Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган, бироқ солиқ даври давомида юз миллион сўмдан ошмайдиган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди. Бунда солиқ даврида юз миллион сўмдан ошган даромадлар якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартиб асосида солиққа тортилади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 29 декабрдаги ПҚ-422-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 07/23/422/0994-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)
2. 2020 йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати иловага мувофиқ кенгайтирилсин.
3. 2020 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:
ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади;
ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади;
ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмаслиги ҳамда иш берувчига эга бўла олмаслиги тўғрисидаги талаб сақланиб қолади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахсларга (фрилансинг) қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар — норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг банкларидаги ҳисоб рақамларига қабул қилиш;
контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш).
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил 1 июлга қадар ўзини ўзи банд қилган шахсларни масофадан туриб рўйхатга олиш учун қуйидаги имкониятларни назарда тутувчи мобиль иловани ишлаб чиқсин ҳамда жорий қилсин:
буюртмаларни қабул қилиш ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни амалга ошириш;
юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш;
мобиль илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш;
ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш;
кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ва истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар қолдириш.
6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда юридик шахслар — тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қайта рўйхатдан ўтказиш катта миқдорларда солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаган тақдирда хабар бериш тартибини қўллаган ҳолда бекор қилинади;
якка тартибдаги тадбиркорларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш уларни давлат томонидан рўйхатдан ўтказилаётганда (қайта рўйхатга олинаётганда) тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш жойи бўйича амалга оширилади;
якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома унда якка тартибдаги тадбиркорнинг фотосурати акс эттирилган ҳолда берилади.
7. Белгилаб қўйилсинки, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайдилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 апрелдаги ПФ-95-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.04.2022 й., 06/22/95/0267-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 апрелдаги ПФ-95-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.04.2022 й., 06/22/95/0267-сон)
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2021 йилга мўлжалланган солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясини тайёрлашда қуйидагиларни назарда тутсин:
ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдорини ўрнатиш;
якка тартибдаги тадбиркорларнинг ёлланма ишчиларига ёлланиб ишлаш асосида меҳнат фаолиятини олиб борувчи шахслар учун ўрнатилган солиққа тортиш тартибини татбиқ қилиш.
11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Молия вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда амалий аҳамияти кенг ёритилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2020 йил 8 июнь,
ПҚ-4742-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари
РЎЙХАТИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга.
(илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-185-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2024 й., 06/24/185/0944-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.06.2020 й., 07/20/4742/0736-сон; 24.12.2020 й., 09/20/806/1662-сон; 10.02.2021 й., 09/21/6165/0104-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.05.2021 й., 06/21/6221/0428-сон, 09.11.2021 й., 06/21/3/1037-сон, 01.04.2022 й., 06/22/95/0267-сон, 28.04.2022 й., 06/22/116/0353-сон; 30.08.2022 й., 07/22/366/0790-сон; 12.05.2023 й., 07/23/153/0273-сон; 13.06.2023 й., 06/23/92/0366-сон; 14.10.2023 й., 07/23/331/0770-сон; 11.11.2023 й., 06/23/193/0844-сон; 29.12.2023 й., 07/23/422/0994-сон; 21.11.2024 й., 06/24/185/0944-сон; 03.12.2024 й., 07/24/413/0992-сон; 25.12.2024 й., 06/24/226/1060-сон; 28.12.2024 й., 06/24/229/1090-сон; 28.02.2025 й., 07/25/78/0191-сон; 12.05.2025 й., 06/25/84/0432-сон; 09.02.2026 й., 07/26/49/0121-сон)