар.
Анқара шаҳрида 2017 йил 25 октябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Матнларни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)