Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАН ВА ТЕХНИКА ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ ТУЗИЛМАСИ ВА ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 4 мартдаги 77-сонли «Илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитасига юклатилган вазифаларни амалда рўёбга чиқариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
2. Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси зиммасига аввал белгиланган функцияларга қўшимча равишда фан ва техникани ривожлантириш истиқболларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, ҳар йилги ривожланиш истиқболларини шакллантириш, республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда фан ва техника соҳасида давлат буюртмаларини тақсимлаш юклатилсин.
3. Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитасининг Илмий-техника ахбороти ва техника-иқтисодий тадқиқотлар илмий-тадқиқот институти Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитасига берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси Илмий-техника ахбороти ва техника-иқтисодий тадқиқотлар институтини Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази таркибидаги Илмий-техника ахбороти давлат жамғармаси қилиб қайта ташкил этсин.
5. Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази ходимларининг энг кўп сони Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитасининг Илмий-техника ахбороти ва техника-иқтисодий тадқиқотлар илмий-тадқиқот институтини ҳамда Иқтисодиёт ва нормативлар илмий-техника институтини ҳисоблаш маркази билан бирга сақлаш учун назарда тутилган маблағларни ва уларнинг ходимлари сонини қисқартириш ҳисобига тегишли меҳнатга ҳақ тўлаш фонди билан биргаликда 325 нафардан иборат қилиб (хизмат кўрсатувчи ходимлар бунга кирмайди) белгилансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги республиканинг Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти марказини сақлашни назарда тутувчи 1992 йилги бюджетига тегишли ўзгартишлар киритсин.
7. Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси билан келишган ҳолда икки ҳафта муддат ичида Илмий-техника ахборот ва техника-иқтисодий тадқиқотлар илмий-тадқиқот институтининг асосий фондлари, мол-мулки ва моддий бойликларини 1992 йил 1 январдаги ҳолатига кўра, шунингдек, пул маблағларини Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази балансига ўтказсин.
8. Ўзбекистон Республикаси ФТДҚнинг Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази зиммасига Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси фаолиятини ахборот билан таъминлаш ва унга нашриёт-матбаа хизмати кўрсатиш функцияси юклатилсин.
9. Вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар, шунингдек, концернлар, уюшмалар, корхоналар раҳбарлари зиммасига, идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, давлат илмий-техника сиёсатини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси ФТДҚнинг қарорлари ва йўриқномаларини ижро этиш масъулияти юклатилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ўртоқ М. Қ. Қорабоев зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 3 август,
360-сон
Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси тўғрисида
НИЗОМ
1. Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси (Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ) Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга қаратилган давлат илмий-техника сиёсатини шакллантирувчи ва амалга оширувчи орган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Олий Кенгаш қарорларига, Президентнинг фармонлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.
Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.
2. Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ фаолиятининг бош вазифалари ва йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:
илмий-техника тараққиётининг устувор йўналишларини белгилаш ҳамда молиявий, моддий-техника ва бошқа ресурсларни уларни ривожлантириш учун жамлаш;
давлат йўли билан қўллаб-қувватлашнинг иқтисодий-ҳуқуқий ва ташкилий механизмлари тизимини барпо этиш ва унинг мавжуд бўлишини таъминлаш, фан ва техника ривожланишини рағбатлантириш ва тартибга солиш, фан ва техника ютуқларини халқ хўжалигига жорий этиш;
республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат устуворликларини таъминлаш илмий-техника дастурини шакллантириш, рўёбга чиқариш ва бошқариб бориш; фундаментал тадқиқотлар давлат дастурларини ишлаб чиқишда академия, олий ўқув юртлари ва тармоқ фанини мувофиқлаштириш; фан ва ишлаб чиқариш, вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари соҳасини давлат илмий-техника сиёсати доирасида бу органларнинг тегишли тузилмалари орқали мувофиқлаштириш;
фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро фойдали иқтисодий негизга, бозорга хос бўлган ўзаро муносабатларга ўхшаш шаклларига асосланган алоқасини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш;
патент-лицензия хизмати, илмий-техника ахбороти тизимини, илмий кадрлар тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказишни, илмий-техникавий лойиҳалар ва дастурларнинг давлат экспертизасини, «фан» тармоғи бўйича капитал қурилишни ўз ичига олувчи фан ва техника соҳаси инфраструктурасини ташкил этиш ва ривожлантириш;
халқаро илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ҳамда уни рўёбга чиқаришда давлат манфаатларини таъминлаш.
3. Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ ўзи учун белгиланган вазифаларга мувофиқ:
а) республика Фанлар академияси, тармоқ академиялари, вазирликлар ва ташкилотлар билан биргаликда республиканинг илмий-техникавий имкониятлари ҳолатини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда унинг ривожланиш тенденцияларини жаҳон фани ва техникасининг бир қисми сифатида белгилаш ишларини ташкил этишни таъминлайди; ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муаммоларини ҳал этишга қаратилган илмий-техникавий тараққиёт устуворликларини белгилайди;
б) фан ва техника ривожланиши бўйича муҳим илмий-техникавий муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ бўлган давлат буюртмаларини шакллантиради; давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларга, марказий манбалардан ажратиладиган моддий-техника ресурсларига, шу жумладан, валюта ажратмалари ва импорт бўйича етказиб бериладиган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни аниқлайди ҳамда уларни тақсимлаш лойиҳаларини тайёрлайди;
в) Олий Кенгаш қўмиталари, Фанлар академияси, тармоқ академиялари, Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги, шунингдек, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда фан ва техника масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини, илмий тадқиқотларни, тажриба-конструкторлик ишларини ташкил этиш, жорий этиш, ихтирочилик, патент-лицензия ишлари, кадрлар тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказиш масалалари бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқади;
г) фундаментал тадқиқотлар давлат дастурларини ишлаб чиқишни ва рўёбга чиқаришни ҳамда эришилган натижалардан фойдаланишни мувофиқлаштиришни таъминлайди; республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг давлат устуворликларини илмий-техникавий таъминлаш дастурларини шакллантириш, рўёбга чиқаришни мувофиқлаштиради ва тартибга солади;
д) янги технологиялар ва ишлаб чиқаришларни давлат йўли билан қўллаб-қувватлашни таъминловчи учинчи томон сифатида инновациялар эгаларининг уларнинг истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларининг бозор шакллари ривожланишига кўмаклашади;
е) патент-лицензия хизмати, илмий-техника ахбороти тизими органларининг фаолиятига, уларнинг идоравий бўйсунишидан қатъи назар, илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказишга услубий раҳбарликни амалга оширади; илмий-техника тараққиётининг энг муҳим йўналишлари бўйича таҳлилий ахборот тайёрланишини таъминлайди; илмий-техника ютуқлари тарғиб қилинишини ташкил қилади, илмий-техника ахбороти органларининг ноширлик фаолиятини мувофиқлаштиради;
ж) хорижий мамлакатлар билан илмий-техникавий ҳамкорлик соҳасида вазирликлар ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради; корхоналар ва ташкилотларнинг хорижий юксак технологиялардан фойдаланиш, қўшма ишлаб чиқаришлар ва корхоналар ташкил этиш тўғрисидаги таклифларини тезроқ рўёбга чиқаришга кўмаклашади; Ўзбекистон Республикасининг халқаро илмий-техника ташкилотларида ва дипломатик миссияларда вакиллик қилишини таъминлайди; илмий-техника ютуқларини чет элда тарғиб қилишни ташкил этади, уларнинг ташқи бозорда олға томон ҳаракат қилишига кўмаклашади; лицензияларни сотиш ишларига раҳбарлик қилади; ўз ваколати доирасида олимлар ва мутахассисларнинг чет эл хизмат сафарларига боришини ташкил этади;
з) халқ хўжалиги тармоқларининг илмий-техникавий даражасини, имкониятлардан фойдаланиш самарадорлигини вақти-вақти билан комплекс таҳлил қилишни амалга оширади; илмий-тадқиқот, лойиҳа-конструкторлик ва технологик ташкилотларни саралаб давлат текширувидан ўтказади, зарур холларда илмий муассасалар фаолияти йўналишини ўзгартириш, кам самара берувчи ташкилотлар ва муассасаларни тугатиш тўғрисида таклифлар киритади; вазирликлар ва идораларнинг янги ташкилотлар ташкил этиш тўғрисидаги таклифларини кўриб чиқади ва улар бўйича қарор қабул қилади;
и) комплекс илмий тадқиқотларни лойиҳа-конструкторлик ва технологик ишларни бажариш, халқ хўжалигида инновацияларни кўламли ўзлаштириш пайтида фан ва техника соҳасидаги улкан ютуқлар учун Ўзбекистон Республикасининг мукофотларини таъсис этиш ва фахрий унвонларини беришни ишлаб чиқади ҳамда бу ҳақда белгиланган тартибда таклиф киритади;
к) Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ томонидан тақсимланадиган давлат бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш; фан ва техника соҳасида давлат буюртмаларининг ижроси; давлат дастурларининг амалга оширилиши; илмий-техника ахбороти ва патент-лицензия хизмати органлари иши, илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимлар бўйича Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларининг ривожланиши устидан назоратни амалга оширади.
4. Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитасига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
а) давлат илмий-техника сиёсатини амалга оширишни таъминлаш учун илмий-техникавий ва эксперт кенгашлари, вақтинчалик жамоалар, муҳандислик марказлари, кичик ва қўшма корхоналар, технополислар, техника парклари ташкил этиш; инновация жамғармалари, бирлашмалар, жамоатчилик ва халқаро ташкилотларнинг муассиси ва қатнашчиси бўлиш; ноширлик фаолиятини амалга ошириш;
б) илмий-тадқиқот, лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари ва корхоналарига уларнинг розилиги билан илмий тадқиқотлар ва ишланмалар ўтказишга давлат буюртмалари бериш;
в) тармоқлараро йирик илмий-техникавий дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертизалар ўтказиш учун республика Фанлар академиясини, тармоқ фанлар академияларини, Ўзбекистон Ихтирочилар ва рационализаторлар жамиятини, илмий-тадқиқот, лойиҳа-конструкторлик ва технология ташкилотларини, олий ўқув юртлари ва бошқа муассасалар, бирлашмалар ва корхоналарни, шунингдек, алоҳида олимлар ва мутахассисларни жалб этиш;
г) Қўмита ва ўзига қарашли муассасалар ходимларини хорижий илмий-ташкилий ва патент-ахборот марказларига стажировкага, иш тажрибасини ўрганишга, ўзаро фойдали тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, патент жамғармаларини шакллантириш учун юбориш;
д) тармоқлараро йирик илмий-техникавий дастурларни ҳал этиш, муҳим халқ хўжалиги аҳамиятига эга бўлган муҳим янги техника, технология ва материалларни ишлаб чиқиш бўйича танловлар ўтказиш;
е) илмий-техника тараққиётининг республика учун устувор йўналишлари бўйича илмий-техникавий лойиҳалар ва дастурлар давлат экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш;
ж) музокараларда иштирок этиш ҳамда республика Ҳукуматининг топшириғига кўра давлатлараро илмий-техникавий ҳамкорлик масалалари бўйича шартномалар ва битимларни имзолаш, республика тадқиқот ва конструкторлик-технология ташкилотларининг ўзаро фойдали муносабатлар асосида етакчи хорижий илмий ва техника марказлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишига кўмаклашиш, илмий кадрларни ўқиш, стажировка ва ишлаш учун чет элга хизмат сафарига юбориш тўғрисида таклифлар киритиш;
з) республика ва халқаро илмий-техника конференциялари, симпозиумлар, семинарлар ва кенгашлар ташкил қилиш;
и) вазирликлар ва идоралар, Фанлар академияси ва тармоқ академиялари, концернлар, уюшмалар ва ҳокимликлар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар, шунингдек, республика Давлат статистика қўмитасидан қўмитага юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган материалларни олиш;
к) давлат аҳамиятига эга бўлган муҳим ишларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари учун давлат бюджетидан олинадиган маблағлар бўйича, шу жумладан, чет эл валютасида, танловларнинг ғолибларига бериш, шунингдек, белгиланган тартибда олимлар ва мутахассислар меҳнатига, шу жумладан, илмий-техника ва эксперт кенгашларида ишлаш учун Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ томонидан жалб қилинадиган чет эл олимлари меҳнатига ҳақ тўлаш учун ўз тасарруфида захирага эга бўлиш;
л) Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот муассасалари, лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари ва корхоналарида текширишлар ўтказиш; ўз ваколати доирасида вазирликлар ва идоралар бажариши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш.
5. Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ Раисини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ амалга оширилади. Қўмита Раисининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ Раисининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.
Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ Раиси қўмитага юклатилган вазифаларнинг бажарилиши ва у ўз функцияларини амалга ошириши учун, шунингдек, ўзига қарашли ташкилотлар ва муассасалар иши учун шахсан жавоб беради, Раис ўринбосарларининг, ҳайъат, илмий-техника кенгаши аъзолари ва қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг жавобгарлиги даражасини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ Раиси Ўзбекистон Республикаси вазири ҳуқуқига эгадир.
6. Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Кенгаш қарорлари, Президентнинг фармонлари, республика Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари асосида ва уларни бажариш юзасидан, идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар. бажариши мажбурий бўлган қарорлар ва буйруқлар, йўриқномалар чиқаради.
7. Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитасида таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ҳайъат тузилади.
Ҳайъат ўзининг мунтазам ўтказиладиган мажлисларида Ўзбекистон Республикаси давлат илмий-техника сиёсатини шакллантириш ва рўёбга чиқариш, аппарат ишини ташкил этиш даражасини ошириш ҳамда Қўмита ҳуқуқ доирасига кирувчи бошқа масалаларни кўриб чиқади.
Ҳайъат қарорлари Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитасининг қарорлари ва буйруқлари билан ҳаётга татбиқ этилади.
8. Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ ўз ҳуқуқ доирасига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг доимий ишловчи қўмиталари ва комиссиялари, Вазирлар Маҳкамасининг доимий органлари, маҳаллий бошқарув органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
9. Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ ҳузурида таркибида Республика илмий-техника кутубхонаси бўлган Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази фаолият кўрсатади.
Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази ихтирочилик соҳасида давлат манфаатлари ҳимоя қилинишини, фан ва техникада муаллифлик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини, Ўзбекистон Республикасида кашфиётлар, ихтиролар, саноат намуналари ва товар белгиларидан самарали фойдаланилишини таъминлайди.
Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
10. Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ марказий аппаратининг тузилмаси ва ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Қўмита Раиси зарурат бўлганда тузилмага Қўмита марказий аппарати ходимларининг белгиланган сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартишлар киритади.
Қўмита марказий аппаратининг штат жадвали ва унинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ Раиси томонидан тасдиқланади.
11. Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси ҳузуридаги Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази тўғрисида
НИЗОМ
1. Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси ҳузуридаги Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази, давлат илмий-техника сиёсатини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси илмий-техника ахбороти ва патент-лицензия фаолияти тизимини шакллантиришни ҳамда унинг ишини мувофиқлаштиришни таъминловчи орган ҳисобланади.
Республика илмий-техника ва патент-лицензия маркази ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, патент-лицензия фаолияти соҳасидаги халқаро ҳуқуқий нормаларга, Олий Кенгаш қарорларига, Президентнинг фармонларига, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.
2. Республика илмий-техника ва патент-лицензия марказининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси давлат илмий-техника сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун илмий-техника ахбороти ва патент-лицензия фаолияти соҳасида таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикасида интеллектуал имкониятларни ривожлантиришга, кашфиётлар, ихтиролар, саноат намуналари ва товар белгиларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган фан ва техникада муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизими фаолиятини ташкил этиш ва таъминлаш;
патент-лицензия фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, Ўзбекистон Республикасининг давлат манфаатларини ва фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминловчи патент жамғармасини шакллантириш;
илмий-техника, патент ва конъюнктура-иқтисодий ахборотнинг халқ хўжалиги эҳтиёжларига ва давлат илмий-техника сиёсатининг тегишли вазифаларига йўналтирилган ахборот тармоғи замонавий тузилмаларини шакллантириш;
патент бериш ишларини юритиш ва илмий-техника ахбороти соҳасида илмий-тадқиқот, услубият ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
фан-техника тараққиётининг тенденцияларини, халқ хўжалиги тармоқларида ишлаб чиқаришнинг техникавий ва ташкилий даражасини таҳлил қилиш; «фан» ва «ишлаб чиқариш» соҳаларининг инновация жараёнларида мувофиқлашуви ва ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
патент-лицензия фаолияти соҳасида хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни ташкил этиш ва бошқариб бориш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ахборот тизимига тўлиқ киришини таъминлаш.
3. Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази белгиланган вазифаларга мувофиқ:
а) Фанлар академияси, тармоқ академиялари, тегишли вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари билан биргаликда саноат ва интеллектуал мулк масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқади; патент-лицензия фаолияти, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини бажариш, тадқиқотлар натижаларини жорий этиш, ахборот таъминотини ташкил этиш бўйича меъёрий ҳужжатларни тузади;
б) Давлат патент жамғармасини, шунингдек, фан-техника ютуқлари жамғармасини бутлайди; илмий-техника ва патент ахбороти банкларини шакллантиради, тармоқ ва ҳудудий маълумот базалари ташкил этиш, улардан самарали фойдаланишни таъминлаш ишларини мувофиқлаштиради;
в) маҳсулотларнинг рақобатга бардошлилигини баҳолаш, жаҳон бозори ва ички бозорни ўрганишга, энг аввало, илмий-техник фаолият соҳасида, шунингдек, Ўзбекистон учун устувор аҳамиятга эга бўлган тармоқлар бўйича ўрганишга доир патент-конъюнктура тадқиқотлари ўтказади;
г) етакчи тармоқлардаги техникавий даража ҳамда кенг жорий этишга тавсия қилинадиган энг муҳим фан-техника ютуқлари тўғрисида раҳбар органларга ҳар ойда билдиришлар тайёрлайди ва тақдим этади; Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ топшириғига кўра ахборотни танлаб тарқатиш тизими бўйича материалларни, алоҳида тармоқлар ва ишлаб чиқаришларни ривожлантириш йўллари тўғрисидаги тавсиялар билан бирга уларнинг ҳолати ҳақидаги таҳлилий маълумотларни тайёрлайди ва тақдим этади;
д) саноат мулки объектларига берилган ватанимиз ва хорижий талабномаларнинг давлат экспертизасини ташкил этади ва ўтказади, саноат ва интеллектуал мулк объектларининг давлат реестрларини юритади;
е) илмий-тадқиқот, лойиҳа-конструкторлик ва ишлаб чиқариш бўлинмалари томонидан бажарилган лицензияларии сотиш ишларини олиб боради ва таклифлар тайёрлайди, шунингдек, чет элдан лицензия сотиб олиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
ж) экспертизанинг саноат мулки объектларига берилган талабномалар бўйича қарорига эътироз ва шикоятларнинг Аппеляция кенгаши томонидан кўриб чиқилишини ташкил этади, ўз ҳуқуқ доирасига кирувчи масалалар бўйича фуқаролар ва юридик шахсларнинг бошқа мурожаатларини кўриб чиқади;
з) бошқа ташкилотлар билан биргаликда ахборот технологиялари ва тизимларини такомиллаштириш, ахборотни қайта ишлаш ва узатишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш ва ривожлантириш, маълумотлар базаси ва банкларини генерациялаш ишларини олиб боради;
и) саноат мулкини ва илмий-техника ахборотини, шу жумладан, патент ишончномалари берилган ходимларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича мутахассислар тайёрлашни, уларнинг малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказишни ташкил қилади; саноат мулки, унинг ҳуқуқий ва патент-ахборот таъминоти соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилади ва ўтказади;
к) фан-техника ютуқлари ва илғор ишлаб чиқариш тажрибаси тўғрисида тармоқлараро ахборот айирбошлашни ташкил қилади; фан-техника ютуқларини жорий этиш бўйича вазирликлар ва идораларга, концернлар, уюшмалар ва алоҳида корхоналарга тавсиялар ишлаб чиқади; янгиликни жорий этишнинг иқтисодий самарадорлиги тўғрисидаги маълумотларни умумлаштиради;
л) илмий-техника тарғиботи ишларини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради; кўргазмалар, кенгашлар, семинарлар, танловлар ва бошқаларни ўтказади;
м) ҳуқуқий муҳофаза ва саноат мулки объектларидан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширади, халқаро илмий-техника алоқаларини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
н) ўз ҳуқуқ доирасига кирувчи масалалар бўйича расмий бюллетенлар, ахборот материаллари, журналлар ва бошқа адабиётлар нашр этишни ташкил этади; ахборот материалларини кўпайтиришни ва микрофильм қилишни амалга оширади.
4. Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти марказига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
а) ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгиларига берилган талабномаларни кўриб чиқиш; Ўзбекистон Республикасида амал қилувчи давлат муҳофаза ҳужжатларини бериш ва эълон қилиш;
б) идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси муассасалари ва ташкилотларида бажариладиган илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини давлат рўйхатидан ўтказиш;
в) чет элга патент бериш ва лицензия фаолияти, фан-техника ютуқларини жорий этиш устидан назоратни амалга ошириш;
г) патент ишончномалари берилган ходимларни аттестациядан ўтказиш ва рўйхатга олиш;
д) Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ розилиги билан вазирликлар, идоралар, Фанлар академияси, тармоқ академиялари, концернлар, уюшмалар, корхоналар ва ташкилотлардан ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган материалларни олиш;
е) муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро ҳамкорлик, патент-ахборот маҳсулотлари, ишлар, хизматларга тарифлар ва баҳолар белгилаш, саноат мулки ва илмий-техника ахбороти соҳасида идоравий корхоналарни ташкил этиш, қайта тузиш ва тугатиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитасига таклифлар киритиш;
ж) Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ билан келишган ҳолда ўз ҳуқуқ доирасига кирувчи масалалар бўйича расмий бюллетенлар, ахборот материаллари ва журналлар нашр этиш;
з) инновацияларни реализация қилишни, янги буюмларнинг бошқарувчи намуналари ва ўрнатилувчи туркумларини тайёрлашни жадаллаштириш учун кичик корхоналар, қўшма ишлаб чиқаришлар, Вақтинчалик ижодий ва жорий этиш жамоалари ташкил қилиш.
5. Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази таркибига таркибий бўлинмалар сифатида Илмий-техника ахбороти давлат жамғармаси (бош ташкилот) ва Патент идораси киради, уларнинг тузилмаси ва улар тўғрисидаги низом ФТДҚ томонидан тасдиқланади.
6. Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази директор томонидан бошқарилади.
Бош директор, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ томонидан тайинланади, Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази бош директори юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди.
7. Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази ҳузурида директор (Илмий кенгаш раиси), директор ўринбосарлари, асосий бўлинмаларнинг раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ вакиллари, шунингдек, республиканинг етакчи мутахассисларидан иборат таркибда Илмий кенгаш ташкил этилади.
Илмий кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ томонидан тасдиқланади.
Илмий кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
давлат илмий-техника сиёсатини амалга ошириш доирасида Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш;
Республикада илмий-техника ахбороти ва патент-лицензия фаолияти тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;
Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази фаолиятининг режалари ва ҳисоботларини, кадрлар тайёрлаш, бўш лавозимларга сайлаш ва бошқа масалаларни кўриб чиқиш.
8. Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази ўз ҳуқуқ доирасида қарорлар қабул қилади, буйруқлар ва йўриқномалар чиқаради, уларнинг бажарилишини ташкил қилади ва текширади.
9. Республика илмий-методика ва патент-лицензия ахбороти марказининг тузилмаси ва ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси ФТДҚ томонидан тасдиқланади. Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази директори зарурат бўлганда тузилмага ходимларнинг белгиланган сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартишлар киритади.
10. Республика илмий-техника ва патент-лицензия ахбороти маркази юридик шахс ҳисобланади, ўз номи ёзилган гербли муҳрга ва тўртбурчак муҳрга эга бўлади.
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1992 йил., 8-сон, 22-модда)