Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банклар ва уларнинг филиалларида инспекция (текшириш) ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 19 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2217-3]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 ноябрдаги ПҚ-4525-сон «Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2011 йил 12 мартдаги 8/1-сонли қарори (рўйхат рақами 2217, 2011 йил 14 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 15-сон, 157-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банклар ва уларнинг филиалларида инспекция (текшириш) ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 25 май,
12/12-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги 12/12-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банклар ва уларнинг филиалларида инспекция (текшириш) ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган
ўзгартиришлар
1. 14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Қуйидаги ҳолларда алоҳида масалалар юзасидан инспекция (текшириш) ўтказилиши мумкин:
тижорат банкларининг таваккалчиликларини баҳолаш натижалари асосида;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг сўровлари асосида;
жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида.».
2. 29-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«банклар ва уларнинг филиаллари раҳбари ва ходимларидан инспекция (текшириш) ўтказиш билан бевосита боғлиқ бўлган зарур ҳар қандай ҳужжатларнинг асл нусхаларидан нусха олиш, лозим бўлганда эса ҳужжатлар нусхаларини имзоланган, рақамланган ва тикилган ҳолда тақдим этилишини талаб қилиш;».
3. 32-банднинг бешинчи хатбошисидан «муҳр билан тасдиқланган,» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2020 й., 10/20/2217-3/0787)