Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, давлат буюртмачиларининг масъулиятини ошириш, инвестиция лойиҳаларини самарали ва ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш, шунингдек, бюрократик тўсиқларни қисқартириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2020 йил 15 апрель,
ПҚ-4678-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 апрелдаги ПҚ-4678-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги «Хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3487-сон қарорининг 2-бандида:
учинчи ва тўртинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан ошган товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишга бўлган техник топшириқлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида мажбурий экспертизадан ўтказилади;
мазкур банд билан назарда тутилган тартибда, энг яхши таклифларни танлаб олиш ва тўғридан-тўғри музокаралар асосида стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар томонидан тузилган қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ минг бараваридан ошган импорт контрактлар ва уларга қўшимча келишувлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида мажбурий экспертизадан ва рўйхатдан ўтказилади»;
олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ инвестиция фаолияти доирасида стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар томонидан амалга оширилаётган товарлар (ишлар, хизматлар) харидларига, Республика минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш йиллик давлат дастурлари бундан мустасно;».
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 февралдаги «Лойиҳаолди, лойиҳа, тендер ҳужжатлари ва контрактларни экспертизадан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3550-сон қарорида:
а) 2-бандда:
биринчи хатбошидаги «Иқтисодиёт ва саноат» сўзлари «Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш» сўзлари билан алмаштирилсин;
«б» ва «в» кичик бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«б) қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан ошган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидига бўлган техник топшириқларни комплекс экспертизадан ўтказади;
в) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда энг яхши таклифларни танлаб олиш ва тўғридан-тўғри музокаралар асосида стратегик харид қилувчилар томонидан тузилган қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ минг бараваридан ошган импорт контрактлар ва уларга қўшимча келишувларни экспертизадан ўтказади ва рўйхатга олади.»;
б) 2-илованинг 3-банди «б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«б) қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан ошган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидига бўлган техник топшириқ (2-иловага мувофиқ схема бўйича);»;
в) 3-илованинг 6-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда энг яхши таклифларни танлаб олиш ва тўғридан-тўғри музокаралар асосида стратегик харид қилувчилар томонидан тузилган қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ минг бараваридан ошган импорт контрактлар ва уларга қўшимча келишувлар экспертизадан ўтказилади ва рўйхатга олинади. Бунда, импорт контрактлар ва уларга қўшимча келишувларни экспертизадан ўтказиш ҳамда рўйхатга олиш учун хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар томонидан инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларига, шунингдек, жорий фаолият бўйича — ишлаб чиқариш нормативларига мувофиқ импорт контрактини тузиш зарурлигининг асосланиши тақдим этилади.».
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3953-сон қарорида:
а) 2-банднинг «а» кичик банди қуйидаги таҳрирдаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари;»;
б) иловада:
12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Оммавий ахборот воситаларида матбуот анжумани, брифинг, мавзули телекўрсатув ва бошқа тадбирларни ўтказиш, реклама жойлаштириш, мақола чоп этиш»;
18-банддаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги» сўзлари «давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган» сўзлари билан алмаштирилсин;
27-банддаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги» сўзлари «Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги 36-банд билан тўлдирилсин:
«36. Давлат ва стратегик буюртмачининг ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланиш учун бошқа етказиб берувчи томонидан маҳсулот етказиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда лицензия битимига (шартномасига, контрактига) асосан товарлар (ишлар, хизматлар)нинг интеллектуал фаолият натижалари муаллифидан ёки интеллектуал фаолият натижаларидан мутлақ фойдаланиш ҳуқуқига эга етказиб берувчидан, шунингдек, фан, адабиёт ва санъат асарлари, ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари каби интеллектуал фаолият натижаларининг ушбу интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган ягона шахсдан давлат харидлари.».
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги «Ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, саноат тармоқларини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш жараёнини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4077-сон қарори 2-банди «а» кичик бандининг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилишга бўлган техник топшириқларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида мажбурий экспертизадан ўтказиш тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган (биргаликда молиялаштириладиган) ҳолатлар бундан мустасно;».
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4105-сон қарорининг 4-бандида:
бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
олтинчи — саккизинчи хатбошилар тегишли равишда бешинчи — еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 декабрдаги «Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4544-сон қарори 1-бандининг иккинчи хатбошидаги «ўн беш» сўзлари «ўн» сўзи билан алмаштирилсин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.04.2020 й., 07/20/4678/0440-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.07.2022 й., 07/22/332/0677-сон; 27.12.2024 й., 06/24/224/1068-сон; 27.12.2025 й., 06/25/259/1224-сон)